Ёлғончилик барча разолатларнинг аслидир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ёлғон – фақат ёлғончининг шахсига эмас ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун жамиятга, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир. Шунинг учун ҳам Исломда бу разолатга нисбатан ўта муросасиз муносабатда бўлинган ва унга ҳеч йўл қўймасликка ҳаракат қилинган.

«Ёлғон» сўзи араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади.

Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний: «Ёлғон – хабарнинг воқеъликка тўғри келмаслигидир», деган.

Ибн Ҳажар: «Ёлғон – бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин, унга хилоф нарсани гапиришдир», деган.

Ёлғон сўзда бўлиши билан бирга, амалда ҳам бўлади. Бунда ёлғончи бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла қилади. Ёки унинг акси бўлиб, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга уринади.

Одатда одамлар ёлғонга унчалик эътибор бермайдилар. Ёлғон фақат ёлғончининг ўзигагина маънавий зарар келтиради, деб ўйлайдилар. Аслини олганда эса ёлғон йўлида учраган ҳар қандай нарсага олов пуркаб, куйдириб-ёндириб, янчиб ўтувчи аждаҳо каби ҳамма нарсага зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларида бирин-кетин фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин.

Шу сабабли Исломда бошқалар учун арзимас нарса ҳисобланган ёлғонга жиддий эътибор берилади, унга қарши курашилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир гўдак болага «Мана буни ол», деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади», дейдилар.

Ёлғончилик барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва ўз эгасининг обрўсини тўкади. Одамлар ёлғончининг гапига ишонмай қўядилар ва унга бирор ишни ишониб топширмайдиган бўладилар. Ҳаётнинг ҳар қандай соҳасида – хоҳ олди-сотди муомалаларида бўлсин, хоҳ ишлаб чиқариш соҳасида бўлсин, хоҳ маиший хизмат соҳасида бўлсин, кишилар ўртасида ўзаро ишонч бўлмоғи лозим. Ёлғон эса ишончни йўққа чиқаради.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар банда ёлғон гапирса, у қилган нарсанинг сассиғидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Бу қанчалик даҳшат-а? Бу дунёда бандани қўриқлаб туриш учун бириктирилган фаришта ҳам унинг ёлғони сассиғидан ҳазар қилиб, ундан қочар экан. Фариштаси ўзидан қочган одам ким деган одам бўлади?! Халқ ичидаги «Фалончининг фариштаси йўқ», деган қабилдаги гап бежиз эмас. Шунинг учун ҳам зинҳор ва зинҳор ёлғон гапирмаслик лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Ёлғон” китобидан


Telegram (https://t.me/joinchat/AAAAAEBwhmhgsq2sn2s4Mg) | Facebook (https://www.facebook.com/BintuSodiq/?ref=br_rs) | Instagram (https://instagram.com/bintusodiq_official?igshid=1y0ht5rkm1n27) | Youtube (https://www.youtube.com/bintusodiq) | Веб-сайт


(http://muslimaat.uz/)t.me/bintusodiq

Мавзуга оид мақолалар
Ҳаммом ювиниш, тозаланиш, покланиш, енгилланиш маскани. Шу билан бирга, ҳаммом бир қанча ички, ташқи давоми...

11:40 / 25.11.2016 4362
 Россиянинг СанктПетербург шаҳрида 1910 йилда Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон ҳомийлигида вақф тарзида барпо давоми...

15:29 / 02.06.2018 3185
Мусулмон уламолар халқаро уюшмаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жаноблари вафот этишлари муносабати давоми...

23:13 / 02.02.2017 4405
 ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙЛИК, ДЕСАК, АЛЛОҲНИ ЗИКР ҚИЛАЙЛИК   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

14:18 / 07.04.2017 4016