Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан дунёни жаннатга айлантирган болаларнинг оналарига мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиласида исломий муҳит яратиб, ўзи бош мураббий бўлган аёл жаннатга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга киради

 

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан дунёни жаннатга айлантирган болаларнинг оналарига мактуб

Табиб рентген плёнкасига қараб шифохонага ўзи юриб келган беморнинг саратон касалига чалинганини аниқлаганидан сўнг, унинг ташқи ҳолатини кўриб ҳаммаси жойида эканлигига ишонган яқинларига ўз тажрибасидан келиб чиқиб “Қисқа муддат ичида беморнинг юролмайдиган ҳолга келиб қолишини ҳисобга олиб ҳар нарсага тайёр туринглар!” деб огоҳлантиради. Қалблари орқали ваҳийни қабул қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсонларга одатдагидай кўринган ўринларда муҳим огоҳлантиришлар берганлар. Унга иймон келтирганлар ақллари билан англаган ҳақиқатга, вақти келиб кўзлари билан ҳам гувоҳ бўлдилар. Барча башоратлари худди айтилганидек бўлиб чиқди. Кисрою Қайсарнинг мағлуб бўлиши айтилган кунда мунофиқлардан: “Муҳаммад қўрққанидан ташқарига чиқолмайдиган саҳобаларига Шом саройларини ваъда қиляпти” қабилидаги таҳқирли гапларни эшитган саҳобаларнинг катта қисми ўз кўзлари билан Кисронинг ҳам, Қайсарнинг ҳам қулаганига гувоҳ бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Истанбул фатҳи ҳақидаги башоратларини “илмул яқин” даражасидаги ҳақиқат деб қабул қилган Усмоний Ислом қўшини, ўзи фатҳга кўмаклашиб, бу хабарни “айнул яқин” ва “ҳаққул яқин” сифатида амалга оширдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда жиҳод, сабр ва тақво билан яшаганларга охиратда катта мукофотлар берилишининг хабарини бердилар. Ҳар нарсада Aллоҳнинг розилигига талабгор, у розиликка ноил бўлиш учун шаҳид бўлиш сингари турли машаққатларга тайёр бўлган авлод етиштирдилар. Ҳар ким у зотдан ўзига яраша улуш олди. Aбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуда бутунлай ноиллик аҳволи, Aбу Лаҳабда эса бутунлай маҳрумлик аҳволи бор эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иффати топталган, аёл бўлгани учун ҳақорат остида қолганлар билан ҳам сўзлашдилар, ҳар бирларига юксак мақсадларни кўрсатдилар. Мадина бир онда мадрасага айланди. Мўмина аёллар у мадрасада Исломдан дарс бердилар. Иймон ва амаллари билан олий мақомларга етишдилар.

Aллоҳ азза ва жалла рози бўлгани учун ҳеч ким хабардор бўлмаган ғайбдан [68] ҳам хабардор бўлган Расулуллоҳ, инсонларнинг “айнул яқин” даражасида фақат охиратда кўра оладиган манзаралари ҳақида сўзлаб бердилар. Фақатгина маълум амаллар қилганларгина ноил бўла оладиган бу мақомларга дунёда ишора қилиб, инсонларга нима учун яшашларини ва нима қилсалар нималарга эришишларини кўрсатди.

 

Ким бу аёл?

 Ҳар бир инсон сингари саҳобаларнинг ақли ҳам “ҳақиқатни” кўзларидан олдин кўрди. Улар дунёда эшитиб, иймон келтирган нарсаларга охиратда гувоҳ бўладилар. Аёлни уйга қайтишга ва оналик вазифасини бажаришга чақирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу вазифасининг қадрини кўтариб шундай марҳамат қиладилар: “Жаннат эшигини биринчи мен қоқаман. Лекин бир аёл жаннатга биринчи бўлиб киришда мен билан мусобақалашади. Мен унга: “Нима қиляпсан?” ёки “Сен кимсан?” деб сўраганимда, аёл: “Мен (эри вафот этгач, турмуш қурмай) ўтириб етимларини тарбия қилган аёлман”, деб жавоб беради” [69].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оиланинг барпо бўлишида қурувчи, бардавом бўлишида қўриқловчи вазифасини олган аёл, фарзандларини яхшилаб тарбия қилган бўлса, ундай аёлларга хушхабар бердилар. Уйида исломий муҳит яратган ва ўзи ўша хонадонда бош мураббий бўлган аёл жаннатга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга киради.

Пайғамбар билан жаннат дарвозаси олдида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйи билан жамият орасидаги мувозанатни йўқотган ва шу сабабли ўзи билан бирга оиласи ҳам ботқоққа ботган аёлга Одамга жуфт, бутун башариятнинг онаси эканлигини эслатди. Жаннат эшиги олдида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида (оиладаги вазифасини энагага топширмаган) она туришини айтдилар. Буни эшитган аёллар ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдан дарҳол уйларига қайтишди, тобеъин наслининг буюк олимлари ана шундай хонадонларда етишиб чиқдилар. Мадина «эшитдик ва итоат этдик» деган буюк аёлларнинг «оналик» сафарбарлигига гувоҳ бўлди. Ислом аёлларининг қалбига жаннатга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кириш ҳаяжонини солди. Иккинчи марта оила қурса, биринчи эридан кўрган фарзандларига тарбия беролмасликдан қўрқиб, жуда кўп аёллар оила қуришдан воз кечишди, уйларига қайтишди. Балки баъзан оч, баъзан чанқоқ, баъзан ейишга нарса тополмай юзларининг ранги ўзгариб кетди, лекин фарзандларини ташлаб қўйишмади.

 Қиз фарзандлари кўмилган, ўғил болалар фақатгина жанг қилишга ярайдиган ёшга келганида қадрланадиган жамиятда Умму Сулаймдек Анасларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун фидо қилган аёллар чиқди. Илк таълимни волидасидан кўрган болалар охирги таҳсилларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иймон ва ирфон ҳалқаларида олишди. Кейин у болалар улғайиб, олим, мураббий, муршид бўлдилар. Улар ҳоким бўлган жамиятларда инсонлар қайтадан туғилиб, ўз иззатларига эришишди.

­­­­­­­­­­­­­­­­-------------------------------------------

68. Жин сураси, 26-27-оят.

69. Абу Яъло ал-Мусийлий, Аҳмад ибн Али ибн Мусанно, “Муснад”, VII жуз, 12-бет, 6641-ҳадис, “Дарул маъмун лит-Турос”, Дамашқ, 1984; Ал-Мунзирий, Зайкийюддин Абу Муҳаммад Абдулазим ибн Абдулқавийй, “Ат-тарғиб ват тарҳиб”, III жуз, 315-бет, “Дарул кутубил илмийя”, Байрут.

Давоми бор...

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Алламова таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Қуддусда, Мисрда эркаклардек курашаётган аёллар Марям онамиздан намуна олишди. Бугуннинг Марямлари давоми...

08:37 / 01.02.2021 3068
Жуфтлар орасидаги ёш тафовутиАёл эркакни, эркак ҳам аёлни тўлдиради. Улар бирбирларининг айб ва давоми...

01:45 / 24.04.2021 7428
Яхлит ва ноқисСаҳобаи киромлар ҳақида тўхталсак. Яхлитни ноқис деб қабул қилиш уни кўрмасликдир. Саҳоба давоми...

09:00 / 15.02.2020 5569
Бир киши Шаъбийни сўкди. Шунда у Агар мен сен айтгандек бўлсам, Аллоҳ таоло мени кечирсин. Агар мен ундай давоми...

23:00 / 27.01.2022 3279