Тавба қиссалари: Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг тавбаси...(давоми)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Давоми...

Иккала шеригим уйларидан чиқмай ўтирар эдилар. Мен уларнинг ичида кучли ва қувватлироғи эдим. Бориб мусулмонлар билан бирга намоз ўқирдим, бозорларни айланардим. Аммо ҳеч ким менга гапирмас эди.

Намоз ўқиб бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтирган жойларига келиб, у кишига салом берар эдим. Ўзимча: «Алик олиб, лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми?» дер эдим. Имкони борича, у кишига яқин жойда намоз ўқир ва ўғринча назар солар эдим. Намоз ўқисам, менга қарар, у кишига қарасам, кўзларини олиб қочар эдилар. Мусулмонларнинг мендан ўзини олиб қочишлари чўзилиб кетгандан сўнг, амакиваччам ва энг севган одамим Абу Қатоданинг уйига бордим. Унга салом бердим, алик олмади. Унга:

«Эй Абу Қатода, Аллоҳ ҳаққи айт-чи, менинг Аллоҳ ва Расулини севишимни биласанми?» дедим. У индамади. Унга яна ўша гапларимни такрорладим. У индамади. Яна қайтадан мурожаат қилдим.

Ниҳоят у: «Аллоҳ ва Расули билади», деди.

Икки кўзимдан ёшим қуйилиб, ортимга қайтдим.

Бир куни Мадинанинг бозорида юрсам, таом сотиш учун келган кишилардан бири одамларга:

«Менга Каъб ибн Моликни ким кўрсатиб қўяди?» деяётган экан.

Одамлар унга мени ишора ила кўрсата бошлашди. У олдимга келиб, Ғассон подшоҳининг мактубини берди. Ўқиш, ёзишни билар эдим. Очиб ўқисам: «Бизга соҳибинг сенга жафо қилгани ҳақида хабар етиб келди. Аллоҳ сени хорлик ва зоелик диёрида қўймасин. Бизнинг ҳузуримизга кел, сенга яхшилик қиламиз», деб ёзилган эди.

Мактубни ўқиб бўлиб: «Бу ҳам бир бало, синов», дедим ва олиб бориб тандирга солдим. Эллик кундан қирқ кун ўтгандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вакили келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга хотинингдан четда бўлишни амр қилдилар», деди. Мен: «Талоқ қилайми? Нима қилай?» дедим. У: «Йўқ, ундан четда бўл, яқинлашма», деди. Икки шеригимга ҳам худди шундай амр бўдди. Мен хотинимга: «То Аллоҳ бу ишда ўз ҳукмини чиқаргунча қариндошларингникига бориб тур», дедим.

Ҳилол ибн Умайянинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳилол – қартайиб қолган чол. Унинг хизматчиси йўқ. Унга хизмат қилиб турсам, сизга ёқмайдими?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ. Лекин сенга яқинлашмасин», дедилар.

Аёл: «Аллоҳга қасамки, унинг бирор нарсага ҳаракати йўқ ва Аллоҳга қасамки, сизнинг амрингиз бўлган кундан бери йиғлайди», деди.

Баъзи қариндошларим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хотининг ҳақида изн сўрасанг-чи, Ҳилол ибн Умайянинг хотинига унинг хизматини қилишга изн бердилар», дейишди.

Мен: «Аллоҳга қасамки, мен у ҳакда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамайман, изн сўрасам, нима дейишларини ҳам билмайман, ёш одам бўлсам», дедим.

 Яна ўн кун ўтказдик. Бизга гапириш ман қилинганига эллик кун тўлди. Эллигинчи кеча Бомдод намозини уйларимиздан бирининг устида ўқидим. Аллоҳ бизни зикр қилгандек, ўзимча юрагим сиқилиб, кенг ер тор кўриниб ўтирган эдим. Салъ тоғи устидан бир одамнинг баланд овоз билан:

«Эй Каъб ибн Молик! Хушнуд бўлавер!!!» деб қичқираётганини эшитдим ва дарҳол саждага йиқилдим. Кушойиш келганини билдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини ўқиганларидан кейин Аллоҳ бизнинг тавбамизни қабул қилганини эълон этган эканлар. Одамлар бизга хушхабар келтира бошладилар.

Шерикларим томон ҳам хушхабарчилар кетдилар. Бир одам мен томон от чоптирган, бири пиёда югурган эди. Пиёда югурган киши тоққа чиқиб бақирган ва унинг овози отдан олдин етиб келган экан. Ўша овози эшитилган киши олдимга етиб келганида кийимимни ечиб, суюнчисига унга кийгиздим. Аллоҳга қасамки, ўзи ўша вақтда бошқа нарсам ҳам йўқ эди. Бировдан қарзга кийим олиб кийдим-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон югурдим. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тавбам қабул бўлгани билан табриклашар ва: «Аллоҳ сенинг тавбангни қабул этгани муборак бўлсин!» дейишар эди.

 Масжидга кирсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирибдилар, атрофларида одамлар. Толҳа ибн Убайдуллоҳ туриб, шошилиб келиб, қўлимни олди ва табриклади. Аллоҳга қасамки, муҳожирлардан ундан бошқа ҳеч ким турмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берган эдим, у киши хурсандликдан юзлари чарақлаб:

«Онанг сени туққандан бери энг қувончли кунингнинг хурсандчилигини қилавер», дедилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизнинг тарафингизданми ёки Аллоҳнинг тарафиданми?» дедим. У Зот:

«Йўқ! Аллоҳ томонидан», дедилар. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг парчасидек нурли бўлиб кетар эди. Биз буни яхши билар эдик. У Зотнинг олдиларига ўтирганимдан сўнг:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Тавбам учун молимдан Аллоҳ ва Унинг Расулига садақа чиқарсам», дедим.

У Зот: «Молингдан баъзисини ўзинг учун олиб қолганинг ўзингга яхши», дедилар.

Мен: «Хайбардан теккан улушимни олиб қоламан. Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга ростгўйлик туфайли нажот берди. Модомики боқий эканман, рост сўзламоғим ҳам тавбамдандир», дедим.

 Аллоҳга қасамки, У Зот мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша сўзни айтганимдан бери мусулмонлардан ҳеч кимни тўғрисўзликда мени синагандек синамаган бўлса керак. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша гапни гапирганимдан то ҳозирги кунгача ҳеч бир ёлғон сўзламадим. Аллоҳ мени бундан буён ҳам Ўзи муҳофаза қилишига умид қиламан. Сўнг Аллоҳ таоло:

«Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшигини очди» оятини нозил қилди».

(«Тафсири ҳилол»дан)

 
Мавзуга оид мақолалар
ЮРТНИНГ ИСТИҚБОЛИГА БЕФАРҚ  БЎЛМАЙЛИК «Сайлов давлатнинг, халқнинг қиёфаси, сиёсий хоҳиширодасини намоён давоми...

14:00 / 20.03.2017 3853
Андижонда Қуръон қироати мусобақаси биринчи босқичи 2018 йил 3 феврал куни якунига етди. Мазкур вилоятда давоми...

11:39 / 04.02.2018 3441
Амал ­ банданинг ҳаёти давомида қиладиган ишлари. Исломда банданинг амали етти қисмга бўлинади Фарз. давоми...

12:27 / 21.04.2017 4582
Муқаддима Аллоҳ таоло Қуръони Каримда аввал ўтиб кетган мўмин кишиларнинг ҳақ йўлида курашлари ва аввалги давоми...

06:20 / 26.01.2017 4754