«Очиқ хат» ва «Кексаларни эъзозлаш» номли китобларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсинким, кундан-кунга юртимизда диний адабиётларнинг сони ортиб бормоқда. Бунинг натижасида эса халқимизнинг диний саводхонлиги ва илмга бўлган муҳаббати ҳам ошиб бормоқда десак, муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, муқаддас динимиз бўлган Исломнинг асоси ҳам илм ҳисобланади.

23 февраль куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Очиқ хат» ва «Кексаларни эъзозлаш» номли китобларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тақдимот аввалида китоб муаллифи фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига  сўз берилди. У киши китобнинг дунёга келиши ва ёзилиш тарихи ҳақида сўзладилар ва қуйидагиларни айтдилар:

«Ҳозирги  мусулмонларнинг танг аҳволи ва бошига келган мусибатнинг асосий сабаби мусулмонлар ичидаги ихтилофлар, илмсизлик, уламоларнинг сўзларига қулоқ солмасликдир. Маълумки, ўтган Рамазон ойида Абу Бакр Боғдодий раҳбарлигида «Ироқ ва Шом Ислом давлати» (ИШИД) тузилди. Уларнинг қилган ва қилаётган ишлари  Исломга ва шариатга мутлақо тўғри келмайди. Бу борада дунё уламолари ИШИДга нисбатан ўзларининг баёнотлари, насиҳатлари ва  раддиялари  билан чиқдилар.

Иордания қироллигида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва оли байт» номли академия мавжуд. Ушбу академия бир неча йиллардан буён кўпгина яхши ишларни амалга ошириб келади ва мусулмон оламида юз бераётган турли фитналарга нисбатан ўз сўзини айта олади. Камина ходимингиз ҳам ушбу академиянинг аъзоларидан биридир.

Ўтган йили сентябрь ойида академия ИШИДга раддия маъносида очиқ хат қилиш нияти борлиги ҳақида электрон манзилимга мактуб юборди. Мен ҳам ўз мулоҳазаларимни айтиб, жавоб йўлладим. 18 сентябрь куни  ушбу лойиҳанинг тўлиқ матни билан танишдим ва имзоимни қўйиб, қайта юбордим. 24 сентябрь куни  126 нафар уламоларнинг имзолари билан  «Очиқ хат»нинг тайёр матни келди ва 1-2 кунда матбуотда ҳам эълон қилинди.

Ушбу «Очиқ хат» матнини таржима қилиб, сайтимизда ҳам нашр қилдик. Ўқувчилардан «Очиқ хат»ни ўқиб, ҳақиқатни тушунганлари ҳақидаги хабарларни олдик. Шундай хабарларда «Очиқ хат»ни китоб қилиб чиқариш ҳақида таклифлар ҳам  бўлди.  Бу ният бизда ҳам бор эди. Шундан сўнг «Очиқ хат» билан бирга ушбу воқеа-ҳодисаларнинг сабаблари, унда иштирок этаётган шахслар ҳақида, тарихда ҳам содир бўлган бу каби воқеалар, Ҳазрати Алининг бундай вазиятларда кўрсатган матонатлари ҳақида ҳам маълумотлар беришни ирода қилдик. Шундай қилиб, ноябрь ойида китоб ёзиб тугатилди. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунга келиб китоб нашрдан чиқди ва китобхонларга тақдим қилинди».

Шундан сўнг   Аброр Мухтор Али ўқувчи сифатида ва ўқувчиларга насиҳат маъносида китоб хусусида ўз фикрларини баён қилди. Жумладан, китоб Ислом динини фақат жиҳод қилиш, тошбўрон қилиш ва одам ўлдиришдан иборатдек қилиб кўрсатувчиларга ва ИШИДни ёқловчиларга қаттиқ зарба бўлганлиги, аслида Ислом дини меҳр, мурувват, бағрикенглик дини экани ҳақида таъкидлади. Сўзининг охирида  барча китобхонларга «Очиқ хат»ни ўқиб чиқишни тавсия қилди.

Сўнгра иккинчи китоб, яъни «Кексаларни эъзозлаш» асарининг ёзилиш тарихи ва унда баён қилинган мавзулар ҳақида сўз юритилди. Муаллиф сифатида муҳтарам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу китоб ўзининг мўъжазгина қиссага эга эканини таъкидладилар. Бу йилнинг «Кексаларни эъзозлаш йили» деб эълон қилинган пайтда сафарда бўлганлари ва асарни катта-катта давлатларнинг пойтахтлари ва уларга бориш учун чиқилган учоқларда ёзганларини айтдилар. Ва китоб Кувайт давлатида эканларида ўз ниҳоясига етган. Ушбу китобда Ислом динимизда кексаларга бўлган муносабат, уларга бўладиган ҳурматни қандай бўлиши, у ҳақда Қуръонда келган оятлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган таълимотлар ҳақида атрофлича ёритилганини эътироф этдилар.

Muslimaat.uz

Мавзуга оид мақолалар
Суннати шарифда ибратли отаоналарнинг бир нечта сифатлари таърифланган. Келинг, улардан баъзилари давоми...

14:08 / 06.02.2017 7035
Болалигимда балиқни ёқтирмайдиган инжиққина қиз эдим. Лекин уйимизда балиқ пиширилган кун мен учун энг давоми...

22:29 / 15.05.2023 1827
Кечаги тадбирда минбардан янграган мана шу жумлалар мени жуда мутаассир қилди.Нимагадир бу жумлани тинглай давоми...

06:12 / 18.08.2023 1485
Олдинга Рамазон машъаласини кўтариб юришРамазон ойи ўтди. Қуръонларимиз ёпилди. Масжидларимиз бўшади. Яна давоми...

20:41 / 18.05.2021 5365