Индамаслар олами
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Индамаслар оламин сайр айладим.

Сайр этиб мен бериё хайр айладим.

 Энг ажаб олам экан бу олами,

Сайр қилсин, бўлса ҳар кимнинг ғами.

Унда беравзан экан ҳар бир бино,

Ул биноларнинг ичида йўқ ҳаво.

 Сўриси йўқ, саҳни йўқ, айвони йўқ.

Ақраболар йўқ, азиз меҳмони йўқ.

Беўчоғу, бепалосу, бетанур,

Бетаому бе либосу қайда нур?

Аксарин томин босибдур хору хас,

Соҳиби бор-ку ва лекин бенафас.

 Томи ҳам, девори ҳам туфроқ эрур,

Эски ғордан ҳам қоронғуроқ эрур.

Устида сонсиз чумоли йўрғалар,

Турли-турли қурту қўнғиз ўрмалар.

Қору ёмғир томларин қилмиш хароб,

Лойга айланмиш тани олийжаноб.

Бу бинолар ёнма-ён, катта-кичик,

Баъзиси кимнинг уйи, номи битик.

 Баъзисин устида нақшинкорлик,

Санги мармарга битик ёдгорлик.

Эрми, хотинми, қарими, ёшми,

Ёки жоду кўзми қийғоч қошми?

Камбағалми, бойми, ё олиммиди,

Ёки ҳоким, ё ҳаким, ул ким эди?

Ё гадоми, ё ҳалим, ёки чапан,

Ким таниб олгай суякнинг рангидан!

 Бир-биридан фарқи йўқ ҳеч кимсанинг,

Пўсти йўқ, сўнгак фақат жисми анинг.

Минг такаббур бўлса ҳам, даъвоси йўқ,

Нозанинлар нозу истиғноси йўқ,

 Макр этишга ҳоли йўқ маккорнинг,

Ҳоли йўқ тоат учун диндорнинг.

Бир нафар ҳам оғзи сассиқ маст йўқ,

Сўккучи тил, ургучи зўр даст йўқ.

 Қўйди-чиқди йўқ бунинг рўзғорида,

Урди-йиқди йўқ бунинг бозорида.

Бирни юзга, юзни мингга сотгучи,

Ажралиб сармоядан жим ётгучи.

 Элни беҳуда маломат айлаган

Оғзидан гул ўрнига чиқмиш тикан.

Кимсада йўқ мадҳу васфу лофу қоф,

Йўқ ғараз ҳам дағдага, жангу масоф.

 Кўзгу йўқ деворида, кўрмас ўзин,

Қанча кир бўлсун юволмайдур юзин.

Беш қўлин оғзига тиққан нафси бад,

Комига туфроқ тўлибдур то абад.

 Ким риёкору мунофиқ, беҳаё,

Қолмиш элнинг лаънатига доимо.

Беадаб безорию хулқи ёмон,

Улфати бўлмиш у манзилда илон.

Бунда мансаб йўқ, хушомадгўй йўқ,

Зебу зийнат бирла рангу бўй йўқ.

 Бунда йўқ ҳеч кимга таҳқири назар,

Хор кимдур билмадим, ким мўътабар.

Балки майгул лабдан унмиш лолалар,

Лола юзлар қайда, йўқдур волалар.

 Жим ётур ман-ман деган боз-бозлар,

Бетида туфроқ эрур пардозлар.

Тадбиру пуркорлик қўл келмамиш,

Ҳийлаю айёрлик қўл келмамиш.

Ишлатолмай тилни иғвогар хомуш,

Қолмамиш оқилда ҳам бир ақлу ҳуш.

 Қўл узатмайдур тамаъ бирлан гадо,

Йўқ сахий аҳлида ҳам лутфу сахо.

Пора-пора порахўрлар жисми ҳам,

Эл аро буткул йўқолмиш исми ҳам.

 Ноилож золим ётибдур бемажол,

Нотавон мазлумда ҳам йўқ қийлу қол.

Оғзида туфроқ хасис, очкўз, бахил,

Ҳаммасин ер ебди қўймай йилма-йил.

Алдаёлмасдан ётур алдоқчилар,

Комга қум тўлган ётур айғоқчилар.

 Қўйнида йўқдур қаламкаш дафтари,

Йўқ эрур қонхўр қўлида ханжари.

Йўқ уларда ихтиёру иқтидор,

Қишми, кузми, бехабар ёзми, баҳор.

 Қанча минг йиллар эрурким кун ботур,

Қанча минг йиллар эрурким тонг отур.

Кеча-кундуздан хабарсиздур улар,

Буткул эрмас бу тасаввур мухтасар.

Тек ётур, хомуш ётур, жимжит ётур,

Туфроғин баъзан шамол бир қўзғотур.

Ота-она бирла фарзанд бир-бирин

Чеҳрасига ташлаёлмас кўз қирин.

Эру хотун бирла хешу ақрабо,

Бир-биридан бехабардур мутлақо.

Бу сўзум эрмас хурофотдан дарак,

Бу ҳақиқат олами, ибрат демак.

 Соатни бунда саёҳат айладим,

Не саёҳат, минг надомат айладим.

Кўзда ёшим бўлган эрди пардадор,

Йиғлади дил парда ичра зор-зор.

Ваҳмдан лекин тетик тутдим ўзим,

Бир томонга ногаҳон тушди кўзим.

Бир маконки, менга бўлди жилвагар,

Устидан унмиш гўё найшакар.

Кўрдиму кўнглимга етди бир сурур,

Жилваси қалбим аро бахш этди нур.

 «Кел» дегандай бўлди менга шул замон,

Бу нидони тинглади жисмимда жон.

Кўз юмиб шул дам дедим: «Эй найнавоз,

Най рамузидан хабар бергил бир оз.

Не сабаб жойингда ўзга файз бор,

Бу маконинг нега гўё лолазор.

 Сен ким эрдинг, бунда келмасдан бурун,

Бир хабар бер менга ҳолингдан бу кун.

 Деб кўзим юмдим қилиб бошимни хам,

Келди гўё менга бир овоз шу дам.

Айди: «Эй фарзанд, мен айтай, тинглағил,

Не десам мен, зарра шак келтирмағил.

 Аввало, мен поку беозор эдим,

Элни шод этгучи парҳезкор эдим.

 Умр ўткардим ҳалол меҳнат билан,

Элни хурсанд айладим санъат билан.

Доимо қилдим бахилликдан ҳазар,

Яхшиликни ўйладим шому саҳар.

Ота-она дилларин шод айладим,

Руҳларин ҳар лаҳзада ёд айладим.

Яхши ният эрди қалбимда чироқ,

Мен эдим кина-кудуратдан йироқ.

Ҳеч бир инсонга хиёнат қилмадим,

Ҳеч ёмон ишларга одат қилмадим.

Эл учун ҳар ишда қилдим мардлик,

Қилмадим нокаслигу номардлик.

Тўғри йўл бирлан кечирдим мен ҳаёт,

Юрту халқим менга қилди илтифот.

Менда ҳаргиз йўқ эди кибру ҳаво,

Шул сабабдан бўлди эл мендан ризо.

Шул сабаблардан маконим файзлик,

Қил амал сенда агар бўлса билик.

 Бу рамузни най тили бирла деди,

Индамаслар олами хомуш эди.

Ногаҳон келди бир овозе ҳазин,

«Тут қулоқ бир лаҳза мен ҳам дейин.

Бор эди севган қатор фарзандларим,

Кўзларимнинг нурию дилбандларим.

 Эркалатдим , меҳрибонлик айладим,

Сизладим, ширинзабонлик айладим.

Бир совуқ шаббода ҳам кўрмай раво

Хасталанса, тинмай истардим даво.

 Ўстирардим минг машаққатлар билан,

Қўлларим бошида шафқатлар билан.

Гоҳи озғин, гоҳи тўзғин мен ўзим,

Янги қийсин деб жигарбандим, қўзим

 Гоҳи пулдор, гоҳи бўлдим қарздор,

Юз берарди турли ташвишлар қатор.

Вояга етгунча у кўзқоралар,

Қоматим хам бўлди, бағрим поралар.

 Қолдирарман деб уларга боғу роғ,

Мен олиб келдим дилимда қанча доғ

Қолди унда зарнигор кошона ҳам,

Қолди ёру ошино, бегона ҳам.

 Ризқ учун ёлғон-яшиқ сўз ишлатиб,

Баъзида бир пул учун бошим қотиб.

Дўмпайиб турган шу туфроқ пастида

Мен ётибдурман оёқлар остида.

 Келмади йилдур кўзимнинг равшани,

Яъни у фарзанди дилбандлар қани?

Бу маконим устига бир йўл қара,

Борми айт, ҳатто, ёғочдан панжара.

 Бу мени ҳайрону лол айлар эди,

Бу тасаввур поймол айлар эди.

Ўзга ёндан келди шул дам бир нидо,

Айди менга: «Тут қулоғинг мутлақо:

  Бу садо жондан келур, инсон, эшит,

Эй тирик юрган, тирик қадрига ет.

Эсласин руҳимни авлодим десанг,

Ўтган аждодингни сен қам ҳурмат эт».

 Мен бу маънони эшитдим жон билан,

Ҳам қабул этдим буни виждон билан.

Элга ҳам бул сўзни изҳор айладим,

Бир эмас, такрор-такрор айладим.

 Индамаслар оламига сол назар,

Сен ўзингдан қил уларни баҳравар.

Ота-она руҳин эсла, шод қил,

Яъни ётган масканин обод қил.

 Кўз очиб бу ўю бу фикрат билан,

Ташқари қўйдим қадам ҳайрат билан.

Мен дедим: Кел, Чустиё, ҳушёр бўл,

Яхши ният бирла беозор бўл..

Тўғри бўл, қилғил ёмонликдан ҳазар,

Эл мозоринг лавҳига раҳмат ёзар.Чустий.

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvTuE9Z9BUH9cembed

17:48 / 26.04.2018 2829
embedhttpswww.youtube.comwatchvfTzZHUes764embed

14:52 / 06.02.2015 5829
Ушбу ёз фаслида кимлардир мактабни тамомлади. Дарслар, навбатчиликлар, иккию беш баҳолар, жанжал давоми...

21:00 / 13.07.2019 4697
Банда бир неъматга шукр қилишлиги учун Аллоҳга ҳамд айтиб, ўша неъматдан Аллоҳ таолонинг ризолиги йўлида давоми...

21:26 / 19.01.2017 6095