Оз бўлса ҳам, давомли бўлсин
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Илм ҳурматидан инсонлар кўпинча маслаҳат сўрайдилар. Тавсияларим орасида бир ҳадис жуда кўп такрорланади. У ҳам бўлса, инсон касб қиладиган одатларга оиддир.


Одат аслида арабча сўз бўлиб, «ъаада» феълидан олинган бўлиб, қайтиш, такрорланиш деган маъноларни англатади.


Демак, одат кўп марта такрорланадиган иш бўлиб, инсон уни осон ва ҳатто онгсиз равишда мунтазам бажаради. Эътибор қаратадиган бўлсак, қиладиган иш-ҳаракатларимизнинг аксари одатлардан иборат.


Янги кунни қабул қилиб олганимиздан бошлаб, то шу куннинг ниҳоясигача асосан одатдаги ишларимизни такрорлаймиз.

Ҳар бир шахснинг одати ўзига яраша фарқли бўлади. Шунингдек, одатлар фойдали одат ва зарарли одатлардан иборат. Юқоридаги маънолардан хулоса шуки, инсон мунтазам қилиб юрган ишларини бажаришда қийналмайди. Аммо бу ҳаракатлар қаторига янгиси қўшилиши ва уни амалга ошириш одатдаги ишлардан кўра қийин кечиши айни ҳақиқат. Тан олишимиз керак бўлган яна бир ҳақиқат шуки, биздаги одатларнинг ҳаммаси ҳам фойдали одатлар эмас. Ҳар бир шахсда зарарли одатлар бўлиши муқаррар. Шунингдек, бор фойдали одатларимиз билан кифояланиб қолишимиз ҳам яхши эмас. Умр ўтиб борар экан, биз янги-янги одатларни ўзимизда мужассам қилиб боришимиз, шунингдек, ёмон одатларимиздан халос бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.


Муаммо ўша фойдали ишларни одатга айлантириб олишимизда. Аксариятимиз хайрли, манфаатли ишларни мунтазам қила олмай қийналамиз ва табиийки, бунинг йўлларини қидира бошлаймиз.

Фойдали одатларни касб қилишда асосан икки нарса тавсия қилинади.

Биринчиси: уларни оз-оздан қилиш.

Иккинчиси: давомий қилиш.


Кўпчиликда маълум бир ишга катта қизиқиш уйғонади. Унга киришар экан, ҳаттоки бутун бир кунини сарфлашга тайёр бўлади. Лекин тез орада ана шу ҳиммати пасайиб кетади ва узоққа бормай туриб, ҳалиги ишни тўхтатиб қўйганини кўрамиз. Сабаби эса катта ҳажмдаги ишдан малолланиб қолишидир.

Мисол учун, таҳажжуд намозини илк ўқиганида йигирма ракъат ўқийди. Кейинроқ камуйқулик, бирданига кўп ҳаракат қилиш ва тартибларнинг кескин бузилиши оқибатида кўникма ҳосил бўлмай, чарчаб қолади ва бу иш тез орада оғир келади.

Шу сабабдан устозлар, хусусан, Ҳазратимиз таҳажжудни янги бошлаганда дастлаб икки ракъатдан ўқишни тавсия қилар эдилар. Бунга кўникма ҳосил бўлганидан сўнг тўрт, олти ва саккиз, тоқати кўтарса, ундан кўпига, аста-секин, босқичма-босқич олиб чиқилади. Зикрлар, Қуръон тиловати, ўқиш, ёзиш – ҳамма ишларни мана шунга қиёс қилиш мумкин.


Иккинчи шарт эса – давомийлик. Чунки давомий бўлмаса, такрорланмайди. Такрорланмаган нарса одатга айланмайди. Одатга айланмас экан, у қийин иш бўлиб тураверади. Мисолда келтирганимиздек, бир-икки таҳажжуд ўқиб қўйиб, кейин ойлаб ташлаб қўйган киши учун бу ибодат одатга айлана олмайди.

Бунинг муқобилида ёмон одатлардан халос бўлишда уларни бирданига тарк қилиш ҳам мумкин ёки озайтириб бориб, секин-аста йўқотиш ҳам мумкин.

Бу гўзал таълимотларни бизга суюклигимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир?» деб сўрашди. «Оз бўлса ҳам, давомлиси», дедилар». (Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар).


"Омина" журналининг 2024-йил 2-сонидан олинди.


@Muslimaatuz


Муаллиф
Манба
Мавзуга оид мақолалар
Яшасангиз бўлмасмиди... Ойлар ўтиб кетди кунларни қувлаб, Наҳот, кўникдика йиғлабйиғлаб. Аҳдим бор давоми...

21:11 / 28.02.2017 3876
ГЎЗАЛ ХУЛҚ ИНСОНИЙ ФАЗИЛАТ     Дунёга келган инсонлар бирбирлари билан муомала қилмасдан яшашининг иложи давоми...

20:10 / 19.03.2017 4109
embedhttpsyoutu.behI2p6ZQN7sMembed

11:37 / 27.12.2018 10256