Саййида Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо: никоҳ ва ҳижрат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Макканинг кўзга кўринган кишиларидан бири бўлмиш Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Умму Руммон бинти Омир Канония исмли хотинлари бор эди. Бу аёл жоҳилият пайтида Абдуллоҳ ибн Ҳорисга турмушга чиқиб, ундан Туфайл исмли ўғил кўрган эди. У вафот этгандан сўнг Умму Руммонга Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйланган эдилар. Умму Руммон ҳам Исломга аввалгилардан бўлиб кирган эди. Ана ўша Ислом фидокорлари бўлган эр-хотиннинг оиласи ўша пайтдаги энг муваффақиятли исломий оилалардан ҳисобланар эди.

 Умму Руммон қиз кўрди. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига тўрт-беш йил бўлиб қолган эди. Янги меҳмонга «Оиша» деб исм қўйишди.

Ўша пайтда мусулмон ота ва муслима онадан туғилган фарзанд нодир эди. Оиша ўшандоқ нодир фарзандлардан бўлиб, исломий оилада ўса бошлади.

Имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қиладилар:

«Эсимни таниб, ота-онамни билибманки, икковларини Ислом динини дин тутганларини биламан».

Исломга фидокор ота-онанинг тарбиясида қизча мурғаклигидан иймонли, тақволи, ихлосли бўлиб ўсди.

Отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг оқсоқоли, у Зотнинг энг яқин сирдошлари, у Зот билан ёшлигидан бирга ўсган, пайғамбарликларига биринчилардан бўлиб иймон келтирган, мусулмонлар оз сонли бўлган бир чоғда у Зотнинг жонларига оро кирган бир одам эди.

Онаси ўша пайт муслималарига ўрнак бўладиган Ислом учун фидокор аёл эди. У билиб туриб, турли хавф-хатарларни ўз бўйнига олиб, эри кирган динга кирган вафодор хотин эди. У бошқалардан поклиги ва ихлоси билан ажралиб турарди.

**

Никоҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиздан ажраб ёлғиз қолишлари ўша пайтдаги барча мусулмонларни ташвишга солган эди. Улар Пайғамбаримиздан бу мусибатни қандай аритишни ёхуд енгиллатишни ўйлар эдилар. Айниқса, бунга ўхшаш ҳолатларни аввалдан кўриб, муолажа қилиб юрган тажрибали аёллар тезроқ чора топишга ҳаракат қилар эдилар. Мўмина аёллар ичида солиҳалиги ва фозилалиги билан ажралиб турадиган Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳо бу ҳақда у Зотнинг ўзларига гап очишга журъат этди:

«Эй Аллоҳнинг Расули, уйлансангиз бўлармиди?» деди.

«Кимга?» дедилар у Зот.

«Қиз хоҳлайсизми, жувонми?» деди.

«Қиз ким-у, жувон ким?» дедилар.

«Қиз Оиша бинти Абу Бакр, жувон Савда бинти Замъа», деди Хавла бинти Ҳаким.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша розияллоҳу анҳога нисбатан ўзларигагина маълум сирлари бор эди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Менга тушимда сен уч кеча кўрсатилдинг. Фаришта сени менга яшил ҳарир матога солиб олиб келар ва:

«Мана шу – сенинг аёлинг», дер эди. Юзингни очсам, сен бўлар эдинг. Ўзимча, агар бу Аллоҳнинг Ўзидан бўлган бўлса, тушимни ўнгидан келтирар, дер эдим».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган. Унинг лафзи:

«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яшил ҳарир матода Оишанинг сувратини олиб келди ва:

«Бу – сенинг бу дунё ва охиратдаги завжанг», деди».

Ана шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол рози бўлиб Хавла бинти Ҳакимдан ўз номларидан Оиша онамиз розияллоҳу анҳога совчи бўлишни илтимос қилдилар.

Кейин нима бўлганини Имом Тобарий Хавла бинти Ҳакимдан қуйидагича ривоят қиладилар:

«Абу Бакрнинг уйига кириб Оишанинг онаси Умму Руммонни кўрдим. Мен унга:

«Ҳой Умму Руммон! Аллоҳ сизларга хайру баракани раво кўриб қолди!» дедим.

«У нима экан?!» деди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Оишага совчи қилиб юбордилар!» дедим.

«Кўнглимдаги иш бўлибди. Бир оз кутиб тур. Абу Бакр ҳам ҳозир келиб қолади», деди.

Абу Бакр ҳам келди. Мен унга:

«Ҳой Абу Бакр! Аллоҳ сизларга хайру баракани раво кўриб қолди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Оишага совчи қилиб юбордилар!» дедим.

У ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган ҳолатларини эслади ва:

«Бу у Зотга тўғри келармикан? Ахир биродарининг қизи?» деди.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб бориб, ҳалиги гапни айтдим. У Зот буни эшитиб:

«Унинг олдига қайтиб бор ва сен менинг Исломдаги биродаримсан, мен ҳам сенинг биродарингман, қизинг менга тўғри келади, демоқдалар, дегин», дедилар.

Мен Абу Бакрнинг олдига келиб, бор гапни айтдим.

«Мени кутиб тур. Ҳозир келаман», деди у.

Умму Руммон гап нимада эканини равшанлаштириш учун:

«Митъам ибн Адий Оишани ўғли Жубайрга сўраган эди. Аллоҳга қасамки, Абу Бакр берган ваъдасига зинҳор хилоф қилмайди», деди.

Абу Бакр Митъамнинг олдига кирганда унинг хотини (Мурика) Умму Жубайр ҳам бирга ўтирган экан. Кампир бирдан сўзга кирди:

«Эй Абу Қуҳофанинг ўғли! Биз сенинг қизингни ўғлимизга олиб берсак, ҳали уни ўзингнинг дининингга киритиб, муртад ҳам қиларсан?!» деди.

Абу Бакр аёлга ҳеч нарса демади. Унинг эри Митъамга қараб:

«Бу нима демоқда?» деди.

«У ўзинг эшитган гапни айтмоқда!» деди.

Абу Бакр у ердан ваъдасига хилоф қилмасдан, Аллоҳнинг ўзи ишини ўнглаб қўйганидан мамнун бўлиб чиқди. У тезда уйига қайтди ва Хавлага:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақириб кел», деди.

Ҳавла у Зотни чақириб келди. Абу Бакр у Зотга Оишани никоҳлаб қўйди. У ўша вақтда олти ёки етти ёшда эди».

У кишининг маҳрлари беш юз дирҳам бўлгани ҳам зикр қилинади.

Ҳозирда қиз болани бунчалик ёш ҳолда эрга беришни биров хаёлига сиғдира олмайди. Баъзи бир душманлар эса буни динга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ишлатишга ҳаракат қиладилар. Аммо икки тараф ҳам ўша вақтнинг шароитига, урф-одатига ва бошқа омилларга назар солишни ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳа, бу иш ўша пайтнинг одати эди. Ёш туриб никоҳланган қиз фақат Оиша онамиз эмас эдилар. Балки у вақтларда аксари қизлар худди шу тариқа узатилар эдилар. Ёш қизга уйланиш фақат у Зотга тегишли бўлмай, балки у пайтда кўпчилик шундай қилар эди. Митъамнинг оиласи Оиша онамизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин совчи қўйгани ҳам бунга далил. Қолаверса, бу тўла маънодаги оила қуриш эмас, балки унаштириб қўйишдек бир гап эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизни уйларига олиб кетмаганлар, аксинча, маълум муддатгача ота-онаси билан қолиб, аввалгидек яшайверганлар.

***

Ҳижрат

Ёш бўлишларига қарамай, Оиша онамиз оталарининг уйидан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташвишларига шерик бўлар эдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларини ташкил қилишда ҳам иштирок этганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Бир куни ҳаво роса қизиган пайтда Абу Бакрнинг уйида ўтирган эдик. Биров Абу Бакрга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини тўсган ҳолларида келмоқдалар», деб қолди.

Одатда бундоқ вақтда у Зот бизникига келмас эдилар. Абу Бакр:

«Ота-онам у Зотга фидо бўлсин. Аллоҳга қасамки, у Зотни бу соатда муҳим иш олиб келган бўлса керак», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб изн сўрадилар. У Зотга изн берилди. У Зот кирдилар ва Абу Бакрга:

«Олдингдагиларни ташқарига чиқар», дедилар.

«Отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули. Булар – ўз аҳлингиз, холос», деди Абу Бакр.

«Менга чиқиш учун изн берилди», дедилар.

«Ҳамроҳликми, отам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули?» деди Абу Бакр.

У Зот:

«Ҳа», дедилар. Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули, анави икки уловимдан бирини олинг», деди. У Зот:

«Ўз баҳосига», дедилар.

Оиша айтади:

«Иккала отни чиройли қилиб жиҳозладик. Бир қўйни қовуриб, мешга жойладик. Опам Асма белбоғидан йиртиб, мешнинг оғзини боғлади. Шунинг учун у «Зотуннитоқ»–«белбоғ эгаси» деб номланган.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Савр тоғидаги бир ғорга етиб бордилар. Унинг ичида уч кеча беркиниб ётдилар. Икковларининг олдида Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ҳам тунни бирга ўтказар эди. У ёш, сезгир ва ўткир зеҳнли эди. У икковларининг олдидан тонг қоронғусида чиқиб, тонгни Қурайшнинг ҳузурида, Маккада тунагандек оттирар эди. У икковлари ҳақида бўлган ҳар битта гапни яхшилаб эшитиб олиб, қоронғу тушиши билан олдиларига келар ва хабарини етказар эди. Абу Бакрнинг мавлоси Омир ибн Фуҳайра қўй боқар, хуфтондан кейин қўйларни ғор тепасида роҳатлантирарди. Икковлари тузуккина таом, қўйларнинг сутига эга бўлар, Омир тонг қоронғусида қўйларни қичқириб ҳайдагунча, тинч бўлар эдилар. У мазкур уч кечанинг ҳар бирида шундай қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Бани Дайлдан бир моҳир кишини ижарага йўл бошловчи қилиб олишди. У Осс ибн Воил ас-Саҳмийнинг аҳли ила аҳднома учун қўл ботирган эди. У Қурайш кофирлари динида эди. Икковлари унга ишонишди. Уловларини унга бериб, уч кечадан сўнг ғор оғзида учрашишга келишишди. У учинчи кечанинг тонгида уловларни олиб икковлари олдига келди. Икковлари билан Омир ибн Фуҳайра ҳам юриб кетди. Йўл бошловчи пастқам йўлларни танлади» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Ушбу ривоятдан маълум бўладики, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳижратининг ҳар бир лаҳзасини зийраклик билан кузатиб турганлар, бутун вужудлари билан улар учун қайғурганлар.

Икки муҳожир жўнаб кетишлари билан иш тугаб қолмаган. Ундан кейин ҳам ўзига яраша ташвишлар чиқиб турган.

Оталари ва эрларининг хавф-хатар остида ҳижрат қилаётганларини тўлиқ англаб етган Оиша онамиз эшикнинг қаттиқ тақиллашидан чўчиб кетадилар. У киши гап нимадалигини билмай турган жойларида қотиб қоладилар. Эшикни опаси Асма очади. Ташқарида бутун важоҳатидан таҳдид ёғилиб Абу Жаҳл бошлиқ бир гуруҳ Қурайш жоҳили турар эди. Абу Жаҳл Асмага қараб:

«Эй Абу Бакрнинг қизи, отанг қани?» деб бақиради.

«Аллоҳга қасамки, отам қаердалигини билмайман», деб жавоб беради Асма. Ҳақиқатда у отаси қаерда эканини билмас эди. У отасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан чиқиб кетганидан кейин кўрмаган эди. Абу Жаҳл жаҳл устида Асмага тарсаки тортиб юборган эди, бечора қизнинг қулоғидаги исирғаси учиб кетади.

Оиша онамиз ана шундай жафоларни бошқалар билан тенг тортар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага келиб жойлашгач, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни ўз оила аъзоларини олиб келиш учун Маккаи Мукаррамага юбордилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг Маккаи Мукаррамага кетаётганидан фойдаланиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга мактуб юбориб, оила аъзоларини олиб Мадинаи Мунавварага келишни тайинладилар. Ҳаммалари йўл ҳозирлигини кўришди. Кофирлардан яширин ҳолда учрашиб, ҳеч кимга кўринмай ҳижрат сафарини бошлашди. Сафарнинг икки куни тинч ўтди. Кейин Оиша онамизни туялари олиб қочди. Ўшанда ҳамманинг бошидан ҳушини учирган бу ҳодисани Имом Тобароний Оиша онамиздан қуйидагича ривоят қиладилар:

«Муҳожир бўлиб кетаётган эдик. Бир қийин оралиқ йўлга юрдик. Бирдан мен миниб олган туя чунонам қаттиқ ва ёмон қочдики, Аллоҳга қасамки, онамнинг: «Вой Оишам! Вой келинчагим!» деганини ҳеч унутмайман. Туя мени бошига миндириб олди. Шунда бировнинг: «Тизгинни қўйиб юбор!» деганини эшитдим. Мен тизгинни ташлаб юбордим. Туя худди тагида одам тургандек ўрнида айланиб қолди».

Абдуллоҳ ибн Абу Бакр, Зайд ибн Ҳориса, Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Абу Рофеъ розияллоҳу анҳум қочган туяни тезда тутиб келишди. Муҳожирлар Аллоҳ таолога шукр қилиб, Мадинаи Мунаввара томон йўлларини давом эттиришди.

Улар Мадинаи Мунавварага етиб келганларида Оиша онамиз оталари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Сунҳдаги ҳовлисига тушдилар. У киши ўша ерда икки йил истиқомат қилдилар.

***

Тўй

Ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон ойида Аллоҳ Таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мўмин бандаларига Бадр ғазотида улкан ғалабани берди. Рамазон ойи чиқиб, Шаввол келди. Ана шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бундан уч йил аввал Маккада тузилган оилаларини эсларига солдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз билан бирга яшашга қарор қилдилар. У зот бир гуруҳ эркак-аёл ансорий билан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Бани Хазраждаги уйларига келишди. Кейин нима бўлганини Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан эшитамиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени никоҳларига олганларида олти ёшли қиз эдим. Мадинага келдик. Бани Ҳорис ибн Хазражга тушдик. Мен иситмалаб қолдим. Сочим титилиб кетди. Кейин елкамгача ўсди. Олдимга онам Умму Руммон келди. Мен дугоналарим билан ҳалинчак ўйнаётган эдим. У менга қараб қичқирди. Мен унинг олдига бордим. У мендан нимани хоҳлашини билмас эдим. У менинг қўлимдан ушлаб ҳовлининг эшигигача етаклаб борди. Мен ҳансираб турар эдим. Бир оз нафасим ростланди. У бир оз сув олиб менинг юзимни ва сочимни артди. Сўнгра ҳовлига киритди. Қарасам, уйда ансор аёллар ўтиришибди. Улар:

«Хайр-баракали бўлсин, ризқи рўзи улуғ бўлсин!» дейишди.

Онам мени уларга топширди. Улар менинг ҳолимни тўғрилашди. Қарасам, чошгоҳ пайтда олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Улар мени у Зотга топширдилар. Мен ўша кунларда тўққиз ёшли қиз эдим».

Бухорий ривоят қилган.

Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хадича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратларидан уч йил олдин вафот этди. У Зот икки йил ёки шунга яқин туриб турдилар. Кейин Оишани никоҳларига олдилар. У олти ёшли қиз эди. У билан бирга яшашни ҳижратдан кейин Шавволда бошладилар. У ўшанда тўққиз ёшли қиз эди»

Бухорий ривоят қилган.

Ўша куни бошқа бирор нарса ҳам бўлгани йўқ. Сўйиш ҳам сўйилмади. Дастурхон ҳам ёзилмади. Бошқа бирор иш ҳам қилинмади. Тўғри, Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу ўз одатлари бўйича юбориб турадиган бир сиқим нарсаларини юбордилар. У киши бир қадаҳда сут ҳам юборган эдилар. Ўша сутнинг бир озини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичдилар ва қолганини Оиша онамизга тутдилар. У пайтларда бошқа нарсага илож ҳам йўқ эди. Аммо шунда ҳам агар буни тўй дейиш мумкин бўлса, тўй маросими Оиша онамизнинг умр бўйи эслаб юрадиган бахтли онлари бўлиб қолди. У кишининг назарида Шаввол ойи энг бахтли ва баракали ой бўлиб қолди. Бу ой Оиша онамиз розияллоҳу анҳо учун азиз ва маҳбуб ойга айланди.

Абу Убайд ибн Мусанна айтадилар:

«Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўз қариндош аёлларининг тўйи Шавволда бўлишини мустаҳаб санар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шавволдан мени ўз никоҳларига олдилар, Шавволда мен билан бирга яшашни бошладилар, у Зотнинг қай аёллари мендан кўра насибалироқ, дер эдилар».

Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг маҳрлари беш юз дирҳам бўлди.

Ўша кундан бошлаб, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо келинлик уйларида истиқомат қила бошладилар. Бу келинлик уйи Масжиди Набавийга ёпиштириб қурилган бир кичик ҳужрадан иборат эди. Мазкур ҳужра хом ғишт ва хурмо ёғочидан қурилган эди. Уйнинг анжомлари ҳам ўзига яраша эди: ичига хурмо қипиғи солинган тери тўшак, оддий бўйра, эшикка эса жун парда тутилган эди. Келиннинг ўзлари бўлса, енгил жуссали, жиккак қиз бўлиб, кўзлари катта-катта, жамалак соч ва қизил ёноқли эдилар. Аммо бу кичик ҳужра ҳам, ўша кичик ҳужрадаги кичик келин ҳам бутун дунёга татир эдилар. Худди ана шу кичик ҳужра Аллоҳ таолонинг ҳузуридан ваҳий нозил бўладиган бир улуғ маъвога айланди. Худди ана шу кичик ҳужра Аллоҳ таолонинг қиёматгача мўъжизаси бўлиб қоладиган самовий китоби — Қуръони Каримнинг кўпгина оятлари тушадиган муқаддас маконга айланди. Худди ана шу кичик ҳужрада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сон-саноқсиз ҳадиси шарифлар ворид бўлди, у Суннатнинг асл манбасига айланди. Худди ана шу кичик ҳужрадан Ислом таълимотлари Ислом умматига таралиб, у буюк таълимот марказларидан бирига айланди. Худди ана шу кичик ҳужра Ислом умматига кўплаб фойдалар берди, у умматнинг марказига айланди. Худди ана шу кичик ҳужра кўплаб Ислом уламолари тўпланиб турадиган машҳур марказга ҳам айланди. Худди ана шу кичик ҳужра бутун оламга шаръий илмларнинг тенг яримини тарқатадиган махзанга ҳам айланди.

Худди ана шу кичкина келин шу кичик ҳужрага кирган биринчи кундан бошлаб, барча ишларни ўз қўлига олди.

Худди ана шу кичкина келин шу кичик ҳужрага кирган биринчи кундан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга алоҳида шароит яратиб, у Зотнинг машаққатларини тенг бўлиша бошлади.

Худди ана шу кичкина келин шу кичик ҳужрага кирган кундан бошлаб, у ерда нозил бўладиган ҳар битта ояти каримани ёдлаб, аҳкомларини англаб ола бошлади.

Худди ана шу кичкина келин шу кичик ҳужрага кирган кундан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўладиган ҳар битта ҳадиси шарифни ёдлаб ола бошлади.

Худди ана шу кичик келиннинг шу кичик ҳужраси бошқа ҳамма ҳужралар, иморатлар бузилиб кетган бир даврда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у Зотнинг икки соҳибларига марқад бўлиб турибди.

Худди ана шу кичик келиннинг бутун умр бўйи фахрланиб юрадиган яна бир нарсалари бор эди: у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қиз ҳолларида теккан бирдан-бир завжаи мутоҳҳаралари эдилар.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, агар бир водийга тушсангиз, унда бир (барги) ейилган дарахт, бир (барги) ейилмаган дарахт бўлса, туянгизни қайси бирида боқар эдингиз?» деди.

«Ейилмаганида», дедилар у Зот.

Яъни (Оиша) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзидан бошқа қиз олмаганларига ишора қилмоқда».

Қиз билан жувон орасидаги фарқни васф қилиш борасида турли халқларда турли ўхшатишлар ишлатилади. Бу ривоятда Оиша онамиз қиз болани баргига ҳеч нарса тегмаган дарахтга, жувонни эса баргидан бирор ҳайвон еб кетган дарахтга ўхшатмоқдалар. Шу билан бирга, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан жувонга уйлангандан кўра қизга уйланган афзал эканлиги ҳақида тасдиқ ҳам олмоқдалар.

Мавзуга оид мақолалар
Бугун, 28 март куни Москвада Ислом эзгулик ва тинчлик элчиси деб номланган Халқаро диний конференция ўз давоми...

15:59 / 28.03.2019 2297
Бир дўстим бўлган воқеани ҳикоя қилиб берди. Ана шу ҳикоя бугунги кунимизга ва бугунги мавзуимизга анча мос давоми...

09:51 / 29.11.2016 5581
gallery linkfile ids8528,8527 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим 1 Ногаҳон нохуш хабар жон ўртади, Ғуссадин бори юраклар давоми...

07:14 / 09.02.2017 5263
Керакли маҳсулотлар 3 та бақлажон, 2 та булғор қалампири, 2 та бодринг, 34 та помидор, 23 та тухум, озгина давоми...

12:08 / 29.11.2016 6282