Закот китобидан 3
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЗАКОТНИНГ ФАРЗЛИГИ ВА ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло: «Ва намозни қоим қилинглар ва закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки? раҳм қилсангиз», деган (Нур: 56). Шарҳ: Муқаддимада Қуръони Карим намоз билан закотни йигирма етти жойда бирга зикр қилганини айтиб ўтган эдик. Ушбу оят ана ўша оятларнинг бир намунасидир. Аллоҳ таоло, намоз ўқишга қандоқ амр қилган бўлса, закот беришга ҳам шундоқ амр қилмоқда, сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга ҳам шундоқ амр қилмоқда. Демак, намоз қандоқ фарз бўлса, закот ҳам шундай фарз. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш ҳақидаги амр қанча кучга эга бўлса, закот бериш ҳақидаги амр ҳам шунча кучга эга. Намоз ўқишни, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш лозимлигини инкор қилган одам ҳам кофир бўлади. Шунингдек, закот бериш лозимлигини инкор қилган киши ҳам кофир бўлади. Намоз ўқишда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишда камчиликка йўл қўйган одам осий бўлганидек, Закотни адо этишда камчиликка йўл қўйган одам ҳам осий бўлади. Намозни адо этиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатда бўлган шахс чин мусулмонлик амалларини адо этган бўлганидек, закотни адо этган одам ҳам чин мусулмонлик амалини адо этган бўлади. Намозни адо этган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этган одам жаннатга эришганидек, закотни адо этган одам ҳам жаннатга эришади. Аллоҳ таоло: «Уларнинг молларидан садақа ол. Сен у билан аларни поклайсан ва тозалайсан. Уларга намоз ўқи. Албатта, сенинг намозинг улар учун сокинликлар. Аллоҳ ўта эшитувчи ва ўта билувчи Зотдир», деган (Тавба: 103). Шарҳ: Аллоҳ таоло ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга амр қилиб, моли нисобга етган мусулмонларнинг молларидан закот олишга буюрмоқда. Закотнинг бир номи садақадир. Бизда «садақа» сўзи ихтиёрий хайр-эҳсонга нисбатан айтилса ҳам, арабчада закотни билдиради. Закотни «садақа» дейиш, садақа сўзида тасдиқ маъноси борлиги учундир. Чунки ўз молидан иймон-ихлос билан закотни чиқариб бериш одамнинг иймони ҳақиқий эканининг тасдиғидир. Биз «намоз» деб таржима қилган лафз ҳам намоз, ҳам дуо маъноларини англатади. «Салот» сўзи ана ўша икки маънони ўз ичига олгандир. Кўпроқ намоз маъносида ишлатилса ҳам, гоҳида дуо маъносида ишлатилиб қолади. Ушбу оятда ҳам дуо маъносида келган. Демак, бу оят ҳам закотнинг фарзлигини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Аллоҳ таоло закот олиш мусулмонларни поклаш ва тозалаш учун кераклигини таъкидламоқда. Биз «поклайсан» деб таржима қилган сўз арабчада моддий, жисмоний тозалашга ишлатилади. «тозалайсан», деб таржима қилган калимамиз эса руҳий, маънавий тозалаш маъносида ишлатилади. Бундан, закот мусулмонлар учун ана шундоқ катта фойда келтириши чиқади. Аллоҳ таоло: «Сизлардан иймон келтирганлар ва инфоқ қилганларга катта ажр бордир», деган (Ҳадид: 7). Шарҳ: Иймон билан инфоқ бирга бўлганда кишига катта фойда келтирар экан. Бунда мўминларни закот ва бошқа молиявий ибодатларга чорлаш бор.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир жуфт нарсани Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилса, жаннатда нидо қилиниб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, бу – яхшилик», дейилади. Бас, ким аҳли намоздан бўлса, намоз эшигидан чақирилур. Ким аҳли жиҳоддан бўлса, жиҳод эшигидан чақирилур. Ким аҳли садақа бўлса, садақа эшигидан чақирилур. Ким аҳли рўзадан бўлса Райён эшигидан чақирилур», дедилар. Абу Бакр Сиддиқ: «Эй Аллоҳнинг Расули, биров ўша эшикларнинг ҳаммасидан чақирилса, зарари йўқми? Ўзи бирор киши ўша эшикларнинг ҳаммасидан чақириладими?» деди. «Ҳа, умид қиламанки, сен ўшалардан бўласан», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Шарҳ: Ҳадиси шарифда «Бир жуфт нарсани Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилса» дейилганидан мурод икки қўй, икки мол, икки от, икки кийим ёки шунга ўхшаш нарсалардир. Яъни кўпроқ инфоқ қилиш маъноси олдинга сурилгандир. Ана шундай инфоқ қилган одамга алоҳида илтифот бўлиб, жаннатга кираётганида, жаннатнинг хизматини қилиб турувчи фаришталар ўша инфоқ қилинган нарсаларга ишора қилиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, бу – яхшилик», дер эканлар. Албатта, бу илтифот жаннатга кириб кетаётган кўпчилик ичида молини инфоқ қилган киши учун улуғ мартаба бўлади. Аллоҳ таоло фарз қилган амалларни тўлиқ адо этиб, Парвардигори оламнинг фазли-карами ила жаннатга сазовор бўлган бандалар умумий эшикдан оммавий равишда кирар эканлар. Аммо фарз амалларни кўрсатилгандек адо этиш билан бирга уларнинг баъзи бирида алоҳида ижтиҳод қилган, нафлларини ҳам кўнгилли равишда адо этиб, маълум мартабага эришган бандалар учун алоҳида шараф эшиклари қилинган бўлар экан. Улар жаннатга эҳтиром ила ўша эшиклардан киришар экан. Жаннатга кириш бандаларнинг амалига қараб навбат билан бўлиши бошқа ҳадислардан маълум. Инсон ўзи яхши кўриб турган жойга иложи борича тезроқ киришни хоҳлаши – бор нарса. Жаннатга тезроқ кириш истаги қанчалик кучли бўлишини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Кўпчилик навбат кутиб турган жойга алоҳида эшикдан, алоҳида ҳурмат билан кириш қанчалар завқли экани ҳам маълум. Энди, ўша кўпчилик навбат кутиб турган жой жаннат эканлигини, алоҳида ҳурмат эшиги бу дунёда қилинган ортиқча ибодатга қараб бўлишини, ҳурмат-иззат эса фаришталар томонидан бўлишини бир ўйлаб кўрайлик. Қанчалар завқ-шавқ, қанчалар хурсандчилик бўлишини тушуниб олиш қийин эмас! Тасаввур қилайлик, умр бўйи жаннат орзусида ўтган, ўлганидан сўнг қиёмат қоим бўлгунча кутиб ётган одамлар, жаннатнинг умумий дарвозаси олдида интиқ бўлиб навбат кутиб туришибди. Ўзларига қачон навбат келишини билмайдилар. Шунда бирдан алоҳида эшик очилиб фаришталар: «Қани, аҳли намозлар, марҳамат! Бу – намоз эшиги», деб қолсалар. «Бу дунёда намозни алоҳида кўп ўқиш билан машҳур бўлган кишигина бу эшикдан киради», десалар. Бу дунёда фарз намозларни ўз ўрнида адо этишдан ташқари алоҳида куч-ғайрат билан нафл, таҳажжуд ва бошқа намозларни кўплаб ўқиб, аҳли намоз бўлиб танилган одамлар бундан ғоятда хурсанд бўлиб кетмайдиларми? Бошқаларнинг уларга ҳаваси келмайдими? Худди шу ҳолат аҳли садақа ва аҳли рўзалар учун ҳам бўлади. Ажойиб бир ҳолат! Ҳамма ўша мартабага эришишни орзу қилади. Мазкур махсус эҳтиром эшикларидан жаннатга киргиси келади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳақдаги гапларини эшитиб саҳобаи киромларда ҳам катта қизиқиш пайдо бўлган. Бундоқ нарсага қизиқмай, уни орзу қилмай бўлармиди?! Зотан саҳобаи киромлар бунга ўхшаш каттаю-кичик ҳар бир ишга маҳкам ёпишганлар. Ҳатто ўшанда бир эмас, бир неча эшикдан киришни орзу қила бошлаганлари ҳам бўлган. Уларнинг пешқадами бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Биров ўша эшикларнинг ҳаммасидан чақириладими?» деб сўрадилар. Бу у зот розияллоҳу анҳудаги жаннатдаги олий мартабаларга эришиш истаги қанчалар зўр эканини кўрсатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, умид қиламанки, сен улардан бўласан», дедилар. Бу Абу Бакр розияллоҳу анҳу учун улкан башоратдир. Бу у зотнинг қанчалар фазилатли зот эканликлари далолатидир. Шу билан бирга, бу сиз билан биз мўмин-мусулмонларга фақат фарз ибодатлари билан кифояланиб қолмай, нафл ибодатларни ҳам кўпроқ қилишимиз учун даъватдир. Айниқса, ушбу ҳадисда номма-ном зикр қилинган намоз, закот ва рўза ибодатларига алоҳида эътибор бериб, ўша ибодатлар аҳлидан бўлиш учун уринишимиз лозимлигига чақириқдир. Аллоҳ таолодан ана шу маънода ёрдам сўраймиз.1082. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабалга уни Яманга юбораётиб қуйидагиларни айтганлар: «Албатта, сен аҳли китоб қавмнинг ҳузурига борасан. Бас, қачон уларнинг ҳузурига етиб борсанг, уларни, Лаа Илаҳа Иллаллоҳу ва Муҳаммад Расулуллоҳ, деб шаҳодат беришларига даъват қил. Агар улар сенга бунда итоат қилсалар, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганининг хабарини бер. Агар улар сенга бунда итоат қилсалар, Аллоҳ аларга уларнинг бойларидан олиниб, фақирларга қайтариладиган садақани фарз қилганини хабар қил. Агар улар сенга бунда итоат этсалар, яхши молларини олишдан ҳазир бўл. Мазлумнинг дуосидан қўрқ. Чунки у(дуо) билан Аллоҳнинг орасида парда йўқдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган. Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи ҳижрий санада, Видолашув ҳажидан аввал Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга волий, қози ва муаллим этиб юборганлар. Бу жуда машҳур ҳодиса бўлиб, кўпгина ҳадислар бу ҳақда турли маънодаги баёнларни ифода этган. У ҳадисларнинг ҳар бири Ислом давлати раҳбари томонидан марказдан чет вилоятларга волий, қози ва муаллим юбориш ишининг намунаси, қўлланмаси бўлади. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк раҳбарлик услублари, ўз вакилларини юбораётган юрт ва унинг шароитлари, одамларининг маълумотларини ҳисобга олишлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, сен аҳли китоб қавмнинг ҳузурига борасан», деганларини яманликлар яҳудий ёки насроний эканлар, деб тушунмаслик керак. Яман эски маданий марказ бўлгани учун ўқиш-ёзишни биладиган, илмли, Таврот ва Инжилдан хабари бор одамлар борлиги кўзда тутилиб, уларни аҳли китоб, деб аталмоқда. Демак, бир жойга вакил бўлиб борадиган одам, буни, албатта, эътиборга олиши керак. Ўзи борган жойнинг одамлари билан муомала қилганда адашиб кетмаслиги лозим. Ушбу ҳадисдан олинадиган бошқа фойдалар: 1. Бошқа қавмга борган мусулмон вакил уларга аввало иймонни талқин қилиши зарурлиги. Уларни Аллоҳни бир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ Пайғамбар деб гувоҳлик беришга даъват қилиш зарурлиги. Бу эса мусулмонлар қаерга борсалар, уриш бошлаганлар, деган даъвонинг ботил эканини кўрсатади. 2. Иймон келтирган одамга дарҳол намоз фарз эканини баён қилиш лозимлиги. Ҳеч ким, ҳеч қачон биров калимаи шаҳодатни айтса, бор кетавер, мўмин-мусулмон бўлдинг, бошқа нарсанинг кераги йўқ, демаган. Шунингдек, калимаи шаҳодатнинг ўзи етарли, шу билан жаннатга кирасан, бошқаларини қилмай юравер, дегани ҳам эмас. Балки ушбу шаҳодат калимасини айтиш ила мўмин-мусулмонлар жамоасига аъзо бўлдинг, энди шу жамоанинг аъзоси сифатида Аллоҳ томонидан фарз қилинган амалларни қилишга ўтишинг керак; улар намоз, закот, рўза, ҳаж…, деб тушунтиришга ўтилган. 3. Бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз экани. Намозни Аллоҳ фарз қилгани. Ким намоз ўқимаса, Аллоҳга қарши чиққан бўлиши. 4. Закотни ҳам Аллоҳ таоло фарз қилгани. Муҳаммад алайҳиссалом ёки Ислом давлати томонидан солинган солиқ эмаслиги. 5. Ислом фақат қалбдаги эътиқод, тилдаги гап эмас, балки ҳаётдаги тўла амал, ҳаттоки молу мулкдаги тасарруфот ҳам экани. 6. Закотни бойлардан олиниб, камбағалларга берилиши. Бу олиш ва бериш ишини масъул тараф бажарган. Закот билан шуғулланадиган махсус идора ва шахслар бўлган. Уларнинг Қуръондаги номлари Омили закот, яъни закот ишчисидир. Бизда закотчи, деб таржима қилинган. Ана ўша масъул кишилар масъул жиҳат томонидан тайинланган бўлганлар. Закот илмини яхши билганлар. Одамларнинг закотини ҳисоб-китоб қилиб олиб, ҳақдорларга бўлиб берганлар. 7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «бойларидан олиб камбағалларига қайтариладиган», деганларидан уламоларимиз ҳар бир юртнинг бойларидан олинган закот ўша юртнинг камбағалларига тарқатилади, деган ҳукмни олганлар. Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳи Хуросондан тўпланиб Шомга олиб келинган закотни яна Хуросонга қайтариб юборган. Чунки ўз юртида ҳожат бўлиб туриб, бошқа томонга у ернинг закотини олиб кетиш турли гап-сўзларга, норозиликларга, ҳатто юрт раҳбарларига қарши фитна гаплар, ҳаракатлар уюштирилишига сабаб бўлиши мумкин. Зотан адолат юзасидан ҳам тўғри келмайди. Агар закот тўпланган юртда унга ҳожат бўлмасагина, бошқа юртга олиб бориб тарқатилади. 8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «яхши молларини олишдан ҳазир бўл», деганлари. закотчилар учун умумий қоидадир. Закотчи, мисол учун, бировнинг қўйларини санаб, ўнта қўйни закотга олишни аниқлади. Қўранинг ичидаги энг яхши ўнта қўйни танлаб олмайди. Балки яхшиларини эгасига қолдиришга ҳаракат қилади. Бунинг муқобили ўлароқ закот берувчига энг ёмон молни закотга бермаслик тарғиб қилинган, у ҳам бунга амал қилишга ўтади. Натижада ўртача сифатга эга қўйлар закот учун олинади. Бу қоида ҳамма нарсанинг закотида ҳам қўлланилади. Чунки бир кишининг моли ичидаги энг яхшиларига унинг алоҳида муҳаббати бўлади. Бошқасини олиш имкони бўла туриб, закотчи танлаб-танлаб айнан мол соҳиби яхши кўрган доналарини олиб кетса, мол соҳиби кўнглида ғашлик қолиши мумкин. 9. Мазлум кишининг дуосидан қўрқиш. Бу золимларга танбеҳ бўлиши керак. Бировга зулм қилган одам эртами-кечми офатга, дуоибадга учраши турган гап. Чунки золимнинг зулмини кўрган мазлум, ўзига ўхшаш бир банда томонидан хорланса ҳам, Аллоҳ томонидан тақдирланади. Аллоҳнинг ҳузурида мазлум инсоннинг мартабаси кўтарилади. Ҳаттоки, Аллоҳ ўртадаги пардани ҳам кўтариб қўяди. Мазлумнинг дуосини тўсиқсиз қабул қиладиган бўлади. Ана ўшанда мазлум қилган дуо кўп нарсаларга сабаб бўлади. Золим бўлмаган кишилар ҳам мазлумнинг дуосидан сақланиб юришлари, яъни унга ёмонлик қилмасликлари лозим. Аксинча, кўнглини кўтариб, яхшилик қилиб, дуосини олишга уринишлари керак. Албатта, бу ҳадисда Исломнинг рукнлари ва фарзларининг бир қисми баён қилинди. Бу ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалардан бошқаси қабул эмас, деган фикрга олиб келмаслиги керак. Шунингдек, бирор жойда Ислом ҳақида гапирган одам ушбу ҳадисдаги уч рукндан бошқа нарсани айтмаслиги керак, деган фикрга ҳам бормаслик лозим. Чунки аввал айтганимиздек, бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ораларида бўлиб ўтган суҳбатдан кичик бир парча, холос.

Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар «Инсонлар «Аллоҳдан ўзга давоми...

20:02 / 27.10.2016 3746
Молмулкни беҳуда сарфлашга .исроф, дейилади, мусулмонлар исрофдан қайтарилган. Молмулкини беҳуда, ноўрин давоми...

22:02 / 19.09.2023 2134
Фақиҳ Марузийдан ривоят қилинишича, у киши ўз хожаларининг боғида узоқ йиллардан бери ишлар эканлар. давоми...

20:38 / 27.02.2017 5754
Исломда ҳомиладорлик хусусидаги ҳукмлар ва тиб илми Савол Бугунги тиббиётга кўра ҳомила тўрт, беш, давоми...

14:05 / 24.11.2016 11102