Сизларнинг яхшиларингиз – хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз – хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан аввал танишганмиз. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли хулқнинг комил иймонга сабаб бўлишини баён қилиш билан бирга, биз – мусулмонларни яхши хулқли бўлишга тарғиб қилмоқдалар.

Ислом ҳусни хулққа катта эътибор берган. Бу ҳақда Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар жуда кўп. Буни ўз навбатида келадиган бобларда кўриб чиқамиз. Аммо бу ерда комил иймон бобида, ҳусни хулқ иймоннинг комил бўлишида ҳам муҳим омил эканини таъкидлаш учун бу ҳадиси шариф келтирилмоқда.

Яхши хулқ очиқ чеҳралик, кишиларга озор бермаслик, уларга яхшилик қилишдир. Яхши хулқли инсон икки дунё саодатига эгадир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг камолини хулқнинг яхшилигига боғлиқ қилиб қўймоқдалар.

«Мўминларнинг иймони комилроғи – хулқи яхшироғидир», яъни мўминнинг хулқи қанчалик яхши бўлиб бораверса, иймони шунча мукаммал бўлиб бораверади. Яхши хулққа бундан ҳам ортиқ тарғиб қилиш мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш давомидаги хулосалардан бири шуки, бирор аҳамиятли мавзу омматан баён қилинганидан сўнг ортидан ўша мавзуга тегишли энг муҳим нарса алоҳида таъкидлаб қўйилади. Ушбу ҳадиси шарифда:

«Сизларнинг яхшиларингиз – хотинларингизга яхшилик қиладирганларингиздир», деб таъкидланмоқда.

Нима учун? Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, кўпчилик бошқалар билан яхши муомалада бўладилар-у, хотинлари билан муносабатда бадхулқ бўладилар. Бундайлар халқимиз ичида «кўча хандон, уй зиндон одамлар» дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша ҳолатни эътиборга олиб, яхши хулқ иймон камолоти сабаби эканини айтганларидан кейин, бунда фақат бегоналар билан муносабатгина эмас, балки, энг аввало, ўз хотинига нисбатан яхши хулқли бўлиш зарурлигини таъкидлаб қўйдилар.

Ҳусни хулқни иймон мукаммаллиги учун шарт қилиб қўйиш Ислом учун, мусулмонлар учун ҳар қанча фахр қилса арзийдиган ишдир. Хотинларига яхши муомалада бўлганлар мусулмонларнинг энг яхшилари, деб алоҳида таъкидлангани эса Исломда аёлларнинг ҳақлари қанчалик устун қўйилишини кўрсатади.

Ушбу ҳадисдан оладиган фойдамиз икки улкан фойдадан иборатдир:

1. Ҳусни хулқли бўлиш.

2. Хотинга яхшилик қилишни йўлга қўйиш.

Ҳадиси шарифнинг ҳикматига инсоният қанчалар муҳтож эканини ҳар онда, ҳар қадамда кўриб-билиб турибмиз. Чунки ушбу ҳадисда зикр этилган нарсалар орқали ҳар бир инсоннинг ижтимоий ва оилавий ҳаёти қоим бўлади. Бунга инсоннинг ҳар лаҳзада иши тушади. Шу боис гўзал ахлоқли бўлишга ҳаракат қилайлик, мўминлар ичида энг мукаммал иймонлиси бўламиз. Хотинларимизга яхшилик қилишга уринайлик, мусулмонларнинг энг яхшиларидан бўламиз.

Мавзуга оид мақолалар
Юртимизда Қуръон мусобақасидан сўнг илк бор ҳадиси шариф бўйича беллашув бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ҳадиси давоми...

20:47 / 03.05.2018 3565
Хўжағат малинадан тайёрланадиган консервалар Ўзбекистонда хўжағат бутаси дастлаб давоми...

13:13 / 29.11.2016 5804
Йўл жамият аъзоларининг бирбирлари билан боғланишлари, муносабат ўрнатишлари, мунтазам алоқаларни жорий давоми...

12:30 / 11.03.2017 4827
 Мусулмонлар учун энг яхши ибрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқшомни қандай ўтказар эдилар  давоми...

17:15 / 25.09.2018 2650