«Она тилим, буюкликда энг улуғ тоғсан»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун, 21 октябрь куни "Ҳилол нашр" нашриётининг мажлислар залида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан «Гранд-таълим» ўқув маркази ўқувчилари томонидан тайёрланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга ёзувчилар Аҳмад Муҳаммад, Эркин Малик, «Ҳилол-нашр» нашриёти муҳаррири Озод Мунаввар, шунингдек, «муслимаат.уз» сайти ходималари таклиф қилинди.
«Она тилим, буюкликда энг улуғ тоғсан» деб номланган ушбу тадбирда ўқув марказида таълим олаётган болажонлар ижросида она тилимиз ҳақидаги шеърлар, ҳикматли сўзлар ва қўшиқлар ижро этилди.
Болажонлар тил ва тил ўрганишнинг аҳамияти ҳақида Рабғузий, Юсуф Хос Ҳожиб, Aлишер Навоий ва Бобур каби алломалар ижодидан ҳикматли сўзларни ёдга олдилар. Тадбирга йиғилганлар болалар ижросидаги шеър-қўшиқларни мароқ билан тинглаб, томоша қилишди.
Шундан сўнг ёзувчи, хусусан, болаларнинг севимли ёзувчиси Эркин Маликка сўз берилди. У киши тадбир иштирокчиларини ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгунига қадар халқимиз бошидан кечирган қийинчиликлар ҳақида жуда кўп қизиқарли маълумотлар билан таништирдилар. Бу маълумотлар йиғилганларга ўзбек тилининг қадр-қиммати нақадар юксаклигини янада чуқур ҳис этишларига ёрдам беришида шубҳа йўқ. У киши еттита тилни мукаммал ўрганган, эндиликда бошқаларга ҳам шу соҳада таълим бериб келаётган набиралари ҳақида тўлқинланиб сўзлар эканлар, бу даражага эришишида унга энг аввал болаликдан она тили, яъни ўзбек тилини мукаммал ўргангани асқотганини фахрланиб гапириб бердилар. Бу сўзлар ўқув марказида тил ўрганаётган болажонлар ва уларнинг устозларида илм ўрганишга бўлган қизиқиш-шижоатни янада оширади, иншааллоҳ. Шунингдек, ёзувчи Эркин Малик онага бўлган муҳаббат қай даражада бўлса, она тилига бўлган муҳаббат ҳам шундай бўлиши лозимлигини уқтирдилар.
Сўнг «Ҳилол-нашр» нашриёти муҳаррири, устоз Озод Мунавварга сўз берилди.
Ўзлигимизни, тарихимизни яхши англашимиз учун араб, форс, рус тилларини, шу билан бирга, замонамизнинг энг оммабоп тили бўлган инглиз тилини ҳам яхши ўрганишимиз муҳимлигини таъкидладилар. Бунинг учун аввало ўз она тилимизни мукаммал билишимиз ва қадрлашимиз лозимлигини айта туриб, жумладан шундай дедилар:
«Ўзини маданиятли деб ҳисоблаб, сўзлашишда, кийинишда, барча соҳаларда бошқа миллатларга тақлид қилувчилар ёки бошқаларни ўзларидан устун деб билган, ёки ўзларини бошқалардан кўра қолоқ санаган бўладилар».
Озод Мунаввар ўзлари техника соҳаси мутахассиси бўлганларини, лекин она тилларини яхши кўрганлари, уни мукаммал билганлари учун шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан елкадош бўлиб ишлаш, у кишининг китобларини таҳрир қилиб, ўқувчилар қўлига етиб боришида ҳисса қўшиш бахтига муяссар бўлганларини эътироф этдилар. У киши тилимизга фақатгина давлат тили мақоми берилганини эмас, балки тилимизга тўлиқ эга бўлганимизни нишонлаш ҳам насиб этишини тилаб, сўзларини якунладилар.
Шундан сўнг "Гранд-таълим" ўқув марказининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўзбек тилига бағишлаб ўтказилган танлов ғолибалари эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаррам ойи ҳижрийқамарий тақвим бўйича йилнинг биринчи ойидир. Муҳаррам ойининг биринчи куни янги давоми...

21:11 / 20.08.2020 3949
1. Севган суйганининг сўзини бошқаларнинг сўзидан устун қўяди.2. Севган суйганининг суҳбатини бошқаларнинг давоми...

21:09 / 20.05.2023 2313
Йиғла энди, Ўзбек халқи, Посбонингни йўқотдинг. Посбон эмас, мард ўғлон Қалқонингни йўқотдинг.   Ахир ул давоми...

10:39 / 05.02.2017 6517
Қирғизистонда мусулмонларлар учун «Umma» номли  журналнинг биринчи нашри чоп этилди. Мамлакатдаги биринчи давоми...

09:29 / 05.02.2017 4421