Аллоҳнинг неъматларини қадрлаб яшайлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Аллоҳ таоло инсонни яратибдики, уни бутун махлуқотлар ичида энг азиз ва мукаррами қилиб қўйди. Инсон зотига минглаб неъматларини берди. Уларни санаб, адоғига етиб бўлмайди. Инсон учун бу дунёдаги энг азиз неъматлардан бири бу ота-онадир. Ота-она деганда ҳар биримизнинг кўз олдимизга меҳр-муҳаббатга тўла нигоҳи билан боқиб, бизни жон-дилидан суядиган отамиз, ҳар қандай ҳолимизда бизга бору йўғини бера оладиган меҳрибон онамиз кўз гавдаланади.

У ҳолда барчамиз ўтган ҳар кунимизни таҳлил қилишимиз лозим. “Ҳаётимнинг қайсидир саҳифасида ота-онамни ранжитиб қўймадимми?” дея. Агар уларни ранжитган бўлсак, дарҳол хатомизни тўғрилашимиз лозим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши: “Ким мусулмон бўлса-ю, унинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга бир яхшилик қилиб, савобини умид қилиб кутган ҳолда тонг оттирса, Аллоҳ таоло у учун жаннатнинг икки эшигини очиб қўяди. Агар бирига яхшилик қилган бўлса, жаннатнинг бир эшигини очади. Агарда, кимда-ким уларни ғазаблантирса, токи ўша кимса ундан рози бўлмагунча Аллоҳ ундан рози бўлмайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Агар унга зулм қилсалар ҳамми?” деди. Улар: “Ҳа, зулм қилсалар ҳам”, дедилар”.

Ота-она ҳеч қачон ўз боласи учун ёмонлик тиламайди. Аммо баъзида уларнинг фикрлари биз учун нотўғридек кўриниши, ўзимизники эса тўғри бўлиб кўриниши мумкин. Кимнинг фикри тўғри ёки нотўғри экани ҳақида хулоса чиқаришдан аввал бир ўйлаб кўрайлик. Ота-онамиз биздан неча ёш катта? Биз босиб ўтаётган йўлларни, биз тушаётган ҳолатларни аллақачон бошларидан ўтказганлар-ку! Керак бўлса биздан-да, қийин замонларни бошларидан кечиришган. Улар ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, бизга тўғри йўлни кўрсатадилар. Нега энди улар бизга ёмонлик тилашар экан? Ахир бизни кичкинагина чақалоқлигимиздан катта қилган, касал бўлсак азоб чеккан, қувонсак бирга қувонган, ўзи емай едириб-ичирган инсонлар-ку! Уларнинг қадрига борида етайлик, кеч қолмайлик! Ҳаётимизда баъзи инсонларни учратишимиз мумкин, улар ота-онаси тириклик чоғида қадрига етмай, вафот этишгач, ортларидан қон йиғлайдилар. Уларни соғинади, қилган ишларидан афсус-надомат чекади, аммо ўтган кунларни ортга қайтара олмайди.

Инсон ўз боласини қаттиқ яхши кўради, ҳатто жонини беришга ҳам тайёр бўлади. Аммо ўзи ҳам ота-онаси учун шу қадар суюкли, шу қадар азизлиги ўйлаб кўрмайди. Доно халқимизда шундай бир гап бор: “Бирор инсон сени тушунмаяптими? Сиқилма, қачонки уларнинг ўзи сенинг ҳолатингга тушсагина, тушунади”.

Узоқ ўтмишга назар солсак, буюк аждодимиз Бобур бомомизнинг фарзанди қаттиқ бетоб бўлиб қолади. Улар Аллоҳдан фарзандига етган дарднинг кетишини, ҳатто у дарднинг ўзига ўтишини сўрайди. Биламизки, Бобур бобомиз буюк подшоҳ бўлган. Шундай бўла туриб, давлат ишларини тарк этиб, нури дийдаси бўлган жигарбанди учун шифо тилайди.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бир аёл келди. Оиша унга учта хурмо берди. У ҳар бир боласига биттадан хурмо бериб, ўзи учун бир дона хурмони олиб қолди.

Икки бола хурмоларини еб бўлиб, оналарига қарашди. У қолган хурмони иккига бўлиб, ҳар бир болага яримтадан берди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Оиша бўлган ишни айтиб берди. Ул зот:

«Бунинг нимаси сени ажаблантирди? Икки боласига раҳм қилгани учун Аллоҳ ҳам у аёлга раҳм қилди”, дедилар» (Имом Бухорий «Адаб улуфрад»да ривоят қилган).

Бу ҳолатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг биз бандаларига берган меҳр-шафқат туйғуси сабаблидир. Ушбу ҳадисда ҳам бунинг яққол аксини кўришимиз мумкин. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ғаниматларимиз бўлмиш ота-оналаримизнинг қадрига етиб, дуоларини олиб, уларни рози қилишга шошилмоғимиз лозим.

 

Хосият Раҳимжонова,

“Хадичаи Кубро” номли аёл-қизлар ўрта махсус

Ислом билим юрти 3-босқич талабаси

Мавзуга оид мақолалар
Мисрлик олим, марҳум Муҳаммад Шаъровий бундай деб ёзган экан «Шаръий жазоларни татбиқ этишга иштиёқманд давоми...

17:03 / 21.01.2017 4738
Саломатлик дарсларини сиз, азизларга сайтимиз орқали бериб боришни маъкул кўрдик. Агар сиз давомли равишда давоми...

18:32 / 25.12.2016 7363
Гулобод Қудратуллоҳ қизи 1964 йил 27 октябрда Қозоғистон Республикаси  Чимкент шаҳри Сайрам туманида давоми...

10:28 / 30.01.2017 10727
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари учун дуо қилиб, уларга меҳрибонлик билан йиғлашлари давоми...

20:30 / 20.01.2017 4011