«Бу умматнинг қизи» (13-қисм)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Бу қизлар диннинг ярми

Мусулмон аҳолининг ярмини аёллар ташкил этади. Ёшлар ва болаларнинг ҳам ярми қизлардан иборат  экани маълум. Ҳаётнинг ярми барча жабҳаларда ўғил билан қиз болалар ўртасида тақсимланиши исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Кўча-кўйда юрган одамлардан тортиб, катта-катта оломонгача камида ярми аёлларнинг ҳиссасига тўғри келади.

«Мустадрок»нинг 2681, «Шуабул имон»нинг 5101-ҳадисларида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг ярми ҳақида сўз юритганлар. Бу умматнинг қизи ўлароқ яратилишни,  ичини тўлдириш мумкин бўлганда нечоғлик катта ажр манбаи эканини ўйлаб кўришимиз учун имкон берадиган ушбу ҳадисни мўмина қизлар шахсларини тасдиқловчи ҳужжатдек ёдлаб олишлари лозим. Янгитдан ҳаётга мўминлардек қарашимизнинг белгиси сифатида ушбу ҳадис кўриб чиқилиши керак. Натижада гўзалликка янгича маъно бера оламиз. Оила қуриш учун талаб этилган шартларни қайтадан тартиблаб чиқишимиз мумкин бўлади. Ўғил ва қизларимизнинг ҳаётдан кутганлари янгитдан намоён бўлиши мумкин. Мўмина қизлар Аллоҳдан қўрқиб, Аллоҳ уларни ўраб қўйган бу асл маконга жойлашиш ҳаракатига тушишлари керак. Шунда «Биз ким бўлишимиз керак?» ва  «Ҳозир биз киммиз?» деган саволларни қиёслаш имконига эга бўлишлари мумкин. Бандасини яратган ва унга ҳаёт берган Аллоҳ уни қаерда ва қандай ҳолатда кўришни хоҳлайдию, яратилган ва қул бўлган инсон ўзини қандай тутади?

Келинг, ҳадисни Аллоҳ Расулининг сўзи эканини ўйлаб, ўқиб кўрайлик:

«Аллоҳ қайси эркакка солиҳа аёлни завжа ўлароқ насиб қилган бўлса, Аллоҳ динининг ярмига унга ёрдам этибди. Қолган ярмида Аллоҳдан тақво қилсин».

Бу гап оддий бир олим гапи ёки мужтаҳиднинг ижтиҳоди эмас. Аллоҳнинг Ўзи «ўзидан гапирмайди, биз гапиртирамиз» деб буюрган мақомнинг сўзидир. Бу сўз эркаклар билан бирга аёллар ва қизларга ҳам тегишлидир. Эркаклар нимага толиб бўлишларини, нималарни излашлари кераклигини ушбу ҳадисдан билиб олишади. Шунингдек, қизлар ҳам ундан ким эканликларини билиб олишлари мумкин. Солиҳа бир аёл сифатида турмуш ўртоғини уйида кутиб ўтирганида «диннинг ярми» ҳажмидаги шахсиятнинг эгаси бўлиш, бу васфни йўқотганида эса бой берган нарсаси динининг ярмини торта оладиган фазилат эканини билиши керак. Шу сўзни яна бир бор ўқиб кўрамиз:

«Аллоҳ қайси эркакка солиҳа аёлни завжа ўлароқ насиб қилган бўлса, Аллоҳ динининг ярмига унга ёрдам этибди. Қолган ярмида Аллоҳдан тақво қилсин».

Бу муболаға ёки далда бериш учун айтилган гап бўлиши мумкин эмас. Бу сўз нубувват мақомидаги сўздир. Нубувват мақоми аёл ёки эркакни назарда тутмай, бандага йўлини кўрсатувчи мақомдир. Иймоннинг зарурати сифатида унга қулоқ солинади ва талаб этгани адо қилинади.

Ушбу муборак ҳадис мўмин эркак ва мўмина аёллар ўқиб, мулоҳаза қилиб кўришлари керак. Қуйида ҳадисдаги яширин огоҳлантиришларни соддароқ қилиб тушинтириб кўрамиз:

а) Ҳадис очиқдан очиқ никоҳни Аллоҳ тақдирининг иникоси ўлароқ кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар бир эркак бандасига марҳамат ўлароқ «солиҳа аёл»ни мисол қиляпти. Агар бир иш Аллоҳнинг марҳаматидан деб иймон келтирган бўлсак, бу марҳаматнинг табиий хотимаси сифатида Аллоҳ бандасини ўша марҳамат қилган нарсаси билан синайди деганидир. Никоҳ марҳаматнинг энг буюк кўринишларидан бири бўлгани сабабли, имтиҳоннинг энг каттаси ҳам у орқали бўлади. Агар эркак киши «солиҳа аёл»га уйланса, бу неъматни Аллоҳнинг марҳамати ва имтиҳони деб қабул қилади, сўнг шунга кўра иш тутади. Аёл ҳам эри учун «солиҳа аёл» бўлганида қайси неъмат масъулияти билан эр-хотинлик ҳаётини яшаши ёки аксинча, яшамаслиги у учун имтиҳон эканини тушуниб етиши керак.

б) «Солиҳа аёл» ким? Солиҳа аёл солиҳ амаллар эгаси бўлган аёл дегани. Агар аёллар учун солиҳ амаллар рўйхати тузиладиган бўлса, бу рўйхат эркакларникидан деярли фарқ қилмайди. Аҳзоб сурасининг ўттиз бешинчи ояти эркак ва аёлга қуллик вазифаларининг асосийларини чизиб беради. Тўғри, аёлнинг эркакларга қараганда ажралиб турадиган масъулият ва мажбуриятлари бордир, аммо булар умумий қуллик олдида катта аҳамият касб этмайди. Оят маъно-мазмуни қуйидагича: «Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, хушуъли эркаклар ва хушуъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир».

Оят солиҳ мўмин бўлиш борасида эркак ва аёлни ажратмаяпти. Ким қулликнинг ҳаққини берса, ана ўшани Аллоҳ улуғ ажрга лойиқ кўряпти.

Аёл шахсиятида «солиҳа, яхши» каби васфларга эга бўлиши юқоридаги оятда саналган, эркаклар билан тенг адо этиладиган амаллар билан бирга аёлни аёл ўлароқ яратилиш заруратини ифодалаб берган ва унга тегишли хусусиятларнинг Аллоҳнинг мағфирати билан келишидадир. Аёлнинг иймонида ажралиб турадиган жиҳат йўқ. Намози ҳам бошқача эмас. Рўза ёки бошқа ибодатларда ҳам аёллар эркаклар билан бир хил. Аёлни ажратиб турадиган ва унга «солиҳа, яхши» бўлиш хусусиятини берадиган жиҳат унинг аёллиги билан боғлиқ нарсалардир.

Хусусан, бу борадаги энг биринчи аҳамиятли нуқта «аёлга тажовуз» бўлмаслиги керак. Бу ердаги «тажовуз» сўзини ҳар кимнинг хаёлига биринчи келадиган бокираликни ҳаром йўл орқали йўқотиш деган тор тушунча билан қабул қилмаслик лозим. Шундоқ ҳам бу ҳолатни бутун инсоният муаммо деб билади. Бу уммат қизлари учун муҳим деб ҳисобланган хусусият ўлароқ биз аёлнинг асл фитратига аралашмасликни, унинг шу фитратига тажовуз қилмасликни биринчи ўринга олиб чиқамиз. Бу ерда тажовуз тушунчасини кенг миқёсда олиб, аёлнинг жамиятда муносиб жойда бўлиш-бўлмаслиги, оиладаги мажбуриятлардан имконият даражасида ҳимояланган ёки ҳимояланмагани каби бугунги ҳур идрок тан олмайдиган фитрий  уйғунликка эътибор қаратамиз. Ишлаётган аёл мисолида бу фитрий чизиқнинг бузилганини айтиш мумкин. Эркак киши туриши керак бўлган жойларда аёлнинг бўлишини асл фитратга зид деб қабул қиламиз. Бу умматнинг қизи бўлиш азимати бир вақтнинг ўзида зиммасига инсоний фитратни ҳам олиш мажбуриятини юклайди.

Шунинг учун, солиҳа аёл, яъни Аллоҳ таоло наздида яхши банда деб марҳамат қилинган аёл соф фитратдаги, Момо Ҳавво онамиздан ўтган жиҳатларини сақлаб қололган аёлдир. Ибодат деб билганимиз намоз ўқишдан бошлаб, аёлнинг отаси ёки турмуш ўртоғи билан ўзаро муносабатидаги назокатини сақлаб қолишида ана шу мерос бўлиб ўтган фитратни кўрамиз. Бу тушунчадаги аёлнинг тана гўзаллиги, юздаги жозиба олдида Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёларини ўзи учун ўрнак қилиб олганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Демак, «солиҳа аёл» бир тарафдан Аллоҳнинг марҳамати, иккинчи тарафдан эса диний ҳаёт давомийлиги таъминотининг бир кўриниши экан. Қиз фарзандни тарбиялашда ота-оналарнинг зиммасига худди жанг майдонида динини муҳофаза қилган мужоҳидникидек масъулият юкланади. Шу сабабли ҳам учта қизни тарбиялаган ота-онага жаннат ваъдаси берилган. Аммо шарти бу учта қиз умматга лойиқ бўлиши лозим!

в) «Солиҳа аёл» бўлишни ўзига мақсад қилган бу уммат қизига олдида «солиҳ эр» ва «солиҳ оила» мақсади ҳам тургани кўрсатилиши керак. Зеро, фақат аёлнинг ўзи «солиҳа» бўлиши ҳеч қандай натижа бермайди. Солиҳа аёлга солиҳ эр учрайди, ҳар иккаласи солиҳ оилани ташкил этишади. Бу эса Аллоҳнинг динини иҳё этадиган жамиятни қуришдан олдин бизнинг қилишимиз зарур иш ўлароқ «солиҳа қиз» тарбиялашни қўйяпти. Азалий қадриятларни асраб, келгуси авлодга етказишдек буюк мақсад игна билан қудуқ қазишдан-да қийин бўлиб туюлган ҳолатимизда ҳам «солиҳа қиз» тарбиялашни ҳеч бўлмаганда ният ва ҳаракат нуқтаи назаридан амалга оширишимиз мумкин.

Бажара олмаслигимизга ҳеч қандай узр қолдирмайдиган мажбуриятимиз бу.

«Солиҳа аёл» бир жинсга берилган исм эмас. Бу аёл зотининг сифатини белгиловчи номдир. Ушбу фазилат эгаси мўмин бўлиш ва ибодатларни адо қилишидан аввал мўътадиллик сифатига эга бўлиш талаб этилади. У на дунёга муккасидан кетган, на дунёга этак силтаган. Ўтмиш ва бугуни ўртасида эзилиб юрмайди. Шахсияти учун лозим деб билган нарсасини кўрган жойида олади. Фитратига тескари иш қилмайди.

г) Бу кенг чизиқларга қараб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун: «Аллоҳ қайси эркакка солиҳа аёлни завжа ўлароқ насиб қилган бўлса, Аллоҳ динининг ярмига унга ёрдам этибди. Қолган ярмида Аллоҳдан тақво қилсин», деганларини янада яхшироқ тушунамиз. Аёлнинг солиҳалиги, яъни Аллоҳга қуллигини ифодалайдиган тақво тушунчаси, сабр-тоқатдан тортиб то намозига, аёллик фитратини сақлашигача бўлган том маънодаги мавжудлиги энг камида диннинг ярмини белгилайди. Бу ҳолат математик ҳақиқатдан ҳам кўра диннинг аёл устидаги вазифаларига асосланади. Эркакларнинг ва оиланинг руҳиятига баҳо берилганда аёл номидан адо этиладиган ишлар айни дамда эркаклар томонидан ҳам амалга оширилишини кўрамиз. Аёл буни биладими  ёки йўқми, ҳолат шундан иборат. Бу умматнинг бир қизи мана шундай юксак истиқболнинг қизидир. Унга ўхшаган учта қизни тарбиялаш мадрасаларда Қуръон ҳофизларини етиштириш, фақиҳларга устозлик қилишга ўхшайди. Уч қиз ёки учта опа-сингил, энг муҳими, умматга шу хусусияти билан ажралиб турувчи инсонни етиштириб беришдир. Оҳ, қани энди, қиз тарбиялашнинг аҳамиятини ана шу буюкликда тушуна олсак эди, агар биз қизларимизни шу қараш билан кашф этиб, уларни уйларимиздаги оёқли фаришталар, жаннатга хушхабарчилари деган назар кўра олганимиздами?!

д) Чуқур мулоҳаза қилиш талаб этмайдиган ва у ҳақда  тафаккур этиш керак бўлган ҳақиқатлардан бири қуйидагича:

Бой берилган ёки умматнинг қизи сифатида улғайтирилмаган ҳар бир қиз ҳақида нима дейишимиз, бу мусибатга қандай ном беришимиз мумкин? Уни эриб йўқ бўлиб кетаётганига йиғлаймизми ёки қўлимиздан чиқариб юборган хазинамизгами? Ким билади мактаб ёки кўчаларда қанчалаб жаннат муҳофизлари исроф бўлди... Қанчалаб жаннат васиқалари, жаннат йўриқномалари дўконларда, гўзаллик салонларида, тўй-хашамларда, қариндош-уруғ муносабатлари орасида чириб йўқ бўлди. Аллоҳ таоло исроф қилинган бир бўлак ноннинг ҳисобини сўраганда, ҳар бири жаннат элтувчи бу умматнинг муборак қизларининг ҳисобини сўрамайдими? Бу йўқотиш фақат ўша қизнинг ота-онасига тегишлими ёки қиёматгача келадиган бутун умматгами? Албатта, бу саволга жавоб беришдан олдин, дунёга келаётган қизларимизни фақатгина фарзанд деб биламизми ёки жаннатга элтувчиларми, ана шуни аниқлаштириб олишимиз керак. Қизларимиз Аллоҳ уларни яратган ва қўйган мақсадидан ташқарига чиқарилганида зулмга учрашмоқда. Ҳақ билан ботилнинг қоришиб кетиши зулмдир. Бу зулм умматимиз қизларини жаннат калитлари, жамиятнинг асоси бўлишлари ўрнига тўқимачилик комбинатларида ишлаш, дўконларда кўзини узолмайдиган иштиёқмандларнинг кийимини тўғрилаб қўйиш орқали ҳам юзага келади.

е) «Солиҳа аёл» умуман қўлдан чиқарилган ёки ўтмишда қолган мақсадимиз эмас. Кеча биринчи авлод солиҳа аёлга эришиш йўлида муваффаққиятга эришган бўлса, Аллоҳнинг изни ила, биз ҳам бу ишни уддалаймиз. Аллоҳ таоло бандаларини уларнинг тоқати етмайдиган нарса билан имтиҳон қилмайди. Биринчи авлод намозни ҳам жуда чиройли шаклда адо этар эди. Ҳозирги авлод намозни улар каби ўқий олмаяпти дея масжидларни ҳам қулфламаяпмиз. Намозларни тўкис адо қилишга эришгунча мақсадимиз давом этади. Худди шунга ўхшаб солиҳа аёл йўлидаги мақсадимиз ҳам тўхтамайди. Умматимизнинг барча қизлари солиҳа бўлсин дея ғайрат қиламиз. Ҳар бир қизимиз дуоларида «Аллоҳим, мени солиҳ қизлардан қилгин», деб дуода бўлишади. Ўлиб кетсак ҳам буюк мақсадимиздан воз кечмаймиз. Биз ана шу умматнинг оиласимиз. Бу буюк умматга отамиз, онамиз. Қизларимиз охиратгача давом этадиган буюк умматнинг қизларидир. Бу мақсад йўлида:

– Ғоямизни белгилаб олайлик. Ота-оналар ўзаро бу ҳақда гапиришсин. Одамлар орқасидан югурадиган дунёвий мақсадларнинг ўрнига биз бу улуғ мақсадни қўяйлик.

– Қиладиган ишларни тартибга солайлик: устуворларини биринчи ўринга қўяйлик. Унча муҳим бўлмаганларини кейинга олайлик.

– Аллоҳ бизга берган барча имкониятдан фойдаланайлик. Барча ҳалол ва мақбул усулларни ишга солайлик.

– Натижа хайрли бўлишини Аллоҳга қолдирайлик. У хоҳлаган ҳамма нарса амалга ошади. Бизнинг вазифамиз бор қилиш эмас. Банда ўлароқ зиммамизга юклатилганларни бажарайлик. Шунинг ўзи етади.

Мавзуга оид мақолалар
Дунё мусибатлари кўп. Мўмин киши дунё имтиҳон ва синов диёри эканини билади. Мана шу синовга ҳар лаҳзада давоми...

22:00 / 02.01.2022 2793
Оиша онамиз Қурбон ва Рамазон ҳайитларидан ташқари бошқа кунларда доим рўзадор бўлардилар.80 Қийналар, давоми...

09:00 / 13.11.2021 3482
Исломий оила ҳаётининг расмий котибаси Ҳазрати ОишаҲазрати Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

09:00 / 12.11.2021 3662
Ибн Саба 14 асрдан буён фитна саҳнасидан ҳеч тушмади. Ўша даврда мусулмонларни бирбирига қарши қайраган давоми...

09:00 / 18.11.2021 3260