Сабаб ва имкониятлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сабаб ва имкониятлар

Деярли барча халқларда одамлар кўришганда айтиладиган биринчи жумла «Сизга саломатлик ва омонлик тилайман», деган маънода бўлади. Яқин кишиларнинг ҳол-аҳвол сўрашишлари ҳам одатда «тан сиҳатингиз дурустми?, соғлиқлар яхшими?» деган сўзлар билан бошланади. Инсонлар,ҳатто ибодатларида ҳам Яратгандан кўпроқ тан-сиҳатлик, саломатлик тилашади.

 Чунки одамлар касал бўлиб қолишдан ҳамиша қўрқиб яшайди. Улар хасталиклардан ҳимояланиш, саломатликларини асраш ва мустаҳкамлаш учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даражада кўп куч-ғайрат, маблағ ва вақт, салоҳият ва ҳаракат сарфлашади. Турли муолажавий тадбирлар, спорт ва бадантарбия машқлари ёрдамида соғлом юришни орзулашади. Аллоҳ таоло яратиб қўйган турли шифобахш неъматлардан иложи борича кўпроқ истеъмол қилиб, саломат бўлишни исташади. Ҳамиша шифокор ва табиблар қабулида бўлиб, улардан маслаҳат ва тавсиялар олиб туришади. Саломатликни асрашга доир китоб, газет-журналлардаги, радио-телевидение орқали бериладиган маслаҳатлар билан эринмай танишиб боришади. Қайси касалликка нималар шифо бўлиши ҳақида доимий қизиқишади ва бу борада тинмай тажриба ўрганишади.

Кишиларнинг саломатликка, тансиҳатликка бу қадар катта эътибор беришлари, ўз соғлиқлари ҳақида бунчалик қайғуришлари сабаби нимада? Соғлиқ ва бардамлик йўлида тинимсиз фидойиликларига қарамай нега инсонлар, барибир, касалга чалинишаверади? Нега одам боласи бу борада ҳар қанча авайлангани, қайғургани, маблағ, вақт ва куч сарфлагани билан доимий, мунтазам саломатликка эриша олмайди?

Ҳаёт ширин, дунё ҳаётида неъматлар оғушида яшаб, умргузаронлик қилиш ундан ҳам ширин. Бахтли-саодатли турмуш кечириш учун эса инсонга, энг аввало, соғлиқ керак.«Энг ширин лаззат саломатликдир», деган Луқмони Ҳаким. Бирор жойингиз оғриб турса, бирор касаллик безовта қилиб турган бўлса, сизга ҳеч нарса татимайди.

Оддийгина тиш оғриғини олиб кўринг. У зимиллаб оғриб турса, на бирор иш қила оласиз, на овқат ея оласиз, на севимли машғулотингиз, на суюмли набирангиз эркаликлари сизга завқ беради. Дунё кўзингизга қоронғу, ҳаётнинг маъноси йўқолган, юрагингизга қил сиғмайди, чеҳрангиз асло ёришмайди. Ёки нима сабабдандир бошингиз оғриб қолди, дейлик. Бунда ҳам худди шу аҳволга тушасиз, унинг давосини излашга тушасиз. Ваҳоланки, бунинг уддасидан чиқиш осон эмас, чунки бош оғриғига сабаб бўлувчи омиллар ўн бештадан ортиқ. Демак, одамлар наздида тўлақонли, саодатли ҳаёт кечириш учун тананинг соғлом бўлиши, бирорта аъзонинг хасталикка чалинмаслиги, киши ўзини соғлом, бардам ва хушкайфият ҳис этиши керак. Акс ҳолда, ҳаёт мазмуни йўқолади, турмушдан файз кетади, дунёнинг ҳеч қандай лаззати ва жозибаси татимайди. Кишилар мунтазам тансиҳатлик, доимий соғлиқ ҳақида қанчалик қайғуришмасин, бу йўлда нечоғли фидокорлик кўрсатишмасин, ҳар вақт, ҳар қачон батамом саломат бўлишнинг асло иложи йўқ. Бирорта одам ўзини ҳар-жиҳатдан «соппа-соғман» деб ҳисоблай олмайди, «Менинг ҳеч қандай касалим йўқ», дея баралла айта олмайди. Ҳатто бу ҳақда: «Уйқудан ҳеч қаерим оғримай уйғонганимни кўрсам, демак, вафот этибман-да, деган хаёлга бораман», қабилидаги латифалар ҳам тўқилган. Бундан кўриниб турибдики, касалликларнинг келиб чиқиш сабаби кўп бўлса-да, унинг асли фақат бир моҳиятга бориб тақалади. Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақти билан, баъзиларни эса бир умрга турли хасталиклар, аъзоларнинг майиб-мажруҳлиги ёки етишмовчилиги билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса, Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради.

Соғлиқ ва касаллик ҳақидаги асл моҳият шундай. Лекин шунга қарамай, доимий саломатлик кишиларнинг орзуси бўлиб қоляпти. Унда биз нима қилишимиз керак? Аввало, хаста бўлмасликнинг йўлларини ахтарамиз: бунинг учун танани шамоллашдан ҳимоя қилиш, табиатдан узилмаслик, меъёрида еб ичиш, кўп ҳаракат қилиш, бадантарбия машқлари билан шуғулланиш керак бўлади. Шунингдек, беморликка олиб борадиган дангасалик, ифлос юриш, кўп ейиш, кўп ухлаш, ароқ, тамаки, бангивор моддалар истеъмол қилиш, бўлар-бўлмасга асабийлашавериш қаби иллатлардан узоқроқ бўлиш зарур.

Бордию буларга ҳам қарамай, касаллик «эшик қоқиб» кириб келса, у ҳолда унинг шифосини излаймиз, муолажа йўлларини ахтарамиз. Шифокорларга, халқ табибларига мурожаат қиламиз, халқ орасида юрган тажрибаларни ҳам назардан қочирмаймиз. Касалимиз аниқ, нима шифо бўлиши маълум бўлганидан кейин уни даволашга киришамиз. Касалликни турли сабабларга боғлаш қанчалик жоҳиллик бўлса, дард келганида даволанмаслик ҳам шунчалик жаҳолатдир. Шу ўринда нозик бир нуқта бор: кўпчилик фақат замонавий даволаш усуллари ва врачларнигина тан олиб, бошқа ҳамма воситаларни рад қилади, ўзга ҳеч нарсага ишонмайди. Баъзилар эса фақат халқ табобатини афзал билиб, шифокорлар ва дорихоналарни душман санайди, табиблар берган дориларгагина суянади. Кимдир ҳар икковига ҳам ихлос қилмай, кекса буви ёки бобосининг, яқинларининг маслаҳатини маъқул кўради.

Бу уч тоифани ҳам айблаб бўлмайди. Чунки бемор ўзи даволанмоқчи бўлган шифокор ёки табибга ихлос қилиши, ишониши керак, шундагина муолажа самарали бўлади. Боз устига оқ халат кийиб олгани билан даволашнинг энг оддий усул-қоидаларидан бехабар, билим ва тажрибасиз шифокорларнинг борлиги ҳам сир эмас. Даволашга маънавий ҳуқуқи бўлмагани ҳолда пул ишлаш мақсадида ўзини «табиб» эълон қилган инсофсиз кимсаларнинг мавжудлиги ҳам ҳақиқат. Бунинг устига замонавий тиббиётни халқ табобатидан устун қўйиш ёки врачлардан кўра табибларни афзал билиш ҳам унчалик тўғри эмас. Хуллас, яхши даволанишни, дарддан бутунлай халос бўлишни истасангиз, муолажанинг барча усул ва воситаларидан бемалол фойдаланаверган маъқул.

Ушбу китобдан замонавий тиббиётга қарши айблов ёки халқ табобатига мадҳия қидириб, ўзингизни койитманг. Сабаби, булар икки қарама-қарши жабҳа эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи ягона даволаш сабабиятларидир. Қай бирини танлаш эса ўзингизга боғлиқ...

манба: islom.uz

Мавзуга оид мақолалар
Азиз ойижон, мана фарзандли бўлиб, ОНАлик мақомига эришдингиз, лавозимингиз ўзингизга насиб этсин. Энди давоми...

11:16 / 25.01.2017 10132
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар инсонларни безовталикка олиб келаётгани сир эмас. Қўлида ақлли телефони давоми...

21:00 / 27.08.2019 2940
Фарзанд тилаб, қабристонга бориб, шайхига «ниёз» қилиш, яъни ундан дуо сўраб, «Фарзанд кўрсак, шу ерда эҳсон давоми...

19:53 / 20.11.2016 3187
Англияда механик бўлиб ишлайдиган Томас исмли киши бор эди. У таомини зўрға топиб ерди. Аллоҳ таоло унга бир давоми...

10:43 / 14.11.2017 5608