Оиша розияллоҳу анҳо: Набавий лутф
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога ўша пайтда ўзларига хос шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эдилар. Кўпинча у Зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг кичик ёшдаликларини эътиборга олиб, у кишининг даражаларига тушар эдилар. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога набавий лутф кўрсатар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

 «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Дугоналарим келар эдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб қолар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мен томон йўллаб қўяр эдилар».

 Муслим ривоят қилган.

Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйи­дагилар айтилади:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у Зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва ҳалиги билан биру бир, дедилар».

Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси ўтган пайтда у Зотнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақасида эса у Зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлади.

Имом Бухорий, Муслим ва Насаий Оиша онамиз розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Абу Бакр кирганида, олдимда ансорийларнинг қизларидан икки қизча Буос куни ансорлар айтган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмасдилар. Шунда Абу Бакр:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўляптими?!» деди. Ўша куни, Ийд куни эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», дедилар.

Бошқа бир ривоятда:

«Абу Бакр у(Оиша)нинг олдига Мино кунларида кирганда унинг ҳузурида икки қизча қўшиқ айтар ва дуфф (доира) чалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса кийимларига бурканиб ухлаб ётар эдилар. Абу Бакр иккови (қиз)­ни сўкиб тўхтатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини очиб:

«Тек қўй уларни, эй Абу Бакр, бу кунлар Ийд кунлари», дедилар», дейилган.

Бу ривоятда зикр қилинган икки қизчанинг бири Ҳумома, иккинчиси Ҳассон ибн Собитнинг қизи эди.

Буос Мадина яқинидаги бир жойнинг номи бўлиб, у ерда Авс ва Хазраж қабилалари орасида уруш чиқиб, бир юз йигирма йил давом этган. Бу урушда Авс қабиласи ғолиб келган бўлса ҳам, адоват узоқ давом этган.

Фақат Ислом келганидан кейингина адоват кўтарилган. Арабларнинг одати бўйича ўша Буос урушида икки тараф фахр учун мақтаниб байтлар айт­ган. Мазкур байтлар халқ орасида кенг тарқалган. Ривоятда зикри келган икки қизча ҳам ўша байтларни ёд айтишган.

Иккинчи ривоятда «Мино кунлари» дейилишидан ҳодиса Қурбон ийди кунлари бўлиб ўтгани билинади.

Имом Бухорий, Муслим ва Насаий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим ёки у Зот:

«Томоша қилишни хоҳлайсанми?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

У киши мени орқаларига турғиздилар. Юзим у кишининг юзларига тегиб турарди. У Зот бўлсалар:

«Эй Бани Арфидалар, давом этаверинглар», дердилар.

Бу ҳол, то мен малол олгунимча давом этди. Кейин:

«Бўлдингми?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

«Кетавер», дедилар.

Бошқа бир ривоятда:

«Ҳабашийлар келиб, Ийд куни масжидда сакраб рақс туша бошладилар. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақирдилар. Мен бошимни у Зотнинг елкаларига қўйиб, уларнинг ўйинларига назар сола бошладим. Бу ҳол ўзим назар солишдан қайтгунимча давом этди», де­йилган.

Бани Арфида ҳабашийлар номи. Уларнинг катта боболарининг номи Арфида бўлган.

Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Шовқин ва болаларнинг овозини эшитдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турдилар. Қарасак, бир ҳабашия чилдирма чалиб, ўйин тушмоқда. Атрофида болалар.

«Эй Оиша, бу ёққа кел, қарагин», дедилар у зот.

Бориб, жағимни Расулуллоҳнинг елкаларига қўйиб у(ҳабашия)га назар сола бошладим. У Зот:

«Тўймадингми? Тўймадингми?» дер эдилар.

Мен у Зотнинг ҳузурларида ўз манзиламни билиш учун, йўқ, дер эдим.

Бирдан Умар пайдо бўлди. Одамлар у(ҳабашия)нинг атрофидан қочиб кетишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен инсу жиннинг шайтонлари Умардан қочганларини кўрмоқдаман», дедилар.

Мен қайтдим».

Бу ҳодисаларнинг барчасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳолларини эътиборга олганлари ва у кишига набавий лутф кўрсатганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ифк

Худди шу жангдан қайтишда Убай бошлиқ мунофиқлар Оиша онамиз ҳақида «ифк» (бўҳтон) тар­қатишди.

Гапни бошқа ёққа буриб, ҳақиқатдан четга чиқиш, ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш араб тилида «ифк» дейилади.

Мунофиқлар Оиша онамизга нисбатан бўҳтон уюштиришди. Уларнинг бўҳтонига баъзи мусулмонлар ҳам қўшилишди. Орада катта фитна чиқди. Оиша онамизни зино қилганликда айблай бошлашди. У кишига нисбатан уюштирилган ифк тамомила иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирмадан иборат эди.

У тарихда «Ифк ҳодисаси» номи билан маш­ҳур бўлиб, тафсилоти барча ишончли масдарларда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзларидан ривоят қилинган. У киши бундай ҳикоя қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқишни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Кимга қуръа чиқса, уни ўзлари билан бирга олиб кетар эдилар. Юришлардан бирида у Зот орамизда қуръа ташладилар. Менга тушди. У киши билан сафарга чиқдим. У вақтда ҳижоб фарз бўлган эди. Мени ҳавдажда (ичига одам тушадиган қилиб тўқилган сават) кўтариб юришар эди. Мен унинг ичига тушиб олар эдим.

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша жанг­ларидан фориғ бўлгунларича юрдик, сўнгра ортга қайтдик. Мадинага яқинлашганимизда, кечаси жўнаш ҳақида жар чақирилди. Жўнаш ҳақи­даги хабарни етказганларида ўрнимдан туриб, аскарлардан узоқлашдим. Қазои ҳожатдан қайтаётиб, кўксимни ушладим, қарасам, мунчоғим тушиб қолибди. Ортимга қайтиб, уни излай бошладим. Ўша ерда ушланиб қолдим. Мени олиб юрадиган кишилар келиб, ҳавдажимни туямга ортишибди. Улар мени ҳавдаж ичида деб ўйлашибди. Ўша вақтда аёллар енгил бўлишар эди, гўштлари оз эди. Жуда оз таом ер эдик. Одамлар ҳавдажни кўтаришганда, унинг енгиллигига эътибор беришмабди. У вақтда ёшим ҳам кичик эди. Улар туяни жойидан қўзғатиб жўнаб кетаверишибди. Мунчоқни топдим. Улар турган жойга келдим. Аскарлар кетиб бўлган экан. Улардан бирор киши қолмабди. Ўша ерда қимирламай туришга қарор қилдим. Улар менинг қолиб кетганимни билиб қайтиб келишади, деб ўйладим.

Ўтирган жойимда кўзим уйқуга илинибди. Сафвон ибн Муъаттал ас-Силмий аскарлардан ортда қолган ва дам олиб, кечроқ жўнашни кўзлаган экан.

(Имом Бухорий ривоятларида аскарларнинг ортидан унутиб қолдирилган нарсаларни йиғиштириб олиб кетишга вазифадор эди, дейилган.)

Бас, у мен турган жойга келибди. Ухлаётган одамнинг қорасини кўрибди. Олдимга келиб, мени танибди. Мени таниб, истиржоъ айтганидан (овоз чиқариб: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!» деганидан) уйғониб кетдим. Дарров жилбобим ила юзимни тўсдим. Аллоҳга қасамки, у менга бирор сўз айтмади. Мен унинг истиржоъидан бош­қа ҳеч бир сўзини эшитмадим. У пастга тушиб, туясини чўктирди. Туянинг олдинги оёқларини жуда пастлатди. Мен туяга миндим. У уловини етаклаб йўлга тушди. Шундай қилиб, аскарларга етиб олдик. Улар кеча охирида тўхтаб, манзилга тушган эканлар.

Менинг тўғримда ким ҳалокатга учраса, учради. Гуноҳнинг каттасини кўтарган Убай ибн Салул бўлди.

Мадинага етиб келдик. Мен у ерда бир ой касал бўлиб ётиб қолдим. Одамлар ифк аҳлининг гап-сўзларини авж олдиришар, мен эса ҳеч нарсани сезмас эдим.

Касаллик пайтимда мени шубҳага солган нарса шу эдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда касал бўлган чоғларимда бошқача лутф кўрсатар эдилар. Энди бўлса, «Анавунингизнинг ҳоли қандай?» дер эдилар-у, қайтиб чиқиб кетардилар. Мана шу ҳолат мени шубҳага солар эди. Тузалгунимча ҳам ёмонликни сезмабман.

Бир куни Умму Мистоҳ билан қазои ҳожат қиладиган жойга чиқдим. Ундай жойларга фақат кечаси чиқар эдик. У вақтларда таҳоратхоналар қилган эмасдик. Арабларнинг эски одатлари бўйича, деворларнинг остида қазои ҳожат қилар эдик.

Шундай қилиб, мен Умму Мистоҳ билан (у Абу Раҳим ибн Муттолиб ибн Абду Манофнинг қизи, онаси Сахр ибн Омирнинг қизи, Абу Бакр Сиддиқнинг холалари) чиқиб, ҳожатдан қайтиб келаётганимизда Умму Мистоҳ кийимини босиб олиб, қоқилиб кетди ва:

«Мистоҳ ҳалок бўлди!» деди.

«Жуда ёмон гап айтдинг! Бадрда иштирок этган одамни ҳам сўкасанми?!» дедим мен унга.

«Эй азизам, унинг нима деганини эшитганинг йўқми?!» деди у.

«У нима деди?» деб сўрадим.

У менга ифк аҳлининг гаплари ҳақида хабар берди. Касалимга касал қўшилди. Уйга қайтганимда олдимга Расулуллоҳ кириб:

«Анавунингизнинг ҳоли қандай?» дедилар.

«Изн берсангиз, ота-онамнинг олдига борсам», дедим.

Ўшанда улардан хабарнинг ҳақиқатини билмоқчи эдим. Менга у Зот изн бердилар. Ота-онамнинг олдиларига бордим. Онамга:

«Эй онажон, одамлар нималар дейишмоқда?» дедим.

«Эй қизгинам, ўзингни ортиқча қийнама, Аллоҳга қасамки, ҳар бир кўзга яқин аёлни эри яхши кўрса-ю, кундошлари кўп бўлса, шунақа гапни кўпайтириб юборишади», деди у киши.

«Субҳаналлоҳ! Одамлар шу гапларни гапиришдими-я?!» дедим.

Кечаси билан йиғлаб чиқдим. Тонг отгунча кўз ёшим тўхтамади, кўзимга уйқу ҳам келмади. Кундузи ҳам йиғлай бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келавермаганидан кейин Али ибн Абу Толиб ва Усома ибн Зайдни чақириб, аҳлидан ажраш ҳақида маслаҳат қилдилар. Усома Расулуллоҳга у Зотнинг аҳлида ҳеч қандай айб кўрмагани ва уларга нисбатан ўзида муҳаббат борлиги ҳақида сўзлади.

«Эй Аллоҳнинг Расули, улар – сизнинг аҳлингиз, Аллоҳга қасамки, улар ҳақида фақат яхшиликни биламиз, холос», деди.

Али ибн Абу Толиб бўлса:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сизни сиқиб қўйгани йўқ. Ундан бошқа аёллар ҳам кўп. Жориядан сўранг, айтиб беради», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барийрани чақириб, ундан:

«Эй Барийра, унда шубҳага соладиган бирор нарса пайқадингми?» деб сўрадилар.

«Йўқ! Сизни Пайғамбар қилиб юборган Зот номи ила қасамки, мен унда кўрган битта айб бор, у ҳам бўлса, ёши кичиклигида хамирнинг олдида ухлаб қолиб, қўйга егизиб қўярди, холос», деди у.

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бориб, ўша куни Убай ибн Салулнинг узр сўрашини талаб қилдилар. У Зот минбарда туриб:

«Менга аҳлим хусусида озор етказган одамдан ким узр олиб беради? Аллоҳга қасамки, мен ўз аҳлимдан яхшиликдан бошқа нарса кўрмадим. Батаҳқиқ, менга фақат яхшилик қилиб юрган одамни гап қилишди. У менинг аҳлим ҳузурига фақат мен билан кирар эди», дедилар.

Шунда Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мен ундан узр олиб бераман. Агар у Авсдан бўлса, бўйнини узамиз. Агар у биродарларимиз хазражийдан бўлса, нима амр қилсангиз, ўша амрингизни бажарамиз», деди.

Хазражликларнинг бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб:

«Ёлғон гапирдинг! Аллоҳга қасамки, уни ўлдирмайсан ва унга қодир ҳам эмассан», деди.

Бу гапни эшитгандан кейин Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуга бундай жавоб қайтарди:

«Сен ёлғон гапирдинг! Аллоҳга қасамки, албатта, уни ўлдирамиз. Сен мунофиқсан! Мунофиқларни ҳимоя қилмоқдасан!»

Икки қабила – Авс ва Хазраж аччиқланиб, бир-бирлари билан урушиб кетай дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса минбарда туриб, уларни ҳовурларидан туширар эдилар. Ҳаммалари жим бўлгандан кейингина минбардан тушдилар.

Ўша кунни ҳам йиғлаб ўтказдим. Кўзимдан ёш тинмади, уйқум яна келмади. Сўнгра кечаси билан ҳам йиғлаб чиқдим. Кўзимдан ёш қуйилаверди, уйқум ҳам келмади. Ота-онам олдимда эдилар. Икки кечаю бир кундуз йиғладим. Йиғлайвериб, жигарим ёрилиб кетса керак, деб ўйлаган эдим.

Ота-онам олдида йиғлаб турган чоғимда ансорлардан бир аёл киришга изн сўради. Унга изн бердим. У ҳам ўтириб, менга қўшилиб йиғлай бошлади.

Биз шу ҳолатда турганимиз устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Ўтирдилар. Менинг ҳақимда гап-сўзлар айтилгандан бери ёнимга ўтирмаган эдилар. У кишига бир ой менинг ишим ҳақида ваҳий келмай туриб қолди. Ўтирганларидан кейин ташаҳҳуд айтдилар ва ундан сўнг:

«Менга сенинг ҳақингда шу-шу гап-сўзлар етди. Агар сен айбсиз бўлсанг, Аллоҳ таоло, албатта, сени оқлайди. Агар гуноҳга яқинлашган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт, унга тавба қил. Чунки банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этади», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини тамом қилишлари билан кўзёшим тақа-тақ тўхтади. Отамга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айт­ган гаплари учун жавоб беринг», дедим. У киши:

«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар.

Кейин онамга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беринг», дедим.

«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима дейишимни ҳам билмайман», дедилар онам.

Мен ҳали ёш эдим, Қуръондан ҳам кўп ўқимасдим, ўзим гап бошладим:

«Аллоҳга қасамки, билишимча, менинг ҳақимда одамларнинг гапларини эшитдинглар. У гаплар кўксингизда жойлашиб қолди. Унга ишондингизлар ҳам. Агар мен сизларга, мен айбсизман, десам, бунга ишонмайсизлар. Агар мен бир ишни эътироф қилсам, Аллоҳ билиб турибди, мен айбсизман, сиз буни тасдиқ этасиз. Аллоҳга қасамки, мен билан сиз ҳозир худди Юсуфнинг отасига ўхшаймиз, у айтган гапларни эсланг:

«(Менинг ишим) гўзал сабр қилишдир. Сизлар васф қилаётган нарсада эса Аллоҳнинг Ўзи ёрдам сўралгувчидир», дедим.

Сўнгра бориб жойимга ётиб олдим. Ҳолбуки, ўша пайтда Аллоҳга қасамки, ўзимнинг айбсиз эканимни, албатта, Аллоҳ мени оқлашини билар эдим. Лекин, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло менинг ҳақимда тиловат этиладиган ваҳий туширишини гумон ҳам қилмаган эдим. Ўзимча, менинг ишим Аллоҳ таоло тиловат қиладиган нарсага арзимайдиган иш деб ўйлардим. Лекин, ўзимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туш кўрсалар-у, ўшанда Аллоҳ мени оқласа, дердим. Аллоҳга қасамки, у Зот жойларидан қимирламай, аҳли байтдан бирортаси ташқарига чиқмай туриб, Аллоҳ Пайғамбарига ваҳий нозил қилди. У Зот ваҳий келганда тушадиган ҳолатга тушдилар. Сўнгра кулиб, оддий ҳолатларига қайтдилар. У Зотнинг биринчи айтган гаплари менга:

«Эй Оиша! Аллоҳга ҳамд айт! У сени оқлади!» дейишлик бўлди. Шунда онам менга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўрнингдан тур!» дедилар.

«Аллоҳга қасамки, мен у Зотга ўрнимдан турмайман. Аллоҳдан ўзгага ҳамд ҳам айтмайман. Менинг оқловимни нозил қилган Зот Удир», дедим.

Аллоҳ таоло ушбу ўн оятни нозил қилди.

«Албатта, ифкни келтирганлар ўзингиздан бўлган бир усба (тўда)дир. Уни ўзингизга ёмонлик деб ҳисобламанг. Аксинча, у сиз учун яхшиликдир. Улардан ҳар бир киши учун ўзи қилган касб­нинг гуноҳи бордир. Улардан (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимсага буюк азоб бордир.

У(ифк)ни эшитган вақтингизда мўминлар ва мўминалар ўзлари ҳақида яхши гумонга бориб: «Бу очиқ-ойдин ифк-ку!» десалар бўлмасмиди?!

У(ифкчи)лар ўша(ифк)га тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, гувоҳларни келтира олмаган чоғда ана ўшалар ўзлари Аллоҳнинг ҳузурида ёлғончидирлар.

Агар дунёю охиратда сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида, ўзингиз ичига шўнғиган нарса учун сизни, албатта, буюк азоб тутар эди.

Ўшанда сиз у(ифк)ни тилларингиз ила илиб олар, оғзингиз ила ўзингиз билмаган нарсани гапирар эдингиз ва у (ифк)ни ўзингизга енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида буюкдир.

Уни эшитган чоғингизда: «Бизга буни гапирмоғимиз тўғри келмас. Ўзинг поксан! Бу катта бўҳтондир!» десангиз бўлмасмиди?!

Агар мўмин бўлсангиз, ҳаргиз у(ифк)га ўхшаш нарсага қайтмаслигингизни Аллоҳ сизга ваъз-насиҳат қилур.

Аллоҳ сизга оятларни баён қилур. Ва Аллоҳ ўта билувчи, ўта ҳикматли Зотдир.

Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тар­қалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ билади, сизлар билмассизлар.

Агар сизларга Аллоҳнинг фазли, марҳамати бўлмаганида... Ва, албатта, Аллоҳ ўта шафқатли ва раҳимли бўлмаганида...

Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фаҳш ва мункарга буюрадир. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ ўта эшитувчи, ўта билувчи Зотдир».

Оиша розияллоҳу анҳу яна буларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг ишим ҳақида Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳам сўраган эканлар.

«Эй Зайнаб, нима билгансан, нима кўргансан?» деб сўрабдилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг ҳақида фақат яхшиликни биламан», дебди Зайнаб.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ичида фақат Зайнабгина мен билан шуҳрат талашар эди. Аммо тақводорлиги туфайли Аллоҳ таоло уни сақлади. Аммо синглиси Ҳамна ифк эгалари билан бирга ҳалок бўлди».

Тарихда «Ифк ҳодисаси» номи ила машҳур бўлган ҳодисанинг тафсилоти мана шулардан иборат.

Дунёдаги энг пок аёллардан бири, энг вафоли ёстиқдошлардан биттаси, мўминларнинг онаси, Сарвари Оламнинг суюкли жуфти ҳалоллари, Сиддиқнинг қизи сиддиқа Оиша онамиз ифкка учраб, гап-сўз бўлдилар, ўзларининг покликларини очиқ-равшан билиб турганларига қарамай, бу бўҳтондан юрак-бағрилари тилка-пора бўлди. Икки кечаю бир кундуз тинмай йиғладилар, агар Расули Акрам келиб, гап бошламасалар, Аллоҳ билади, яна қанча йиғлар эдилар.

Бу ифк Абу Бакр Сиддиқдек саҳобийни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстларини ҳам паришон қилди. Жигаргўшалари Оиша онамиз йиғлаб келганларида нима қилишни билмай қолдилар. Ҳолбуки, у киши ҳаммага маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб юрган одам эдилар. Оиша онамиз у кишига мурожаат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беришни сўраганларида, нима дейи­шимни билмайман, дедилар.

Абу Бакр Сиддиқнинг жуфти ҳалоллари, Оиша онамизнинг волидаи меҳрибонлари Умму Руммоннинг ҳолатига қаранг! Дард, аламда ёнаётган жигаргўшасини овутиш учун нима дейишини билмай, кундоши кўп хотин шундай бўлади, дедилар. Ҳолбуки, кундошлар Оиша онамизнинг покликларига Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб, гувоҳлик бермоқдалар. Қизини ҳимоя қилишга шунчалик уринаётган одам қизлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб қайтаринг, десалар, нима дейишимни билмайман, деганини қаранг!

Туҳмат ва бўҳтонга учраган Сафвон ибн Муъаттални олайлик. У Расули Акрамнинг энг ихлосли, фидойи саҳобаларидан бири. Ана ўшандай тоза, пок, тақводор одам ўзининг Пайғамбари, йўлбошчиси, устози, шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли хотинлари билан зино қилганликда туҳматга учраб турса!..

Шунинг учун ҳам чидай олмай, ифкка қўшилганлардан бири Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бошига қилич билан уриб, ўлдириб қўйишига сал қолган.

Али ибн Абу Толибни, Усома ибн Зайдни, Умму Мистоҳни, Оиша онамизнинг ёнларига кириб қўшилиб йиғлаган ансорий аёлни, Барийрани, Зайнаб бинти Жаҳш онамизни ва бошқаларни қаранг. Қанчалик ташвиш, қанчалик куюниш. Ҳа, Оиша онамизга қарши уюштирилган ифк бутун бир умматни ташвишга солган эди.

Ташвиш чекаётган умматнинг бошида унинг Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алай­ҳи васаллам турар эдилар. Чунки бу ифк аслида Оишаи Сиддиқага эмас, Сафвон розияллоҳу ан­ҳуга ҳам эмас, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Сарвари Оламга, Роҳматан лил Оламийнга, Саййидул Мурсалийнга, Хотамун Набий­йинга қарши қаратилган эди.

Ислом душманлари у Зотнинг оилалари орқали шахсларини ёмонотлиқ қилиб, Ислом динини қораламоқчи, унга футур етказмоқчи бўлишди. У Зоти бобаракот ниҳоятда қийин бир ҳолга тушдилар. Гап ҳаммаёққа ёйилиб кетган, уни рад қилиш учун жуда ҳам кучли далил керак. Лекин қани ўша далил?

Бунинг устига, баъзи мусулмонлар, ҳатто Ҳассон ибн Собит, Мистоҳ ибн Асоса каби кўзга кўринган одамлар ҳам ифкка қўшилмоқда. Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган Зот бўҳтонга учраб, нима қилишларини билмай турибдилар. Ҳали Усома ибн Зайддан, ҳали Али ибн Абу Толибдан, ҳали Барийрадан, ҳали хотинлари Зайнаб бинти Жаҳшдан маслаҳат сўрамоқдалар. Масжидда минбардан туриб, одамлардан ўз аҳллари учраган мусибатда ёрдам сўрамоқдалар. Қайиноталари, қа­йиноналари ҳузурларида энг суюкли хотинлари Оиша онамизга, ростини айт, гуноҳинг бўлса, тавба қил, Аллоҳ тавба қилганни кечиради, деб турибдилар. Бошқа вақтда келиб турган ваҳий ҳам, мана, бир ой бўлибдики, тушмай қўйди.

Аммо бу нарсалар ҳаммаси инсоний ўлчовлар ичидаги ҳолатлардир. Бу ишларнинг ҳеч бири ҳикматдан холи эмас эди. Фақат ҳодиса шу қадар кутилмаган ва шу қадар таҳликали ва шу қадар оламшумул эдики, ҳамма ўзини йўқотиб қўйган эди.

Ниҳоят, барча ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, ҳаммасини ўз жойига келтирди. Юқорида зикр этилган ўн оятда Оиша онамизни оқлади. Ҳамма, ҳатто Оиша онамизнинг ўзлари ҳам, менга оқлов тушди, дедилар.

Лекин оятларда Оиша онамизнинг исмлари ҳам, сифатлари ҳам ёки бирорта белги ҳам зикр қилинмаган. Чунки шунга ўхшаш ҳолатларда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида умумий қоидалар баён қилинмоқда. Чунки гап, аввал айтилганидек, Оиша онамизнинг шахслари устида эмас, Ислом билан Ислом душманлари орасидаги кураш ҳақида кетмоқда эди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўзлари ке­йинчалик ифк ҳодисаси ҳақида сўз кетганда ифтихор билан, менинг узрим осмондан тушган, дер эдилар.

Бу ҳақиқатни ҳамма яхши билар эди. Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Оишаи Сиддиқа узри осмондан нозил бўлган биринчи аёлдир, деб юрар эдилар.

Аллоҳ таолонинг Оиша онамизни оқлаб шунча ояти карималарни нозил қилиши у кишининг шарафига шараф қўшди. Бу оқлов Каломуллоҳга қўшилди. Уни мўмин-мусулмонлар қиёматгача тиловат қилиб, тиловати ила ибодат қилиб юрадиган бўлишди.

 «Бу сизнинг биринчи баракангиз эмас…»

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сабабларидан Аллоҳ таоло мусулмон умматига қўпгина яхшиликлар, жумладан, енгилликлар берган вақт­лар кўп бўлган.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у Зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байда ёки Зотул Жайшда эканимизда мунчоғим узилиб кетди. Уни ахтариш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб қолдилар. У киши билан бирга одамлар ҳам туриб қолишди. Уларнинг сувлари йўқ эди. Одамлар Абу Бакр­нинг олдига бориб:

«Оишанинг нима қилганини кўрмайсанми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у Ззот билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар суви бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ», дедилар.

Абу Бакр келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ухлаб қолган эдилар. Бас, у (Абу Бакр) менга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни тутиб қолдинг. Улар сув бор жойда ҳам эмаслар, улар билан сувлари ҳам йўқ», деди.

Абу Бакр мени итоб қилиб, Аллоҳ нима дейишини хоҳлаган бўлса, ўшани деди ва қўли билан биқинимга турта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ётганларигина мени қимирлашдан ман қилар эди. У Зот ҳам ухлаб туриб, сувсиз бўлиб қолдилар.

Бас, шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилди.

«Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар», деди. Усайд ибн Ҳузайр (у нақиблардан бири эди):

«Эй Оли Абу Бакр, бу сизнинг биринчи баракангиз эмас», деди.

Оиша айтадилар:

«Сўнг мен минган туяни турғизган эдик, мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик.

Аллоҳ мусулмонларга рухсатни бергандан кейин отам:

«Аллоҳга қасамки, эй қизим, сенинг бунчалик муборак эканингни билмаган эканман. Аллоҳ сен мусулмонларни тутиб қолганинг учун уларга қанчалар барака ва осонлик берди-я!» деди».

Оиша онамизнинг мунчоқлари тушиб қолган Байда ёки Зотул Жайш номли жойлар Мадинаи Мунаввара билан Маккаи Мукаррама орасидаги маълум жойлардир.

Ушбу ҳодиса билан танишар эканмиз, саодат замонида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаи киромлар ҳаётидан, ўша ўхшаши йўқ ажойиб жамиятнинг ўрнакли ҳаётидан бир лавҳанинг шоҳиди бўлдик. Бу улуғ ҳаёт содда ва камтарона ҳам эди.

Оиша онамизнинг мунчоқлари тушиб қолиб, охирги замон Пайғамбари бошлиқ бутун бошли бир аскарни тўхтатиб қолган, уларни машаққатга солган мунчоқлари ўн икки дирҳам (тийин) қийматга эга бўлиб, уни ҳазрати Оиша опалари Асма розияллоҳу анҳодан қарзга олиб таққан эдилар. Лекин худди ана шу ўн икки дирҳамлик мунчоқ мусулмонларга қиёмат кунигача осонлик яратувчи ҳукм – таяммум ҳақидаги Қуръон оятининг нозил этилишига сабаб бўлди.

Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги Ислом жамияти ҳаёти ана шундоқ ажойиб ҳаёт эди. Бу ҳаётга Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, гоҳо Расули орқали, гоҳо Қуръон орқали тузатишлару йўлланмалар юбориб турар эди.

Йўқолган мунчоқ ҳам, бир саҳобийнинг хатоси ҳам оламшумул аҳамиятга молик ишга айланиб кетиши ҳеч гап эмас эди.

Бунинг устига Ислом жамиятининг аёл кишига бўлган эҳтиромини қаранг! Ўн икки дир­ҳамлик мунчоқ учун қанчалик ишлар бўлиб кетди. Оиша онамизга бўлган бу ҳурмат Пайғамбарнинг хотини бўлганлари учун, эрларининг мавқеълари учун, саҳобалар томонидан бўлаётган тилёғламачилик ёки хушомад эмас эди. Балки кўпчиликнинг чин қалбдан қилаётган эҳтироми эди.

Баъзи кишиларнинг Оиша онамиз устиларидан у кишининг оталари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга шикоят қилишлари шуни кўрсатиб турибди. Яъни норози бўламан, шикоят қиламан, деганларга йўл очиқ эди. Ўша шикоят қилган кишиларга ҳеч ким бир нарса демагани фикримиз тўғри эканига далилдир.

Мазкур оддий ва содда, пок ва олий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошчиликларидаги, саҳобаларнинг иштирокларидаги ва энг муҳими, Аллоҳ таолонинг аралашувидаги намуна бўларли ҳаёт ўзининг барча баланд-пасти билан Қуръоннинг ҳаётга татбиқи ва қиёматгача мўмин-мусулмонларга ўрнак бўлиши, турли ҳукм­лар ва ҳикматлар келиб чиқиши билан аҳамиятли эди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ана ўшандоқ ҳаётнинг қоқ марказида эдилар.

У кишининг ана ўша ажойиб ҳаёт марказида эканликлари гоҳида мусулмонлар учун катта фойда келтирадиган ҳукмлар туширилишига ҳам сабаб бўлар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажга борганларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам бирга эдилар. У киши йўлда ҳайз кўриб қолганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига кирганларида йиғлаб ўтирганларини кўриб ҳол сўраганлар. У киши, бу йил ҳажга келмасам ҳам бўлар экан, деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гап нимада эканини дарҳол англаб, ҳайз кўриб қолган бўлсанг керак, деганлар.

Тасдиқ жавобини олганларидан кейин Оиша онамиз розияллоҳу анҳога тавофдан бошқа ҳамма амалларни адо қилаверишни амр қилганлар ва пок бўлганларида тавоф қилиб олишлари мумкинлигини айтганлар.

Мана шу ҳукмга ҳозиргача амал қилиб келинмоқда.

Ҳаж амаллари тамом бўлгандан кейин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилиб, барча одамлар ҳам ҳаж, ҳам умра қилганларида мен фақат ҳаж қилибгина кетаманми, деганлар. Шунда у Зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳога Танъим номли ерга чиқиб ният қилиб, умра қилиб олишни амр қилганлар. Бу ишни бажаришда у кишига укалари Абдурроҳман ибн Абу Бакр ёрдамчи бўлишини тайинлаганлар. Абдурроҳман ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу Оиша онамизни Танъимга олиб чиқиб, умра қилдирган.

Ушбу амални ҳозирги кунда кўплаб нафл умра қилувчи мусулмонлар амалга оширишади.

Ушбу ва бунга ўхшаш бошқа амалларнинг ҳаммаси Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сабаблари билан шариатимизга кириб қолган.

Ўзаро буюк муҳаббат

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўрталаридаги ўзаро муҳаббат ажойиб бир ҳолатда эди. Ўша пайт­ни васф қилган китоблардаги ривоятларни ўқир эканмиз, бу нафис ҳолатдан завқланмай иложимиз йўқ.

Охирги замон Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у Зотнинг маҳбуба завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ораларидаги ўзаро муҳаббат кенг маънодаги бўлиб, уни атрофлича мулоҳаза қилиш ва ўрнак олиш лозим.

Албатта, бу маъноларни тўлиқ англашимиз учун ривоятларга мурожаат қиламиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Албатта, сен мендан қачон рози бўлсанг ҳам биламан. Мендан қачон аччиқланган бўлсанг ҳам биламан», дедилар.

«Уни қаердан биласиз?» дедим.

«Қачон мендан рози бўлсанг, Муҳаммаднинг Роббиси ила қасамки, ундоқ эмас!» дейсан. Қачон аччиқланган бўлсанг, Иброҳимнинг Роббиси ила қасамки, ундоқ эмас!» дейсан», дедилар.

«Тўғри! Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, исмингиздан бошқани ҳижрон этмайман», дедим».

Муслим ривоят қилган.

Мана шу ҳадиси шарифда икки тарафнинг бир-бирларига нозик қарашлари ва илтифотлари очиқ баён этилмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг гапларидаги бир оғиз сўзнинг ўзгаришидан у кишининг руҳиятидаги куллий ўзгаришни англаганлар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бўлсалар ана ўша ўзларидаги ўзгаришни жуда нозиклик билан юзага чиқарганлар.

Икки тараф бир бўлганда эса бир-бирларига очиқ айтганлар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўз навбатларида, яъни ўзларига ажратилган вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳеч ажрашни истамас эдилар. Агар бирор сабабга кўра у Зотдан ажраб қолсалар, излашга тушар эдилар.

Имом Муслим, Термизий, Насаий ва Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Бир кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўринда йўқотиб қўйдим. Изласам, қўлим оёқларининг остига тегди, у Зот саждагоҳда эканлар, икки оёқлари тик турган экан. Ўзлари бўлса:

«Аллоҳумма аъузу биризока мин сахатика ва бимуъофотика мин уқубатика, аъузу бика минка, лаа уҳсий синоъан алайка. Анта кама аснайта ала нафсика», дер эдилар».

Бу ривоятда ухлаб ётган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо кўзларини уйқудан очганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жойларида йўқлигини сезиб, излашга тушганлари баён этилмоқда.

Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳилар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у Зотни излаб чиқдим. Қарасам, у Зот Бақийъда бошларини осмон томон кўтариб турган эканлар:

«Эй Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан хавф қилдингми?», дедилар.

«Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилувдим», дедим.

«Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг яримидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калбнинг қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади», дедилар.

Биламизки, «Бақийъ» – Мадинаи Мунавварадаги машҳур қабристон. Бу қабристон билан Оиша онамизнинг ҳужралари орасида бир оз масофа бор. У киши ярим кечадан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни излаб боришлари орадаги муҳаббатнинг аломати бўлмаса, нима бўлиши мумкин эди?

Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок қилар ва мисвокни ювишим учун менга берар эдилар. Мен дарҳол аввал ўзим мисвок қилар ва сўнгра уни ювиб, у зотга берар эдим».

Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо мисвок борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир одатларини баён қилмоқдалар. Бу кўпроқ оилавий шароитда бўладиган ҳолат бўлиб, уни айнан Оиша онамиз ривоят қилишлари жуда ҳам табиийдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак оғиз ва тишларини тозалаб бўлганларидан кейин, тиш тозалагич (мисвок)ни ювиб қўйишни одат қилган эканлар. Бу ҳол ҳам шахсий покизаликка киради.

Инсон тишини ва оғзини тозалаганда унга оғиздаги нарсалар илашади. Ана ўша нарсалардан мисвокни тозалаб қўйиш керак. Чунки улар мисвокда қолса, зарар келтиради.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббат ва ҳурматлари шу ерда яна бир бор яққол намоён бўлмоқда. У Зотдан мисвокни олиб, дарҳол ўзлари мисвок қилгач, сўнгра ювишлари шуни кўрсатади.

Албатта, бу буюк муҳаббат самарасидан бўлак нарса эмас.

Гоҳида ана шу буюк муҳаббат қаттиқ синовларга учраган. Агар айтиш жоиз бўлса, бу синовга Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам аралашган. Аввал ўша синов ҳақида маълумот олайлик, кейин бирор нарса дермиз.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бу ҳақда Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун келганларида одамлар у Зотнинг эшиклари олдида туришган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида ўтирган эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга изн берилмади.

Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу келди. Изн сўрадилар, унга ҳам изн берилмади. Кейин Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога изн берилди, улар ичкарига кирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим ўтирардилар. Умар розияллоҳу анҳу (ўзича) бир гап қилай, шояд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, деб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Зайднинг қизи (Ҳазрати Умарнинг хотини) ҳозиргина мендан нафақа сўраган эди, бўйнига боплаб туширдим!» дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб юбордилар, тишлари кўриниб кетди. Сўнгра:

«Манавилар ҳам атрофимни ўраб олиб, нафақа сўрашмоқда», дедилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Оишани ургани ўринларидан турдилар.

Умар розияллоҳу анҳу Ҳафсани ургани турдилар. Икковлари ҳам:

«Расулуллоҳдан у кишининг ҳузурларида йўқ нарсани талаб қиласизларми?» дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қайтардилар. Шундан сўнг «хиёр» деб номланган ушбу икки оят нозил бўлди:

«Эй Набий, жуфти ҳалолларингга: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини ирода қилсангиз, келинглар, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли бўшатиш ила бўшатиб қўяй», деб айт.

Яъни, ҳаёти дунё матоҳларидан керагини берай-да, сизларни талоқ қилай.

«Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини ирода қиладиган бўлсангиз, бас, албатта, Аллоҳ сизлардан гўзал амал қилгувчиларга улуғ ажрни тайёрлаб қўйган», деб айт».

Ушбу икки оятдаги буйруққа биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир аёлларидан ёки бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатини, ёки Аллоҳ, Унинг Расули ва охиратни ихтиёр қилишини сўраб чиқишлари керак эди.

У зоти бобаракот бу ишни Оиша онамиздан бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога:

«Мен сенга бир ишни айтаман. Шошилмасдан, ота-онанг билан маслаҳат қилиб жавоб бергин», дедилар.

Оиша онамиз:

«У қандай нарса?» дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Набий, жуфти ҳалолларингга» оятини ўқиб бердилар.

Оиша онамиз:

«Сиз ҳақингизда ота-онам билан маслаҳат қиламанми?! Йўқ! Мен Аллоҳни ва Унинг Расулини ихтиёр қиламан. Сиздан илтимос, нимани ихтиёр қилганимни бошқа хотинларингизга айтмасангиз», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло мени қўпол қилиб эмас, муаллим ва енгиллатувчи қилиб юборган, улардан ким сенинг нимани ихтиёр қилганингни сўраса, айтиб бераман», дедилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча жуфти ҳалолларига икки ихтиёрдан бирини танлашга изн бердилар, ҳаммалари Оиша онамиз танлаган нарсани танладилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо эса Аллоҳни ва Унинг Расулини ихтиёр қилган эдилар. Ана шундоқ нозик бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ихтиёр қилиш ҳақидаги сўровни Оиша онамиздан бошлаганлари бежиз эмас. У зот Оиша онамиздан, албатта, ижобий жавоб чиқиши ва бу жавоб бошқа оналаримизга ҳам ўз таъсирини қўрсатишига ишонганларидан шундоқ қилган бўлсалар ажаб эмас.

Бу ерда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ораларидаги ўзаро буюк муҳаббат барча Ислом умматига хайр-барака келишига сабаб бўлди, десак, заррача муболаға қилмаган бўламиз.

Зийракликлари

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак инсон эдилар. У кишининг зийракликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шанларига оид ишларда яна ҳам ҳассослашиб кетар эди. Буни Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг яҳудийларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ишлатган ҳийлаларини фаҳмлаб қолиб, уларнинг додини берганларидан билиб олса ҳам бўлади.

Муҳаддислардан Ибн Абу Ҳотим Оиша онамиздан бундай ривоят қиладилар:

«Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига яҳудийлар кириб келиб:

«Ас-сому алайка, эй Абул Қосим!» (Яъни, сенга ўлим бўлсин) дедилар.

Оиша онамиз уларга:

«Ва алайкум ас-сому», дедилар.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Ҳой Оиша! Аллоҳ таоло фаҳш сўзларни хуш кўрмайди», дедилар.

Оиша:

«Уларнинг ас-сому алайка (сенга ўлим бўлсин) деганини эшитмадингизми?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг «ва алайкум» (сизларга ҳам), деганимни эшитмадингми?» дедилар».

Яҳудийлар ҳар бир нарсада ҳийла ишлатиб, Расулуллоҳга ва мусулмонларга ёмонлик қилишнинг пайида бўлардилар. Ҳатто улар саломлашиш пайтида ҳам «Ас-салому алайкум» (сизга тинчлик бўлсин) дейиш ўрнига тилларини буриб, «Ас-сому алайкум (сизга ўлим бўлсин)» деб сезилмайдиган қилиб айтишарди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо зийраклик қилиб уларнинг ўз гапларини ўзларига қайтарган эдилар.

Ишончли дардкаш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина дардларини Оиша онамиз билан баҳамлашар эдилар. Оиша онамиз у зотнинг ишончли дардкаши эдилар.

Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алай­ҳим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Бани Зурайқ яҳудийларидан Лубайд ибн Аъсам исм­ли бир яҳудий сеҳрлади. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани қилганликни хаёл қилар эдилар, аммо қилмасдилар.

Ниҳоят, бир куни ёки бир кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Сўнгра яна дуо қилдилар. Ке­йин:

«Эй Оиша, сездингми? Аллоҳ мен У зотдан фатво сўраган нарсам ҳақида фатво берди. Ҳузуримга икки киши келди. Улардан бири бош тарафимга, бошқаси икки оёғим тарафида ўтирди. Бас, бошим тарафдаги икки оёғим тарафдагига ёки икки оёғим тарафдаги бошим тарафдагига:

«Бу кишининг дарди нима?» деди.

«Сеҳрлангандир», деди униси.

«Уни ким сеҳрлади?» деди.

«Лубайд ибн Аъсам», деди униси.

«Нима ила?» деди.

«Тароққа, тараганда тушган сочга ва эркак хурмодан қилинган идишга», деди униси.

«У нарса қаерда?» деди.

«Зу Арвон қудуғида», деди униси.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бир гуруҳ одам ила ўша ерга бордилар. Кейин (қайтиб келиб):

«Эй Оиша, Аллоҳга қасамки у(қудуқ)нинг суви ҳинонинг ивитилганига ўхшаб кетибди. У ердаги хурмолар худди шайтонларнинг бошларига ўхшайди», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, уни куйдириб юборганингизда эди», дедим.

«Йўқ. Аммо менга Аллоҳ офият берди. Одамларга бирор ёмонлик қўзимасин, дедим. Амр қилдим, уни кўмишди», дедилар.

Бу ҳодиса ҳақида шунга ўхшаш бошқа ривоятлар ҳам бор. Уларда бу ерда зикр қилинмаган бошқа тафсилотлар ҳам зикр қилинган. Шунинг­дек, бу ривоят ва унда зикр қилинган ҳодиса ҳақида турли ихтилофлар ҳам бор.

Баъзи кишилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга сеҳр таъсир қилса пайғамбарликларига футур етиб қолмайдими, деган мулоҳазаларни ҳам қилганлар.

Муҳаққиқ уламоларимиз, саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган нарса инкор қилинмайди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан сеҳр қилинганлиги маълум ва машҳур, лекин у зотга қилинган сеҳр пайғамбарликларига футур етказмаганлиги ҳам собит, деганлар.

Бизга бу ўринда керак жойи Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дардкаш бўла олиш фазлларидир.

Видолашув

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаждан зулҳижжа ойидан беш кун қолганда қайтиб келдилар. Янги, ўн биринчи ҳижрий йилнинг биринчи ойи Муҳаррам ҳам ўтди. Сафар ойининг охирига келиб, душанба куни хасталиклари бошланди.

Оламларнинг сарвари, охирги замон Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликлари оғирлашиб қолганда оналаримиздан Оиша онамизникида қолишга ижозат сўрадилар. Улар ижозат беришди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлганларида аёллари орасида навбат ила айландилар. У зот:

«Мен эртага қаерда бўламан? Мен эртага қаерда бўламан?» дер ва Оишанинг уйига ошиқар эдилар. Менинг куним бўлганда сокин бўлдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Унинг лафзида:

«Менинг кунимни излаб, мен бугун қаердаман, мен эртага қаерда бўламан?» дер эдилар. Оишанинг куни кеч келаётгандек туюлар эди у зотга. Менинг куним бўлганда Аллоҳ у зотни кўксим билан бўйним орасида қабз қилди».

Ушбу ривоятда бемор чоғларида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳузурларида бўлишга қанчалар ошиққанлари равшан кўриниб турибди. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларига етиб келишлари билан кўнгиллари ўрнига тушиб тинчландилар.

Ана шу вақтдан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликларига асосан Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қарай бошладилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этишларидан олдинги ҳолатлари, гап-сўзлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо томонидан ривоят қилинади. Буларнинг барчаси у кишининг фазллари рўйхатига ёзилиши турган гап.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менга суяниб туриб:

«Эй бор Худоё! Мени мағфират қилгин. Менга раҳм қилгин. Мени рафиққа етиштиргин», деганларини эшитдим».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуоларни хасталиклари даврида, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида ётганларида қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «мени рафиққа етиштиргин» деганларидаги рафиқдан мурод, фаришталарнинг олий тўпламидир. Улар Рафиқи Аъло дейилади.

Аммо бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик пайтларида ўзларига ўлим тилаган эканлар, деган хулосага келмаслик лозим. Ўзига ўлим тилаш жоиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ножоиз ишни зинҳор қилмаганлар. Бу ердаги гапларининг маъноси, вақти-соати етиб вафот этганимда мени Рафиқи Аълога етиштиргин, деган истакдир.

Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Бас, у зот:

«Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар.

«У юмшоқ одам, агар сизнинг мақомингизга турса одамларга намоз ўқиб бера олмайди», деди Оиша.

«Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар у зот. У яна ўз гапини қайтарди.

«Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта, сиз(аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар у зот.

Бас, унга хабар келди ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кўнгли юмшоқ, намозда кўп йиғлайдиган киши эдилар.

Бу ҳолни яхши билган қизлари Оиша онамиз, мазкур васф соҳиби бўлган оталари ҳазрати Абу Бакрнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомларида туриб намозга ўтишлари мақсадга мувофиқ бўлармикан, деган мулоҳазага келдилар ва бу мулоҳазани у зотга айтдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам худди Оиша онамизнинг гапларини эшитмагандек, яна аввалги гапларини такрорладилар.

Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик туфайли гапимни яхши эшитмадилар деб ўйлаб, ўзларининг аввалги гапларини такрорладилар.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишни Оиша онамизнинг ўзларига топширдилар. Сен, Абу Бакрга айт, одамларга намоз ўқиб берсин, дедилар.

Шу билан бирга, аёлларда шунга ўхшаш тасарруф олдиндан борлигини эслатиб, «Албатта, сиз аёллар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар.

Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларида аёлларнинг турли тасарруфлари ҳақида сўз кетган. Жумладан, Миср Азизининг хотини ва унинг тасарруфлари баён қилинган. Чунки ўша аёл зоҳирда бир ишни қилиб, ботинда бошқа нарсани кўзлагани бор. У зоҳирда уйига аёлларни чақириб, меҳмон қилади. Аммо аслида уларга Юсуф алайҳиссаломни кўрсатиб, ҳайрон қилмоқчи бўлади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам бу мақомда, Абу Бакр юмшоқ кўнгил, демоқдалар, аммо аслида у имом бўлса, одамлар тарқаб кетармикан, деган гап бор эди.

Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Мен ҳеч бир набий дунё ва охиратдан бирини танлаш ихтиёрига қўйилмагунча ўлмаслигини эшитиб юрар эдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги хасталикларида овозлари хириллаб қолганда:

«Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга. Улар қандоқ ҳам яхши рафиқлар!» деганларини эшитдим. Ана ўшанда, у зотга ихтиёр қилиш вақти келганини англадим».

Имом Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлик чоғларида:

«Ҳеч бир набий жаннатдаги ўз ўрнини кўрмай туриб, ихтиёрига қўйилмай туриб, зинҳор қабз қилинмаган», дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига (ўша ҳолат) келганда, бошлари сонимда турганда у зот бир муддат ҳушларидан кетдилар. Сўнгра кўзларини очиб шифт­га тикилдилар ва:

«Эй бор Худоё! Рафиқи Аълога», дедилар. Шунда «у зот бизни ихтиёр қилмаётирлар», дедим ва соғлик вақтларида зикр қилган гапларини нималигини билдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаган охирги сўз:

«Эй бор Худоё! Рафиқи Аълога», дейишлари бўлди».

Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«У зотнинг олдиларида сувли бир мешча ёки коса бор эди. У зот қўлларини сувга солиб, юзларига сурта бошладилар ва:

«Лаа илаҳа иллаллоҳ. Албатта, ўлимнинг сакароти бор», дер эдилар. Кейин қўлларини тик қилиб, Рафиқи Аълога, дея бошладилар. Охири қабз бўлиб, қўллари осилиб тушди».

Бу деганлари мен Аъло Рафиққа, Аллоҳнинг ҳузурига кетмоқдаман, деганлари эди. Шунинг учун ҳам Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан «ўлим» ва «вафот» сўзлари ўрнига тушунган доираларда «Рафиқи Аълога интиқол қилдилар» истилоҳи ишлатилади.

У зот ана шундоқ ҳолатда турганларида қабзи руҳ қилиндилар, қўллари пастга тушди. Одам боласининг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси, оламларнинг Сарвари бўлган зот ана шу тариқа фоний дунёдан боқий дунёга ўтдилар.

Бу ҳодиса ҳижрий ўн биринчи сана ўн иккинчи Рабиул аввал, душанба куни заволдан ке­йин бўлди. Ўшанда у зоти бобаракотнинг ёшлари олтмиш учда эди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ниятларига яраша охиригача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари ва хизматларида бўлдилар.

Илм денгизи

Оиша онамиз розияллоҳу анҳога нисбатан илм денгизи деган иборани ишлатсак бўладими, деб бир оз ўйладик ҳам. Аммо бу ўйланиш, у киши бу номга лойиқмилар ёки йўқми, деган маънода эмас, балки бу ном у кишига муносибмикан, деган мулоҳаза ила бўлди. Охири Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг илмнинг чексиз уммони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмларидан сув ичганларининг эътиборидан бу истилоҳни сарлавҳа қилиб олдик.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, илм денгизи бўлиши учун фақат уммон ёнида бўлиш ёки ундан сув ичишнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки ўша илмни қабул қилиб олиб, уни денгизга айлантириш қобилияти ҳам бўлиши зарур. Оиша онамиз розияллоҳу анҳода ана ўша шартларнинг ҳаммаси мавжуд эди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлишлари билан бирга ёш, ўткир зеҳнли, кучли ҳофизали, юксак фаросатли ва илмга ўч зот эдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан турли масалаларни сўраб чарчамас эдилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг умматимдан кимнинг иккита фарати бўлса, Аллоҳ уни ўшалар туфайли жаннатга киритади», дедилар.

«Сизнинг умматингиздан битта фарати, бўлган одам-чи?» деди Оиша.

«Битта фарати бор одамни ҳам, эй муваффақ қилинган», дедилар.

«Сизнинг умматингиздан фарати бўлмаган одам-чи?» деди Оиша.

«Мен умматимнинг фаратиман. Ҳеч менинг­ (вафотим)га ўхшаш мусибатга учрамаслар», дедилар.

«Фарат» деб араб тилида бир гуруҳ отлиқлардан олдин бориб, уларнинг келишларига дам оладиган жойни тайёрлаб турувчига айтилади.

Ота-онадан олдин вафот этган ёш болаларни «фарат» деб номланишини ўша боланинг уларга жаннатдан жой тайёрлашини кўзда тутиб айтилган.

Бизнинг тилимизда ҳам диний маълумотлари бор доираларда «фарат» сўзи ўз маъносида ишлатилиб келинган. Фалончининг боласи фарат бўлибди, де­йилса, ёш боласи ўлибди, деб тушунилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамизга, эй муваффақ қилинган, деб мурожаат қилишлари Оиша онамизнинг қадрлари қанчалар улуғ эканини кўрсатади. Чунки муваффақ қилинган, деганлари Аллоҳ ҳар бир нарсада муваффақият берган, деганидир.

Ҳақиқатда ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо илм борасида Аллоҳ таоло томонидан муваффақ қилинган эдилар. Аллоҳ таолонинг Ўзи у кишининг илмига барака берган эди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони Каримни тўлиқ ва пухта ёд билганликлари билан шуҳрат топган эдилар. Улумул Қуръон номли илм мутахассислари биринчи бўлиб, Қуръони Каримни тўлиқ ва пухта ёд олган зотлар ҳақида сўз юритганларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг исмларини даст­лабкилардан ёдга олишади.

Шу билан бир қаторда, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони Каримнинг тафсирини ҳам жуда яхши билганлар.

У кишининг ояти карималарни тафсир қилишларига мисол келтирайлик.

Имом Бухорий қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Аллоҳ таоло:

«Агар бир аёл ўз эридан писанд қилмаслик ва юз ўгириш содир бўлишидан қўрқса», деган.

Бу оят ҳақида Оиша:

«Бу бир хотин эри билан бўлиши, эр унга қарамай қўйиши, уни талоқ қилиб бошқага уйланишни истаганда, аёл унга, мени ўзинг билан олиб қол, талоқ қилма, сўнгра мендан бошқага уйланавер, нафақа ва тақсимни нима қилсанг ўзинг биласан, де­йиши ҳақидадир. Ана ўша тўғрисида Аллоҳ таоло:

«Икковлари ўзаро сулҳ қилсалар, уларга гуноҳ йўқдир, сулҳ яхшидир, деган», деди».

Агар хотин киши ўз ихтиёри ила ўзининг эридаги баъзи ҳуқуқларидан воз кечса жоизлиги, у ҳақларни адо этмагани учун эр гуноҳкор бўлмаслиги Қуръони Каримда баён этилган экан. Оиша онамиз ўша ояти каримани ушбу ривоятда тушунтириб бермоқдалар.

Имом Бухорий қилган ривоятда айтилади:

«Оиша розияллоҳу анҳодан Аллоҳ таолонинг:

«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз туфайли муохаза қилмайди», деган қавли ҳақида ривоят қилинади:

«Бу оят бировнинг «Йўқ! Валлоҳи!» ва «Ҳа! Валлоҳи!» каби гапи ҳақида нозил қилинган».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўқиш-ёзишни биладиган нодир кишилардан эдилар. Ўша вақтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ким ўқиш-ёзишни билса, комил деган унвон берилар эди.

Кўплаб машҳур саҳоба эркаклар ўзлари ҳал қила олмаган масалаларни ҳал қилиб беришни Оиша онамиздан сўрашар эди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига қай бир ҳадис ишкол бўлиб Оишадан сўрасак, албатта, унинг ҳузурида илмни топар эдик», деди».

Термизий ривоят қилган.

Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар Абу Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Масруқ иккимиз Оишанинг олдига кириб:

«Эй мўминларнинг онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши, икковлари ҳам яхшиликка бўш келмайдилар.

Бирлари ифтор билан (шом) намозни тезлатади.

Бошқаси эса, ифтор билан (шом) намозни орт­га суради?» дедик.

«Икковларидан қай бири ифторни ва намозни тезлатур?» деди.

«Абдуллоҳ ибн Масъуд», дедик.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилур эдилар», деди.

Бошқаси Абу Мусо эди».

Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқ розияллоҳу анҳулар икки катта саҳобийнинг ифторни тез қилиш ва шом намозини эрта ўқиш бўйича икки хил иш тутаётганларини мулоҳаза қилишади. Шу билан бирга, икковидан қай бирининг тутаётган иши суннатга мувофиқ эканини билмоқчи бўлишади. Бунинг учун эса, Оиша онамизга мурожаат қилишган. Оқибатда, ифторни вақти кириши билан қилиш ва шом намозини ҳам эртароқ ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экани маълум бўлди. Бу синовда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ютиб чиққан.

«Сунан» эгалари Абдулазиз ибн Журайж розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:

«Оишадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима ила Витр ўқишларини сўрадик. У киши:

«Биринчи ракъатда «Саббиҳисма Роббика»ни, иккинчи ракъатда, «Қул йааююҳал кофируун»ни, учинчи ракъатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Муъаввазатайни»ни ўқир эдилар», деди».

«Оиша розияллоҳу анҳодан:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам витр­да қироатни ошкора қилар эдиларми ёки махфийми?» деб сўралди. У киши:

«Ўшани ҳаммасини ҳам қилар эдилар. Гоҳида махфий қилар, гоҳида ошкора қилар эдилар», деди».

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо тафсир, ҳадис, фиқҳдан, араб тарихи ва адабиётидан ҳамда бош­қа ўша вақтда мавжуд кўплаб илмлардан яхши воқиф эдилар.

«Сияру Аъломун Нубалаа» китобида Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оишага ҳамсуҳбат бўлдим. Ҳеч ҳам у кишига ўхшаган нозил бўлган оятни, меросни, суннатни, шеърни, ривоятни, арабларнинг кунларини, насабларини, ҳукмларни, тибни биладиган одамни кўрмадим. Мен ундан:

«Холажон, тибни қаердан ўргангансиз?» деб сўрадим.

«Бемор бўлсам, менга дорилар васф қилинар эди. Биров бемор бўлса, унга ҳам дорилар васф қилинар эди. Одамларнинг бир-бирларига қилаётган васфларини эшитиб, ёдлаб олар эдим», деди».

Имом Масруқ ибн ал-Аждаъ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан энг кўп ривоят қилган кишилардан ҳисобланади. У кишидан:

«Оиша мерос илмини яхши билармиди?» деб сўралганда у киши:

«Аллоҳга қасамки, Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламнинг катта саҳобаларини Оишадан мерос ҳақида сўраётганларини кўрганман», деган».

У киши замоналарининг улуғ донишмандларидан бўлиб, ҳатто Абу Бакр, Умар, Усмон даврларида таниқли саҳобалар ва олимларга дарс, фатво берадиган даражада юксак салоҳият ва иқтидор соҳибаси эдилар.

Уламоларимиз саҳобалардан етти киши фатво билан ном чиқарганларини, улар: Оиша онамиз розияллоҳу анҳо, Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Умар, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум эканини алоҳда таъкидлашади.

Белозурий «Ансобул Ашроф» номли китобида Абдурроҳман ибн Қосимдан, у киши отасидан қу­йидагиларни ривоят қилади:

«Оиша розияллоҳу анҳо Абу Бакр, Умар ва Усмоннинг халифалик даврида фатво ила машғул бўлган эди. У вафот этгунча шу ҳолда давом этди. Мен уни лозим тутганлардан эдим».

У киши уйда ва сафарда доимо Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлганлари учун ва асҳоби киромдан кўпчиликка насиб этмаган диний аҳкомлардан воқиф бўлганлари сабабидан, энг етакчи саҳобалар ҳам ҳал этолмаган диний масалаларни ҳазрати Оишадан сўрашарди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига келсак, Оиша онамиз ҳадисларни кўп ривоят қилишда иккинчи ўринда турадилар.

Оиша онамиз Расули Акрамдан 2210 та ҳадис ривоят қилганлар ва бу соҳада Абу Ҳурайрадан сўнг турадилар.

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан асҳоб ва тобеъинлардан кўплари ҳадис нақл этишган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ларида бундай ҳадислардан 2258 саҳифа тўлган.

Ҳазрати Оиша оталари Абу Бакр Сиддиқ Умар Саъд ибн Абу Ваққос, Усайд ибн Ҳузайр ва бош­қалардан ҳам ривоят қиладилар. Аммо Оиша розияллоҳу анҳодан аксар саҳобалар кўплаб ҳадис ривоят қилишган. Шулардан Абу Ҳурайра, Абу Мусо ал-Ашъарий, Зайд ибн Холид ал-Жуҳалий ва София бинти Шайба розияллоҳу анҳумни зикр қилишимиз мумкин.

Тобеъинлардан икки юзга яқин киши Оиша онамиздан ҳадис ривоят қилишган. Шулардан Саъид ибн ал-Мусаййиб, Алқама ибн Қайс, Масруқ ибн Аждаъ, Оиша бинти Талҳа, Амра бинти Абдураҳмон, Ҳамса бинти Сирин ва бошқаларни айтишимиз мумкин.

Оиша онамиз кўпгина нодир фазилатларга эга эдилар. У киши жуда ақлли ва зеҳни ўткир, илмли аёл эдилар. Оиша онамиз тилни, шеърни, тиб фанини, насаблар ва уруш тарихларини яхши билар эдилар.

Аз-Зуҳрий Оиша онамиз ҳақларида айтадилар:

«Агар Расулуллоҳнинг барча аёлларининг илмини ва жамики аёлларнинг илмини тўплаб туриб, Оишанинг илмига солиштирилса, албатта, Оишанинг илми афзалдур».

Оиша онамизнинг илмлари тўғрисида Урва:

«Тиб фанида, шеъриятда ва фиқҳ илмида Оишадан илмлироқ бирор кишини кўрмадим», дедилар.

Оиша онамиз аҳён-аҳёнда ёлғиз ўзлари баъзи бир масалаларни ҳал этар ва ўзларига хос ижтиҳод қилар эдилар. Гоҳида у киши уламо саҳобалар билмай қолган масалаларни ҳам ҳал этиб берар эдилар.

Ҳатто, аз-Заркаший шу маънода китоб ёзди ва уни «Оишанинг саҳобалар билмаганини идрок этган жавоблари» деб номлади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўзлари катта олима бўлишлари билан бирга илм одобига қаттиқ риоя қилар эдилар. У киши бирор масалани ўзларидан яхши биладиган одамдан хабардор бўлсалар, мазкур масалани ўша кишига ҳавола қилар эдилар.

Муслим ва Насаий Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Оишадан махсига масҳ тортиш ҳақида сўрадим. У киши:

«Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», дедилар.

Бас, ундан сўраган эдик:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусофир учун уч кечаю уч кундуз, муқим учун бир кечаю, бир кундуз қилганлар», деди.

Саҳобаи киромларнинг одатларига амал қилиб, Шурайҳ ибн Ҳонеъ розияллоҳу анҳу ҳам Оиша онамиздан фиқҳий масала–махсига масҳ тортишга оид масалани сўраган эканлар. Оиша онамиз у кишига:

«Сен Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», дедилар.

Бу жавобдан, энг аввало, Оиша онамизнинг омонатлари, инсофлари ва илмий омонатга хиёнат қилмасликлари зоҳир бўлмоқда. У киши ўзлари аниқ билмаган нарсага жавоб беришни ўзларига эп кўрмаганлар. Сўровчини ўша масалани яхши биладиган киши–ҳазрати Алига йўллаб қўйганлар.

Иккинчидан, Пайғамбаримиз махсини кўпроқ сафарда кийганлари келиб чиқади. Оиша онамизнинг «Ибн Абу Толибдан сўра, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафар қилар эди», деганларидан шу нарса фаҳмланади.

Зоҳидликлари

Оиша онамиз розияллоҳу анҳода тақво, зоҳидлик сифатлари ҳам юқори даражада эди. У киши бу дунёнинг орзу-ҳаваси кетидан тушмаган эдилар. Ўзларида бор нарсани кўпроқ муҳтожларга тутишни афзал кўрар эдилар.

Имом Молик «Муватто» китобида қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо рўза тутиб ўтирган эканлар, бир одам таом сўраб келибди. Уйларида бир дона нондан бошқа нарса йўқ экан. Ходима аёлга:

«Нонни унга бер», дебдилар.

«Ифторингиз учун ҳеч нарса йўқ-ку!» дебди ходима.

«Нонни унга бер!» дебдилар Оиша розияллоҳу анҳо.

Ходима айтади:

«Шундоқ қилдим ҳам. Кечқурун эса бир одам бизга бир қўйнинг қўлини ҳадя қилди. Оиша розияллоҳу анҳо мени чақириб:

«Ол! Бундан егин! Бу сенинг нонингдан яхшироқ», дедилар».

Яна Имом Молик ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига бир мискин таом сўраб келди. У кишининг олдиларида узум бор эди.

«Мискинга ундан бир дона олиб унга бер!» дедилар.

У тажжубланиб, у кишига қаради. Шунда Оиша:

«Таажжубланяпсанми?! Бу донада неча зарра мисқоли борлигини биласанми?!» дедилар».

Кўриб турибмизки, Оиша онамиз нима қилиб бўлса ҳам инфоқ қилиш пайида бўлган эканлар.

Энди Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ки­йинишдаги зоҳидликларини кўрайлик.

Имом Бухорий ривоят қиладилар:

«Айман розияллоҳу анҳу:

«Оишанинг олдига кирсам, баҳоси беш дир­ҳамлик «қитр» кўйлак кийиб олган экан. Бас, у:

«Менинг чўримга назар сол! У буни уйда ки­йишдан кеккаяди-я! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида менинг шундай кўйлагим бор эди. Мадинада қай бир аёл зийнатланадиган бўлса, менга одам юбориб уни ориятга олиб турар эди», деб айтди», деди».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жуда ҳам содда яшаганликларини шундан билса бўлади.

«Қитр» кўйлак Ямандан келтирилган қўпол ва қаттиқ кўйлак бўлиб, баҳоси беш дирҳам (тийин) экан.

Мадинаи Мунавварадек мусулмонлар пойтахтида ҳамма келинлар учун тўй куни кийиб туришга бир дона «қитр» кўйлак бўлиши ҳам ўта содда ҳаётдан дарак беради.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг чўрилари уйда кийишни хоҳламаган кийимни ўзлари ки­йиб юришлари тақводор ва камтарликларини кўрсатади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бу олиймақом сифатларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорулфунунларининг пешқадам талабаси ўлароқ олган эдилар. У дорулфунунда дарс олган зеҳнли ҳар бир талабада ана шундоқ малака пайдо бўлар эди.

Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳи «Далоиун нубувва» китобида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Ансорийлардан бир аёл олдимга кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшакларини кўрди. У қайтиб кетиб, менга ичига жун солинган тўшак юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимга кириб:

«Бу нима, эй Оиша?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, Фулона Ансория кириб, тўшагингизни кўриб қолди ва қайтиб бориб, менга мана шуни юборибди», дедим.

«Уни қайтариб бер», дедилар.

Мен уни қайтармадим. Унинг уйимда бўлишини жуда ҳам хоҳлар эдим. У зот бўлса, ўз гапларини уч марта такрорлаб:

«Уни қайтариб бер, эй Оиша! Аллоҳга қасамки, агар истасам Аллоҳ мен билан олтин ва кумуш тоғларини юргазар эди», дедилар».

Зотан, ҳақиқий зоҳидлик ҳам имкони бўлиб туриб, дунёга ўзини урмасликдир. Имкон топа олмай дунёга қизиқмаганларни зоҳид демаслар.

Бир куни Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўзини зоҳид қилиб кўрсатавериб ўлай деган одамни кўриб, ажабланиб:

«Анавинга нима бўлди?» деб сўрабдилар.

«Зоҳид», дейишди.

«Умар ибн Хаттоб зоҳид эди. У гапирса эшиттирар эди. Юрса, тез юрар эди. Аллоҳнинг зотида зарба берса, оғритар эди», дедилар.

Ҳа, ҳақиқий зоҳид ана шундоқ бўлади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг зоҳидликлари обидликларида ҳам зоҳир бўлар эди. У киши ибодатнинг барча турларида нафл ибодатни кўп қилиш билан ном чиқарган эдилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо нафл ибодатни кўпгина эмас, хўпгина ҳам қилар эдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг намозлари ва дуолари ҳақида қуйидаги ривоятга эътибор берайлик:

«Оиша розияллоҳу анҳо намозда «Бас, Аллоҳ бизга марҳамат қилди ва бизни дўзах азобидан сақлади», оятини ўқир эди ва Роббисига дуо қилганда:

«Менга марҳамат қилгин ва мени дўзах азобидан сақлагин», дер эди».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг намозлари ҳақида Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Эрталаб юрадиган бўлсам, Оишанинг уйига бориб, унга салом беришдан бошлар эдим. Бир куни борсам, у тик туриб, намоз ўқиётган экан. У қироат қилар, дуо қилар ва йиғлар эди. Туравериб зерикиб кетдим. Бозорга бориб ишимни битирдим. Қайтиб келиб қарасам, у яна худди аввалгидек тик туриб, намоз ўқиб йиғламоқда. У киши: «Агар Лайлатул қадрни кўрсам, Аллоҳдан афв ва офиятни сўрайман», дер эди».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин жуда ҳам кўп рўза тутадиган бўлган эдилар. У киши кўп рўза тутганларидан озиб, заифлашиб ҳам кетар эдилар. Қаттиқ иссиқ кунлари ҳам рўза тутиб юрганлари кўрилар эди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларга ҳам жиҳод борми?» деб сўраган эдилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа. Уларга жиҳод бор. Унда уруш йўқ, ҳаж ва умра», деган эдилар.

Ана ўша ҳадиси шарифга амал қилароқ, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо кўп умра ва ҳаж қилар эдилар.

Комилаликлари

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига даҳлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлашади. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.

«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».

Дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга Жаброил алайҳиссалом салом айтибдилар?!

Жаброил алайҳиссалом дунёда пайғамбарлардан бошқа Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтибдилар.

Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан фақатгина Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.

Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».

Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун фазллари ҳақида сўз боради.

«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».

Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан ўзга баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.

«Аёллардан фақатгина Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».

Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлишлари Қуръони Каримда биргаликда, алоҳида зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.

Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида:

«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб кўрсатди. У (хотин): «Роббим, менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва золим қавмлардан нажот бергин», деб айтди», деган.

Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан кофир ва золим эрига ва қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришни сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.

Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.

«Ва Марям Имрон қизини (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди. Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббисининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди».

Марям Имроннинг қизи Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.

«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».

Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини «сарийд» деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.

Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра сарийд бош­қа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.

Худди шунга ўхшаш Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.

Бу мақомга дунёда ким сазовор бўлибди?!

Бу мақомга дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.

Термизий ва Бухорий Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зоти Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.

«Оиша», дедилар.

«Эркаклардан-чи?» дедим.

«Унинг отаси», дедилар.

«Сўнгра ким?» дедим.

«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб сукут сақладим».

Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиси энг маҳбуб экан?

Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.

Бу мақомга дунёда ким сазовор бўлибди?

Бу мақомга дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.

Имом Абу Яъло «Муснад»ида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:

– Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида сувратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.

– У зот менга бикр ҳолимда уйланганлар. Мендан ўзгага бикр ҳолида уйланмаганлар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда туриб, вафот этдилар.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени уйимда қабрга қўйилдилар.

– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эди. У зотга мен чойшабларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени жасадларидан узоқлаштирмас эдилар.

– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.

– Менинг узрим осмондан нозил бўлган.

– Мен Покнинг ҳузурида пок яратилганман.

– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».

Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтган:

«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:

«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганда Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдак тили ила оқлади.

Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганда Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили ила оқлади.

Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганда Аллоҳ у кишини Қуръон ила оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».

Дунёда кимни Аллоҳ таоло туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?

Аллоҳ таоло дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.

Дорул бақога

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн саккиз ёшларида ажраб қолган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо у зотдан кейин яна қарийб ярим аср умр кўрдилар. У киши бу муборак умрлари давомида бутун Ислом олами диққат марказида мўминларнинг оналари бўлиб ҳаёт кечирдилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо доимий равишда илм, фатво, тақво, зуҳд, тарбия, одоб, шеър ва бошқа фазилатлар маркази бўлиб турдилар.

Ҳижрий эллик саккизинчи сананинг Рамазон ойи­да Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бемор бўлдилар. Бу улуғ зот беморлик чоғларида ўзларини Бақийъ қабристонига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа азвожи мутоҳҳаралари дафн қилинган жойга дафн қилишларини васият қилдилар.

Рамазондан ўн саккиз кун ўтганда, душанбадан сешанбага ўтар кечаси Оиша онамиз розияллоҳу анҳо дорул фанодан дорул бақога риҳлат қилдилар.

У киши ўша кечаси витр намозидан кейин дафн қилиндилар. Жанозага жуда кўп одам келди. Ўша кечадаги каби Мадинаи Мунавварада кўп одам йиғилмаган эди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини буюк саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўқидилар. У кишининг қабрларига маҳрамларидан: Абдуллоҳ ибн Зубайр, Урва ибн Зубайр, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдурроҳман ибн Абу Бакр, Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман ибн Абу Бакр ва бошқалар тушдилар. Ўша пайтда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ёшлари олтмиш олтида эди.

Аллоҳ таоло Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин. Амин!

Мавзуга оид мақолалар
Ислом шариатидаги Рамазон рўзаси бошқа рўзалардан нимаси билан фарқ қилади Маълумки, Ислом шариатидаги давоми...

11:23 / 07.03.2017 3717
Тошкент Ислом институтида ажойиб мавлид бўлиб ўтди Бугун 16 декабр куни Имом Бухорий номли Тошкент Ислом давоми...

16:36 / 17.12.2017 3643
Мўмин мўминни куфрда айбламас          Ислом тарихида «такфир» тушунчаси ҳалифа Али розияллоҳу анҳу давоми...

17:46 / 15.03.2017 4910
«Ҳаж» сўзининг луғавий маъноси «қасд қилиш» демакдир. Шаръий истилоҳда эса махсус амалларни маълум бир давоми...

18:53 / 02.12.2016 3685