Алвидо демасман....
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ҳазратим! «Алвидо!» демасман!

Порлай‑порлай тафти билан қалбларни иситган Қуёшим, қанисиз?! Наҳот ботган бўлсангиз?!

Тўлишгандан тўлишиб камолга етган Тўлин Ойим, қайлардан излай сизни?! Наҳот ортга қайтган бўлсангиз?

Кўкда танҳо бўлиб ярқираган Юлдузим, нега кўринмайсиз?! Наҳот сўнган бўлсангиз?!

Ҳар куни қуёшнинг чиқишини кўриб қувонар эканман, ботганида негадир юрагим сиқилар эди... Айрилиқдан даракмиди бу? Ойнинг тўлиб бораётганини кўриб шодланар эдим-у, ортга қайтишини кўрсам, қалбимни ғашлик эгалларди... Жудоликка тайёргарликмиди бу? Кўкда юлдузларни кўриб, завқланардим, аммо уларнинг юзини булут қопласа, кўнглим танг бўларди... Ҳижрондан далолатмиди бу?

Йўқ! Асло «Алвидо!» дея олмайман!

Аллоҳнинг буюк мавжудотларига назар солар эканман, уларда Сизни кўраман, улар менга Сизни ва Сиздаги хусусиятларни эслатади: Тоғлар Сизнинг салобатингизни, сабру матонатингизни ёдга солади. Дарёю денгизлар илм‑маърифатингиз, саховатингиз ва кенг қалбингизни эслатади. Серсоя ва серҳосил улкан дарахтлар инсониятга, дин‑диёнатга тақдим қилган хизматларингизни намоён этаётгандек. Яшнаган боғ‑роғлар гўзал хулқингизни, юксак одобингизни хотирлатади. Ҳа, борлиқдаги ҳамма‑ҳамма нарса менга Сизни эслатади.

Боқийлик, мангулик ёлғиз Аллоҳга хосдир. Ўлим ҳар бир жонзот бошида бор. Ўлим тириклар ва ўликлар орасига тўсиқ солади: тирикларни тор оламда қолдириб, ўлганларни кенг оламга олиб ўтади. Ҳаёт қонуни – шу. Аммо ўлим жасадни олса ҳам, қалблардаги муҳаббату вафони ҳамда эзгу хотираларни  ҳеч қачон олиб кета олмайди!

Ҳа, «Алвидо!» дея олмайман!

Ҳазратим! Сиз ўз асарларингиз билан ҳар бир юртдошнинг хонадонидасиз. Сиз ўз муҳаббатингиз ила ҳар биримизнинг қалбимиздасиз. Сиз каби инсон асло ўлмайди. Сиз вақтинчалик парда ортига ўтдингиз, холос. Ҳали биз ҳам сиз томон ўтамиз. Дийдордан умидвормиз, албатта!

Вафотингиз бизлар учун катта бир уйғониш бўлди. Сизга бўлган муҳаббатимиз беқиёс эди, аммо ҳақиқий қадрингизни энди биляпмиз. Сизга бўлган вафою садоқатимиз кучайгандан кучаймоқда!

Йўқ! Мен сиз билан видолашмайман!

Ҳазратим! Гарчи энди Сизнинг кўркам қоматингизга боқишдан, мунаввар юзларингизга термулишдан, ҳақимга дуо қилиш учун очадиган қўлларингизни ўпишдан жудо бўлган бўлсам‑да, таббасум қилган лабларингизни кўришдан, қалбимга таскин берувчи сўзларингизни тинглашдан, вужудимга хотиржамлик бахш этувчи борлиғингизни туйишдан  маҳрум бўлган бўлсам‑да, Сиз мен учун борсиз. Мен Сиздан ажралганим йўқ. Сиз дафн қилинганингизда, Сизга қўшиб жоним дафн қилинмишдир! Мен Сизнинг бир парчангизман! Томиримдаги қон қонингиздандир! Вужудим Сиздандир! Ҳа, мен Сиз биланман, айрилмадим, айрилмасман!

Йўқ! Сизга «Алвидо!» деб бўлмас!

Ҳазратим! Қанотларингиз остида эканман, ўттиз беш йил яшаб ҳам қийинчилик нималигини билмабман. Кичик ташвишларни ғам деб ўйлабман. Ҳақиқий мусибат олдинда турган экан!

Мен дунё ҳаётининг бир лаҳзасини ҳам Сизсиз тасаввур қила олмасдим. Мен сизга қаттиқ суянган эдим. Сиз мени ҳар томонлама бекаму кўст бўлишимни таъминлаган эдингиз. Ҳар ишда сизга таянардим!

Сиз бошимиз узра соябон экансиз – иссиқ‑совуқни билмабмиз! Тоғдек юкларни бизга қўймай ўз елкангизда кўтарган экансиз – оғирлик нелигини сезмабмиз! Сиз бизни қалқон бўлиб ҳимоя қилган экансиз – хавфу‑хатар ҳақида ўйламабмиз! Мана энди, бошимиздан иссиғу совуқ ўтмоқда, оғир юклар қаддимизни букиб қўймоқда, ёвуз шамоллар юрак‑бағримизни аёвсиз тешмоқда!

Йўқ! Сиз билан видолаша олмайман!

Сиз буюк инсон эдингиз! Сизда кўп улуғ хислатлар бор эди. Шулардан бири ҳикмат эди. Сиз ҳикмат соҳиби эдингиз. Ҳар бир ишингизда ҳикмат бор эди. Ҳатто баъзан қосир ақлларимиз хато санаган айрим ишларингиз ҳам айни ҳикмат бўларди. Буни кейинроқ англардик. Бунга кўп марта гувоҳ бўлганмиз!

Сиз бизнинг муаллимимиз эдингиз! Сиз ўз ҳаётингиз ила хавфу ражо, сидқу ихлос, сабру ризо, таваккул, шукр ва бошқа хислатларни бизларга чин маънода ўргатдингиз. Ҳақиқий муҳаббатни ҳам Сиздан ўргандик. Биз, нодон бандалар, бу буюк маънавий туйғуларни чуқур англамаган эканмиз. Уларнинг ҳақиқати биз ўйлагандан бошқа экан. Ҳаётингизда амалда ўргатганингиз бу хислатларни вафотингиз ила амалда қўллатдингиз! Сиздан айрилиқ мусибатида бизларга фақат сиздан олган таълимотларимиз асқотди! Ҳа, ҳаётингиздаёқ бизларни вафотингизга ҳозирлаган экансиз!

«Сабр бало етганда гўзал одоб ила туришдир. Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир», деган эдингиз.

Вафотингизнинг тўсатдан бўлгани барча учун қаттиқ зарба бўлди. Ақллар учди, тиллар лол қотди. Ўша лаҳзалар, ўша кунлар кўз олдимда қиёмат кунини гавдалантирди. «Қиёматми?» дердим фақат. Сиз учун келган оломон маҳшарни ёдга солди.

Қалбларимиз чок‑чокида сўкилиб, таналаримизда жон қолмаган бўлса ҳам, Сизга бўлган муҳаббатимиздан Сизга эргашишга, Сиз истагандек бўлишга ҳаракат қилдик. Сиз гўзал ҳаёт кечирдингиз. Сиз билан бўладиган вақтинчалик хайрлашув ҳам гўзал бўлишини истадик. Аллоҳнинг марҳаматини тиладик, биздек гуноҳкор бандаларини афв этиб, Ўз фазли ила Сиз билан қайта бирга қилишини чин юракдан умид қилдик. У Зот Сизга берган барокотли умр учун, Сизга битган гўзал хотима учун Ўзига шукр қилдик. «Нега?!», «Нима учун?!» деб айтмадик, хавф қилиб бундай сўзни хаёлга ҳам келтирмадик. Бошимизга тушган мусибатга рози бўлдик. «Энди нима қиламиз?!» деганларга, «Сабр қиламиз, Аллоҳга таваккул қиламиз, Ўзига суянамиз!» дедик. Сизга эргашмай қолишдан қўрқиб, «Сизсиз энди қандай яшаймиз?!» демадик. Сизга содиқ ва мухлис бўлишни Сиз истагандек иш тутиш, Сиз яшагандек яшаш деб тушундик. Сиз бошлаган хайрли ишларни давом эттиришни зиммамиздаги қиёматли бурч ва том маънодаги вафо деб билдик!

Чин муҳаббат маҳбубни йўқотгандан кейин яна‑да кучга киради, деган ҳақиқат яна бир бор ўз исботини топди. Ҳақиқий муҳаббат эгалари яхши кўрганларини йўқотганларида маҳбубларига яна ҳам яқин бўлиб, уларга яна‑да боғланиб қоладилар. Аҳд ва вафо мустаҳкамлашади. Айрилиқни баҳона қилиб узлат қилиш, маҳбубнинг йўлидан чекиниш муҳаббатдан эмас, содиқликдан эмас, албатта! Бу бир нафсга эргашиш ва худбинликдан бошқа нарса эмас. Ҳақиқий муҳаббат ва аҳдга вафо маҳбуб хоҳлагандек бўлиш, унинг истакларини амалга оширишдадир.

Ҳа, Сизга «Алвидо!» деб бўлмас!

Бу ҳаётда Сиз билан бирга яшаш бахтига муяссар бўлган биз: оилангиз, шогирдларингиз ва мухлисларингиз бу саодатнинг шукронасини адо этганимизча йўқ. Ҳали кўп қарздормиз. Қарзимизни Сиз каби ҳаёт кечириш, Сиз истагандек бир‑биримиз билан иноқ‑иттифоқ, ҳамжиҳат бўлиш билангина, ишларингизни Сиз кутгандек давом эттириш билангина тўлай олишимиз мумкин.

Сизнинг ҳаётингиз бизларга ибрат бўлганидек, вафотингиз ҳам бизлар учун ҳидоят бўлди: қалбларимиз охиратга кўпроқ боғланди, дунёдан яна ҳам узилди. Ҳаётнинг жозибаси қолмагани каби ўлимнинг қўрқинчи ҳам йўқолди. Энди ягона истагимиз шуки, Аллоҳни рози қиладиган ҳаёт кечирсагу, У Зот биз гуноҳкорларни авф этиб, Ўз фазлу карами ила жаннатига дохил қилса ва биз Сиз билан яна бирга бўлсак! Бизнинг бошқа орзуйимиз йўқ! Ё Роббим, бизларни Падари Бузрукворим билан жаннатингда қайта жам қил! Омин!

Йўқ! Сизга «Алвидо!» дея олмасман!

Мусибатимизда қалбларимизга таскин бўлган яна бир неъмат беҳисоб инсонларнинг сизга бўлган кучли муҳаббатига шоҳид бўлганимиздир. Сизнинг бағоят севимли инсон экангизни, албатта, билардик, аммо қалблар тубидан бу қадар мустаҳкам ўрин олганингизни англамаган эканмиз. Ҳа, мусбатингиз ярасига малҳамни ҳам ўзингиз ҳозирлаб кетибсиз!

Шунинг учун баралла айта оламанки, қуёш ботса ботадики, Сиз ботмайсиз. Ой ортига қайтса қайтадики, Сиз қайтмайсиз. Юлдуз сўнса сўнадики, Сиз ҳеч қачон сўнмайсиз! Зеро Сиз юксак ва гўзал мақомдасиз. Бу дунёдаги энг ишончли ва мудқаддас жой бўлмиш қалбларда, иймон макон тутган назаргоҳларда яшайсиз. Умид шуки, охиратда ҳам қалблар Эгасининг эъзозида бўлгайсиз!

Сизга бўлган соғинчимиз чексиз, учрашув кунини кутиб яшамоқдамиз. Ҳа, Сизга «Кўришгунча!» дейман, «Алвидо!» дея олмайман, Ҳазратим!

Одинахон Муҳаммад Юсуф

14. 05. 2015 йил

 

Мавзуга оид мақолалар
Ҳеч шубҳа йўқки, «ҳамма ишларимни Аллоҳ кузатиб турибди» деб эътиқод қилгувчи мўмин кишининг хатолари кам давоми...

12:21 / 08.11.2016 6666
Муслима аёлқизларнинг Рамазон ойидаги кундалик дастури Дастурни татбиқ этишдан аввал бир неча изоҳлар давоми...

21:31 / 06.03.2017 5103
Қуръони Каримдаги сажда оятлари тиловат қилинганда сажда қилишдир. Қуйидаги ўн тўрт оятдан бирини тиловат давоми...

12:12 / 24.05.2017 6344
Масаллиқлар 1 та сазан балиқ 12 та сабзи қирғичдан чиқарилган 2 та помидор қирғичдан чиқарилган 2 та давоми...

12:56 / 29.11.2016 5889