Аёллар либоси III
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, атир-упалар билан лозим топилган жойларда хушбўйлашиб юришга тарғиб қилганлар. Аммо шу билан бирга, зебу зийнат орқасидан қувиб, ҳаддан ошишдан, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар.

Ана шундай ман қилинган ишлар қаторига аёл кишининг сочига бошқа сочни улаш ва улатиш, ясама хол қўйиш ва қўйдириш, қошни ингичка қилиб териш ва тердириш, тишларининг орасини сунъий равишда очиш ва очдириш, юзининг рангини бутунлай ўзгартириш учун турли воситалар билан ювиш ва ювдириш каби амаллар ҳам киради.

Мўмина-муслима аёлларга бу ишларни қилишлари ҳам, бошқаларга бажартиришлари ҳам мутлақо мумкин эмас.

Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фаҳш гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий тадбирларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан пок бўлади.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят:

«Жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар» ояти нозил бўлганидан кейин ансорийларнинг аёллари қора рангли кийим ёпиниб, худди бошларида қарға ўтиргандек сокинлик билан чиқдилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоят илк исломий даврнинг шонли аёллари, инсоният тарихи саҳифаларига ўз исмларини олтин ҳарфлар билан ёзишга мушарраф бўлган, Ислом умматининг шону шарафи бўлган, ер юзини Ислом нурига тўлдирган, биринчи исломий давлатни барпо қилишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўз ҳиссаларини қўшган буюк момоларимизнинг кўплаб қаҳрамонлик намуналаридан бирини васф қилмоқда.

Ушбу ривоятда шарафланаётган аёллар кечагина ўзларининг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган очиқ-сочиқлик, турли беодобликларини қилиб юрган эдилар. Бугун эса улар виқорли бўлдилар. Ҳижобли бўлдилар. Ўз қадрларини билдилар. Ўзларини турли беҳаё ва шилқимларга мўлжал бўлишдек шармсизликдан ҳимоя қилишни ўргандилар.

Уларни бунчалик олий даражага кўтарган нарса уларнинг иймонлари эди. Аллоҳга бўлган иймонлари уларга пасткашлик қилишга изн бермас эди. Улар энди барча ишни Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси ила қилишга ўтган эдилар. Буни эса ўзларига чексиз шараф деб билардилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг каломи шарифида биргина оятнинг нозил бўлиши уларнинг кийиниш борасидаги дунёқарашлари, ўзларини тутишлари ва юриш-туришларини тамоман ўзгартириб юборди.

Худди мана шу руҳ ўша момоларимизнинг номларини инсоният тарихида олтин ҳарфлар билан ёзилишига сабаб бўлди. Уларни инсоният тарихидаги энг бахтли авлодни туғиб-тарбиялаш бахтига муяссар қилди. Шунингдек, бошқа кўплаб ғалабаларга, муваффақиятларга сабаб бўлди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Биринчи муҳожир аёлларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Аллоҳ «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилиши билан дарҳол муртларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Мурт» аёл кишининг жисмини тўсиб турадиган, елкадан ташлаб юриладиган кийим.

Бу ривоят ҳам ўзидан аввалгисини қувватлаб келмоқда. Исломдан олдин ҳозиргига ўхшаб аёллар рўмол ўрашни, ўзини хиёнатчи кўзлардан сақлашни ёмон кўрар эдилар. Аксинча, ҳозиргига ўхшаб иложи борича эркакларнинг кўзини ўйнатишга, баданининг кўпроқ қисмини очиб юришга ҳаракат қилар эдилар. Шунинг учун ҳам «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил қилинган чоғда ўша оятга амал қилмоқчи бўлган муслима аёллар ҳам ўрагани рўмол топа олмай қолганлар ва ушбу ривоятда айтилаётганидек, дарҳол муртларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар.

Бу ўша ажойиб мўминалар авлодининг қаҳрамонлиги ва Аллоҳнинг амрига дарҳол юришларининг намунаси эди. Шунинг учун ҳам Оиша онамиз уларни мадҳ ила эсламоқдалар ва ҳақларига дуо қилмоқдалар.

Ушбу ривоятнинг бошқа сийғаларида, мурт ўрнига жилбоб ва изор ҳам келган. Яъни  ҳар аёл ўз имконига қараб ўзида бор ортиқча кийимдан йиртиб, рўмол қилиб, бошига солган.

Баъзи муҳтарама опа-сингилларимиз Аллоҳнинг ушбу масаладаги амрини билмай келаётган бўлсалар, билишлари ила худди мазкура саҳобияларга ўхшаш иш қилиб, дарҳол рўмол ўраб, ўзларини исломий кийимга олсалар, улуғ иш бўлади. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир бирор кийимни йиртиб рўмол қилиш эҳтиёжи ҳам йўқ. Рўмоллар етарли. Фақат истак керак, холос.

Аёл кишининг ўзига хос кийиниши ўзига хос гўзаллик кашф этишини аёлларнинг ўзлари тушуниб етмоқлари керак. Бу ҳақиқатни аёллар ўзларига келган, уларнинг ҳақиқий инсоний табиатлари ўзлигини намоён қилган пайтда кўриш мумкин.

Ўшандоқ пайтлардан бири яқинларнинг ўлими. Бошига ўлим қайғуси тушган аёллар ўзларини ўнглашга ҳаракат қилиб қолишади. Ҳатто бошқа диндагилар ҳам. Ана шундоқ пайтларда улар бошларига рўмол ўрашга биринчи бўлиб шошиладилар. Таъзияга кетаётган аёллар бошқаларидан рўмол сўраб туришлари ҳам шуни кўрсатади. Аммо бир оз ўтиб, ўлим, ўлимни келтирувчи Аллоҳ эсларидан чиққанда рўмол ҳам эсларидан чиқади.

Ҳақиқий мўмина-муслима аёлларда эса бу ҳолат мутлақо бўлмайди. Чунки улар Аллоҳ таолони бир лаҳза ҳам унутмайдилар. Аллоҳнинг амридан бир лаҳза ҳам четга чиқмайдилар. Ҳар бир ишни Аллоҳ таолонинг динига – Исломга мослаб қиладилар. Ана ўша ҳолатнинг зоҳирий кўриниши мўминаларнинг шариатга мувофиқ кийинишларида бўлади.

Ҳа, аёллар ҳар бир умматнинг кучи ёки заифлигини кўрсатиб турувчи дақиқ белгидирлар.

Улар ҳар бир умматнинг тараққиёти ёки қолоқлигини ўлчайдиган тўғри ўлчовдирлар.

Ҳар бир жамиятнинг аҳли солиҳ бўлиши ундаги оилаларнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.

Ҳар бир оиланинг аҳли солиҳ бўлиши эса ундаги аёлнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.

Ҳар бир аёлнинг аҳли солиҳ бўлиши иймон-эътиқодли, илмли ва тақводор бўлишига боғлиқ.

Аёли йўлдан чиққан оиланинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.

Оилалари йўлдан чиққан жамиятнинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.

Халифа Муъизлидиниллаҳ Мисрни ўзига бўйсундиролмай узоқ вақт қийналди. У кўп марта куч ишлатиш режасини қилар, лекин Мисрда ҳукмни қўлларида тутиб турган Ихшидийларнинг шавкатидан қўрқиб, орқага қайтар эди.

Бир куни унга, Ихшидийлар қасрининг аёллари айш-ишратга берилибдилар, фазилатларини унутибдилар, деган хабар келди. Шунда халифа енгил нафас олиб, энди Миср бизники бўлди, деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Саламанинг олдига кирганларида у рўмол ўраётган эди. Бас, у Зот: «Бир марта айлантириш. Икки марта эмас», дедилар.

Шарҳ: Яъни рўмол ўраганда уни бўйиндан икки марта айлантирмасдан бир марта айлантириш кераклиги таъкидланмоқда.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юпқа кийим билан кирди. Бас, у Зот ундан юзларини ўгириб олдилар ва: «Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилдилар».

Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан мўмина аёлнинг кийиниши ҳақидаги масалага оид бир неча ҳукмлар олинади:

1. Мўмина-муслима аёлларнинг кийимлари юпқа бўлмаслиги шарт.

Тагидан бадан кўриниб турадиган кийим сатри авратга кирмайди. Уламо аҳли бунга ўзи қалин бўлса ҳам, торлиги учун баданни васф қилиб турадиган кийимларни ҳам қўшадилар.

2. Мусулмон эркаклар очиқ-сочиқ, ношаръий кийиниб юрган аёллар қаршиларидан чиқса, уларга қарамаслик чорасини қилишлари лозимлиги.

3. Шаръий кийиниш, бошқа шаръий таклифларга ўхшаб, қизлар балоғатга етгандан сўнг фарз бўлиши.

4. Юз ва икки кафт муслима аёллар учун аврат эмаслиги. Муслималар юзлари ва икки кафтлари номаҳрамларга кўриниши туфайли гуноҳкор бўлмайдилар.

Бу жумҳури уламо, жумладан, Ҳанафий, Моликий ва Шофеъий мазҳабларининг иттифоқидир. Албатта, ўша пайтда юз ва икки кафт зебу зийнатсиз бўлиши ва фитна хавфи бўлмаслиги шарт.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар.

Шунда Умму Салама:

«Аёллар этакларини қандоқ қиладилар?» деди.

«Бир қарич тушириб оладилар», дедилар у Зот.

«Ундоқ бўлса, оёқлари очилиб қолади», деди у.

«Бир зироъ тушириб оладилар, ундан зиёда эмас», дедилар у Зот».

Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Зироъ» – ўртача икки қарич узунлигидаги ўлчов бирлиги.

Аввал ўрганиб ўтганимиздек, мусулмонлар манманлик ила кийимларини осилтириб, ерга судраб юришдан қайтарилганлар. Бу амр эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам экан. Аммо аёлларга сатр иши қаттиқ таъкидланганидан мазкур ҳукмда уларга хос чегара белгиланган экан. Ушбу аёллар учун хос ҳукмнинг шариатга киритилишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан бирлари Умму Салама онамиз сабабчи бўлган эканлар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмас», дедилар».

Аввал ўрганиб чиққанимиздек, бу жумлада баён этилаётган жазо оғирдир. Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг назаридан бенасиб қолиш, деганидир.

Умму Салама онамиз аёллик ҳислари билан аёлларнинг ғамини қилдилар. Улар этаклари узун кўйлак кийишлари шартлигини ўйлаб, у ҳолда ҳозир айтилган гаплар нима бўлади, деган хаёлга бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Аёллар этакларини қандоқ қиладилар?» деб савол бердилар.

Уларнинг этаклари узун, шундоқ бўлиши керак ҳам. Агар манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга назар солмаса, аёллар ҳам этакларини болдирнинг ярмидан кесиб ташлашлари керакми? Ёки бошқа бирор ечим борми?

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга бошқа ечим борлигини билдириб жавоб бердилар:

«Бир қарич тушириб оладилар», дедилар у зот».

Бу ҳам аёлларнинг тўсиниб юришлари муҳимлиги учун қилинган истиснодир. Лекин Умму Салама онамиз аёлларнинг ўзларига хос ҳассослик билан масалани яна ойдинлаштиришни ирода қилиб:

«Ундоқ бўлса, оёқлари очилиб қолади», дедилар.

Яъни аёллар этакларини бир қарич тушириб юрганларида ҳам оёқлари очилиб қолиши турган гап. Унда нима бўлади?

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳал қилувчи жавобни бердилар:

«Бир зироъ тушириб оладилар, ундан зиёда эмас», дедилар у Зот».

Бир қарич туширилган этакларидан ҳам оёқлари очилиб қоладиган бўлса, аёллар этакларини бир зироъ-икки қарич тушириб юрсинлар. Аммо ундан ортиғига рухсат йўқ. Ушбудан мақсад аврат ҳисобланадиган жойни номаҳрамларга кўрсатмаслик экани келиб чиқади. Мақсад қанча узун ёки қисқа бўлишида эмас экан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муслима аёлларнинг кийимлари дунёдаги энг гўзал, энг чиройли, энг одобли, энг яхши, энг муҳими эса  Аллоҳнинг амрига мувофиқ кийимлардир. Бундан ортиқ шараф бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам бу кийимларга Аллоҳни унутган, Аллоҳдан қўрқмаганларгина қарши чиқадилар. Чунки Ислом душманлари муслималар динларига амал қилсалар, Ислом жамияти енгиб бўлмас кучга айланишини яхши биладилар. Бу масалани барча мусулмонлар яхши англаб етишлари ва шунга яраша ҳаракат қилишлари лозим.

Уламо аҳли муслима аёлнинг либоси тўғрисидаги барча ҳужжат ва далилларни пухта ўрганиб чиқиб, жумладан, қуйидаги мулоҳазаларни айтганлар;

1. Аёл кишининг либоси таги билиниб турадиган даражада юпқа ва тор бўлмаслиги лозим.

2. Аёл киши тилло ва кумуш билан безалган, нақшланган кийимларни кийиши жоиз.

3. Аёл киши эркак кишининг кийимини кийиши ҳаром.

 
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло истиғфорни гуноҳларнинг заҳрини кесувчи малҳам қилди. Истиғфорнинг маъноси Аллоҳ таолодан давоми...

06:22 / 29.12.2016 4634
14 февраль куни пойтахтдаги Фаровон тўйхонасида аёлқизлар ўртасида ўтказилган Қуръон мусобақаси жуда давоми...

10:50 / 15.02.2018 4210
Шу йилнинг январь ойидан бошлаб «Аэрофлот» йўловчилари учиш давомида тамадди қилиш учун ҳалол овқат давоми...

11:19 / 09.11.2016 3258
Нурдан яратди фаришталарни, Мўминларга атади гўзал жаннатни, Азон садосидан мамнундир давоми...

15:29 / 25.01.2017 4210