“Қўли узун” мўмина онамиз ким бўлган?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи жуфти ҳалоллари у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Қай биримиз сизга тезроқ етишамиз?» – дейишди. У зот: «Қўли узунроғингиз», – дедилар. Улар бир қамиш олиб, билакларини ўлчай бошлашди. Савда уларнинг энг қўли узуни экан. «Қўлнинг узунлиги» садақа эканини кейинроқ билдик. У зотга энг тез етишганимиз (Зайнаб) бўлди, у садақа қилишни яхши кўрар эди».[1]

Мазкур ҳадис ўзида бир қанча маъноларни мужассам этган. Қолаверса, бу ҳадис мўъжиза – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбарликларининг тасдиғи ҳамдир. Келинг, ҳадиси шарифни бир бошдан ўрганиб чиқайлик.

Мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳунна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ниҳоятда муҳаббатли бўлганларидан у зот алайҳиссалом фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилсалар, қайсимиз тезроқ маҳбубимизга эришар эканмиз деган ташвишда савол қилдилар: «Қай биримиз сизга тезроқ етишамиз?» У зот жавобан: «Қўли узунроғингиз», – дедилар. Шунда оналаримиз розияллоҳу анҳунна гапнинг зоҳирий маъносига этибор қилиб, қўлларини ўлчай бошладилар. Ўша вақтнинг ўлчов воситалари ҳам ўзига яраша эди. Маълум бир узунликни билдирсин деб оналаримиз қамиш орқали қўлларини ўлчабдилар.

Ораларида жисмоний жиҳатдан қўллари узуни Савда бинт Замъа розияллоҳу анҳо экан. Аммо ҳабибимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларида маънавий жиҳатдан қўл узунлигини назарда тутган эдилар. Маашааллоҳ! Буни қаранг, бизнинг халқимизда ҳам «Қўли узун», «Қўли калта» иборалари бор. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу жумлалардан фойдаланган эканлар.

Лекин биз «қўлнинг узунлиги» деганда иқтисодий кенг имкониятни тушунамиз. Сарвари коинот алайҳиссалом мазкур ҳадисларида «Қўли узун» деганда кўп садақа қилувчи кишини назарда тутганлар. Дарҳақиқат, оналаримиз розияллоҳу анҳуннанинг барчалари кўп садақа қилувчи кишилар эдилар. Биргина Оиша онамиз розияллоҳу анҳо 67 та қулни озод қилгани ривоятларда келган. Бундан бошқа ҳам хайру эҳсонлари кўп бўлган. Шунга қарамай, у кишидан ҳам саховатли онамиз бор экан. У киши қўл меҳнати билан шуғулланиб, даромаддан кўп садақа қилар эди. Бу Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳо эди. У киши ҳижрий йигирманчи йилда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг мўминларнинг оналари орасида биринчи бўлиб вафот этган. Бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг башоратлари эди. Бу ҳадис у зот алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканларига яна бир далил ўлароқ мўъжизадир.

Шу билан бирга ҳадиси шарифда садақа қилишнинг фазли намоён бўлмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боқий дунёга риҳлатларидан сўнг у зотга биринчи бўлиб эришадиган мўминларнинг онаси садақани кўпроқ қилувчилари бўлди.

“Мўминларнинг оналари ҳақида савоб-жавоблар” китобидан олинди


[1] «Саҳиҳул Бухорий», 1420-ҳадис.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин... Унинг валийси давоми...

03:01 / 30.07.2020 3079
Менинг диёнатли қизим, бутун оламни қамраган ва таъминлаган Аллоҳнинг раҳматига мазҳар бўлишингни тилаган давоми...

09:00 / 12.02.2020 4117
Оиласида исломий муҳит яратиб, ўзи бош мураббий бўлган аёл жаннатга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

05:38 / 01.11.2021 5592
Султонларга қиз бермаган олимнинг валимага пул тополмаган куёвиҚиз фарзандга жоҳилиятда инсон сифатида давоми...

01:54 / 20.04.2021 5295