Ашуро кунидаги барака
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаррам ойининг энг фазилатли куни ашуро куни бўлиб, у мазкур ойнинг ўнинчи кунидир. Ушбу кунда рўза тутмоқлик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва Мусо алайҳиссаломнинг суннатларидир. Аллоҳ таоло ушбу кунда Мусо алайҳиссаломнинг қавмлари ва умматлари бўлмиш Бани Исроилга душманларидан нажот берган кун экан, ана шу кунларда бизлар ҳам астойдил дуо қилайлик! Ашуро кунида Аллоҳ таоло Бани Исроилга нажот берган экан, нима учун энди бизга нажот бермайди? Чунки биз астойдил тавба қилиб, Аллоҳдан сўрай олмаяпмиз.

Яқинлашиб келаётган ашуро кунида барчаларимиз рўза тутиб, кечалари таҳажжуд намозларига туриб, астойдил Аллоҳдан сўрайлик – Аллоҳ таоло дунё мусулмонларига душманлардан нажот берсин.

Мусо алайҳиссалом даврларида Бани Исроилга нажот берган-ку, нима учун бизга нажот бермайди? Бу, балки, бизнинг ҳақиқий бандачилик қилолмаётганимиз сабаблидир?! Мусулмонларнинг номидан ҳар хил ишлар бўлиб кетмоқда. Аллоҳ таолодан астойдил, йиғлаб илтижо қилиб, барчамиз ихлос ила сўрайлик. Ўзимизнинг шахсий манфаатимизни эмас, балки бутун дунёдаги мусулмонларнинг манфаати, бутун Исломнинг манфаати учун жон куйдириб, ашуро кунларида Аллоҳдан сўрайлик – дунё мусулмонларига нажот бериб, ҳақиқий мусулмончиликка қарши бўлиб, унга душманлик қилаётганлар, мусулмонларга ҳар хил чораларни кўраётганларнинг Аллоҳ таоло Ўзи чорасини кўрсин. Аллоҳнинг Ўзи уларга кифоя қилсин, мусулмонларга нажот берсин, деб дуолар қилайлик. Иншааллоҳ, Аллоҳ таоло қабул қилади, албатта! Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилган қўллар кўз ёшлар билан бўлса, қуруқ қайтарилмайди, доимий ҳолда бу эшик очиқ. Фақат биз ҳақиқий дуо қилишни билишимиз керак, дуонинг шартларини жамлаб туриб, Аллоҳдан сўрай олишни билишимиз керак, кўпчилик бўлиб сўрашимиз керак, ана шунда, иншааллоҳ, самараси бўлади, натижаси кўринади.

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ اْلأَكْوَعِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَمَرَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلاً مِنْ أَسْلَمَ أَنْ أَذِّنْ فِي النَّاسِ أَنَّ مَنْ كَانَ أَكَلَ فَلْيَصُمْ بَقِيَّةَ يَوْمِهِ وَمَنْ لَمْ يَكُنْ أَكَلَ فَلْيَصُمْ فَإِنَّ الْيَوْمَ يَوْمُ عَاشُورَاءَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Асламдан бир кишига одамлар ичида «Ким бирор нарса еган бўлса ҳам, куннинг қолганида рўза тутсин, ким емаган бўлса, у ҳам рўза тутсин, чунки бугун ашуро куни», деб жар чақиришга амр қилдилар» (Имом Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорларда ва кўчаларда жар чақиртиришларидан ашуро кунининг рўзаси қанчалик муҳим экани кўриниб турибди.

Мана шундай муҳим бўлган кун – бу оддий кун эмас. Аллоҳ таоло шу кунларга етказган экан, уни билайлик, қадрига етайлик. Шунда Аллоҳ таоло бизни қадрли бандасига айлантириб қўяди, бошқаларнинг олдида сўзимиз ўтадиган қилиб қўяди, бошқаларнинг олдида виқори, салобати, ҳайбати бор бандага айлантириб қўяди.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса қуйидагилар айтилган.

عَنِ الرُّبَيِّعِ بِنْتِ مُعَوِّذِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: أَرْسَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ غَدَاةَ عَاشُورَاءَ إِلَى قُرَى اْلأَنْصَارِ الَّتِي حَوْلَ الْمَدِينَةِ مَنْ كَانَ أَصْبَحَ صَائِمًا فَلْيُتِمَّ صَوْمَهُ وَمَنْ كَانَ أَصْبَحَ مُفْطِرًا فَلْيُتِمَّ بَقِيَّةَ يَوْمِهِ فَكُنَّا بَعْدَ ذَلِكَ نَصُومُهُ وَنُصَوِّمُ صِبْيَانَنَا الصِّغَارَ مِنْهُمْ إِنْ شَاءَ اللهُ وَنَذْهَبُ إِلَى الْمَسْجِدِ فَنَجْعَلُ لَهُمُ اللُّعْبَةَ مِنَ الْعِهْنِ فَإِذَا بَكَى أَحَدُهُمْ عَلَى الطَّعَامِ أَعْطَيْنَاهَا إِيَّاهُ عِنْدَ اْلإِفْطَارِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Ар-Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ашуро куни эрталаб ансорийларнинг Мадина атрофидаги қишлоқларига одам юбориб: «Ким эрталабдан рўза ният қилган бўлса, рўзасини охирига етказсин, ким эрталабдан оғзи очиқ бўлган бўлса, куннинг қолганида таом емасин», деб айтдилар. Бас, шундан сўнг у (куннинг) рўзасини тутадиган, ёш болаларимизга ҳам, иншааллоҳ, рўза туттирадиган бўлдик. Масжидга бориб, уларга жундан ўйинчоқ қилиб берар эдик. Агар улардан бирортаси таом сўраб йиғласа, ифторгача унга ҳалиги ўйинчоқларни берар эдик» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

Мана, азизлар, ашуро куни рўзаси муҳим эканидан, нафақат Мадина, балки унинг атрофидаги қишлоқларга ҳам жарчиларни юбориб, жар чақиртирилган ва ҳаттоки ёш болаларга ҳам шу куннинг рўзасини туттириш одат тусига кирган экан. Ёш бола-да, барибир, бунинг моҳиятини тушунмаслиги мумкин, қорни очиб, чанқаб йиғласалар, масжидларда уларга жундан қилинган ўйинчоқлар бериб, шу ўйинчоқлар билан қуёш ботгунча оғзини очтирмасдан овунтириб турганлар.

Мана шу даражада муҳим бўлган ашуро куни яқинлашиб келмоқда. Бизлар ҳам фарзандларимизнинг қалбида бу кунга нисбатан, Муҳаррам ойига нисбатан, қолаверса, ўзимизнинг янги йилимизга нисбатан алоҳида бир туйғуларни шакллантириб қўйишимиз керак. Токи бизнинг фарзандларимиз янги йилимиз қачон эканини, Муҳаррам ойининг фазилатини, ашуро кунининг баракотларини тушуниб етсинлар. Улар сиздан, яъни ўз ота-оналаридан «Қачон яна янги йил бўлади, қачон яна Муҳаррам ойи келади, қачон яна ашуро куни бўлади? Бизга яна фалон нарса олиб берасизми? Ўша куни яна байрам қиламизми?» деб сўрайдиган бўлсинлар, булар – нақадар роҳатбахш сўзлар! Фарзандлар шуни талаб қилиб турадиган даражада тарбиялансалар, бу ҳақиқий маънавиятимиз, ҳақиқий миллийлигимиз эмасми? Ҳар биримиз хонадонимизда мана шу байрамона шукуҳнинг доимий бўлиб туришини таъминлашга ҳаракат қилайлик.

 

Энг соғиниб  кутилувчи рўза куни

وَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: مَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَحَرَّى صِيَامَ يَوْمٍ فَضَّلَهُ عَلَى غَيْرِهِ إِلاَّ هَذَا الْيَوْمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَهَذَا الشَّهْرَ شَهْرَ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб ва ушбу ой – Рамазон ойи рўзасини истаб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини истаганларини кўрмадим», деганлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

 

Ризқу рўздаги кенгчилик ва бараканинг сабаби

Ашуро кунининг фазли тўғрисида яна қуйидаги ҳадиси шариф бор:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ فِي يَوْمِ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَنَتِهِ كُلِّهَا. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», дедилар» (Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган).

Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ: «Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканига гувоҳ бўлдик», деганлар.

Бу ҳадиси шарифни муҳаррам ойида ашуро кунининг фазли тўғрисидаги маърузаларимизда ҳар йили такрорлаймиз ва ҳақиқатдан ҳам жамоатимиз ичида «Қори ака, айнан шу ҳадиси шарифнинг тасдиғини кўрдим», деганлар кўп. Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ қандай кўрган бўлсалар, жамоатимиз ичидан келиб бизга гувоҳлик берганлар бор. Мен ўзим бунинг тасдиғини кўрганимни гапириб ўтирмайман – мен ҳар йили буни кўраман.

Ашуро кунида аҳли оилаларингизга, фарзандларингизга кенглик яратиб беринглар, ҳар ким имконият даражасида тўкин дастурхон атрофида бир байрам қилинглар, саҳарлик, ифторликлар шундай гўзал дастурхонлар билан, дуолар билан, хатми Қуръонлар билан бўлсин, Аллоҳ таоло бутун йилни худди шундай тўкин-сочинликка айлантириб қўяди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шунинг ваъдасини бериб турибдилар-ку! Суфён Саврийдек валиюллоҳ, Аллоҳнинг энг яқин дўстларидан бири бунинг тасдиғини кўрдим, демоқдалар. Шунингдек, ичимизда ҳам ўнлаб шундай инсонлар буни кўрдим, деб менга гувоҳлик берганлар. Албатта, ҳозир ҳам кўрганингизни тасдиқлаб турибсизлар. Кўрмаганлар бу йил шуни қилишсин, бир амалга оширишсин, кўрадилар, иншааллоҳ.

Мабодо, агар шу нарса тасдиқ бўлмай қолса, демак, ўша инсоннинг ўзида қандайдир нуқсонлик ва камчилик борки, шу туфайли бу натижага эриша олмаслиги мумкин. Бунинг учун ихлос, муҳаббат, тақво талаб қилинади, ушбу мукофотга тўлиқ ишонган ҳолда амалга оширилса, иншааллоҳ, натижага эришилади. Аввало, ашуро кунидаги дастурхон ноз-неъматлар билан тўлдирилганда улар ҳалол, пок маблағ эвазидан бўлмоғи керак. Ана шунда Аллоҳ таоло барака беради.

Мана, азизлар! Қарзга ботганлар борми? Мазлумлар борми? Тавба қилмоқчи бўлганлар борми? Ҳаётининг баъзи бир ҳолатларидан нолиётганлар борми? Қандайдир мушкулоти, ҳожати борми? Марҳамат, азизлар, ашуро куни олдимизда турибди. Ана шу кунни интизорлик билан кутиб, унга астойдил тайёргарлик кўриб, дуоларимиз қабул бўладиган ҳолатда борайлик.

Аллоҳ таоло ҳозир жорий бўлиб турган 1437 йилимизнинг аввалги йилга нисбатан ҳар тарафлама ижобий бўлмоқлигини Ўзи муваффақ айласин!

Исҳоқжон Муҳаммад,  «Тўхтабой» жомеъ масжиди имом-хатиби

          (16.10.2015 йилги жума мавъизасидан олинди.)

Мавзуга оид мақолалар
Қурбонлик қурбон ҳайити кунларида қўй, эчки ё мол сўйиб амалга ошириладиган ибодатдир. Бунга «Удҳийя» давоми...

17:57 / 14.02.2017 3825
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ улама қилувчи давоми...

14:23 / 15.11.2016 8801
Ғусл қилиш вожиб бўлган ҳолатлар                                                                                            давоми...

10:34 / 10.05.2017 3399