Рамазоним қандай ўтди?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Менга Рамазон гўёки ҳам энг узун, ҳам энг қисқа ойга ўхшаб туюлади. Ойнинг ўрталарига келиб, мен ўзимни гўё шу пайтгача ҳар доим қуёш чиқишидан аввал уйғонгандек, рўза тутгандек ҳис қиламан. Лекин Рамазоннинг бир-икки куни қолганда, ҳайит совғалари, либослари ва ширинликларини тайёрлашни бошлаганимда худди ой ўзи эндигина бошлангандек ишонқирамайман.

Шу билан бирга Рамазон ҳам энг қийин, ҳам энг осон ойга ўхшайди. Куннинг энг иссиқ пайтларида ва узоқ иш кунидан сўнг рўза жуда машаққатлидек туюлади. Бироқ кун охирига бориб, ифторликни ўтказиб олгач эса, бундан кўра оддий ва осон ибодат йўқдек гўё.

Шубҳа йўқки, Рамазон ўхшаши йўқ ҳодиса. Ой охирига етиб, хатмлар тугалланган, таровеҳлар ўқиб бўлинган пайтда кўпчилик ўйга толади: бу Рамазонда етарлича ҳаракат қилдимми? Рамазоним муваффақиятли бўлдими? Аллоҳ таоло мендан қабул қилдимикан?

Албатта, Роббимиз ҳузурига бормагунча амалларимиз қабул бўлганини аниқ билиш имконсиз. Биз қўлимиздан келганча ҳаракатда бўламиз ва Аллоҳнинг раҳматидан умид қиламиз. Бироқ биз ўзимизнинг баъзи саволларимизга виждонан жавоб бериб, ўз ҳолимизни англашга ҳаракат қилиб кўришимиз мумкин.

Қўлингиздан келганини қилдингизми?

Рамазонда, умуман, ҳаёт йўлимизда биз йўл қўядиган энг катта муваффақиятсизлик – ҳаракат қилишдан тўхташимиздир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас», дея марҳамат қилади (Бақара сураси, 286-оят). Шундай экан, биз қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз лозим. Ана шунда, иншааллоҳ, Аллоҳ бизга тавфиқ беради. Сиз бу Рамазонда қўлингиздан келганча ҳаракат қилдингизми? Бирор жойда сирпанганингиз ёки бирор жойда қоқилганингиз аҳамиятсиз. Муҳими, ўрнингиздан туриб, яна Аллоҳга юзландингизми? Қўлингиздаги ҳамма воситаларни Аллоҳга яқинлашиш учун сарфладингизми? Агар шундай бўлса, сиз яхши ҳолатдасиз, иншааллоҳ. Бунда ягона муваффақиятсизлик – ҳаракатдан тўхташ. Бизнинг қўлимиздан келадигани – ҳаракат қилиш. Қолгани Аллоҳ таолога ҳавола.

Рамазонни соғиняпсизми?

Сиз Рамазон сизни тарк этмаслигини, сизда яна бир бор Рамазондан ташқаридаги ҳаётнинг чалғитишларисиз кўпроқ ажрга эга бўлиш имконияти бўлишини истайсизми? Агар шундай бўлса, унда бу Рамазонингиз яхши ўтганидан дарак. Чунки Рамазонда қалбингиз хотиржамлик топа олганидан ўзингизни яхши қилгансиз ва ҳозир бу руҳиятни соғиняпсиз. Маҳзун бўлманг! Рамазондаги ҳисларнинг бир қисмини сиз ўзингиз билан олиб қолгансиз. Рамазонни бу қадар ажойиб қилган – бу сизнинг иймонингиз шуъласи ва у йил давомида сизни тарк этмайди.

Ҳайит куни ўзингизни қандай тутдингиз?

Олимларнинг айтишича, ҳайит куни Рамазон қандай ўтганининг синови кабидир. Киши ҳайит куни ўзини тутиши, хаёллари қандай бўлиши – умуман ҳайит кунги хатти-ҳаракатлар Рамазоннинг кишида қандай таъсир қолганини кўрсатади. Агар Рамазон чиқиши биланоқ киши “яхши мусулмон” қиёфасидан чиқса, унда у Рамазонда шунчаки оқим билан бирга кетган бўлиши мумкин. Рамазондан унумли фойдаланган кишини Рамазон ўзгартиради. У сизни сахийроқ, сабрлироқ, яхшироқ мусулмонга айлантиради. Ҳатто Рамазондан аввалги баъзи ёмон одатларингиз қайтган тақдирда ҳам бу бир кунда эмас, балки секин-аста бўлади.

Ҳали ҳам яхши ишларда бардавом бўлиб, ёмон ишлардан тийиляпсизми?

Аввалги саволда таъкидланганидек, Рамазон кишини ўзгартиради. Рамазонингизнинг фойдасини ҳаққоний баҳолашни истасангиз, ўзингизнинг кейинги хулқ-атворингизга, давом эттираётган ҳаёт тарзингизга назар солинг. Агар сиз ҳақиқатан ҳам ўз устингизда ишлаган бўлсангиз, Рамазонда ўзлаштирган, ҳеч бўлмаганда, баъзи одатларингизда бардавом бўлишингиз, Рамазонда тарк қилган одатларингиздан тийилишда давом этишингиз лозим.

Сиз барча амалларингизни Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун қилдингизми?

Амаллар ниятга боғлиқдир. Кимдир озиш учун рўза тутган бўлса, кимдир бошқалар кўриши учун таровеҳга борган бўлса, кимдир дўстларидан уялганидан Рамазон кунлари чекишни тарк қилган бўлса, Аллоҳ уларга ният қилган нарсасини бергандир. Лекин агар сиз Аллоҳ таолонинг розилиги ва қурбатини истаб ибодат қилган бўлсангиз, бунинг ажри Аллоҳнинг ҳузуридадир. Сизга ҳам, Аллоҳнинг изни билан, ўзингиз ният қилган нарсангиз бўлади.

Хулоса ўрнида

Агар сиз юқоридаги саволларга «Ҳа!» деб жавоб бера олган бўлсангиз, унда Рамазонингиз катта эҳтимол ила муваффақият билан ўтибди. Мабодо, ундай бўлмаса, унутмангки, Рамазон тугади, дегани Аллоҳ таолонинг раҳмат эшиклари ёпилди, дегани эмас. Модомики, ҳаёт экансиз, ҳар бир кунингиз сиз учун янги имкондир. Яхшиликка шошилинг, ёмонликдан четланинг. Сиз Аллоҳ томон бир қарич яқинлашсангиз, У Зот сиз томонга бир зироъ яқинлашажак.

Инглиз тилидан эркин таржима

Манба
Мавзуга оид мақолалар
 Муқаддима Мана, бу йилги ҳаж мавсуми ҳам бошланди. Ҳожиларнинг Маккаи Мукаррамага етиб борганини, у ердаги давоми...

10:37 / 08.04.2019 10107
embedhttpswww.youtube.comwatchvZggd4olRQ8Uembed

11:59 / 08.09.2016 4889
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм... Муслималар форумида ўтказилган «Ҳайит байрамини қандай нишонлаймиз» номли давоми...

23:01 / 10.03.2017 4521
Шайх Муҳаммад Аввома   беназир муҳаддис олим биринчи қисм Аввал хабар берганимиздек, муҳаддис олим давоми...

16:23 / 26.09.2018 5508