«Дард бергувчи ҳам...»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Дард бергувчи ҳам...»

Хасталик, дард кўпчилик назарида гўё Яратганнинг ғазабига учраганлик белгиси саналади. Касал бўлган киши буни Аллоҳнинг бир балоси ва жазоси сифатида қабул қилади.

Танасини дард-оғриқ чирмай бошлаши билан дарров:«Эй Худойим, Сенга нима ёмонлик қилувдим, нега мени беморлик билан азоблаяпсан?» деб нола-фарёд чекишга тушади. Аслида шундайми? Асло йўқ! Дард Яратганнинг бандага юборган бир неъмати, имтиҳони. Чеккан дарди туфайли унинг гуноҳлари кечирилади, амаллар китобига катта савоблар ёзилади, охиратдаги мартаба-мақоми юксалтирилади. Дард ёрдамида танадаги ортиқча ғубор ва зарарли моддалар ташқарига чиқади, ҳужайралар янгиланади, кўпгина аъзоларнинг ишдан чиқа бошлаган ёки мароми бузилган фаолияти қайтадан изга тушади. Дард чекиш туфайли инсон Яратганни кўпроқ эслай бошлайди, Унга янада яқинлашади, саломатликнинг қадрига етадиган бўлади. Хасталик ўлимни, охират дунёсини инсоннинг кўз олдига келтириб қўяди. Лубнонлик атоқли ёзувчи Жуброн Халил Жуброн «Оғриқ – хаста қалбингиз шифо топиши учун Хозиқи Табиб юборган аччиқ доридир», деган.

Машҳур тасаввуф олимаси Робия ал-Адавийя бошини рўмол билан танғиб олган ўттиз ёшли бир аёлдан дард сабабини сўраганида, у боши оғриётганини маълум қилибди. Шунда машҳур сўфия: «Ўттиз йилдан бери шукр дуррасини боғламабсан-у, энди бошинг оғриганида шикоят рўмолини боғлабсан-да», деган экан. «Дард Худодан, шифосини ҳам Унинг Ўзи беради», дейишади. Ҳақиқатан, ҳеч бир хасталик ўзича пайдо бўлмайди ёки сиз қанчалик авайлансангиз ҳам, энг муҳим чора-тадбирларни қўлласангиз ҳам, дарддан қочиб қутула олмайсиз. Хасталик келганида эса энг номдор ҳозиқ табиб ва шифокорлар жон куйдирса ҳам, энг қимматбаҳо ва ноёб дори-дармон ёки муолажа усуллари қўлланса ҳам, Яратганнинг Ўзи шифосини бермаса, ундан фориғ бўла олмайсиз. Бу гапнинг ҳақлигига мисол сифатида ўнлаб воқеаларни келтириш мумкин: Бир дўстим шундай ҳикоя қилади: «Юртда грипп деган «эпидемия» тарқалиб, ишхоналар ҳувиллаб қолган кунларнинг бирида эрталаб уйқудан бурним ачишиб, кўзларим ёшланиб, томоғда оғриқ билан турибман. Бунинг устига тана салгина дардни ҳам кўтара олмай қон босимим ошиб кетди. Аксига олиб, шу куни узоқ вақтдан буён ҳал бўлишини орзиқиб кутаётган бир юмушим битиши, мартабали киши билан учрашишим керак эди. Танамга қулоқ солсам, ҳатто жойимдан қўзғолишга ҳам имкон бермайдиганга ўхшайди. Шунда «Бисмиллаҳ» деб шартта ўрнимдан турдим, покланиб ибодат қилдим, кейин Аллоҳдан дардимга шифо сўрадим. Сўраганда ҳам қаттиқ илтижо билан, бугунги юмушимнинг мен учун ниҳоятда зарурлигини айтиб-ёлбориб сўрадим.

Орадан ярим соат ўтдими-йўқми, билолмадим, боягина танамни қақшатиб турган нохушликлардан асар ҳам қолмаган, чеҳрам очилиб, руҳим тетиклашиб қолган эди. Бунинг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, юмушимга жўнаб кетдим».

...Наманган шифохоналаридан бирида хаста ётган дўстимни йўқлаб бордим. Бехабар қолган эканман, у анчагина дард тортибди: айтишларича, дўхтирлар унинг тузалишидан умидларини узиб, ҳатто бу ҳақда оиласини огоҳлантиришга ҳам улгуришибди. Хонасига киришимиз билан унга қараб ўтирган аёли: «Келинглар, фақат қийнаб қўйманглар», деди-ю, ташқарига чиқди. Каравотда қимирламай ётган бемор билан сўрашар эканман, унинг суяк ва терисигина қолган муздай қўлини тутганимда баданимга титроқ кирди. Қўллари тирик одамникига ўхшамас, ўзи эса ҳатто гапиргани ҳам мажоли етмай, лабларини пичирлатарди, холос. Имкон борича юпатиб-тасалли бердик, Аллоҳдан унга шифо сўрадик.

Яқиндагина тоғни ўрнидан қўзғотиб ташлайман, деб юрган алпкелбат дўстимизнинг ҳозир бир ҳовучгина бўлиб, бемажол ва ночор ётишидан, гапнинг рости, ўзимиз ҳам йиғлаб юборгудай ҳолатда эдик. «Аҳмаджон, тузалиб кетармикинман?» деди у аранг.«Аллоҳ шифосини берса, албатта, тузалиб кетасиз. Ўғил-қизларни ўзингиз уйлаб-жойлайсиз. Фақат Аллоҳдан чин дилдан сўранг, шифо беришига қаттиқ ишонинг», дея олдим, холос. Ўз ташвишларим билан овора бўлиб кетиб, икки ҳафтача уни кўргани боролмадим. Бир куни қаердалигини билмоқчи бўлиб, уйига қўнғироқ қилсам, гўшакни ўзи кўтарди. Гаплар бурро, руҳи тетик, оғир хасталикдан асар ҳам йўқ: «Яхшиям, ўзингиз қўнғироқ қилиб қолдингиз, ўзи сизни ахтариб турувдим, касалликдан қутулиб қолганим шукронасига яқин дўстлар ва қариндошларни йиғиб, кичикроқ эҳсон ўтказаётган эдик. Тез етиб келинг». Гапнинг рости, гапираётган унинг ўзими ё бошқа биров лақиллатяптими, деган хаёлга ҳам бордим. Уйига боргач, ҳатто шифокорлар ҳам тузалишидан умид йўқ, деб тушкунликка тушган ўша дўстим яна гурсиллатиб қадам ташлаб юрганига гувоҳ бўлдим...

Мана бу воқеани тошкентлик бир дўстимиз ҳикоя қилиб бердилар: «Кўп йиллардан буён ошқозон яраси дардидан азоб чекиб юрар эдим. Соғлиғим ёмонлашиб, охири амалиёт қилинишига ҳам рози бўддим. Аҳволим жуда оғир эди. Ҳатто амалиёт ўтказмоқчи бўлган номдор профессорнинг ўзи ҳам «Бунақа беморнинг мингтадан биттаси тузалиб кетади, холос», деб яқинларимни тушкунликка туширишга улгурибди. Амалиёт олдидан вазиятнинг нечоғли хавфли эканини аниқпамоқчи бўлиб, профессорнинг хонасига кирдим. Касалимга нима сабаб бўлганини сўрадим. У юз-хотир қилиб ўтирмай гапнинг дангалини айтиб қўяқолди:«Сабаб суриштургунча Ўзидан дардингизга шифо сўранг. Сабаб керак бўлса, қалашиб ётибди, чекаркансиз, очин-тўқин қоларкансиз, ички аъзоларингизда қаттиқ шамоллаш бор, яна бир қанча хасталиклар мўралаб турибди», деди ачитиб. Профессорнинг дашноми қаттиқ таъсир қилди. Ҳақиқатан кўп ҳолларда касалликнинг юзага келишига ўзимиз сабабчи бўламиз-да, кейин яна «бундоқ бўлгани учун касаллик ёпишган, буни қилмасам бетобланмас эдим, ё анави нарса туфайли хасталик келдимикин», деган важ-корсонлар тўқиймиз. Дардни бергувчи ҳам, шифосини кўрсатиб қўйгувчи ҳам Ўзи эканини кўпда эсдан чиқариб қўямиз. Хулласи, шу куни хайр-маъзурни насия қилиб шифохонадан кетдим. Биринчи қилган ишим чекишни ташлаш бўлди. Кейин табобатдан хабардор бир танишимдан касални нима билан муолажа қилиш ҳақида сўрадим. У сабир (алоэ) шарбатига тоза асал қўшиб, дори тайёрлаб берди. Шундан истеъмол қила бошладим. Ейдиган таомимни фақат қўй ёғида тайёрлатишни буюрди. Қовурилган, шўр, аччиқ таомларни ейишни тақиқлади. Табибнинг айтганларига оғишмай риоя қилдим. Энг асосийси, ҳар намозимда, ибодатларимда Яратгандан дардимга шифо беришини астойдил сўрайвердим.

Орадан бир ойча вақт ўтди. Ошқозоним аста-секин аслига келаётганини сеза бошладим. Илгари овқат есам, дарров ичимда нимадир жизиллаб азоб берарди, энди бу нохуш ҳолат сезилмас эди. Муолажани канда қилмай давом эттиравердим. Яна ярим ойлардан кейин ўзимни жуда яхши ҳис қила бошладим. Бир текширтириб кўрай-чи, деб таниш профессор ишлаётган шифохонага бордим. Ҳар томонлама обдон текширишиб, ҳеч қандай касаллик асоратини топа олишмади. Профессор нималар билан даволанганимни сўради, унинг ўзи ҳам муолажа усулим билан қизиқиб қолди...».

Китобларда, тиббиёт нашрларида, радио-телевидение орқали бериладиган эшиттириш-кўрсатувларда замонавий тиббиёт даволашга ожиз қолган кезларда оғир хасталикка чалинган одамларнинг ноиложликдан, чорасизлиқдан фақат Яратганнинг Ўзига мурожаат қилишгани ва иродаларини ишга солиб ёки халқ табобати усуллари ёрдамида энг тузалмас касалликлардан ҳам батамом халос бўлишгани ҳақида кўп ёзилган. Ҳатто бутунлай бедаво ҳисобланган саратон (рак), шол, мияга қон қуйилиши, оғир юрак хасталиклари, Алтсгеймер касаллиги ва бошқалардан бутунлай тузалиб кетган беморлар ҳақидаги хабарлар матбуотда тез-тез эълон қилиб турилади. Буларнинг ҳаммаси ғоятда мукаммал тизимда яратилган инсон организмида турли касалликларга қаршилик кўрсатиш кучи (иммунитет) яшириб қўйилганини исботлаб турибди. Таниқли тадқиқотчи Луиза Хей «Ўзингни ўзинг давола» китобида жуда кўп беморлар ирода ёрдамида ва унинг кучига қаттиқ ишонган ҳолда «тузалмас» деб ҳисобланган, ҳатто замонавий тиббиёт даволашга ожизлик қилиб қолаётган саратон (рак), шоллик, мияга қон қуйилиши каби оғир хасталиклардан ҳам батамом тузалиб кетгани ҳақидаги ўнлаб воқеаларни келтириб ўтади. Мазкур китобда ёзилишича, айрим кишиларнинг иродаси жарроҳларнинг ништаридану комил тиббиётниннг қимматбаҳо муолажаларидан ҳам«зўр» чиққан. Энг қизиғи, ўзини ўзи даволаган кишиларнинг барчаси бошда даволашнинг ҳамма анъанавий усуллари, замонавий тиббиёт, халқ табобати, ҳатто экстрасеанс каби ножиддий омилларга ҳам мурожаат қилишган. Охири ҳеч иложлари қолмаганидан кейин дард бергувчининг Ўзига ёлборишган ва дарддан батамом халос бўлишган. Бундан кўриниб турибдики, инсонни комил суратда, барча аъзоларини дақиқ қилиб яратган Зот унинг хасталикларига ҳам даво ва шифо воситаларини яратиб қўйган. Инсонлар эса бошқа омиллар иш бермай қўйганидан кейингина Яратганни эслаб қолишади ва Буюк Ҳакимга илтижодан сўнггина дардларига малҳам топишади. Бир ҳамкасбимиз қизиқ воқеани сўзлаб берди: «Бир куни иситмам кўтарилиб, аъзойи-баданим қақшай бошлади. Аксига олиб уйимизга жияним меҳмон бўлиб келган эди. Уни ёлғиз қолдиргим келмай, олдида ихраб-сихтаб ётавердим. Кейин ўзимнинг «оҳ-вой»имдан хижолат бўлиб, жиянимга изоҳ бермоқчи бўлдим: «Вой жоним» десам аҳволим енгиллашгандай бўляпти-да». Шунда жияним «Агар бунинг ўрнига «Аллоҳим» деганингизда, дарддан бутунлай фориғ бўлар эдингиз», деганида бунга фаросатим етмаганидан уялиб кетдим». Қуйидаги воқеани Наманган шаҳрининг Заркент даҳасида яшовчи Ҳошимжон қори акамиз ҳикоя қилиб бердилар: «Хотинимнинг кўзи ёрадиган кун яқинлашиб қолган эди. Аёллар маслаҳатхонасига борса, дўхтирлар ҳомиланинг ривожланиш муддати ўтиб кетганини, энди бола катталашиб, туғиш ниҳоятда қийин бўлишини айтиб қўрқитишибди. Уларнинг тавсиясига кўра аёлимни туғруқхонага зудлик билан ётқиздим. Даволовчи дўхтир қўлимга бир қанча қимматбаҳо укол ва дори-дармонларнинг рўйхатини тутқазди. Агар уларни топиб, тезда муолажа бошланмаса, она-боланинг ҳаётига катта хавф борлигини, туғиш ниҳоятда оғир кечиб, ҳатто ўлимга олиб бориши мумкинлигини яхшилаб тушунтирди. Аёлим ва боламнинг ҳаётини ўйласам, шошилинч дорихонага чопишим керак эмиш. Шифокорлар ҳузуридан бўшашиб чиқарканман, бошим қотди. Сабаби, дори-дармонга пул йўқ. Анчадан буён бетоблигим сабабли ишлай олмасдим. Рўзғорни учма-уч аранг ўтказиб турган эдим. Бунча пулни топиш амримаҳол. Ҳозирги пайтда кимдан ҳам қарз сўрайсан? Ҳамманинг ҳоли ўзига тайин. Шу хаёллар билан уйга қандай келганимни билмай қолдим. Ёлғиз қолган кенжамизни овқатлантириб, ухлатиб қўйдим. Кейин ҳар кунги машғулотим – Қуръони каримни хатм қилишга киришдим. Боядан бери миямни банд, кўнглимни ғаш қилиб турган хаёллар нари кетди. Китобни очиб, келган жойимдан тадаббур билан тиловат бошладим. Ўн учинчи жузга келган эдим. Раъд сурасини ўқишга киришар эканман, бирдан миямда ялт этиб нимадир чақнагандек бўлди. Суранинг 8-9-оятларига келганимда ҳайратдан «Субҳаналлоҳ!» дея ҳайқириб юбордим. Беихтиёр кўзларимдан ёш отилиб чиқди. Оятлар мазмуни қуйидагича эди: «Фақат Аллоҳгина ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, расоми-норасоми, чиройлими-хунук эканини) ҳам, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам билур. У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир. У ғайбу шаҳодатни (яъни махфий ва ошкора барча нарсани) билгувчи буюк ва юксак Зотдир». Суранинг шу жойига келганимдаги ҳолатимни тасвирлашга тил ожиз, қалам ноқис. Ўзим Қуръонни неча бор ўқиб, ҳамма нарса Аллоҳнинг ҳикмат-иродаси билан бўлишига иймон келтирсам-у, ожиз бир банданинг гапидан ваҳимага тушиб, қайғуриб, изтироб чекиб ўтиришим қандоқ бўлди?! Иймоним шу қадар сустлашиб кетганига истиғфор айтдим. Жойнамозни ёйиб, икки ракат намоз ўқидим. Дуога қўл очиб, Аллоҳдан аёлимнинг осон кўз ёришини, икки жонни Ўз паноҳида асрашини сўраб ёлбордим, илтижо қилдим. Дуода Раъд сурасининг бояги оятларини бир неча марта қайтариб, Аллоҳдан нажот, омонлик сўрадим. Ёлғиз Ўзига таваккул қилиб, хотиржам уйқуга кетдим. .. .Эртасига нонуштадан кейин хотинимдан хабар олгани борган синглим ҳовлимизга суюнчи сўраб, хурсанд кириб келди: «Акажон, ўғилли бўлибсиз, паҳлавон ўғил туғилибди. Она-боланинг аҳволи яхши!» «Алҳамдулиллаҳ» деб Аллоҳга ҳамд-шукрона айтдим. Зотан, бундан бошқа сўзга ҳожат ҳам йўқ эди...» Буюк ҳаким Абу Али ибн Сино ёзганидай,«Одамлар тоат-ибодатларида Аллоҳдан тансиҳатлик сўрашади. Аммо Аллоҳ тансиҳатлик калитини туғилишданоқ уларнинг ўз қўлларига тутқазиб қўйганидан бехабардирлар».

манба: islom.uz

Мавзуга оид мақолалар
Жамиятнинг бўғини бўлмиш оилаларнинг тинчтотув, хонадонларимиз файзли бўлиши ва турмушимиз осудалигида давоми...

17:58 / 30.11.2016 4237
Саудия Арабистонидаги муҳандис Муҳаммад Ҳамид Саййид ўзи ихтиро қилган соябонига патент олди. Мазкур давоми...

13:53 / 18.07.2017 13586
 Барча маъсият, ғафлат ва шаҳватнинг асли нафсдан розиликдир. Барча тоат, уйғоқлик ва иффатнинг асли сенинг давоми...

11:15 / 27.03.2018 4094
embedhttpswww.youtube.comwatchvbQC41Wi4npQembed

14:37 / 17.11.2016 5306