Унутилган гуноҳлар...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мен сизларга ҳавола этаётган ҳикоя ҳаётий воқеликка асосланган бўлиб, у муборак Рамазон ойига боғлиқ бўлгани боис оз бўлса-да инсонлар учун бир фойда, эслатма бўлади, деган умиддаман...

Ўша йил ҳам анъанага кўра Рамазон ойини ўзгача интиқлик билан кутдим, ҳар йилгидек тайёргарликни бир ой олдин бошладим. Аммо ўша пайтга келиб, Рамазон ва ушбу муборак ойда қилиниши лозим бўлган амаллар ва айнан қайси дуоларни қилишлик хайрлироқ экани ҳақида бироз илм ўргангандим. Шу сабабдан Рамазон ойи киришидан бир ой аввал Аллоҳ таолодан билиб-билмай қилган гуноҳларимни мағфират қилишини, ушбу муборак ойда кўпчилик мусулмонлар сингари менинг ҳам гуноҳларимни афв этишини ва икки дунё учун хайрли бўлган амалларни насиб этишини сўрай бошладим. Ҳар тонгда, яна кечанинг бир қисмида шу кабиларни илтижо қилардим...

 Рамазон ойининг бошланишига ҳам ўн кунча қолган эди, тўсатдан қалбимда бир ғашликни ҳис қилдим. Аммо нима бўлаётганини тушуна олмасдим. Қанчалик ҳаракат қилмай кайфиятим тушкун эди. Ўзимни қўлга олиш ҳам қийин туюларди. Шу боис одатдагидан ҳам кўпроқ тавба қилишни бошладим, чунки қалбдаги ғашлик содир этилган гуноҳлар сабабидан, деб ўйлардим. Кўп Қуръон ўқишга ҳаракат қилдим, аммо чорасиз вазиятга тушиб қолгандек эдим, гўё. Рамазон ойини бундай кайфият билан бошлашни эса асло хоҳламасдим, шунинг учун бу тушунарсиз ҳолатдан қутулиш чораларини қидира бошладим...

 Ўша кунларнинг бирида кечаси анча вақтгача ухлолмадим, энди кўзим илинай деганда хаёлимдан ажойиб ўйлар ўтди: мен ожизман, Аллоҳ барча нарсага қодирдир; мен билмасман, Аллоҳ барча нарсани билур; мен чорасини билмаган вазиятдан чиқиш йўлини пайдо қилиш ҳам Аллоҳ учун осондир...

 Тонг ёришиш арафасида эди, мен уйғонгандим. Нима учундир талабалик даврим ёдимга тушиб кетди. Бомдод намозига тайёргарлик кўрар эканман, талабалик даврим ҳечам хаёлимдан кетмади. Ҳатто намоз пайтида ҳам шу ҳол давом этди. Ўша йиллар хаёлимдан бирма-бир ўтди, талаба бўлган куним, талабалик гувоҳномасини олганим, гувоҳномам учун сотиб олган биринчи ғилофим.

 Субҳаналлоҳ!... бошимни саждага қўйдим-да, йиғлаб юбордим, Аллоҳ Раҳмондир. Чорасиз вазиятда эдим, Аллоҳ таоло чиқар йўлини пайдо қилди, Аллоҳга ҳамд бўлсин!

 Бундан бир неча йил олдин, университетда ўқиб юрган давримда, талабалик гувоҳномам учун ғилоф сотиб олдим. Ўшанда сотувчи адашиб бир эмас, балки иккита ғилоф бериб юборган эди. Мен эса буни пайқамай, фақатгина уйга боргач, билдим, улар бир-бирига ёпишиб қолгани учун сезилмаган экан. Албатта, уни сотувчига қайтариб бермоқчи бўлдим, аммо аввалига вақтим бўлмади, кейин эса вақт топиб олиб бордим, бироқ на ўша сотувчи ва на бошқа бир сотувчи ўша жойда йўқ эди. Яна бир марта бордим, аммо тополмагач, энди менда айб йўқ, қўлимдан келганини қилдим, сотувчининг ўзи адашди, менга бу ишим учун гуноҳ бўлмас, деб ўйладим. Ғилофни эса акамга бериб юбордим, табиийки, улар хурсанд бўлдилар...

 Орадан йиллар ўтди. Мен китоблар ўқиш, илм олиш орқали ўзганинг ҳаққи, бировнинг моли каби масалаларни ўргандим ва юқоридаги каби вазиятларда ҳақиқий мўмин киши нима қилишга буюрилгани хусусида ҳам билимга эга бўлдим. Шунга қарамай, сотувчи ва менинг эътиборсизлигим туфайли бир дона ғилоф ўрнига иккита олиб қўйганим ёдимдан кўтарилганди...

 Аммо энди ҳаммаси жойига тушди, вазият ҳам, чораси ҳам аниқ эди. Қалбимдаги тушкунликнинг сабабини англагандай бўлдим. Қалбимда илиқлик пайдо бўлди, бениҳоя хурсанд бўлиб кетдим, худди, бемор ҳолимда шифо топгандек. Ўша куниёқ дадам масжидга чиқиб кетаётганларини кўриб, ўша одам номидан садақа бериб юборишларини илтимос қилдим, шу йўл билан у инсон олдидаги ҳақимни адо этишим лозим эди. Ахир шундай қилиш кераклигини ёшлигимда дадамнинг ўзлари ўргатган эдилар-ку, қандай қилиб эсимдан чиқардим-а?! Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсин, агар бу ҳақни адо этишлик охират кунига қолиб кетадиган бўлса, унинг ҳисобини қандай берардим?!!!

 Мана шу воқеага ҳам ўн йил бўлибди. Энди менинг ҳам ўз фарзандларим бор. Яратганга шукурки, уларга қилаётган ҳар бир амалларида зийрак бўлиш зарурлигини уқтириб келмоқдаман...

Аллоҳ таоло барчамизнинг билиб-билмай қилган гуноҳларимизни мағфират айласин.

Мадина.

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ёдимда... Чамаси  тўртбеш ёшлик қизалоқ эдим. Биз Ҳазратимнинг муборак давоми...

10:29 / 02.03.2017 7700
Ўзбекистонлик 670 киши умра сафарини ният қилган ҳолда, Макка ва Мадина шаҳарларига сафар қилишга давоми...

13:30 / 25.01.2017 6241
Масаллиқлар Хамири учун ун 4 пиёла, маргарин 250 г, 1 пиёла сметана ёки қаймоқ, 2 та тухум, хамиртуруш, туз, давоми...

18:23 / 21.01.2017 5351
Куни кеча юртимиз мусулмонлари улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери давоми...

19:03 / 04.02.2017 6973