Дунёга муҳаббатдан эмланамиз…
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалбларингизни дунё ҳаёти ташвиши билан тўлдирманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга муҳаббат барча хатоларнинг асоси эканини айтганлар. Инсонда унинг айби билан содир бўлган ҳар қандай гуноҳ ёки кўнгилсизликларга назар ташлар эканмиз, унинг илдизида дунё ҳаётига бўлган муҳаббат, унинг бойликларига учиш ётганини кўрамиз.

Дунёга муҳаббат нафақат юрак заифлигининг, балки Аллоҳнинг ўз махлуқига ғазабининг ҳам белгисидир. Қудсий Ҳадисда шундай дейилади: «Бандамга ғазаб қилсам, Ўзимни унуттириб, дунё билан машғул қилиб қўяман, ундан дунё иш (кирдикор)лари учун фойдаланаман. Шунда у дўзахга ҳақли (лойиқ)лар қаторидан жой олади ва уни у ерга киритаман».

Бундай муҳаббатни (бўшлиқни) қалбдан суғуриб ташлаш учун курашиш мўмин кишининг маънавий жиҳодидаги муҳим қисм ҳисобланади. Лекин бу унинг ягона мақсади, маънавий курашининг охирги нуқтаси бўла олмайди. Чунки бу руҳий (маънавий) қашшоқликка ва лоқайдликка олиб келади. Қалб (юрак) забт этилган шаҳарга ўхшаб қолади: душманлар қувилган, уйлар ҳувиллаган (бўшатилган), душман бинолари вайрон қилинган. Демак, унга янги қиёфа (кўриниш) барпо этиш керак бўлади.

Маънавий жиҳатдан бу дунёга муҳаббатдан қутулишнигина эмас, абадий ҳаётга муҳаббатни тарбиялаш (ўстириш)ни ҳам англатади. Бунда инсон юрагининг дунё муҳаббатидан қанчалик тозалагани эмас, балки бу озодлик учун кураш қандай мақсадда ва нима учун қилинаётгани муҳим. Буни тушунишнинг қандай аҳамияти бор? Чунки инсон ғалабага эришгач, бўшлиқ қармоғига илиниши мумкин (қопқонига тушиши мумкин). Агар иш ғалаба билан тўхтатиладиган бўлса, бу бўшлиқда яна дунёга муҳаббат ўрин олиши ҳеч гап эмас. Чунки «муҳтарам жой бўш бўлмайди». Бу юракка ҳам тааллуқли.

Дунё муҳаббатидан халос бўлиш – бу, фақат ўз қалбинг, ўз бахтинг учун курашнинг биринчи босқичи. Иккинчи босқич – қалбга ишлов бериш, тўғрироғи, қалбда абадий ҳаётга муҳаббатни ўстириш. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу айтганларидек: «Дунё ва охират ғарб ва шарқ кабидир: бирига яқинлашсанг, иккинчисидан узоқлашасан».

Кўпчиликнинг хатоси шундаки, улар ярим йўлда тўхтаб қоладилар, яъни дунё ипидан халос бўлиб хотиржам тортадилар ва ўзларини хавфсиз ва озод ҳис қиладилар. Лекин машҳур файласуф айтганидек, «Ярим бутунни ҳалок қилади». Шунинг учун ҳам якуний ғалабага интилиш лозим, қалбнинг ҳар бир бурчагини абадий ҳаётга муҳаббат билан тўлдиришга ҳаракат қилиш керак. Шундай бўлсинки, қалбда дунёга машғул бўлиш учун игначалик ҳам бўш жой қолмасин.

Инсон бутун тафаккури ва хатти-ҳаракатларини битта жойга – муҳим масалани ҳал қилиш ва ягона мақсад сари интилиш учун жам қилиши лозим. Шунда бу мақсадга бошқа кучлар, ҳодисалар, ҳаттоки атрофдаги одамлар ҳам бўйсунади (ёрдам беради). Аллоҳ таоло Ҳадиси Қудсийда шундай дейди: «Эй одам фарзанди, сен ихлос ва солиҳ амал билан хизмат қил. Зеро, мен яхши амаллар билан хизмат қиладиган кишини дўст тутарман. Ва унга ҳам солиҳ инсонларни хизматкор (хизматчи) қилиб қўяман».

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам охират ҳаёти ҳақида ташвишланган инсоннинг дунё ҳаётидаги ташвишларини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олишини айтиб ўтганлар.

Дунё муҳаббатига қарши курашувчиларнинг иккинчи хатоси – ғалабага алданиш, ўзига муҳаббат қилишдир. Улар ўзлари билан бу йўлда ортда қолганларни қиёслайдилар ва улардан яхши эканлари билан фахрланадилар. Лекин бу хурсандчилик уларни қайғуга олиб бориши мумкин. Шунда Аллоҳнинг ҳикмати билан яна бошланғич нуқтага қайтиб қоладилар.

Уларнинг ҳикояси Сизиф ҳақидаги афсонага ўхшайди. Афсонада Сизиф оғир тошни тоққа олиб чиқиши керак эди. Лекин чўққига бир неча қадам қолганда тош яна пастга юмалаб кетади. Лекин мўмин, қанчалик қийин бўлмасин, тошни охиригача олиб чиқа олиши керак.

Курашнинг иккинчи тарафи – охират ҳаётига интилиш (муҳаббат) – бу, нафақат жаннат неъматлари ҳақидаги орзу, балки Аллоҳга муҳаббат ва тақво, сабр ва меҳнат ҳамдир. Бу ишда Аллоҳ таолонинг Довуд алайҳиссаломга айтган қуйидаги маънодаги сўзлари илҳом ва эслатма бўлади: «Эй Довуд! Менинг еримда яшовчиларни огоҳлантиргинки, Мен Мени яхши кўрганни яхши кўраман. Мен билан суҳбатлашган билан суҳбатлашаман. Мени зикр қилиб ҳузур қилганларни кўпчилик билан зикр қиламан. Мен билан дўстлашганнинг дўстиман, Мени танлаганни танлайман, Менга итоат қилганга ён босаман. Бандам менга муҳаббат қилса ва Мен буни унинг қалбида кўрсам, уни тезда қабул қиламан ва унга шундай муҳаббат билан жавоб қиламанки, махлуқларимдан ҳеч бири бунга қодир эмас. Менга холис интилган Мени топади, Менга интилмаган Мени топмайди.

Эй дунё одамлари, ўзингиз ботиб қолган гуноҳлардан четланинг ва Менинг раҳматим, Мен билан яқинлик ва Мен билан мулоқот сари келинг! Менга яқин бўлинг – Сизга яқинлашаман ва муҳаббат қиламан. Мен Ўзим севган бандаларни севимли ҳалилим Иброҳим, соҳибим Мусо ва ҳабибим Муҳаммаднинг лойидан яратдим ва Менга интилувчиларнинг қалбини Ўз нуримдан яратиб, уни Ўз буюклигим билан юмшатдим».

Кунлардан бир куни Робиятул Адавийянинг (раҳимаҳуллоҳ) ҳузурига бир нечта аёл келди ва у билан суҳбатлашиб туриб, дунё ҳаётини сўкиб, ҳақоратлай бошлашди. Робия уларга дунё ҳаёти ҳақида ёмон гапларни гапириш кишининг дунёга бефарқлигини билдирмаслиги, дунё ҳаёти ҳақида зикр қилиш қалбнинг ҳали ҳам у ҳақида ташвишда бўлишининг аломати экани ҳақида айтиб ўтади. У айтадики, агар улар дунё ҳаёти ҳақида ўйламаганларида, бу ҳақида гапириб юрмаган бўлардилар.

Дунё муҳаббатидан эмланиш – бу Аллоҳ таолонинг неъматларига ношукрлик қилмаслик (эътиборсизлик қилмаслик), уни бутунлай инкор қилмаслик ва дунёвий ишлардан бутунлай четда бўлмасликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, энг яхши эътиқод соҳибининг, дунё ҳаёти учун охиратни, охират учун дунё ҳаётини тарк этмаслик ҳақида ҳадислари мавжуд. Яъни ҳақиқий мўмин ўз ҳаёти давомида уни ҳам, буни ҳам уйғун равишда олиб боради.

Шундай экан, дунё муҳаббатидан энг яхши эмдори – бу охират ҳаётига муҳаббатни тарбия (ҳосил қилиш) қилиш, деб айтиш мумкин. Чунки уларнинг муносабати худди сув билан олов кабидир: бири бор жойда иккинчиси бўлмайди. Абадиятга интилиш (Охират ҳаётига муҳаббат қилиш), худди тоза сув оқими каби дунё ҳаёти билан боғлиқ нафс оловини ўчиради.

islam-today.ru сайтидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Тажрибаларим чўчқа гўшти, дудланган мойи ҳақиқатда саратон касаллигининг сабабчиси эканлигини исботлади. давоми...

21:00 / 09.10.2019 4272
Ботиб бораётган қуёш заррин нурларини Байтуллоҳи шарифнинг қуббасидан йиғиб олаётган бир пайт олам узра давоми...

15:20 / 24.01.2017 4004
Аллоҳ таоло «Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Гуноҳинг учун истиғфор айт. Эртаю кеч давоми...

19:43 / 18.11.2016 3889
Мадинаи мунавварада турилганда кўпроқ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Равзаларига бориб, дуруду давоми...

14:08 / 13.08.2018 5329