ЖУФТЛАР «ЖАНГИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЖУФТЛАР «ЖАНГИ»

 Эр‑хотин орасида хилоф ва тушунмовчиликлар бўлиб туриши янгилик эмас. Ҳар замон ва ҳар маконда бундай ҳодисалар воқе бўлиши бор гап. Аммо охирги пайтларда бу турдаги муаммолар авж олиб кетди. Бугунги кунда ёш оилалар бузилишининг кўп маротаба гувоҳи бўлиб турибмиз. Айнан мана шу мавзу радио ва телевиденияларда, интернет саҳифаларида тинмай айланмоқда. Бизга келадиган саволларнинг ҳам аксари мазкур мавзуга оид, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ҳозирда оилавий можароларни ҳал қилиш, муаммоларни бартараф этиш учун турли ташаббус ва ҳаракатлар қилиняпти. Биз ҳам ўзимизнинг баъзи тавсияларимиз билан мана шу савобли ишга ҳисса қўшишни ният қилдик.

Аввало, жуфтлар орасидаги тушунмовчиликларни табиий деб қабул қилмоқ лозим. Бундай ҳолатлардан ҳаттоки Сарвари Олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонлари ҳам холи бўлмаган. Саҳобалардек зотлардан бу борада ривоят қилинган ҳодисалар бор.

Яхши англашимиз керак бўлган нарса шуки, баъзи омиллар оилани сақлаб қолишга, уни мустаҳкам қилишга сабаб бўлса, яна бир хил бахоналар тамоман акс ҳолатни вужудга келтиради, яъни оилаларни вайрон этиб, кўнгил қолишларга олиб келади.

Энди ижозатингиз билан жуфтлар орасидаги муаммоларни ечишда баъзи тавсияларни тақдим этамиз:

  1. Эр‑хотин орасидаги жанжалга сабаб бўлаётган нарсанинг ҳаммаси ҳам хилоф ва қарама‑қаршиликми ёки шунчаки тушунмовчилик? Мана шу нарсани аниқлаб олиш керак. Ҳаётда тушунмовчиликлар кўп, то уларга аниқлик киритиб олгунча шошқалоқлик қилмаслик, ёмон гумонга бориб, уни хилоф даражасига чиқармаслик лозим. Бунга мисол: эр уйга қовоғи осилган ҳолда келди. Буни дарров кўнгилсиз ва меҳрсиз эканига, хулқи ёмонлигига бурмаслик керак. Аёл ўзининг вазифасини билиб, эрни яхши кутиб олса ва хулоса чиқармай, сабр қилиб турса, унинг чарчагани ёки бирор кўнгилсиз ҳодиса рўй бергани аён бўлади.
  2. Биз жуфтларимиздан хато топишга устамиз. Уларни тергашга ҳеч эринмаймиз. Ҳаттоки бошқаларга уларнинг устидан шикоят қилиб, айбларини санашда фаол бўлиб кетганмиз. Аммо ўзимизни ҳисоб-китоб қиламизми? Нафсимизга бирор маротаба итоб этамизми? Нега ўзимизни тергаб кўрмаймиз? Ўзгаларнинг камчилиги билан овора бўлгандан кўра ўзимизнинг айбларимизни кўра билсак эди, айниқса, Роббимизга нисбатан қусуримизни тан олиб, ўзимизни итоб қилсак эди, шунда жуфтларимизнинг хатолари кўз ўнгимизда кичрайиб кетарди.
  3. Бало ва синовларнинг келиши ўзимиздан бўлган гуноҳ туфайлидир. Севгилигимиз билан хилофга боришимиз ҳам балодир. Бундай ҳолларда «Мен нима қилувдим-а, қайси гуноҳимга бу?» демай, дарров тавба ва истиғфорга шошилмоқ керак. Гуноҳларни эътироф қилиш, айбни ўзидан қидириш ва дарров уни ислоҳ этишга шошмоқ лозим.
  4. Жуфтлар орасида жанжал, тортишиш бўлиб қолса, уни имкон қадар яшириш, сир сақлаш, оиладан чиқармасликка интилиш керак. Афсуски, ҳозирги пайтда оилавий сир аввал обдон кўчада ёйилиб, ҳамманинг оғзида айланиб бўлганидан кейин жуфтлар музокарага киришадиган бўлдилар.
  5. Икки тараф орасида бирор муаммо чиқса, эътиборни фақатгина ўша чигалликнинг ўзига қаратиш зарур. Чунки асосий мақсад ўша кўнгилсизликни ҳал қилишдир. Аммо бир тушунмовчиликни деб ўтган ишларни қўзғаш ярамайди. Ҳосил бўлган муаммо бир четда қолиб, «эски дафтар»ни варақлаш тўғри эмас. Бунда ният айниб, хилоф, зиддият шахсий адоватга айланиб кетади ва низонинг сўнгги кўринмай қолади. Мисол: эр хотинга бақирса, мавзу шу бақириқдан бошқасига ўтмаслиги зарур. Бир вақтлар эр хотиннинг акасига қўполлик қилгани, туғруқхонага вақтида кўргани бормагани бу ерга аралашмаслиги керак.
  6. Энг муҳим нуқта шундаки, жуфтлар орасида жанжал чиқиб, ҳар бир тараф муаммони ифода қилганида ўзини ҳақ билмаслиги даркор. Томонлар шунчаки фикрларини баён этаётганларини, эҳтимол, фикрлари хато бўлиши мумкинлигини эътироф қилишлари лозим. Шахсий фикрини тўғри деб, муқобил тарафнинг фикрини инобатга олмаслик муаммони ҳал қилиш имкониятларини илдизи билан суғуриб ташлайди.
  7. Музокара ишлари олиб борилаётиб, бир тараф гап бошлаганида сўз муқаддимасида бошқа тарафнинг фазл ва ижобий томонларини тилга олиши кўп яхши натижалар беради. Ҳар бир инсон хатодан холи бўлмаганидек, одам боласи ўз фазилати ва яхши хусусиятларига ҳам эга. Сўз бошида чин эътироф ила қарши томоннинг яхши томонларини ва тақдим қилган яхшиликларини эсга олиш инсофдан бўлиши билан бирга вазиятга юмшоқлик киритади, виждонларни уйғотади, икки томонни бир‑бирларига мувофиқлаштиради. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 237-оятида: «Орангиздаги фазилатни унутманг», дейди.
  8. Ҳақ талаб қилавериш ҳам доимо яхши натижага олиб бормайди. Айниқса, фарз ва вожиб бўлмаган ҳуқуқларни сўрайвериш мақсадга мувофиқ эмас. Бунга мисол: аёлларнинг меҳр талаб қилаверишлари, эътиборга тўймасликлари ва буни рўкач қилиб, жиддий масала даражасига кўтаришлари баъзан нафратга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Ушбу ҳолат ҳаққини талаб қилиб, ўзи вазифасини адо этмайдиган бўлса, янада қабиҳ кўринади. Бу гўё уйига вақтида ва яхши бозор қилиб бермайдиган эр хотинидан пазандачиликни талаб қилганга ўхшайди.
  9. Муаммоларнинг энг каттаси хато аён бўлганида уни тан олмасликдир. Қусур зоҳир бўлганида уни эътироф қилиш айни мардликдир. Аммо биз кўпинча бундай ҳолатда бўйин товланиши, янада турли номаъқулчиликларни қилиб, вазиятнинг оғирлаштирилиши гувоҳи бўлмоқдамиз. Ҳаттоки очиқчасига муттаҳамчиликка ўтилади. Шу билан бирга мажбурлик билан хатони бўйинга қўйиш ва уни эътироф қилдириш ҳам зулмдир. Шунингдек, хато зоҳир бўлиб, эгаси уни тан олганида иккинчи томон мағрурланиб қутуриб кетмай, буни тўғри қабул қилмоғи, балки ташаккур айтиб, тан олганнинг шаънини улуғламоғи лозим. Хато тан олинганидаги нотўғри тасарруфлар нафратни икки баробар қўзғайди. Аммо ўша пайтдаги тўғри хатти-ҳаракат муҳаббат ва миннатдорчиликка сабаб бўлади.
  10. Хотин-қизлардаги асл табиатга сабр қилиш лозим. Мисол учун аёлдаги рашкни олайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Онангиз рашк қилди», деганлар.
  11. Аллоҳ таолонинг берганига, тақдирига рози бўлиш жуда муҳим. «Аёлим хунук», деб кўчада кўзлар олма термаслиги керак. Яхши бўлса – бўлиб, бўлмаса – эрига қараб: «Эркакларнинг ҳаммаси бир гўр», демаслик даркор.
  12. Энг катта муаммолардан бири – қизишиб турганда хулоса чиқариш, масалани ҳал қилишдир. Асаблар «қайнаганида» то унинг «совушини» кутиш зарур. Ҳиссиётга берилганда қарор қабул қилмаслик керак. Шошилиш шайтондандир. Одам ўзига келиб олганидан кейин ечим қилсин. Ҳозирда шошиб уч талоқ қўйиб, кейин надомат қилаётганлар, айниқса, талайгина.
  13. Бироз паст келиб туриш муҳим. Тарафлар баробар ҳаққини талаб қилиши, «сан-ман»га бориши, бир гапга кўнмай, бир этикка икки оёғини тиқиб олиши ҳеч қандай ижобий натижа бермайди. Салбий оқибатни ният қилган одам шундай йўл тутади.
  14. Муаммога ечим исташ пайтида ҳар қандай вазиятга мослашиш зарур. Жуфтлар ўзларини босиб олишлари, нима бўлган тақдирда ҳам тўғри ечим қабул қилишга интилишлари, шошилмасликлари, сиқилмасликлари лозим.
  15. Эр-хотин билсинки, саодат сабаби бойликда эмас. Тўкинлик ҳар доим ҳам бахт келтиравермайди. Ҳақиқий саодат хотиржамликдадир.
  16. Беихтиёр қилиб қўйилган айб ва хатолардан кўз юмиш жуда муҳимдир. Аллоҳ мағфиратли Зот, биз ожиз бандалар киммизки, хатоларни кечирмасак?

Одинахон Муҳаммад Содиқ

 
Мавзуга оид мақолалар
Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади «Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у давоми...

18:00 / 01.10.2019 2299
6. Қадарга иймон. Иймон арконларининг энг муҳимларидан бири яхшию ёмон қадарни Аллоҳ таолодан деб билишдир. давоми...

11:01 / 02.05.2017 3405
Оиламизда Мавлид байрами Оиламиз билан Мавлидни интизорлик билан кутамиз. Сабаби Ҳайит байрамларидек давоми...

11:57 / 12.12.2017 3388