Ҳожатсиз ит боқишлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таъқиқлаган нарсалардан бири: зарурат бўлмай туриб ит боқишликдир. Бугун баъзи бир исрофчиларни кўриб турибмизки, моддий имконларидан бошқа кишиларни маҳрум қолдирган ҳолда ит боқмокдалар. Баъзилари эса бутун бойликларини сарфлаганликлари етмаганидек, яқинлари, дўстлари, қўшниларига кўрсатишлари керак бўлган бутун марҳамат ва шафқат ҳисларини ҳам фақат итларига кўрсатмокдалар ва бу билан атрофдаги кишиларни ранжитмоқдалар.

Ҳолбуки, мусулмон киши уйида ит сақлагани тақдирда итнинг эшик ва остоналарни ялаши билан улар ифлос ҳолга келиш эҳтимоли бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилурларки: «Агар сизлардан бирингизнинг идишингизни ит яласа, у идишни бир марта тупроқ билан қатрон-ишқалаш шарти ила етти марта ювсин». (Бухорий)

 Баъзи уламолар ит боқишни таъқиқлашнинг ҳикмати ҳақида шундай дейдилар: Ит эшикдан кирган меҳмонга ҳуради, тиланчи-гадони қўрқитади ва ўтган кетган йўловчиларнинг оромини бузади...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Жаброил алайҳиссалом менинг ҳузуримга келиб дедики: «Кеча уйингизга келдим. Аммо эшикда ҳайкаллар, уйда ҳайкал тасвири туширилган бир мато ва ит борлиги учун ичкарига кира олмадим», деди ва ҳайкаллар дарахтга ўхшаб қолиши учун боши кесилишини, матонинг ёстиқ қилиб иккига бўлинишини ва итнинг уйдан чиқариб юборилишини буюрди». (Насоий). Бу таъқиқ ҳукми эҳтиёж бўлмай туриб боқилган итга тегишлидир.

ОВ ВА ЧЎПОН ИТЛАРИ

Ов учун, экин майдонини, ҳайвон сурувини кўриқлаш учун, яъни бир эҳтиёж бўлганлигидан боқилган итлар юқоридаги ҳукмдан ташқарида ҳисобланади. Бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ов ити, экинни ёки ҳайвонларни қўриқлашда фойдаланилган итлардан бошқа бир итни боққан кишиларнинг савоблари ҳар кун бир қийрот (оғирлик ўлчови)дан озайиб боради».

(Бухорий, Муслим).

Баъзи Ислом фақиҳлари бу ҳадисдан ит боқишликнинг таъқиқланишини ҳаром даражасида эмас, кароҳат даражасида эканлиги ҳақида ҳукм чиқарганлар. Чунки савоб озайишида ёки кўпайишидан қатъи назар ҳаром ҳукми бутун ҳолларни ўз ичига олади.

Уйда ит боқишликнинг таъқиқланишидан, итларни калтаклаш, ҳайдаш, ёхуд ўлдириш керак экан, деган фикрга бормаслик лозим. Зеро бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:«Агар итлар ҳам (инсонлар каби) бир жамоа бўлмаганларида эди, уларнинг ўлдирилишларига амр берган бўлар эдим».

(Абу Довуд, Термизий).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифлари билан Қуръони Каримдаги шу олий ҳақиқат ва гўзал маънога ишорат қилганлар: «Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг кўл остимиздаги) жамоалардир». (Анъом сураси-38). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига кимсасиз бир яйловда сувсизликдан ўлаётган бир итни кўрган ва чориғи билан қудуқдан сув чиқариб уни ўлимдан сақлаб қолган бир кишининг ҳикоясини қилиб, охирида шундай дедилар:«Аллоҳ таоло унинг бу ҳаракатини хуш кўриб, гуноҳларини мағфират этди». (Бухорий)

 ҲОЗИРГИ ЗАМОН ИЛМИНИНГ ИТ БОҚИШЛИККА МУНОСАБАТИ

Бугун орамизда шундай кишилар ҳам борки, улар ҳайвонларга шафқат кўрсатишни инсоний фазилат деб билганлари ҳолда, Исломнинг бу хусусдаги ҳукмларини назар-писанд қилмайдилар ва асосида шафқат юзасидан эмас, балки ғарбга тақлид юзасидан ит боқишади. Шу ўринда олмон файласуфи доктор Герартфентесмарнинг «Коинот» номли олмон журналида эълон қилган ит боқишликдаги зарарлар ҳақидаги илмий ва жуда қимматли мақоласини ҳавола этишни лозим кўрдик: «Кейинги пайтларда баъзи кишиларнинг ит боқиш дардига мубтало бўлганини ва уларнинг тобора кўпаяётганини кўриб, уларнинг диққат эътиборини бундан келиб чиқадиган хатарлар ва кўнгилсиз оқибатларга жалб этишга мажбур бўлдим. Чунки бу кишилар фақатгина ит боқишлик билан чекланиб қолмаганлар, айни пайтда итлар билан ўйнайдилар ва ҳатто юз-қўлларини ялашига рухсат берадилар, энг ёмони ўзлари овқат еган уй идишларида итни ҳам овқатлантирадилар.Бу ҳолат соғлом табиат ва характер билан яратилган инсоннинг ахлоқ ва одобига зид, қабул қилиб бўлмайдиган бир ҳолат бўлибгина қолмай, соғлиқ ва тозалик қоидаларига ҳавола қилган ҳолда, бу илмий мақоламизда унинг тиббий аҳамияти ҳақида сўз юритамиз. Бу жиҳатдан ит боқишликда ва улар билан бир уйда ётиб туриб, бир жойда овқатланишдан, улар билан ўйнашдан келиб чиқадиган таҳликалар кўпчилик назарида эътиборсиз туюлганлари билан аслида инсон ҳаётини катта хавф остида қўядиган буюк таҳлика ҳисобланади. Кўпчилик ит боқувчилар ўз қўллари билан ўзларини ҳалокатга олиб борганликларининг фарқига бормаяптилар. Чунки итларда мавжуд бўлган сектор қурти хавфли касалликларга сабаб бўлмоқда ва ҳатто кўпгина ҳолларда ўлимгача олиб бормокда.

Бу вирус сектор шаклида жуда кичик бир қурт бўлиб, беморларда сепқил ҳолида юзага чиқади. Жуда ҳам хавфли бўлган бу вирус итларда, бошқа ҳайвонларда ва хусусан, чўчқаларда учрайди. Вируслар авж олишига энг уйғун ва қулай жой итлар ва йиртқич ҳайвонлар, чиябўри ва бўриларнинг танасидир. Мушукларда жуда кам учрайди. Аммо ит сектори бошқаларидан кескин фарқ қилиб, кўзга кўринмас даражада майда ва яширин ҳолдадир. Фақат кейинги вақтлардагина у ҳақда илмий маълумотлар ола бошладилар...

Ҳайвон табиблари жуда яхши биладиларки, хоссатан, ит безларининг ривожланишида бошқа ҳайвонлардан фарқли бир қанча хусусиятлар ўртага чиқмоқда. Дастлаб кичик доначалар ҳолида итларнинг ичакларида вужудга келган қуртлар, кейинчалик қувватли бир сектор ҳолини олади. Ҳолбуки, инсонларда ва бошқа ҳайвонларда мавжуд бўлган қуртлар сектор куртларидан фарқ қилиб, жуда кучсиз ва бор-йўғи ўзидан янги бактериялар ишлаб чиқади. Бу бактериялар ҳайвонларда катталиги олма ҳажмида бўлиб, бу ҳолда ҳайвон юрагининг оғирлиги одатдагидан ўн мартагача ортиши мумкин. Инсонларда эса юрак бир мушт ҳажми ёхуд чақалоқ боши катталигида бўлади, ичи бир неча литр зардоб билан тўлади.

Қуртлар кўпинча, инсонларнинг юрагида ва юрак  атрофида пайдо бўлади. Баъзан эса ўпка, ичак, буйрак, талоқ ва ҳаттоки бош суякларга сизиб мутахассис ҳам аниқлай олмайдиган даражада вужудга ўрнашиб олади. Қайси аъзода пайдо бўлса, ўшани ишдан чиқаради. Шубҳасиз, бу вирус қаерда пайдо бўлишидан қатъи назар, бу дардга чалинган бемор ҳаёти учун жуда хатарли ҳисобланади. Бу касалликнинг пайдо бўлиш ва ривожланиш жараёнини билсак ҳам, уни қандай даволашни билмаймиз. Фақат шуни биламизки, бу қуртлар баъзан ўз-ўзидан нобуд бўлади. Бунинг сабаби инсон вужудида пайдо бўладиган баъзи моддалардир. Хусусан, кейинги пайтларда бизга шу нарса маълум бўладики, инсон вужуди бу қуртларнинг заҳарига қарши бир заҳар ишлаб чиқариш билан ўзини ҳимоя қилар экан. Аммо афсуски, бу қуртлар ўлган билан иш битмаяпти, балки ўлгандан сўнг инсон организмида ўзидан баъзи зарарли оқибатларни қолдирмоқда. Шуни ҳам эътироф этиш лозимки, ҳатто кимёвий даволаш йўллари бу ишда ҳеч қандай натижа бермаяпти ва шу тариқа бирдан-бир чора жарроҳлик йўли бўлиб қолмоқда...»

Мутахассис доктор Хамер ўтказган бир қанча жарроҳлик амалиётлари шуни кўрсатадики, Олмонияда сектор қурти билан касалланганлар аҳолининг умумий сонининг бир фоизидан кам эмас. Бу касаллик энг кўп учраган мамлакатлар эса кам сонли нуфузга эга бўлган шимол давлатлари, Дания, Қрим, Исландия, Австралиянинг жануби шарқи, Ҳолландиянинг Фразеланд қисми бўлиб, бу ерларда итлар ҳатто тиламчилик қилишда ҳам қўлланилгани учун аҳолисининг ўртача ўн икки фоизи сектор вируси юқтирганлар. Хоссатан Исландияда бу кўрсаткич қирқ уч фоиздир...

Таҳлика кўлами шу даражага етганки, бу касаллик мавжуд бўлмаган мамлакатлар ҳам айни шу шаклда хавф билан юзма-юз келганлар. Билишимча, бу балога қарши курашнинг энг тўғри йўли сектор қуртининг итларнинг ўзида қолишини таъминлаш билан бошқа томонларга ёйилишининг олдини олишдир...

Вирусни ташиганлиги аниқланган итлар вақт ўтказилмасдан даволаниши керак. Шунингдек, чўпон итларини ҳам вақти-вақти билан ҳайвон табиблари кўригидан ўтказиб турилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўз соғлигини сақлаш ва ҳаётини хавф остига қўймаслик учун инсон итларни қўллари билан силашлиги ва уларни ўзига яқинлаштиришдан иложи борича сақланмоғи лозим. Ёш болаларнинг ит билан ўйнашига, итларнинг эса уларнинг қўлларини ялашига мутлақо йўл қўймаслик, иложи борича уларни болалар ўйнайдиган жойларга яқин йўлатмаслик муҳим... Итлар учун махсус идишлар ажратилиб, одамларни яламасликлари учун уларни уй ичига ва ошхоналарга асло яқинлаштирмаслик керак. Шунингдек, дўкон ва савдо расталари ва бозор каби жамоат жойларига итларнинг киришларига имкон бермаслик керак. Хулоса: Озиқ-овқат саналган барча нарсалар итлардан узоқ бўлиши учун зарур бўлган бутун чораларни кўриш барчанинг бурчидир!..

Ва биз бундан сўнгра шуларни қўшимча қиламиз: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг итларга яқинлашишни нима учун ман қилганларини, нега идишларни ит ялашига йўл қўймасликка чақирганини, бир зарурат бўлмаганда ит боқишликни таъқиқлаганини эндиликда кўриб-билиб турибмиз! 3амонамизда ит боқиб ит билан бир жойда ётиб турган, бирга овқатланган «маданият»лилар билиб қўйсинлар... Аллоҳнинг Расулининг бу огоҳлантиришидан нажот йўли Исломда эканлигини уларга ҳам Аллоҳ таоло эшитиб, билишларини насиб айласин!

Бир ярим минг йил аввал Аллоҳ таоло охирги элчиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Араб ярим оролида ташвиқ қилган нарсалар бугунги замонавий илм ва тиббий тадқиқотларнинг натижаси билан қанчалар мос келганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бу ўринда Қуръони Каримда зикр қилинган бир ҳақиқатдан бошқа сўзни сўзлашга ҳаққимиз йўқ: «Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан Пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир». (Ван-Нажм сураси-3-4).

Шайх Юсуф Қарзовий

Мавзуга оид мақолалар
Агарчи, сенсизин сабр айламак, эй ёр, мушкулдур, Сенинг бирла чиқишмоғлиқ доғи бисёр мушкулдур. Мизожинг давоми...

20:44 / 17.02.2017 3387
Олмазор туманида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасида Ташкилий қўмита раиси Абдулҳаким қори Матқулов давоми...

15:29 / 14.02.2018 3183
Инсонга бахш этилган барча неъматлар омонатдир. Ана шу омонатлар ҳақиқий ўрнини топмай, нафсоний давоми...

23:17 / 14-fevral 4670
M Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Шайх Зулфиқор Аҳмад ҳазратлари Нақшбандия тариқатининг замонамиздаги давоми...

11:15 / 10.12.2018 3918