Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. Ва У Бирдир, Қаҳҳордир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

«Сен: «Осмонлару ернинг Робби ким?» деб айт. «Аллоҳ», дегин. «Ўзингизга Ундан ўзга, ўзларига фойда ёки зарарга эга бўлмаган валийларни тутдингизми?» дегин. «Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» дегин. Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махлуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилар-у, уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами? «Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. Ва У Бирдир, Қаҳҳордир», дегин».

(Раъд сураси, 16-оят)

Эй ҳабибим, эй Муҳаммад, ўша кофиру мушриклардан сўра, уларга:

«Осмонлару ернинг Робби ким?» деб айт. Осмонлару ернинг, улардаги барча нарсаларнинг тарбиячиси, ризқлантирувчиси, бу дунёда тутиб турувчиси ким, деб сўра. Лекин уларнинг жавобини кутиб турма, чунки саволнинг жавоби аниқ ва шубҳасиздир. Шунинг учун, жавобини ҳам ўзинг айт: «Аллоҳ», дегин».

Сўнгра, уларга яна савол бериб: «Ўзингизга Ундан ўзга, ўзларига фойда ёки зарарга эга бўлмаган валийларни тутдингизми?» дегин». Аллоҳдан ўзга, сизга фойда ёки зарар бериш у ёқда турсин, ҳатто ўзларига ҳам фойда-зарар етказа олмайдиган ночор нарсаларни валий, дўст, ёрдамчи, илоҳ тутдингизми, дегин. Чунки, дунёдаги барча махлуқларга фойда ва зарарни фақат Аллоҳ таологина етказади. Бинобарин, кишилар фақат Аллоҳ Таолонигина валий тутишлари лозим. Аллоҳдан ўзга ҳеч ким, ҳеч нарса фойда ёки зарар етказишга қодир эмас. Шунинг учун, Аллоҳдан ўзгани валий тутганлар катта хато қилади. Мўминлар Аллоҳни валий тутганлари учун бу хатодан холидирлар. Ҳақ билан ботил орасидаги фарқ эса, очиқ ва равшандир. Ҳақ нурдир, ботил зулматдир. Нур иймондир, зулмат куфрдир. Мўмин кўзи очиқ одам, кофир кўзи кўр кимсадир.

«Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» дегин.» Албатта, баробар бўлмайди, кўзи кўр одам ҳеч нарсани кўра олмайди. Шунинг учун, йўлини топиб юролмайди. Доимо қоқилиб, туртилиб-суриниб юради. Ҳар лаҳзада жарга қулаши эҳтимоли бор. Кўзи очиқ кимса эса, ҳамма нарсани кўради. Оқ-қорани ажратади. Йўлини топиб, текис жойдан юради. Албатта, бу икковлари тенг бўла олмайдилар. Худди шунингдек, кофир одам билан мўмин ҳам баробар бўлмайди. Кофир худди кўр одам мисоли, у куфр зулматига ўралиб қолган, унинг йўл кўрсатадиган нури – иймони йўқ. Мўмин одам эса, кўзи очиқ одамдир. Бунинг устига, унда иймон нури бор. Албатта, улар тенг эмаслар. Шунингдек, зулматлар билан нур; куфр, ширк, нифоқлар ила иймон ҳам баробар бўлмас.

Кофирларнинг қилмишларига сабаб нима? Нима учун Аллоҳга иймон келтирмаяптилар? Унга мушрик бўлмоқдалар? «Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махлуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилар-у, уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами?» Қайси махлуқотларни Аллоҳ яратгану қайсинисини улар Аллоҳга шерик қилиб олган нарсалар яратганини била олмай қийналмоқдаларми? Шунинг учун Аллоҳга ҳалиги нарсаларни шерик деб эътиқод қилмоқдаларми? Йўқ, ундай эмас! Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарсани халқ эта олмайди – ярата олмайди.

«Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир.» Жумладан, мушриклар Аллоҳга шерик қилиб келтираётган нарсаларнинг яратувчиси ҳам Аллоҳдир.

«Ва У Бирдир, Қаҳҳордир», дегин. У – Аллоҳ – Бирдир. Яратувчиликда бирдир, шериги йўқдир. Ҳамма нарсани бир Ўзи яратгандир. Бу ишда Унга ҳеч ким ва ҳеч нарса шерик эмас. У – Аллоҳ Роббликда – тарбиячиликда ҳам бирдир. Дунёдаги ҳамма нарсага ёлғиз Ўзи Робблик қилади. Уларни Ўзи тарбия қилиб, Ўзи ризқ бериб, Ўзи риоясига олган. Унга бу ишда ҳеч ким ва ҳеч нарса шерик бўлмайди. Шунинг учун, У – Аллоҳ илоҳликда ҳам бирдир. Яъни, ибодатга сазоворликда ҳам бирдир. Дунёдаги барча махлуқот фақат Унгагина ибодат қилиши – бўйсуниши, Унинг хоҳиши бўйича юриши лозимдир. Унга бу ишда ҳам ҳеч ким ва ҳеч нарса шерик бўла олмайди. У – Аллоҳ Қаҳҳордир. Осмонлару ер ва улардаги барча нарсалар фақатгина Унинг қаҳрига бўйинсунади. Бошқа ҳеч кимга ва ҳеч нарсага эмас.

Мавзуга оид мақолалар
АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ БАНДАЛАРНИ ИМТИҲОН ҚИЛИШИ   Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида бани Исроилни давоми...

21:07 / 18.03.2017 4419
Доктор Мустафо Сибоий шундай деган эдиquotКим Аллоҳни севса, бошқасини севишдан лаззат тотмайди.Ким қалбини давоми...

21:54 / 10.04.2023 1885
Еттинчи март куни Бирлашган Араб Амирликларида Dubai Modest Fashion Week Дубай Ёпиқ мусулмонча мода ҳафталиги учун давоми...

12:47 / 11.03.2019 2049
embedhttpswww.youtube.comwatchvYs6da2CAwxoembed

14:22 / 26.05.2017 9429