Чақимчи жаннатга кирмайди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

     Инсон зоти ўз табиатига кўра танҳо яшай олмайди. Оила қуради. Оилалар эса бирлашиб, жамият шаклланади. Оила аъзоларининг асосий мақсади оила мустаҳкамлиги бўлса, жамиятнинг тинч ва фаровон бўлиши ҳар бир оиланинг олий мақсадидир. Аммо оила мустаҳкамлиги ва жамиятнинг тинч ҳамда фаровонлигига ғов бўладиган бир қанча ёмон хулқ ва одатлар борки, улар оилага ҳам, жамиятга ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Хусумат, ёлғон, гина, адоват , ғийбат, бевафолик, хиёнат, ёмон гумонда бўлиш, ҳасад, кишилар орасини бузиш, лоқайдлик, дангасалик, бировнинг хақини нохақ ейиш. Мазкур иллатлар оила ва жамият тинчлиги ҳамда тараққиёти учун тўсиқ бўлади. Энг олий мақсади тинчлик, шиори инсонларни бирлаштириш бўлган муқаддас динимиз Ислом мазкур иллатларга муайян жазо белгилаш билан бирга,  бу каби ёмон хулқлардан қандай қутулиш йўлларини ўргатган.

 Имом Ғаззолий ўзларининг «Иҳё» ларида шундай ёзганлар: «Бир мусулмоннинг хатосини билсанг, унга буни  танҳо қолган вақтида айтгин. Шайтон оздириб, уни ғийбат қила кўрма. Унга насиҳат қилмоқчи бўлсанг, унинг айбини билганинг учун унга ҳақорат кўзи билан қарама. Мақсадинг уни гуноҳдан холи қилиш бўлсин, бунда сен гўё ўзингдан ноқислик содир бўлгандек хафа бўл, бу ҳолда сен уч ажрга – насиҳат қилиш, биродаринг камчилигидан ғамнок бўлиш ва уни динда собит бўлишига кўмаклашиш ажрига эга бўласан».

Энг ёмон хулқлардан яна бири чақимчиликдир. Чақимчилик ― мусулмон инсонга мутлақо ёт бўлган  иллат. Зеро, бу иллат Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни қайтарган ёмон сифатлардан биридир.

Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:  «Сизларга  энг ёмонларингиздан хабар берайми? Улар чақимчилик орқали дўстлар ўртасини бузиб, айбсизларга қийинчилик истаб юрувчилардир». Яна бир ҳадиси шарифларида: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар.  Имом Ғаззолий шундай ёзадилар: «Кимки сенга бировни чақса, сени ҳам бировга чақади».

   Бу каби иллатларга тобе бўлмасликнинг биргина йўли – тилни сақлашдир. Мусулмон киши тилини фойдали сўзлардан ўзга сўздан сақлаши лозим. Гапирса ҳам, гапирмаса ҳам бўладиган ўринда, гапирмаслик суннатдир. Бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса,  фақат яхши, фойдали гапни гапирсин, бўлмаса жим турсин, деганлар.

Ушбу ҳадиси шариф фақат яхши ва фойдали сўзларни гапириш кераклигига катта ҳужжатдир. Чунки биз ҳар бир сўзимиз учун масъулмиз. Қуръон Каримнинг Инфитор сурасида  Аллоҳ таоло:  «Ҳолбуки устингиздан кузатиб тургувчилар бор. Улар ҳурматли, ёзиб тургувчилардир», деб марҳамат қилади.

Зеро, инсоннинг чиройи тилининг беҳуда нарсалардан омонда бўлишидадир.

                    Мақсудали Қосимов

Хўжаобод туман бош имом-хатиби

Мавзуга оид мақолалар
Инсон жаннат ҳақида ўйлар экан, яқин қариндошлик алоқалари қандай бўлишини ҳар доим ҳам тасаввур қила давоми...

11:15 / 07.02.2019 4139
Дунёнинг энг нуфузли ҳалол рейтингларидан бири MasterCardCrescentRating 2019 йилги жаҳон мусулмон сайёҳлик индекси давоми...

10:05 / 11.04.2019 3368
  Инсоннинг олд ва орқа тараф жинсий аъзоларидир чиқадиган нарсалар пешоб, ахлат, ел, мазий, вадий ва давоми...

10:28 / 04.05.2017 48345
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у Зот «Игна давоми...

11:26 / 02.03.2017 21858