Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо фазллари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо қандай хонадондан эканликларини таърифлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. У кишининг оталари иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу ан­ҳудир. Оналари эса Зайнаб бинти Мазъун ҳам машҳур хонадондан бўлиб, саҳобий Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг синглисидир. Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

 «Ҳафса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Gайғамбар этиб юборилишларидан беш йил олдин, Қурайш Байтни қураётган пайтда туғилган», деган.

Бундан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлаганда Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо беш ёшли қизча экани маълум бўлади. Ҳафса эс-ҳушини таниганидан бошлаб, исломий муҳитда ўсди. Умар розияллоҳу анҳу Исломга келганларидан кейин у кишининг уйлари Маккадаги дин таянчларидан бирига айланган эди. У кишининг тоғаси Мазъун розияллоҳу анҳунинг болалари ҳам Ислом фидокорларидан эди. Ҳафсанинг аммалари Фотима бинти Хаттоб ва у кишининг эри Саъид ибн Зайд мусулмонликни дастлаб қабул қилган кишилардан эдилар.

Оила қуриш ва ҳижрат

Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо ана ўшандоқ исломий шароитда тақводор ва фидокор бўлиб ўсди. У киши оила қуриш ёшига етганида Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмийга турмушга чиқди. У кишининг турмуш ўртоқлари ҳам Исломга аввал кирганлардан эди. Янги оила ўша пайтда Ислом асосида қурилган нодир оилалардан бири бўлиб, бахтиёр ҳаёт кечириш ниятида эдилар. Аммо дин душманлари бунга йўл қўймадилар. Мушрикларнинг тазйиқларидан қочиб, Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмий Ҳабашистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. У ерда бошқа муҳожирлар билан маълум муддат турганидан кейин яна Маккага қайтиб келдилар. Мушрикларнинг тазйиқи тобора кучайди. Мадинага ҳижрат қилишга изн бўлганда Ҳафса бинти Умар ҳам эри Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмий билан бирга ҳижрат қилишди. Улар Мадинада Рифоъа ибн Абдул Мунзирникида яшадилар. Ҳижратнинг иккинчи йили Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмий Бадр жангида иштирок этди. У киши баҳодирлардан эди. Унинг кучли зарбаларидан қўрққан душманлар ундан қутулиш йўлларини ахтаришди. Душманнинг кўпчилик бўлиб қилган ҳужумлари оқибатида Хунайс кўп жароҳат олди, танасидан тинмай қон оқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанг тамом бўлганидан кейин ҳам Бадрда уч кун турдилар. Бу вақтда Хунайснинг жароҳати бироз битиб, қон тўхтади. Кейин Мадинага қайтишди. Ҳафса бинти Умар ҳам кўпчилик қатори музаффар Ислом лашкари жангчиси бўлган эри Хунайсни ғалаба билан табриклаб, кутиб олди. Аммо Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмий розияллоҳу анҳу мазкур жароҳати туфайли вафот этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хабардан кўп маҳзун бўлдилар ва ўзлари жанозани ўқиб, шаҳидни Бақийъга, Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг ёнига дафн этишни амр қилдилар. Шундоқ қилиб, Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо тул қолди.

Энг улуғ куёв

Ўша вақтларда эр томон уйланиш учун аёл излар эди. Аёл томондан аввал гап чиқиши уят ҳисобланар эди. Аммо қизи бева қолган Умар ибн Хаттоб янгича йўл қўллашга ўтдилар. У киши ўзлари Ҳафсага муносиб кишини ахтара бошладилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу узоқ ўйладилар. Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг завжалари Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам вафот этган эди. Бир куни Усмон ибн Аффон розияллоҳу ан­ҳунинг олдига Умар ибн Хаттоб келиб, салом бердилар. Икковлари бир оз гаплашиб ўтиришди. Умар розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффоннинг маҳзунликларини кўтариш мақсадида:

«Агар истасанг, Ҳафсани сенга никоҳлаб берай», дедилар.

Аммо Усмон ибн Аффоннинг ҳали дардлари аригани йўқ эди. У кишининг кўнглига қил сиғмас эди. Шундоқ бўлса ҳам қадрдон дўстини кўнгли учун:

«Бир ўйлаб кўрарман», деб қўйдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу анча кутдилар. Аммо Усмон ибн Аффондан ҳеч гап чиқмади. Бир куни учрашиб қолганларида эса «Ҳозирда уйланишга ҳеч рағбатим йўқ», дедилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир гап демасалар ҳам, кўнгиллари бир оз ранжиди. Сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, у кишига ҳам арз қилдилар. Аммо Абу Бакрдан чурқ этган садо чиқмади. У киши ўзларини қўйгани жой топа олмай қолдилар. Албатта, одатдагидек бундоқ пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилинарди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб, Усмон ва Абу Бакр розияллоҳу анҳулардан шикоят қилгандек бўлдилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Ҳафсага Усмондан яхши киши уйланажак, Усмон Ҳафсадан яхши кишига уйланажак», дедилар.

Имом Бухорий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Ҳафса Хунайс ибн Ҳузофа ас-Саҳмийдан бева қолди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, Мадинада вафот этган эди. Бас, Умар айтади:

«Ҳафсани Усмонга тақдим қилдим. У бу ишга бир назар солай, деди. Бир неча кун кутдим. Сўнг у менга учрашиб, ҳозирги кунда уйланмай турганим маъқулга ўхшайди, деди. Абу Бакр Сиддиққа учрадим ва, агар хоҳласанг, сенга Ҳафсани никоҳлаб бераман, дедим. Абу Бакр индамади. Ўшанда Усмондан аччиғим чиққанидан кўра кўпроқ аччиғим чиқди.

Бир неча кундан сўнг унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар ва мен уни у Зотга никоҳлаб бердим. Сўнгра Абу Бакр менга учраб:

«Эҳтимол, Ҳафсани менга тақдим қилганингда ва мен сенга жавоб бермаганимда аччиғинг чиққан бўлса керак?», деди.

«Ҳа», дедим.«Мени сенга жавоб беришимдан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни зикр қилганларини эшитганим ман қилган эди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини очишим мумкин эмас эди. Агар у Зот тарк қилсалар, қабул қилишим мумкин эди», деди Абу Бакр».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек ҳассос инсон бева қолган қизлари Ҳафсага кўнгилдагидек аҳли фазл йўлдош ахтаришга ҳаракат қилганлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Баъзи кишилар бу ишни ор ҳисоблашади. Қизи бор одам ўз қизини бировга хотинликка қандоқ қилиб, тақдим этиши мумкин, деб ўйлашади. Қизи бор одам совчи келган чоғда ҳам ноз қилиб туриши лозим, деган фикрда бўлишади. Бу урф-одатга боғлиқ нарса бўлиб, шариатга ҳеч тааллуқи йўқдир. Мана, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни олиб кўрайлик. Шариатга энг қаттиқ амал қиладиган одамлардан бири, ҳасаб-насаблари, ижтимоий ҳолатлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинликлари, кишилар орасидаги ҳурмат-эътиборлари ҳавас қиларлик даражада. У кишининг қизлари Ҳафсанинг ҳам ҳеч бир камчиликлари йўқ. Улар ҳеч бир ноз қилиб, совчи кутмай, аҳли фазл куёв ахтаришган. Ҳазрати Усмонга, менинг қизимни ол, деб илтимос қилганлар. Бир неча кун ўтиб, яна қайтиб бориб сўраганлар. Охири рад жавобини олганлар. Шунинг ўзи анчагина зарба бўлиб тушиши керак эди. Аммо Умар розияллоҳу анҳу бу билан кифоя­ланмадилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб, Ҳафсага уйланишни таклиф қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларини ғалати тутдилар. «Ҳа» ҳам демадилар, «йўқ» ҳам демадилар. Индамай кетавердилар. Бу ҳолат Умар розияллоҳу анҳунинг аччиқларини чиқарди. Лекин кўп ўтмай энг муносиб, энг яхши, энг улуғ куёв топилди.

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Ҳафсага уйланиш истагини билдирдилар ва уйландилар.

Ана шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларини ғалати тасарруфларининг сирини очдилар. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳафсага уйланиш ниятлари борлиги ҳақидаги гапларини эшитган эканлар. Буни Умар розияллоҳу анҳуга айтолмас эдилар. Чунки бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий сирлари ҳисобланар эди.

Мавзуга оид мақолалар
Инсон боласининг тўйимли таомдан кейин кайфияти кўтарилиб, ҳузурланиши табиий. Аммо баъзан нохушлик ҳам давоми...

20:36 / 06.03.2017 4374
Хато туфайли, мажбурланиш оқибатида, кечаси деб гумон қилиб ебичганда, қорнига ёки димоғига терисининг давоми...

14:37 / 18.11.2016 4203
Керакли махсулотлар 250г маргарин 3 пиёла ун 5 та тухум 100150 г сметана 1 пиёла шакар 1 коса давоми...

17:40 / 06.12.2016 3702
Аёл ёқимли сўзлари, илиқ муносабатлари билан бу риштани мустаҳкамлаши даркор. Эрининг муҳаббатини давоми...

21:29 / 08.08.2023 2865