Аёллар фиқҳи (таҳоратга оид масалалар)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Мисвок ишлатиш аёлларга ҳам суннатми?

Жавоб: Мисвок ишлатиш эркагу аёлга суннатдир. Ҳадисларнинг зоҳиридан мисвок ишлатишда эркак ва аёлларнинг баробарлиги маълум бўлади. Сақични мисвок ўрнида қўллаш жоиз ишдир («Сиоя шарҳи Шарҳи Виқоя»).

Ҳадисдан далил:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ مَعَ كُلِّ وُضُوءٍ». رَوَاهُ مَالِكٌ وَالْبُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда, уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим», дедилар».

Савол: Қор билан таҳорат қилиш жоизми?

Жавоб: Таҳоратнинг фарзи ғаслдир, яъни сув оқизишдир. Шунинг учун қор билан таҳорат қилганда ювилган аъзолардан бир-икки томчи сув оқиши шарт. Қор билан таҳорат аъзоларини намлаш кифоя қилмайди.

فِي مَسْأَلَةِ الثَّلْجِ إذَا تَوَضَّأَ بِهِ إنْ قَطَرَ قَطْرَتَانِ فَصَاعِدًا يَجُوزُ إجْمَاعًا وَإِنْ كَانَ بِخِلَافِهِ فَهُوَ عَلَى قَوْلِ أَبِي حَنِيفَةَ وَمُحَمَّدٍ رَحِمَهُمَا اللَّهُ تَعَالَى لَا يَجُوزُ

«Қор масаласи: Агар бир киши қор билан таҳорат қилса ва бир, икки ёки ундан кўпроқ сув томчиласа, таҳорат дуруст бўлишига ижмоъ қилинган. Акс ҳолда (яъни сув томчиламаса) Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳларнинг наздида бундай таҳорат дуруст бўлмайди» (Фатвои ҳиндия).

Шунингдек, баъзи ҳолатларда таҳоратда ювилиши фарз бўлган жойларга бирор нарса ёпишиб қолса, масалан хамир, лой каби ёки ухлаб турганида кўзининг чеккаси шиллиқ модда чиқиб қолса, уларни кетказиб, ўрнини ювиш вожиб бўлиб, бунда сув томиши шарт. Қўлни ҳўллаб, сув тегмаган жойларни намлаб қўйиш билан фарз адо бўлмайди. Демак, бундай таҳорат билан ўқилган намоз ҳам намоз бўлмайди.

لَوْ رَمِدَتْ عَيْنُهُ فَرَمَصَتْ يَجِبُ إيصَالُ الْمَاءِ تَحْتَ الرَّمَصِ إنْ بَقِيَ خَارِجًا بِتَغْمِيضِ الْعَيْنِ وَإِلَّا فَلَا

«Бир кишининг кўзи оғриб, шиллиқ модда тўпланиб, кўзини юмганида ташқарида қолса, уни олиб ташлаб, тагига сув етказиш вожиб бўлади. Агар кўзини юмганида шиллиқ модда ичкарида қолса, тагига сув етказиш шарт эмас» («Раддул мухтор»).

Савол: Мусофир  таҳорат қилишга сув тополмаса, нима қилади?

Жавоб: Мусофирнинг таҳорат қилишга имконияти бўлмаса, таяммум қилиши жоиздир. Ён-атрофда сув йўқ бўлса ёки таҳорат қилишга қодир бўлмаса ёки сув бор жой 1км 61мдан узоқ масофада бўлса ёки яқинида бўлиб, олиб келишида жонига, молига хавф бўлса ёки сув бор бўлса-ю, касаллиги сабабли бирон аъзосига зарар етиш хавфи бўлса, ёки беморлиги кучайиб кетиши хавфи бўлса, шундай ҳолатларда таяммум қилиши жоиз бўлади.

Шунингдек, агар таҳорат қиладиган бўлса, шу вақтда ҳамроҳларининг ёки у ўтирган транспортнинг кетиб қолиш хавфи бўлса ёки узоқ сафарга чиқса-ю, суви оз бўлиб, йўлда яна сув учрашининг умиди бўлмаса ёки суви озлигидан таҳорат қилса, тугаб қоладиган бўлса ёки вокзалда сув бор-у, поезд ёки автобус у ерда тўхтамаса, шундай ҳолларда таяммум қилиш жоиз.

وَ الأَصَحُّ أَنَّهُ يَطْلُبُ قَدْرَ مَا لا يَضُرُّ بِنَفْسِهِ وَ رَفََقَتِهِ بِالإِنْتِظَارِ

«Саҳиҳ қавлга кўра, ўзига ва шерикларига зарар етказмайдиган бўлса, сувни талаб қилиш вожиб бўлади» («Баҳрур роиқ»).

الْمُسَافِرُ إذَا انْتَهَى إلَى بِئْرٍ وَلَيْسَ مَعَهُ دَلْوٌ كَانَ لَهُ أَنْ يَتَيَمَّمَ

«Мусофир бир қудуққа етиб бориб, ундан сув олишга бирор нарса топа олмаса, таяммум қилиши жоиздир» («Фатаво ал-ҳиндия»).

Бир кишига таяммум ёки ғусл қилишга тўғри келиб қолса, сувни ўша жойнинг нархига сотиб олиб, таяммум ва ғусл қилиши вожиб бўлади. Агар унинг сувга эҳтиёжи зарурлигини билиб, сувни икки баробар қимматига сотишмоқчи бўлса, у ҳолда сотиб олиши вожиб эмас, таяммум қилиб ўқиса, жоиз.

Инсон на суви ва на таяммумга ярайдиган нарсаси йўқ жойга тушиб қолса, намоз вақти чиқиб кетгунича топишга ҳам умид бўлмаса, ўзини намоз ўқувчидек тутади ва кейинчалик намозларининг қазосини ўқийди.

وَالْمَحْصُورُ فَاقِدُ) الْمَاءِ وَالتُّرَابِ (الطَّهُورَيْنِ) بِأَنْ حُبِسَ فِي مَكَان نَجِسٍ وَلَا يُمْكِنُهُ إخْرَاجُ تُرَابٍ مُطَهِّرٍ، وَكَذَا الْعَاجِزُ عَنْهُمَا لِمَرَضٍ (يُؤَخِّرُهَا عِنْدَهُ: وَقَالَا: يَتَشَبَّهُ) بِالْمُصَلِّينَ وُجُوبًا، فَيَرْكَعُ وَيَسْجُدُ إنْ وَجَدَ مَكَانًا يَابِسًا وَإِلَّا يُومِئُ قَائِمًا ثُمَّ يُعِيدُ كَالصَّوْمِ (بِهِ يُفْتَى وَإِلَيْهِ صَحَّ رُجُوعُهُ)

«Сув ва тупроқни топа олмайдиган киши, масалан, бир киши бирор жойга қамалиб қолса ва покиза тупроқ чиқаришни имкони бўлмаса, ўзини намоз ўқувчига ўхшатиши вожибдир. Агар қуруқ жойни топа олса, рукуъ ва сажда қилади. Топа олмаса, тик ҳолда имо-ишора билан намозни адо қилади. Кейинчалик эса имкон топиши билан намозини қайтариб ўқийди. Касаллиги туфайли сув ва тупроқдан ожиз қолган кишининг ҳукми шу кабидир. Фатво шунгадир» («Дуррул мухтор»)

 

 
Мавзуга оид мақолалар
БОЛАНИНГ ЮРАГИ УРМАЯПТИ Саккизинчи мактуб Қололмас жаҳон ичра мангу киши, Фақат қолғуси яхши ному давоми...

13:18 / 27.03.2017 3377
Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васалламни севишимизга 10 сабаб Мусулмон бўлганимиз учун. Изоҳ мусулмон давоми...

14:22 / 14.12.2017 2850
embedhttpswww.youtube.comwatchv3PSgJRGVZGAembed

14:46 / 31.01.2017 6871
«Истинжо» луғатда «ахлат кетказиш»дир. Фуқаҳолар истилоҳида эса нажосатни сув ва унга ўхшаш нарса ила давоми...

21:11 / 17.11.2016 4858