«Исмул Аъзам»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳурматли Шайх ҳазратлари, қуйидаги саволларга жавоб беришингизни интиқлик ила кутаман: «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг 20-жузини ўқиётганимда (471-бет) «Исмул Аъзам» деган сўзга дуч келдим. Бу хусусда кенгроқ тушунчага эга бўлишни истайман.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

 ИСМУЛ АЪЗАМ

Исмул аъзам бизнинг тилимизга «энг улуғ исм» деб таржима қилинади. Аллоҳ таолонинг исмлари ичида исмул аъзам бор. Ўша исмни айтиб дуо қилинса, албатта, қабул бўлади. Мазкур исм Аллоҳ таолонинг қайси исми эканини келаси ривоятлардан билиб олишга ҳаракат қиламиз.

 Абдуллоҳ ибн Бурайдадан, у киши ўз отасидан розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг «Эй Аллоҳим! Мен Сендан сўрайман. Мен, албатта, Сенинг Аллоҳ эканлигингга, Сендан ўзга илоҳий маъбуд йўқлигига, Сен Аҳаду Сомадлигингга, туғмаган ва туғилмаган ҳамда тенги йўқ Зот эканлигингга шаҳодат келтираман» деганини эшитиб:

«Батаҳқиқ, Аллоҳдан у билан сўралса берадиган ва дуо қилинса ижобат қиладиган исм ила сўрадинг», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Албатта, мазкур ҳолнинг юзага чиқиши учун сўровчи ўзида зоҳиру ботини пок бўлиши, ҳалолдан ризқланган бўлиши, нияти ва ихлоси холис бўлиши каби бир неча шартларни ўзида мужассам қилган бўлиши керак.

Бу ривоятдаги дуода Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари тилга олинди. Аммо ўша исмларнинг қай бири исми аъзам эканини билиб бўлмайди.

Асма бинти Язид розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг исми аъзами ушбу икки оятдадир: «Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Раҳим бўлмиш Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқдир» ва Оли Имроннинг аввалидаги «Алиф. Лаам, Мийм. Аллоҳ-Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирик ва қаййум Зотдир» оятидадир», дедилар».

Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Дарҳақиқат, бу икки оятда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг исмлари ўзида улкан маъноларни жо қилган. Келинг, улар билан яқиндан танишиб чиқайлик.

«Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Раҳим бўлмиш Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқдир».

Ушбу оятда Ислом ақидасининг бош масаласи Аллоҳнинг ягоналиги асосий қоида сифатида илгари сурилмоқда. Ҳеч қачон Аллоҳнинг борлигига шубҳа бўлмаган. Доимо Унинг зоти ва сифатлари ҳақида тортишувлар бор эди. Унинг маҳлуқотлар билан алоқаси ҳақида ҳам тортишувлар кечган. Фақат даҳрийларгина илоҳнинг йўқлиги ҳақида сафсата сотдилар. Аллоҳнинг борлигини инкор этдилар.

«Алиф. Лаам, Мийм. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирик ва қаййум Зотдир».

Ушбу ояти карима тавҳидни, Аллоҳнинг ягоналигини холис баён қилади. Аллоҳ таолодан ўзга бандаларнинг ибодатига сазовор ҳеч бир илоҳий маъбуд йўқдир. Аллоҳ доим тирикдир, ўлмайди. У қаййум-бандалари ишларининг тадбирида доимо қоим турувчидир. Бошқаларнинг туриши ҳам У Зот биландир.

Бу икки ояти каримада ҳам Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари зикр қилинган. Аммо улардан қайси бири исми аъзам эканига аниқ ишора йўқ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир киши намоз ўқирди. Сўнгра у:«Эй Аллоҳим! Мен Сендан Сенга ҳамд бўлгани учун, Сендан ўзга илоҳий маъбуд йўқ бўлгани учун, Маннон, осмонлару ерни тенги йўқ қилиб яратувчи, жалол ва икром Соҳиби бўлганинг учун сўрайман. Эй Ҳайй, эй Қаййум!» деб дуо қилди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, у Аллоҳга дуо қилса, ижобат қиладиган, сўраса, берадиган исми аъзами ила дуо қилди», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари зикр қилинган бўлса ҳам, улардан қай бири исми аъзам эканини билиб бўлмайди.

Ушбу сарлавҳа остида келган ҳадиси шарифлардаги дуоларнинг арабча матнини ёдлаб, дуо қилинса, ижобат бўлиши умид қилинади.

Ҳамма уламолар Аллоҳ таолонинг исми аъзами ила дуо қилинса қабул бўлишига ҳеч шубҳа қилмаганлар. Аммо исми аъзам ҳақида келган ривоятлар турли бўлгани учун Аллоҳ таолонинг исмларидан қайси бири исми аъзам экани ҳақида ихтилоф қилганлар.

Хулоса қилиб айтиладиган бўлса қуйидаги исмлардан бири исми аъзам бўлади:

1. Аллоҳ.

2. Аллоҳ, ар-Роҳман ар-Роҳим.

3. Ар-Роҳман ар-Роҳим, ал-Ҳайй ал-Қаййум.

4. Ал-Ҳайй ал-Қаййум.

5. Ал-Ҳаннон ал-Маннон, Бадийъус самавоти вал-Арзи, Зул Жалоли вал-Икром.

6. Бадийъус самавоти вал-Арзи, Зул Жалоли вал-Икром.

7. Зул Жалоли вал-Икром.

8. Аллоҳу лаа илаҳа иллааҳу, ал-Аҳад ас-Сомад аллаззии лам ялид ва лам ювлад ва лам якун лаҳу куфван аҳад.

Ибн Ҳажар: «Исми аъзам ҳақида келган ривоятлар ичида энг кучлиси – шу», деган.

9. Робб. Робб.

10. Маликул мулк.

11. Лаа илаҳа иллаа анта, субҳанака иннии кунту миназзолимийн.

12. Калимату тавҳид.

13. Ҳуваллоҳуллазии лаа илаҳа илла ҳува роббул аршил азийм.

14. Асмааул ҳусна (гўзал исмлар) ичига беркитилган.

15. Банда берилиб Аллоҳ таолодан бошқани хаёлига келтирмай ихлос билан дуо қилса, Павардигорнинг ҳамма исми ҳам исми аъзаб бўлади.

16. Аллоҳумма.

17. Алиф лаам мийим.

Валлоҳу аълам.

Мавзуга оид мақолалар
Иккинчи ҳикояЎғлим синглиси билан арзимаган нарса сабаб уришиб аразлашиб қолганди. Қарасам, 3 ndash 4 кундан давоми...

23:26 / 11.11.2023 1269
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб бомдоддан сўнг аҳли оилалари билан бироз вақтларини давоми...

17:15 / 25.09.2018 3636
Савол Пайғамбаримизнинг Муҳри нубувват лари пайғамбарлик муҳри елкаларининг қаерида жойлашган эди   давоми...

19:00 / 05.12.2017 3719
embedhttpswww.youtube.comwatchvIGOcULLoOA0featureyoutu.beembed

15:30 / 28.11.2018 2635