Америкалик аёл Ислом динини қабул қилди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тақводор христиан Мэри АҚШнинг қоқ марказида ўсиб катта бўлган.  Маълум вақтгача Ислом дини ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас эди. Кейинчалик Ислом динини қабул қилган.

 Аллоҳ таолонинг марҳамати

Мэри : «Аллоҳнинг менга бўлган муҳаббати ва марҳаматига чексиз ҳамдлар айтиб, ўз ҳикоямни сўзлашдан чарчамайман. Мен АҚШнинг Оклахома штатида,  дин муҳим ўрин эгаллаган христианлар оиласида дунёга келганман.

Черковга бир ҳафта мобайнида уч марта борар эдик. Онам мени қўлларидан келганча ёмон таъсирлардан ҳимоя қилардилар. Оиламиз ахлоқи билан бошқа оилалардан ажралиб турган. Ҳеч ким чекмаган, ичмаган, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаган ва ҳоказо. Мен «Инжил»ни деярли ҳаммасини ёддан билар эдим. Жуда тақводор христианлардан бўлганман. Ислом дини ҳақида эса биринчи бор 49 ёшимда эшитдим.

Кўп китоб мутолаа қилардим. Кўп ўқиш ва илм олишга бўлган иштиёқ  менга Аллоҳ томонидан берилган иноятдир. Чунки охир-оқибат бу нарса мени Исломнинг асл моҳиятини тушунишимга ёрдам берди. Аммо мен аъзо бўлган кутубхонада дунё динлари, шунингдек, Ислом дини ҳақида  ҳеч қандай маълумотлар йўқ эди.

Коллежда ўқишни орзу қилардим, лекин мактабни тугатганимда ота-онам ажрашиб кетганлиги сабабли ишга жойлашишга мажбур бўлдим. Кейин турмуш қурдим, ажрашдим, яна турмуш қурдим ва яна ажрашдим. Буларни айтишимдан мақсад, жамиятимиз  учун  шу каби ҳолатлар оддий бўлиб қолган. Бизнинг жамиятимиз оила қадри, эр-хотинлик  маъсулиятлари каби тушунчалардан йироқлашиб кетган жамиятдир. Иккинчи марта турмушим бузилганда, оилам ва дўстларимнинг  маслаҳати билан Талса шаҳридаги Университетга ўқишга кирдим. У ерда ўқиш менга ёқарди, чунки дунёнинг  турли  бурчагидан келган одамлар билан танишардим,  катта  кутубхонада кўпрок китоблар ўқишга муваффақ бўлдим. Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)  ва у киши  тарғиб қилган дин  Ислом эканлигини билдим. Ўша пайт учун билганларим шугина эди.

Мусулмонлар ахлоқидан таъсирландим.

 Ўқиш давомида репетиторлик билан шуғуллана бошладим. Дарсларимга  кўплаб талабалар қатнашар эдилар, шулар қаторида малайзиялик толиба қизлар ҳам. Уларнинг  гўзал ахлоқи,  одоби  (мен билан жуда хушхулқли эдилар)  менда катта таассурот қолдирди. Қизлар кунда муайян вақтда жавоб олишиб, ибодатга шошилар эдилар. «Агар ҳаёт тарзларига ижобий таъсир  қилаётган бўлса, динлари  яхши экан», деб ўйлар эдим.

Ундан ташқари менга  қизларнинг кийиниши, рўмолларини чиройли ўрашлари ёқар эди.  Дин билан боғлиқ эмас, бу  кўпроқ «маданият бўлса керак», деб тушунгандим.  Шу тариқа Аллоҳ аёлларни ҳимоя қилишини билмаган эканман.

Айтиб  ўтишим  жоизки, узоқ йиллар давомида бош оғриғидан қийналардим. Вақти билан оғриқлар чидаб бўлмас даражада бўлар эдики, кучли дорилар ичишимга тўғри келарди. Репетиторлик қилаётган пайтимда оғриқларнинг кучайиб кетиши туфайли, касалхонада  ётишга мажбур бўлдим. Кейинчалик, аҳволимнинг ёмонлашиши дарсларга ҳам боролмай қолишимга олиб келди.

Айнан мана шу пайтда малайзиялик муслималар менга Исломнинг гўзаллигини кўрсатишди. Уйимнинг эшигини очиқ қолдирар эдим. Қизлар келганларида дам олаётган бўлсам, кутиб ўтиришарди.  Баъзан уйғонганимда бирлари оғриқни камайтириш учун пешонамга компресс қўйганини, бирлари эса менга овқат тайёрлаётганини кўрардим.

Пулим йўқ, ота-онам ёрдам бермасди. Мен ишлайдиган черков эса бирон маротаба хабар олмади ва ҳатто қўнғироқ ҳам қилишмади . Касалликдан икки йил қийналган бўлсам, фақатгина муслима толибаларим  хабар олиб туришди.

Ҳар куни Худога илтижо қилиб мени бу касалликдан, кучли дориларни истеъмол қилишдан халос этишини  сўраб, дуо қилардим. Инжилни ўқирдим, ялинар эдим, ёлворардим, бироқ азоблар давом этарди. Моддий қийинчиликка дуч келиб, уй-жой учун пул тўлай олмаганимда, мен билан яшайдиган ўғлим дўстлариникига кўчиб ўтди.

Исломга қизиқишим.

Бир куни малайзиялик қизлардан бири Оминадан дини ҳақида сўзлаб беришини сўрадим. Шунда у нотўғри  маълумот бериб қўймаслик учун мени динни мукаммалроқ биладиган одам билан таништиришини айтди. Маҳмуд ҳамда  Саиф исмли талабаларни  таклиф қилди ва улар менинг саволларимга жавоб беришди. Кейинчалик эса талабаларим қаторидан жой олишди. Шу йўсинда дарсларимга  турли мамлакатлардан келган мусулмон талабалар ҳам қатнашишни бошлашди.  Худди малайзиялик толиба қизлар каби бу ёшларнинг ҳам хушхулқ экани, ўзаро ҳурмати, меҳри диққатимни тортди. Мана  шу иноқликнинг  бир бўлаги бўлишни жуда истадим. Аслида, Аллоҳ Ислом гўзаллигини  шу талабаларим орқали кўрсатган экан.

 Ислом ҳақида кўпроқ билиш мақсадида талабаларимдан ўқишга бирон китоб беришларини сўрадим. Улар менга «Исломда аёлнинг ўрни» деб номланган ҳадислар йиғиндисини беришди.  Шу йўсинда,  Исломда аёл киши алоҳида, шарафли ўринни эгаллашини билдим.

Аста-секин Ислом ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлдим ва беихтиёр  бу диннинг оқилона ва менга ҳар томонлама яқин эканлигини тушундим.

Муҳим  қарор

Бош оғриқларим ҳали ҳам бор эди. Ҳамон кўп ибодатда бўлардим, аммо энди Худога, асл исми – Аллоҳ дея мурожаат қилардим. Ислом ҳақида китобларни ўқишда давом этдим. Яқин келажакда ҳаётимда муҳим қарор кабул қилишимга ишонардим. Лекин қўрқардим…

Ёзда мусулмон талабаларим ёрдами билан янги уйга кўчдим. Янги уйда ўтказган биринчи кечамда мусулмонликни қабул қилишга қарор қилдим, аммо кимгадир бу ҳақида айтишга ботина олмасдим. Шунда Аллоҳга илтижо қилиб: «Ё Аллоҳим! Мени ўзимдан-да яхшироқ билгувчисан. Барча гуноҳларим ва яхши амалларимни биласан. Умрим давомида ҳақиқатни излаганимни биласан. Қўрқувдаман. Лекин қарорим қатъий. Шаҳодат келтираман, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг Расулидир. Мусулмон бўлишни хоҳлайман, ёлғиз ўзинггагина ибодат қиламан. Ё, Аллоҳ! Жаннатингни насиб эт!»

Бу сўзларни айтгач, қандайдир осойишталикни ҳис этдим. Уйқим келиб, ухлаб қолибман. Саҳар уйғонганимда бошим оғримаётганига ажабландим ва  шу заҳоти Аллоҳга бунинг учун ҳамд айтдим. Ҳамма кучли дориларни ташлаб юборганман. Зарур бўлганда фақат аспирингина ичаман. Алҳамдулиллаҳ!

Талабаларим  гувоҳлигида калима келтирдим. Ҳаётим тубдан ўзгарган. Ва ниҳоят ҳақ динни қабул қилгач, ҳақиқий ўзлигимни ҳам топдим.

Ё, Аллоҳ! Қалби- қулфимни очганингга ҳамд бўлсин!

Ё, Аллоҳ! Гуноҳларимни мағфират эт ва жаннатингни насиб эт!

Ё,Аллоҳ! Менга ва барча мусулмонларга Сенга ва Расулинг соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилишда ҳамда қолганлар билан ўз илмимни улашишда мададкор бўлгин! Омин.

mirhidjaba.ru сайтидан олинди

 

                                                            

Мавзуга оид мақолалар
  Аллоҳ таоло айтади «Эй Набийнинг аёллари Сизлар аёллардан бирортаси каби давоми...

12:34 / 08.12.2016 4445
Эр хотинининг озорларини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида, мулойимлик кўрсатиши, унинг давоми...

22:34 / 15.02.2023 2694
Қаламни яратиб, одамзотга баён қилиш неъматини ато этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳнинг давоми...

05:25 / 27.12.2016 3412