Димланган товуқ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу таомни тайёрлашда бироз меҳнат талаб қилинса-да, аммо қилган меҳнатига арзийдиган жуда мазали таомлардан ҳисобланади. Бу таом байрам дастурхонингизни кўркига кўрк қўшиб тургувчидир. Қаймоқ ёки майонезга туз, зиравор ва қизил булғори ҳамда майда қилиб тўғралган саримсоқни қўшиб аралаштирасиз. Ҳосил бўлган қоришмани устию ичи тозаланган товуқни аввал яхшилаб устига, агар ортса, ичига ҳам суртиб чиқасиз.

Керакли маҳсулотлар:

Товуқ

Картошка 3-4 та

Помидор 1-2 та

Булғор қалампири 1та

Пиёз 1 та

Сабзи 1та

Саримсоқ бўлаги 4-5 дона

Лимон 1та

Сариёғ 70 гр

Туз, зиравор ва ошкўкатлар таъбингизга кўра.

 Соуси учун:

Майонез ёки қаймоқ 150 гр

Саримсоқ бўлаклари 4-5 дона

Қуритилган қизил булғори ярим ошқошиқ

Туз ва зираворлардан зира, қора мурч, кашнич уруғи ва кийик ўти керак бўлади.

Тайёрланиши:

Қаймоқ ёки майонезга туз, зиравор ва қизил булғори ҳамда майда қилиб тўғралган саримсоқни қўшиб аралаштирасиз.

Ҳосил бўлган қоришмани устию ичи тозаланган товуқни аввал яхшилаб устига, агар ортса, ичига ҳам суртиб чиқасиз.

Юқорида санаб ўтилган пиёз ва лимондан ташқари, ҳамма сабзавотларни жуда ҳам йирик ва жуда ҳам майда бўлмаган шаклда, пиёзни эса ярим ҳалқа шаклида тўғраб ҳаммасини бир идишга соласиз, лимонни ярмини сиқиб сувини сабзавотларга қўшилади ва таъбга кўра туз, зиравор ҳамда ошкўкатларни солиб аралаштирасиз.

Тўғралган, тузланган ва таъмланган сабзавотларни, бир неча бўлакларга бўлинган сариёғ билан, устию-ичига қаймоқ суртилган товуқни орқа қисмидаги тешикдан тиқиб тўлдирилади ва қолган яримта лимонни тешикка тиқиб қўйилади. Бу лимон биринчидан қопқоқ вазифасини адо этса, иккинчидан хуштаъмлик беради.

Товуқ оёқлари учини бир-бирига ёпиштириб ип билан бойлаб қўйинг, бу, биринчидан, қопқоқ вазифасини адо этаётган лимоннинг тушиб кетмаслигини таъминласа, иккинчидан, пишгандан кейин иплар ечилгач, чиройли кўриниши учундир.

Чуқурроқ патнисни озроқ ёғлаб товуқни қўйинг, агарда сабзавотлар ортиб қолган бўлса, уларни товуқ атрофига териб қўйиб, товуқ устини махсус зар қоғоз (фолга) билан ёпиб, темир тандирга (духовка) 40 дақиқа паст оловга қўйиб, сўнгра товуқнинг устини очиб, 20-30 дақиқага баланд оловда қизартириб олинг.

Тайёр бўлган димланган товуқни бир каттароқ лаганга бутунлигича қўйиб, лаганни ўз дидингизга қараб безатиб, дастурхон кўркига кўрк қўшиш учун тортиқ қиласиз.

Ёқимли иштаҳа!

 

www.oshxona.uz

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама опасингиллар, биз давоми...

08:02 / 09.02.2017 3961
Баъзилар келажакда машғулотлардан фориғ бўлиб,халал берадиган ҳар хил нарсалардан қутуламан,ўша пайтда давоми...

21:22 / 24.05.2023 1990
Сафийя онамизнинг оталари исми Ҳуяй ибн Ахтаб ибн Саъяҳ ибн Саълаба ибн Убайд ибн Каъб ибн Хазраж ибн Абу давоми...

13:45 / 16.03.2017 7118
7 ёшдан кичик болалар Уларни уриш мумкин эмас. Чунки бу ёшдаги болалар нима тўғри, нима нотўғри эканини давоми...

12:38 / 02.02.2019 9561