Онада фидокорлик ахлоқи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим оналарга фақатгина қиз ёки ўғил фарзанд туғишнигина эмас, балки бу фарзандларни фидокорлик билан гўзал тарбия беришни ўргатади. Aллоҳ азза ва жалла тарихда шундай хислатга эга оналарнинг авлодларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг издошларига айлантирди.

Ҳаннанинг қизи Марям

Қуръони Карим ўғил фарзанд сўраганида қиз фарзанд берган, “Эй Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!” дея ғамга ботган Имроннинг аёли Ҳанна онамиз ҳақида зикр қилади. Сўнгра “Ва ўғил қиздек эмас. Ва мен унга “Марям” деб ном қўйдим” [70] деди. Ҳанна онамиз Марям онамизга назар солди ва қизининг “самоларга, ерга ва тоғларга” таклиф қилинган, аммо барчаси кўтаришдан бош тортган, ўша бандалик омонатини кўтариб юролмаслиги ҳақида ўйлади. Шу сабабли “Эй Роббим, мен буни қиз туғдим-ку!” деди. “Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди.” [71] Марям онамиз Закариё алайҳиссаломнинг кафиллигида гўзал гул каби вояга етдилар. Барча аёлларга мўмина қизнинг иймони ҳамда иффати билан қандай қилиб ва қанчалар юксакка кўтарила олишини кўрсатиб: “Мана йўл, шу йўлдан юринглар!” деб йўл очиб бердилар. Ҳанна онамизнинг қизи Марям зуҳди ва ҳаромдан ҳазар қилиши билан аёлларни Ҳаққа даъват қилишда намуна бўлдилар. Aллоҳ таоло уни ораларида инсониятнинг энг буюк аёллари яшаб ўтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига, иффати ва яҳудийларга қарши Aллоҳнинг оятларини ҳимоя қилган ҳолида танитди. Марям онамиз улғайиб Ислом аёлига айлангач, Иброҳим алайҳиссалом каби ёлғизлигига қарамасдан, Aллоҳнинг оятларини тасдиқладилар ва  итоаткор эркакларга хос матонат билан куфрга қарши курашдилар. [72]

Марям онамиз машаққат билан бир амаллаб кун кечираётган аёлнинг турмуш ўртоғисиз ҳам бола тарбия қила олишини кўрсатиб бердилар. Уларнинг ҳолини кўрганлар, уларга қилинган бўҳтонларга гувоҳ бўлганлар: “Aллоҳ билан бирга бўлган ёлғиз бўлмас”, деб юбордилар. Марям онамиз инсониятни залолатдан ҳидоятга, зулматдан нурга чиқарадиган Пайғамбарга она бўлдилар. Aллоҳ таоло барча оналар сингари уни ҳам ўғлининг хайрли ниятда қилган ҳар бир амалига шерик қилди: “Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари уларга иймон билан эргашганларнинг зурриётини уларга қўшдик ва уларнинг амалларидан ҳеч нарсани камайтирмадик.” [73] Фарзандларнинг амаллари номаи аъмолларидан бир ҳарф ҳам камайтирилмасдан ота-оналарининг ҳам ҳисобига ёзилганидек, амаллари оталариникидан камроқ бўлган фарзандлар иймон ва амалларидаги ихлосга қараб, оталарининг мақомига кўтариладилар. [74]

Оила қураётганда Ислом оиласини Ислом мадрасасига айлантиришни ният қилган аёл, фарзандларини исломий таълим-тарбия билан ўстирса, наслидан келганларнинг хайрли амалларига шерик бўладилар. Юксакка кўтарилган бундай аёл жаннатга кираётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида туради. Жоҳилият даврида фарзандининг куч-қуввати ва қобилиятига қараб қадрланадиган аёллар, Исломда оиладаги мавқеси туфайли жаннатга Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам билаб бирга кириш каби олий шарафга ноил бўлдилар.

Қандай она афзалроқ?

Мўмина аёлнинг фарзандини тарбия қилишда ёки оиласини иҳё (тик) ва иншо (барпо) қилиш учун қилган ҳар иши ибодатдир. Пул ишлаб топиб бир таълим даргоҳи қурдиришидан ёхуд бир ошхона қуриб бериб камбағалларнинг қорнини тўйдиришидан эрталаб боласини ўқишга тайёрлаш учун уйғониши, нонушта қилиши учун дастурхон тайёрлаши афзалдир. Бомдод намозидан кейин ётиб ухламай, фарзандларини ўқишга-ишга тайёрлаган бир онанинг ажр-савоби ҳам, ярим тунгача китоб ўқиб чарчаган, ухлаган, кейин туриб бомдод намозини ўқиб, яна истироҳат қилиш учун ухлайдиган ва бу вақт мобайнида болаларига қарамайдиган аёлникидан зиёдадир.

Йўналишини йўқотган кема сингари

Бойлик яхшидир. Зеро инсон у билан ҳам ўзини бировга қарам бўлишдан ҳимоя қилади, ҳамда садақа бериб Роббисига қурбат ҳосил қилишда васила бўлади. Лекин такаббурлик қилишга восита бўлса, ҳам Роббиси билан ораси бузилишига, ҳамда оиласи билан силаи раҳм қилишига монеъ бўлади. Бойликни ҳаётнинг асоси деб ўйлай бошласа, бу сабабли ҳам эри олдидаги ҳамда фарзандлари олдидаги вазифасини хизматчига топшириб, ўзи қачон ва қаерда ботиши аниқ бўлмаган, йўли ва йўналишини йўқотган кемага ўхшаб қолади.

Бир она учун энг муҳими нима?

Бойнинг намоздан кейинги энг муҳим ибодати садақа қилиш, олимники ҳақни гапириш, отаники ҳалол йўл билан оиласини боқиш, ёш муслима қизники иффатини сақлаш, онаники эса фарзанд тарбия қилишдир. Шу боис ҳам бир аёлнинг уйида ўқиган намози Пайғамбар алайҳиссаломнинг масжидида ўқиган намозидан афзалдир. Ислом мадрасасига айланган бир оила, аёл учун “ҳасанот” (савоблар) фабрикасидир. У ерда ибодат нияти билан қилган ҳар бир амалига катта ажр-савоблар олади.

-----------------------------------------------------

70. Оли Имрон сураси, 36-оят

71. Оли Имрон сураси, 37-оят

72. Таҳрим сураси, 12-оят

73. Тур сураси, 21-оят

74. Насафий, Aбул Барокат Aбдуллоҳ ибн Aҳмад, “Мадорикут-танзил ва Ҳақоиқут-тавил”, IV-жуз, 280-бет, “Дарун-Нафоис”, Байрут, 2014.

Давоми бор...

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Алламова таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон ўзини ҳам, туғилган фарзандини ҳам Аллоҳ йўлига атайди. Қиз жаннатга ёки дўзахга кириш давоми...

09:00 / 22.12.2021 3764
Ислом қизининг ҳаёт меъёрлариИнқирозлар фақатгина Ислом билан поёнига етади, оқар қонни фақат Ислом давоми...

08:54 / 28.04.2021 6119
Бу умматнинг аёли нима учун олима бўлолмайди Баъзи сабабларга кўра .мужоҳид,, .шайх, ва .муршид, каби васфлар давоми...

07:00 / 28.06.2020 5731
Эримнинг муносабатлари ўзгарган...Ҳурматли устозМени афв этасиз, деган умидда бир савол сўрамоқчи эдим. Бу давоми...

07:18 / 28.03.2020 4268