Сабр ҳақида ажойиб гаплар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи эшитган озорга сабр қилишда Аллоҳ таолога тенг келадиган бирор Зот йўқ. Улар У Зотга тенгдош қилурлар. Улар У Зотга бола қилурлар. Шундоқ бўлса ҳам, У Зот уларни ризқлантирур ва афв қилур», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Ўзига озор берганларнинг қилмишларига сабр қилиш ва уларни афв қилиб юбориш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экан. Аллоҳнинг хулқи ила хулқланиш лозимдир. Мўминлар ҳам имкони борича бу хулқни ўзлаштириб олмоқлари лозим.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсим қилдилар. У Зот баъзи тақсимларига ўхшатиб тақсим қилдилар. Шунда ансорлардан бир киши: «Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.

Бас, мен «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман», дедим-да, у Зотнинг ҳузурларига бордим. У Зот ўз саҳобалари билан эканлар. Мен у Зотга у айтган гап ҳақида сирли равишда хабар бердим. Бу у Зотга оғир ботди. У Зотнинг юзлари ўзгариб, ғазаблари чиқиб кетди. Ҳатто мен «хабар бермасам бўлар экан» дедим. Сўнгра у Зот:

«Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб сабр қилган эди», дедилар.

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ривоятда номи зикр қилинмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ озор берган одам Меътаб ибн Қушайр номли мунофиқ эди.

Ушбу ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятини ҳам ўргансак, тўлиқроқ маълумот олсак ажаб эмас.

«Ҳунайн куни бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимлашда баъзи одамларни устун қўйдилар. У Зот Ал-Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя бердилар. Уяйнага ҳам шунча бердилар. Арабларнинг ашрофларидан баъзиларига ҳам бердилар ва уларни ўша куни тақсимлашда устун қўйдилар. Шунда бир киши:

«Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда адолат қилинмади. Бунда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.

Бас, мен «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман» дедим-да, у Зотнинг ҳузурларига бориб, у айтган гап ҳақида хабар бердим.

У Зотнинг юзлари ўзгариб, тери бўяладиган қизил қонга ўхшаб кетди ва: «Агар Аллоҳ ва Унинг Расули адолат қилмаса, ким адолат қилади?! Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб, сабр қилган эди», дедилар.

Шунда мен «Бундан кейин у Зотга гап кўтариб келмасам бўлар экан» дедим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларини улфат қилиш лозим бўлган кишиларга ўлжадан кўп нарса берган эдилар. Уларнинг ичида ушбу ривоятда номлари зикр қилинган Ал-Ақраъ ибн Ҳобис, Уяйна ва бошқа зодагонлар бор эди.

Тақсимлашдаги ҳикматни англаб етмаган Меътаб ибн Қушайр номли мунофиқ бу ишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни адолатсизликда айблашга бориб етди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тақсимлаш айни адолат эканини ва ҳалиги танқидчининг гапи озор эканини баён қилдилар. У Зот ўзларига озор берган одамни жазолашга қодир бўлсалар ҳам, сабр қилиб уни афв этдилар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узун ҳадисларидан олинган иқтибосдир. Мазкур ҳадисда шулар айтилади:

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у Зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у Зот:

«Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши эканлиги тарғиб қилинган.

Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.

Мазкур ривоятлардан мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан ўзини қандоқ тутмоқлиги лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар бермоқда:

Иффатли бўлиш.

Ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап. Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.Бундай одамни Аллоҳ таоло кўзини тўқ қилиб қўйса, ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмас экан. Кам бўлса ҳам, ўзига берилган ризққа сабр қилиш.Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг ато ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида ўмбалоқ ошиб, ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди.

Мусулмон одам унга Аллоҳ томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлади. Ҳақиқий бойлик молу дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигида.

Ушбу таълимотларни ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганиб, ўзига сингдириб олиши ва ҳаётга татбиқ қилиши лозим. Ана шундагина орамизда беш танга пул куйига тушиб, одам ўлдирадиганлар, ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик қиладиганлар, фирибгарлик, алдамчилик, ёлғончилик ва бошқа разолатларни қиладиганлар қолмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон уларга аралашмайдиган ва озорларига сабр қилмайдиган мусулмондан яхшидир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бундан одамларнинг озоридан қўрқиб, уларга аралашмай қўйиш дуруст эмаслиги чиқади. Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган одам савоб олади. У ўша аралашиши давомида уларга яхшилик ҳам қилиб юрган бўлади. Одамларга аралашмаган киши эса кўпчиликка фойда етказишдан бош тортган бўлиши мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа молни ноқис қилмас. Аллоҳ афв ила бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Ким Аллоҳ учун тавозуъ қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бошқа бир ривоятда: «Афв бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилур. Тавозуъ бандага юқориликдан бошқани зиёда қилмас. Бас, тавозуъ қилинг! Аллоҳ сизни юқорилатур. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизни бой қилур», дейилган.

Азизу мукаррам бўлайлик десак, афв қилишни одат қилайлик.

Олий мақомга етай десак, тавозуълик бўлайлик.

Бой-бадавлат бўлай десак, садақа қилишни одат қилайлик.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари ҳузурида Абу Бакр розияллоҳу анҳуни сўкди. Абу Бакр жим ўтираверди. Ҳалиги одам унга иккинчи марта озор берди. Абу Бакр яна жим ўтираверди. Сўнгра учинчи марта озор берганда Абу Бакр унга жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар.

Абу Бакр: «Мендан аччиғингиз чиқдими! Эй Аллоҳнинг Расули?» деди.

«Унинг сенга айтган гапининг ёлғонлигини билдириш учун осмондан фаришта тушган эди.

Сен унга жавоб қайтарганингда шайтон ўтириб олди. Шайтон ўтирган жойда мен ўтира олмас эдим», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Озор берган кишини афв қилиш фариштанинг тушишига сабаб бўладиган олий ахлоқ экан. Икки мусулмоннинг бир-бири билан сўкишиши эса шайтонни хурсанд қиладиган нарса экан. Бас, биров билан сўкишмай, одамларни афв қилишга одатланайлик.

Мавзуга оид мақолалар
gallery linkfile ids5873,5838,5842,5846,5847,5849,5851,5852,5853,5854,5857,5858,5859,5860,5861,5862,5863,5865,5867,5868,5869,5870,5871    Бугун фазилатли Шайх Муҳаммад давоми...

18:49 / 04.02.2017 10933
Илк бор араб мамлакатидан бўлган мусулмон ёзувчи аёл 2019 йил Букер мукофоти номзодлари рўйхатига давоми...

10:16 / 16.03.2019 1997
1966 йил, 26 октябрдаги ЮНEСКО бош конференциясида 8 сентябр Халқаро саводхонлик куни деб эълон қилинди. Ушбу давоми...

13:09 / 08.09.2019 4298
Сиз ноёбсиз Бутун дунёдан қидирилганида ҳам худди сиздек инсон топилмайди. Чунки сизни Аллоҳ таоло алоҳида давоми...

11:47 / 01.05.2019 3970