Оилада аёл кишининг устунликка интилиши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу муаммо жуда кўп оилаларда мавжуд. Аёллар мақсадга етиш учун айланма йўллар ўйлаб топадилар, ёлғон тўқийдилар, макр ишлатадилар ва  шу ўринда Аллоҳнинг кўриб турганини унутадилар. Натижада тақво йўқолишига сабаб бўладилар. Оилага нифоқ уруғини сочадилар. Аллоҳ бераётган ризқни кесилишига сабабчи бўладилар. 

Арзимаган дунёвий ғаразни амалга ошириш учун Аллоҳ ва Унинг Расулини кўрсатмаларини қўйиб, ўз ҳавои нафсларига итоат қиладилар. Динимиз кўрсатмаларига кўра, оилани бошқариш эрнинг вазифаси, хотиннинг вазифаси эса эрига итоат қилиш. Муқаддас Ислом динимизда оиладаги эр-хотин вазифаларини ҳам ислоҳ қилиб, ҳар бирига ўзига мос вазифалар берилган. 

Масалан, уй юмушлари, фарзандларнинг тарбияси ва бошқа уй-рўзғор ишлари аёл кишига хосдир. Уйдан ташқари, яъни кўчадаги ишлар, масалан, тирикчилик, оилани молиявий таъминлаш ва бошқа шунга ўхшаш юмушлар эрнинг вазифаси ҳисобланади. Эри йўқлигида аёл киши омонатдор ҳисобланади. 

Эридан берухсат оила мулкини ташқарига чиқариши мумкин эмас. Эрига нисбатан макр-хийла қилса, ёлғон гапирса, алдаса, хиёнаткор бўлади. Ислом фақат бирон бир оғир мусибатни ёки ҳолатни олдини олиш учун ёлғонга рухсат берган.

Аллоҳ таоло ўз каломининг Талоқ сурасида:«Ҳар ким қилаётган ишларида Аллоҳдан қўрқса(ундан андиша қилса),унга муносиб ўрин қилиб беради ва гумон қилмаган ерларидан ризқлантиради,албатта, Аллоҳ ҳар  нарсага муносиб ўлчов қилиб қўйган», деб марҳамат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Икки киши шерик бўлсалар,(уларнинг) учинчиси Аллоҳдир, агар бири хиёнат қилса, Аллоҳ таоло орадан чиқади», деганлар.

Эр-хотин ҳам ҳаёти давомида шерикдир. Шунинг учун нафақат жинсий хиёнат, балки ўринсиз макр ёки ёлғон, итоатсизлик ҳам хиёнат дейилади. Булар эса ўз ўрнида ризқни кесилишига ва барака йўқолишига сабабчи ҳам бўлади.

Нифоқ ҳам оилани мустаҳкамлигини бузади. Эр ва хотиннинг тили ва дили бошқа бўлиб, бир-бирига зид бўлади. Шу сабаб мунофиқлик пайдо бўлади. барча амалларда самимийлик йўқолиб, сохтакорлик вужудга келади. Бу эса оила келажагини барбод қилади. Яна мунофиқнинг жазоси эса Қуръонда айтилганидек, бу дунёда  машаққатли ва қийин ҳаёт, охиратда эса жуда қаттиқ жазога учрайди.

Динимиз қоидаси бўйича эр киши оиланинг имомидир. Агар эр киши уйда ибодат қилиб намоз ўқиса, аёли унга иқтидо қилиши вожиб. Бироқ кўп ҳолларда акси кузатилади, намоз алоҳида ўқилади, ётоқ ҳам алоҳида бўлади, овқатланиш ҳам алоҳида бўлади. Бу эса Исломий оила учун фалокат, улкан офатдир!

Кўп ҳолларда озгина диний китоб ўқиб қўйган аёл эрини шу китобларга қизиқтириш ўрнига уни жоҳилга чиқаради, менсимайди. Охир оқибат эрини диндан ҳам, ўзидан ҳам совутади. Меҳр-оқибат, муҳаббатдан узоқлашадилар. Бунинг натижасида икки тарафда балоларнинг боши гумон пайдо бўлади. Аёл киши эрининг эътиборсизлигидан «Ўйнаши бор, мендан кўнгли қолди ёки бўлмаса, иккинчи аёли бор», деган гумонга боради. Ва албатта, оилада жанжал кўтарилади. Бу ҳам оғир мусибатдир.

Эркак Аллоҳ таоло уни аёлдан бир даража юқори қилгани ва нафақа бергани учун устундир. Эрингизнинг кўнглига қаранг, дилини оғритиб қўйиб, ўзингиздан совутиб қўйманг! Аллоҳ ва Унинг Расули ихтиёр қилган нарса мусулмонларга вожибдур.

Эрингиз кўчадан сиз учун ризқ излаб, машаққат тортиб, ҳориган ҳолда келади. Албатта, сиздан меҳр, улфатлик, ширин сўз, тасалли истайди. У тирикчилик ташвишини кўтарганидан кейин сиз ҳам ширин сўз ва меҳрингиз билан эрингизнинг ғам ва ғуборларини кўтаринг. Эртанги кун учун тайёрланишга имконият яратиб беринг!

Эр-хотин ўртасида нифоқлик бор оилаларни кўпини кўрдик, улар қанча кўп меҳнат қилсалар ҳам, аҳволлари доимо танг ва ночор. Чунки уларнинг ҳукми – шу!

Эрнинг шариатга мувофиқ, Аллоҳга гуноҳкор қилмайдиган ҳар бир сўзи оила аъзолари томонидан сўзсиз  бажарилиши шарт! Билингки, Фотиҳа сурасининг илк оятида: «Мақтовлар оламларнинг эгаси бўлган Аллоҳга тегишли», деб маъно берилган.

Кимни мақтасангиз, кимдан ва нимадан рози бўлиб ҳамдлар айтсангиз, барчаси Аллоҳ таолога тегишли, чунки Аллоҳ таоло – барча мақтовларга лойиқ энг буюк Зот.

Агар акси бўлиб ёмонласангиз, норози бўлсангиз ҳам, барчаси Аллоҳ таолога боради, чунки У Зот – бутун оламларнинг Роббиси.

Агар Аллоҳ ва Унинг Расулига, охират кунига иймонингиз бўлса, ҳар доим розилик, миннатдорчилик ва шукрона одатингиз бўлсин! Шунда ёмонликлардан халос бўласиз, юзингиз ва қалбингиздан доимо қувонч аримайди. Исломингиз нафақат ташқи кўринишингизда, кўчада, танишларингиз орасида, балки аввало, ўз ички дунёингизда, ўз оилангизда кўринсин!

Жавомиул Калим китобидаги 40-ҳадисда: «Одамлар ўзингизга қандай муомала қилишларини ёқтирмасанг, ўзинг ҳам уларга шундай муомала қилма!» дейилган.

Демак, хиёнат қилманг – хиёнат кўрмайсиз, алдаманг – алданмайсиз, рози бўлинг – сиздан ҳам рози бўладилар.

Муҳтарама муслима аёллар!

Эрингизни Аллоҳ розилиги учун чиндан севиб, меҳрингизни аяманг. Эрингиз ҳам шундай жавоб қайтаради. Кўнглига озор берманг, доимо кулиб туринг. Алдашга ёки макр ишлатишга ҳаракат ҳам қилманг. Чунки ўзингизга қайтса, бунга чидолмайсиз. Аллоҳ рози бўлсин барчамиздан!

Мавзуга оид мақолалар
 Куни кеча 9 ёшли ўғлим «Ада, Ҳазратнинг  вафотлари менга ойимнинг вафотларидек таъсир қилди», деди. Онасини давоми...

06:36 / 03.02.2017 5343
Аёлнинг ҳажи ҳам худди эркакникига ўхшайди. Фақат у бошини очмайди, юзини очади. Агар юзига тегмайдиган давоми...

16:29 / 21.11.2016 3738
.Улар quotРоббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни давоми...

21:19 / 03.05.2023 2024