Қадарга ишонишнинг фойдаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Қадарга бўлган ишонч ўз эгасини доимо ҳаракатда бўлишга чорлайди. У ўз фойдасини ҳаракатдан топади. Бу ишим самарали бўлмаса, кейингиси самара берар, деб доимо яхши умид билан иш олиб боради. Чунки унга нима тақдир қилингани маълум эмас, белгилари ҳам йўқ.

Қадарга бўлган ишончнинг ҳикматларидан яна бири, инсон бошига мусибат етганида қайғуни енгиллаштиришидир. Шунингдек, ҳаётида муваффақиятларга эришган чоғида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди, балки барча нарсани Аллоҳдан деб билиб, мусибат етганда сабр қилади, яхшиликка эришганда шукр қилади.

«Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда, ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир. Токи кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун» («Ҳадид» сураси, 22, 23-оятлар).

Шу оятда Аллоҳ айтадики, инсонга бирор мусибат етса, бу аввалдан тақдир қилинган нарсадир. Инсон бунинг учун қайғу чекиб, ўзини қийнамаслиги зарур. Чунки тақдирда бор нарса у хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам содир бўлиши муқаррар.

Шунингдек, унга бир яхшилик етса ҳам, бу тақдирдаги нарса бўлиб, инсоннинг хоҳишига қарамай бўлиши муқаррар бир нарсадир. Бунинг учун инсон ортиқча хурсанд бўлиб, ҳовлиқмаслиги зарур. Қадарга бўлган ишонч кишини шижоатли, қўрқмас, сахий ва карамли қилади. Чунки у киши ажали ва ризқи ўлчовли эканлигига, дунёдаги барча ишлар Аллоҳнинг қўлида эканлигига ишонади.

Шунинг учун ҳам ўз халқини, ватанини ва миллатини ҳимоя қилишда ўлимдан ҳам қўрқмайди. У «ризқ бергувчи Аллоҳнинг Ўзи» деган эътиқодда бўлгани учун, камбағал бўлиб қолишдан чўчимай, бева-бечораларга, муҳтожларга хайру эҳсонлар қилади. Шунга ўхшаш қадарга бўлган ишончнинг ҳар бир киши ва ҳар бир жамият учун манфаатлари беҳад кўпдир.

 
Мавзуга оид мақолалар
Фарзандимизда намоён бўладиган ҳар бир салбий жиҳатларга эътибор бериб, айб иш қилганда маломат қилишга давоми...

21:10 / 29.12.2016 2965
Ўтганларнинг охирати обод бўлсин ТАЪЗИЯ «Иннаа лиллааҳи, ва иннаа илайҳи рожиъун» «Албатта, биз давоми...

20:43 / 18.03.2017 4510
Ёқутлар билан инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан, унинг ихтиёрига 24 соат вақт берилади. Бу унга ҳар давоми...

10:35 / 23.01.2017 5385
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм ҚАДР КЕЧАСИ ҲАҚИДА Қадр кечаси ҳақида ўзбек тилида ҳам анчамунча давоми...

21:36 / 09.03.2017 8782