Бу жаннат исимиди?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги эди, ифторлик вақтига бор-йўғи 10 дақиқа қолган эди. Пишай деб қолган маставанинг оловини пастроқ қилдим, дастурхонга хурмо ва олмаларни қўйдим. Кейин чой дамладим. Укам иссиқ нон олиб келди. Биз ҳар доим ифторлик вақтига беш дақиқа қолганда дастурхон атрофига йиғиламиз. Аммо бугун кўпчилик эмасдик. Укам билан бир хурмога, бир олмаларга, бир иссиқ нонларга тикилардик.

Ҳамма ўзича хаёлидан бир нималарни ўтказарди, укам дастурхондаги нарсаларга гўёки бу дунё эмас, балки жаннат неъматларига қарагандек тикиларди. Радиодан ифторлик вақти эълон қилинди, Шайх Ҳазратларининг овозларида ифторлик дуоси янгради, биз ҳам уларнинг кетидан қайтардик ва ўзимиздан баъзи нарсаларни қўшдик. Укам бир пиёла сувни ичди-да, бугун азонни мен айтаман деб, маҳалла масжиди тараф йўл олди, икки дақиқадан кейин азон эшитилди. Эҳ, укам бугун улгура олмабди, кимдир анча вақтли бориб олгандир, деб ўйладим. Майли, эртага яна ҳаракат қилиб кўради.

 Мен эса бир пиёла сув ичдим, кейин туриб маставанинг тузини кўрдим ва косаларга сузиб қўйдим. Сўнг Шом намозига ҳозирландим.

 Жойнамозимни йиғиштириб, мастава сузилган косаларни дастурхонга қўйдим. Эшикни очилиб-ёпилгани эшитилди. Укам Шом намозидан қайтган эди. Шунда қандайдир бирон бир сония ёки ундан камроқ бир ажойиб ис, яъни ҳидни ҳис қилдим. У бурнимдан ўтдими, билмадим. Авваллари ҳечам бундай исни билмаганман, уни англашга ҳам ўлгурмадим. Ажойиб ис, уни яна қайтадан ҳис қилиш учун, тез-тез нафас ола бошладим, нафас ила қидирдим, аммо тополмадим. Алам қилиб кетди, ҳудди бир нимани йўқотиб қўйгандек тушкунликка тушиб қолдим. Укам хонага кириб келди. Дастурхонга ўтирдик, укам овқатини шошилиб ичди-да, дам олишга кириб кетди, бир соатдан кейин таровиҳ намозига чиқиш керак эди-да.

 Мен шошилмадим, хаёлимдан Одам алайҳиссалом ўтдилар. Улар ҳақида кўп ўқигандим, аммо фақатгина энди уларнинг ҳолларини англаб етгандек бўлдим. Агар мен ҳис қилган нарса, жаннатнинг иси бўлса-чи? деб ўйлаб қолдим, уни яна ҳис қилгим келди. Балки ундай эмасдир, аммо, барибир, жаннатда ҳам ажойиб бир ис бор-ку! Бундай исни абадий ҳис қилиш учун бу қисқа ҳаётда қўлимдан келган барча солиҳ амалларни қилишга тайёр бўлиб қолдим. Одам алайҳиссалом жаннатда бўлиб, кейин ерга туширилганларидан кейин қанчалик афсус-надомат чекканларини, қанчалик жаннатни соғинганларини тушуниб етдим. Ахир бундан яхшироқ жой борми, унинг исидан яхшироқ ис борми, унинг неъматларидан яхшироқ неъматлар қайда бор? Ифторликни тугатиб қўлимни дуога очдим:

 Ё Аллоҳ, Ўзинг еру осмонни ягона соҳибисан, Ўзинг қиёмат кунида ягона Маликсан, Ўзинг жаннатни ва дўзахни халқ қилган Улуғ Зотсан, Ўзинг карамли арш Роббисисан, Роббим Ўзинг мени жаннат аҳлидан қилгин, Ўзинг менга уларнинг амалини муяссар қилгин, Улуғлик ва икром эгаси бўлмиш Роббимнинг исми баракотлидир, дея дуоимни якунладим.

 Ўша кундан бери кўп нарсаларга эришдим, яна кўп нарсаларни англаб етдим, ҳар Рамазон ойи шу каби ҳодисаларга дуч келдим. Дарҳақиқат, Рамазон ойида фазилат кўпдир.

Сакина

Мавзуга оид мақолалар
Бир зарурат учун туман марказига чиқиб, уйга қайтаётган эдим. Биз томон қатновчи машинани тўхтатдим. давоми...

13:10 / 09.02.2019 2907
         Қуръон ва суннатдан ўқишни енгиллаштирувчи тўрт дуо Ўқув машғулотларидаги муваффақиятимиз давоми...

12:01 / 11.09.2018 4882
Тўй инсон ҳаётининг энг муҳим воқеаларидан биридир. Анна Бегум ва Закарийё Хон ўзлари учун унутилмас бўлган давоми...

16:25 / 12.02.2019 2399
Шу йилнинг январь ойидан бошлаб «Аэрофлот» йўловчилари учиш давомида тамадди қилиш учун ҳалол овқат давоми...

11:19 / 09.11.2016 3257