Ухдуд эгалари қиссаси(2)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўминнинг айби ёхуд Қурайшнинг нафрати

Мусулмонларнинг кофир қавмларнинг олдидаги айби ҳақида эшитганмисиз? Улуғ саҳобалардан бири Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг нима сабабдан Каъбадаги бутларга ўхшаб қонга беланганини-чи? «Буруж» сурасида келтирилган «Асҳоби Ухдуд» ҳақидаги оятлар билан танишиб чиқар экансиз, бу ва бошқа турли ажабтовур саволларга жавоб топишингиз мумкин, иншааллоҳ!

Инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида мусулмонларга қарши қилинган қатағонлар, жабр-зулмлар ва азоб-уқубатларни кўрган. Ана ўшалардан бир қанчаси Қуръони Каримнинг баъзи сураларида келтирилган. «Буруж» сурасида ҳам унинг сиёқига мослаб, «Асҳоби Ухдуд»нинг қиссаси келтирилмоқда. Унда кофирлар мўминларни оловга тўлдирилган узун-узун чуқурга ташлаб куйдириб, ўзлари устида томоша қилиб турганлиги васф қилинган.

Буруж сурасининг «Асҳоби Ухдуд» ҳақидаги оятлар тафсирида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Суҳайбдан ривоят қилинган ҳадисни келтирадилар. Ушбу ҳадиснинг тўлиқ матнини Ухдуд эгалари ҳақидаги мақолалар тўпламининг муқаддимасида келтирдик.

Ушбу қиссада ҳар замонда бўлгани каби кофирларнинг мўминларга тазйиқ ўтказиб, уларга зулм қилиб, азоблаб, қамаб, ўлдириб келаётгани айтилган. Шундай экан, кофирлар бу ишни нима учун қилаётганларини билиб олишимиз керак. Бечора мўминлар нима учун бунча азобланади? Кофирлар мўминлардан қандай айб топдиларки, уларни бунчалик тазйиққа олиб, азоблайдилар? Жумладан, ушбу қиссадаги зикри келаётган кофирлар мўминлардан нима айб топдиларки, уларни ўтга ташлаб куйдирадилар?

Бу саволнинг жавоби ушбу оятда келади: «Ва (улар) мўминлардан Азиз, Ҳамид Аллоҳга бўлган иймондан бошқа «айб» топа олмадилар». Ҳа, кофирлар доимо мўминлардан уларнинг Аллоҳ таолога бўлган иймонларидан ўзга ҳеч бир айб топа олмаганлар. Аллоҳ таолога бўлган иймон доимо мўминларнинг кофирлар олдидаги «айби» бўлиб келган.

Ушбу оятлар нозил бўлаётган бир пайтда оз сонли мусулмонлар ҳам Макка мушрикларининг алвон азобларига дучор бўлаётган бир пайт эди. Шундай кунларнинг бирида, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам пайғамбарликларининг илк даврларида, Макка билан Шом орасида жойлашган Виддан номли водийдаги саҳровий Ғифор қабиласида истиқомат қиладиган Абу Зарр исмли киши ўз укасини Маккага юбориб, пайғамбарликни даъво қилаётган одам ҳақида хабар олиб келишини тайинлади. У укасига: «Уловингни миниб, анави водийга бор. Менга ўзини Набий деб, унга осмондан хабар келишини даъво қилаётган киши ҳақида бир нарса билиб кел. Унинг каломига қулоқ ос, кейин олдимга кел», деди.

Укаси Маккага жўнаб кетди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини эшитиб, Абу Заррнинг олдига қайтиб борди ва унга: «Мен унинг яхшиликка амр қилаётганини кўрдим ва шеър бўлмаган гап айтаётганини эшитдим». деди.

Абу Зарр: «Мен хоҳлаган хабарни менга олиб келмадинг», деди ва ўзи Маккага етиб борди. Ўша вақтларда ҳам Каъба муқаддас макон ҳисобланар эди. Абу Зарр шу боис Каъбага кириб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни, агар у чиндан ҳам Пайғамбар бўлса, ўша ердан топаман, деб ўйлади. Абу Зарр у Зотни ҳеч кўрмаган, ўзини танимас эди. У ҳақида бировдан сўрашни ҳам хоҳламади. Кечаси бўлганда ёнбошлаб ётди.

Бас, уни Али розияллоҳу анҳу кўриб қолди. Али унга : «Сени нима олиб келганини менга гапирмайсанми?» деди. Абу Зарр: «Агар менга йўл кўрсатишга ишончли аҳд берсанг, айтаман», деди. Али аҳд берган эди, Абу Зарр нимага келганини айтди. Шунда Али: «Албатта, бу ҳақдир. У Зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Тонг отганидан кейин менга эргашиб бор. Мен хавфли бирор нарсани кўрсам, худди сув оқизаётгандек бўлиб тураман. Агар юришда давом этсам, мен кирган жойга киргунингча орқамдан эргашиб бор», деди.

У ўшандоқ қилди. Унинг орқасида то Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киргунча эргашиб борди. У Зотнинг гапларини эшитди ва ўша ернинг ўзида мусулмон бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қайтиб бориб, қавмингга хабарни етказ. Менинг амрим келгунча кут», дедилар. «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, уларнинг ичида бу (шаҳодат)ни қичқириб айтаман!» деди. У чиқиб, масжидга кириб борди ва баланд овоз ила: «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннаа Муҳаммадан Расулуллоҳ!!!» деб қичқирди... Одамлар уни бу иймони учун калтаклашди.

Абу Зарр эртасига қайтиб, яна аввалгига ўхшаш ишни қилди. Улар яна уни калтаклашди. Аббос келиб яна уни қутқазиб олди. Абу Зарр ўзига келганида ўзини қип-қизил қонга беланган ҳолда кўрди. Ўша даврда Каъбада бир бут бўлиб, мушриклар унга қурбонлик келтириб, қурбонликка сўйилган ҳайвоннинг қонини ўша бутнинг устига чаплашар эди. Абу Зарр ҳам худди ўша бутга ўхшаб қонга беланиб ётар эди.

Буни қаранг, унинг айби фақат Расулуллоҳга иймон келтиргани, Исломга киргани эди, холос. Мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган нафратлари шу қадар кучли эдики, У Зотга ишонган бир кишини шунчалар тепкилаб, ҳушидан кетишигача олиб боришди.

Ҳа, Ухдуд эгалари қиссасида ҳам подшоҳ мусулмонларни оловли чуқурга ташлаш учун, маккалик мушриклар эса Абу Зарр розияллоҳу анҳуни тепкилаш учун унда Азиз ва Ҳамид Аллоҳга бўлган иймондан бошқа «айб» топа олмадилар.

Ҳозирги замонда ҳам дунёга синчковлик билан назар ташласангиз, оммавий ахборот воситаларидаги хабарлар билан танишиб чиқсангиз, қанча-қанча мўминларнинг Аллоҳга бўлган иймони туфайли турли тазйиқларга, камситишларга ва хўрликларга дучор бўлаётганининг шоҳиди бўласиз. Ўзларини инсон ҳуқуқларининг ҳимоячилари деб атовчи Ғарб давлатларидаги касалхоналарда аллақандай қасамни ичган докторларнинг мусулмонларни даволашдан бош тортгани, учувчининг учоқда бир муслиманинг бўлгани учун учишдан тўхтагани, шаръий либос кийгани учун фалон пул жарима тўлаганини ва бошқа турли ҳолатларнинг гувоҳи бўлишингиз мумкин.

Ҳа, мўминнинг Азиз ва Ҳамид Аллоҳга бўлган иймони унинг кофирларнинг олдидаги «айб»и экан, ҳар бир мўмин бундай «айб»и билан фахрланса арзийди. Сизнинг ҳам «айб»ингиз муборак бўлсин!

Мақола «Ilmfruits.com» сайтидан таржима қилинди. Таржимон: Саид Комил 
Мавзуга оид мақолалар
 Аллоҳ таоло инсонни яратибдики, уни бутун махлуқотлар ичида энг азиз ва мукаррами қилиб қўйди. Инсон зотига давоми...

18:52 / 16.02.2018 2897
embedhttpswww.youtube.comwatchvfL5xWrGKVygfeatureyoutu.beembed

10:39 / 08.02.2018 3571
6 Издошлар, шогирдлар юлдуздек бесон, Устоз эди ул зот доно, меҳрибон. Барини санашга саноқ давоми...

11:55 / 09.02.2017 3913
Маълумки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли, қудратли давоми...

06:46 / 29.12.2016 3975