Аёллар учун муҳим – ғийбат ва туҳматдан қандай қутулиш мумкин?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Менинг исмим Элвира. Мен – умр йўлдош ва жажжи қизалоқнинг онасиман. Тиббий руҳшунос ва психиатр докторман. Икки йил гешталттерапевт (руҳий терапиянинг йўналишларидан бири) соҳаси бўйича таълим олганман. Аёл бўлганим боис, унинг жамиятдаги ўрни нақадар муҳимлигини биламан. Қуйида сизлар билан ўз кузатувларим ҳақида ўртоқлашиб, ҳаётимизнинг руҳий жабҳасини ёритиб бермоқчиман. Ўйлайманки, сизни қийнаётган саволларга жавоб топасиз ва ўзингиз учун фойдали бўлган ишларга бел боғлайсиз.

Аёл умр йўлдош, она, қиз, опа, сингил, кимнингдир дугонаси, қўшниси, ишдаги ҳамкасби бўлиши табиий бўлган хислатларни, шунингдек, ижтимоий ўрнидан завқ олиш учун баъзи бир билимларни талаб қилади. Бу билимлар фақатгина дунёвий эмас, балки диний илмда ҳам мужассамдир. Диний билимлар дунёвий билимларга зид бўлмаган ҳолда, уларни оқилоналик билан тўлдириб боради. Қуйидаги сатрлар сизга ёқади ва фойдали бўлади, деб умид қиламан.

Келинг, аввало, туҳматнинг келиб чиқиш механизмини кўриб чиқайлик. Унинг асоси эса ўз манфаатларини устун қўйиш, иккиюзламачилик, ҳасад, рашк, нафрат ва ҳоказолардир. Туҳматчи ҳеч қачон руҳшунос қабулига келиб, иккиюзламачиликдан даволашини сўрамайди. Аммо уйқусизлик, тез аччиқланиш, ғазабдан ва яқинлари билан ўзаро алоқалар бузилаётганидан шикоят қилиб келади.

Руҳшунос эса ўз навбатида унинг ахлоқини эмас, балки руҳий-эмоционал ҳолатини тўғрилашга, беморнинг ҳаёт тарзини яхшиланишига ҳаракат қилади. Бу йўлда руҳшунослик ва Исломнинг мақсадлари турличадир. Лекин руҳшунос туҳматга олиб келувчи рашк ёки ҳасад каби иллатларнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин.

Муқаддас Қуръон Каримда туҳмат ҳақида нималар дейилган: «(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар кимсанинг ҳолига вой!» (Ҳумаза, 1).

Шунингдек, «Нур» сурасини ўқиб чиқиб ва олимларнинг бу сура ҳақидаги фикрларини ўрганган ҳолда, туҳмат ва унинг оқибатлари ҳақида батафсилроқ тушунча ҳосил қилиш мумкин. Хулоса қилиб айтсак, ғийбатни «тасодиф, эхтиётсизлик», туҳматни эса «идрок қилиш ва аниқ бир мақсад» келтириб чиқаради. Шундай экан, ғийбат ғийбат қилаётган одамнинг туҳмат қилиш ёки қилмаслигини, унинг ахлоқининг даражаси ва кўзлаган мақсадини белгилаб беради.

Булардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, уй бекаси ошхонасида яқин дугонаси билан кўпроқ ғийбат қилади. Турмуш ўртоғининг бу сафар ҳам қуруқ ваъдасидан аламзада бўлган аёл эрини ёмонлайди, лекин ўз айбини беркитмоқчи бўлган аёлгина туҳмат қилади.

Ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган яна бир иллат – сир сақлашни билмаслик ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Унинг келиб чиқиш механизмини аёлнинг мақсади белгилаб беради. Агар аёлга эътибор етишмаётган бўлса, у «бехосдан» унга ишонилган сирни айтиб қўяди. Агар у суҳбатдоши билан яқинроқ муносабатда бўлишни истаса, ўзи билган сир билан ўртоқлашади. Агар у бирор нарсани билиш ниятида бўлса ёки олдиндан режалаштирган ишининг натижаси шу сирнинг ошкор бўлишига боғлиқ бўлса, аёл ҳеч иккиланмай сирни ошкор қилади.

«Мени сирларни сақлай олмаслик касаллигидан даволаб қўйинг» деган шикоят билан аёл киши руҳшуносга бормаса керак. У ҳаттоки, бу иллат унинг кундалик ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида ўйлаб кўрмайди ҳам. Руҳшунос аёлнинг сирни ошкор қилганидан кейинги жараён билан ишлайди.

Масалан, унинг турмуш ўртоғи ёки қариндошлари билан муносабатининг бузилиши. Ва юқорида айтиб ўтилганидек, руҳшунос ахлоқ билан эмас, шикоятлар билан ишлайди. Шундай бўлса-да, руҳий терапия аёлнинг хулқ-атворидаги бир қанча иллатларнинг тўғриланишига, атрофидагилар билан ўзаро муносабатларининг яхшиланишига ва гап-сўзларини идрок этиб, етти ўлчаб бир кесишига ёрдам беради.

Иймон келтирган ҳар бир банданинг мақсади ― ўз хулқини гўзаллаштирган ҳолда Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш. Ва бу орқали ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида учраб турувчи муаммоларнинг ечимига муваффақ бўлиш. Жумладан, одамлар билан ўзаро муносабат инсон ички руҳиятининг ташқи олам билан мувозанатда сақланиши, ҳаётнинг нақадар чуқур маънога эга эканини тушунишга ёрдам бериб, масъулиятни ҳис этишга ва ҳаётдаги ўрнини белгилай олишга ўргатади. Шунингдек, қалби ва хатти-ҳаракатларини оқилоналикка чорлаб, турли қалб хасталиклари ва руҳий тушкунликнинг олдини олади.

«Тилни тийиш» уни тўғри ишлатилиш маъносини англатади. Тилни ғийбатга, туҳматга, жанжалга, одамлар ёки ҳайвонларни қарғашга, мазах ва масхара қилишга, сирларни сақлай олмасликка ва ҳоказоларга ишлатмасликдир. Шу ерда аёллар учун муҳим бўлган суҳбатимизни якунласак. Аёл учун унинг ўзини ва оиласини бахтга элтувчи ҳар бир нарса муҳимдир. Токи у тилини тия билар экан, ҳар бир куни қувонч ва яхшиликларга тўла бўлади, иншааллоҳ.

Эльвира Садрутдинова «islam-today.ru» сайтидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Американинг Луизиана штати, Гретна шаҳридаги мусулмон академияси ўқувчилари, бошпанасиз болалар ва давоми...

14:13 / 27.01.2017 4698
Аёлнинг ўзи ва оиласи учун ризқнасиба излаш мақсадида меҳнати ёки уммат учун фойдали бир соҳада тадқиқ ва давоми...

15:35 / 17.11.2016 4382
Аллоҳ таоло «Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳга тасбиҳ айтинг. Осмонлару ердаги давоми...

09:45 / 29.11.2016 4930
Қуёш ҳар кун чиқса ҳам, Тунлар ой тўлишса ҳам, Зулмат йўқолмас бирдам Чорасиз қолдик, эй воҳ, Сиз йўқсиз, давоми...

12:08 / 21.01.2017 12309