Сафар ойининг маъноси биз билган «сафар»микан?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Маълумки, ҳар бир нарса ўз номига эга ва номланишида ўзига хос тарихи ҳам мавжуд. Шу жумладан, ҳижрий йил ой номларинининг ҳам ўз маъноси бор. Масалан, «рамазон» сўзининг маъноси «жазирама иссиқ», «зулҳижжа» эса «ҳаж» маъносини билдиради. «Сафар» сўзининг маъноси нима? Унинг маъноси биз билган «сафар»микан? Ой номи «сафар» эмас, «софар» экан. Бу ой номининг сафарга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Айтишларича, сафар ойида тўй ёки бирор маросим қилмасликка қуйидаги воқеий ҳолат сабаб бўлганмиш: авваллари одамлар сафар қилиш учун шу ойни маъқул деб билишиб, сафарга чиқишган.
Агар кимдир бирор маросим қилса, қариндошлар унда қатнаша олмаган. Лекин яна бир тоифа одамлар эса бу ойда сафар қилишни хосиятсиз санашган. Кўриб турганингиздек, иккала фикр бир-бирини инкор қилади. Хуллас, сафар ойи билан боғлиқ бўлган бундай фикрлар жуда кўп. Бугунги кунимизда ҳам буларга ишониб, «ихлос» билан амал қиладиганлар талайгина. Нега айнан сафар ойида бидъатлар, турли хил ирим-сиримлар кўп? Қуйидагиларни ўқиб чиқсангиз, бу саволга жавоб топасиз, иншааллоҳ.

Қуръони каримда сафар ойига оид маълумот борми? Текширишлар шуни кўрсатдики, йилнинг бошқа ойлари қатори сафар ойи ҳам Қуръони Каримда ўз номи ила тилга олинмаган экан. Аммо Қуръони Карим оятларини тафсир қилиш ва улардаги ишораларни англаб етиш учун келтириладиган маълумотларда сафар ойи борлиги аён бўлди.

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кетказилади. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилиб, бир йил ҳаром қилишади. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилишади. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмайди», деган (37-оят). Ояти каримадаги «насийу» луғатда «ортга суриш» маъносини ифода қилади. Жоҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни араб мушриклари ҳам тўрт ой ҳаром ойлар эканлигини айтар эдилар. Ўша ойларда уруш тамоман тўхтарди. Агар бирор киши шу ойларда отасини ўлдирган одамни учратиб қолса, унга тегмасди. Аммо борди-ю, урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверардилар. Мисол учун, муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, бу йил унинг ҳаромлигини сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз, деб муҳаррамда уруш қилишарди. Сафарда эсам уруш қилишмасди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди.  

Исломдан олдинги жоҳилият даврида сафар ойидан шумланиш одати ҳам бор эди. Улар «сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди», «никоҳ ақди қилиб бўлмайди», «аёли билан бирга оилавий ҳаётни бошлаб бўлмайди», «сафарга чиқиш мумкин эмас» каби бир қанча хурофотлар асосида бу ойдан шумланишар эди. Уларнинг фикрича, бу ой хосиятсиз бўлиб, унда турли ёмон мавжудотлар ер юзида тарқалар ва мазкур ишларни қилган одамларга зарар етказар эмиш.

 

Исломда эса бу ой «сафарул хойр»«сафар яхшилик» деб номланди. Исломда кўпгина ишларни айнан сафар ойида бошланди. Масалан, Масжиди Набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди. Мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқишди. Пайғамбар алайҳиссалом сафар ойида сафарга чиқиб, Хайбарни фатҳ қилганлар. Мусулмонлар бу ойда никоҳлар ўтказишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Демак, сафар ойидан шумланиш динимизда йўқ нарса (Аллоҳ билувчидир). («Зикр аҳлидан сўранг» рисоласи).

 

Хўш, энди ҳам бу ойдаги бидъат ва турли хил ирим-сиримларга ишонасизми? Шу ўринда яна бир нарсани эслатиб ўтиш зарур. Иймоннинг шартларидан бири бандага етган ҳар бир яхшилигу ёмонлик Аллоҳдан эканига ишонишдир. Шундай экан, нега бирор ойда бирор амални қилмасдан қандайдир ёмонликни даф қилиш мумкин деб эътиқод қилинади?

 

Яҳудийларни бир одати бўлган экан. Улар бирор қилишлари керак бўлган амал ҳақида эшитишса: «Эшитдик ва итоат этмаймиз», дейишаркан. Мусулмонлар эса: «Эшитдик ва итоат этамиз», дейишаркан. Хулоса эса ўзингизга ҳавола...

 
 
 
 
Мавзуга оид мақолалар
Савол Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам оталаридан қачон етим қолганлар            Жавоб Расулуллоҳ давоми...

12:14 / 24.11.2017 2455
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти муносабати билан ТАЪЗИЯ   давоми...

21:36 / 11.03.2017 4407
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир диннинг хулқи давоми...

06:30 / 29.12.2016 3887
Табрик Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи давоми...

17:10 / 12.03.2017 10797