Тўрт мазҳаб намози
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Такбири таҳрима – Намозни бошлаганда икки қўлни елка баробарида кўтариб, кейин айтиладиган такбир. Ҳанафий ва Моликий мазҳаби уламолари:«Бош бармоғининг учини қулоқларининг юмшоқ жойига теккизади», деганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни такбир ила очганларини, такбир айтаётганларида икки қўлларини елкалари баробари қилаётганларини, қачон рукуъга такбир айтсалар, худди шундоқ қилишларини, қачон «Cамиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», десалар ҳам, шундоқ қилиб туриб, «Роббана лакал ҳамд», дейишларини, бошқа бир ривоятда: «Қачонки икки ракъатдан турсалар, икки қўлларини кўтарганларини ва буни сажда қилаётганларида ва саждадан тураётганларида қилмасликларини кўрдим».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

Муслим ва Абу Довуднинг ривоятида: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон такбир айтсалар, қўлларини кўтарар эдилар. Сўнгра кийимларига ўраниб чап (қўллар)ини ўнг (қўллар)и билан ушлар эдилар», дейилган.

Ҳанафий мазҳабида киндикдан пастга боғланади. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши: «Суннат – намозда кафтни кафт устига қилиб, киндикнинг остига қўйиб туришдир», деди».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шофеъий мазҳабида киндикдан юқори қўйилади. Моликий мазҳабида қўлни боғламаслик жорий қилинган.

Намозни бошлаш дуоси

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозга турсалар, такбир айтар, сўнгра: «Юзимни осмонлару ерни яратган Зотга ботил динларда мойил бўлмаган мусулмон ҳолимда юзлантирдим. Мен мушриклардан эмасман. Албатта, менинг намозим, ибодатларим, тиригим ва ўлигим оламларнинг Роббиси, Аллоҳникидир. Унинг шериги йўқдир.Мана шунга амр қилиндим. Мен мусулмонлардандирман. Эй, бор Худоё, Ўзинг подшоҳсан. Сендан Ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ. Сен менинг Роббимсан. Мен Сенинг бандангман. Мен ўз жонимга зулм қилдим ва гуноҳимни эътироф қилдим. Бас, менинг ҳамма гуноҳларимни мағфират қилгин. Гуноҳларни Сенинг Ўзингдан бошқа мағфират қилмас. Мени энг гўзал ахлоқларга ҳидоят қилгин. Гўзал ахлоқларга Сенинг Ўзингдан бошқа ҳидоят қилмас. Мендан уларнинг ёмонини четлатгин.

Уларнинг ёмонини Сенинг Ўзингдан бошқа четлатмас. Сенга, лаббай, дейман. Сенинг амрингга тайёрман. Яхшиликнинг барчаси Сенинг икки қўлингда. Ёмонлик сенга нисбат берилмас. Мен Сенданман ва Сенга борурман. Муборак бўлдинг ва Олий бўлдинг. Сенга истиғфор айтаман ва тавба қиламан», дер эдилар».

Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Шофеъий мазҳаби ушбу дуони «Мен мусулмонлардандирман» деган жойигача сано дуоси қилиб олган. Абу Саъад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси қачон намозга турсалар, такбир айтар эдилар ва сўнгра: «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарока исмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрука», дер эдилар. Кейин эса «Аллоҳу акбару кабийран, ундан кейин, Аъузу биллаҳис самийъил азийм минаш шайтонир рожийм мин ҳамзиҳи ва нафсиҳи ва нафхиҳи», дер эдилар».

Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаби санога ушбу дуони ўқишни ихтиёр қилганлар. Ҳанафий мазҳабида сано дуосини ўқишлик суннат ҳисобланади. Моликий мазҳаби сано ўқиш макруҳдир, деган. Улар «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар намозни «Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн» билан бошлар эдилар» деган ҳадисни бунга ҳужжат қилиб келтирганлар. Лекин бу сано ўқимас эдилар, дегани эмас.

«Аъузу биллаҳи»ни айтиш Ҳанафий мазҳабида суннат амал. «Бисмиллаҳи»ни айтиш Ҳанафий мазҳабида суннат амал. Шофеъий мазҳаби «Бисмиллаҳ»ни оят ҳисоблаб, намозда сурага қўшиб овоз чиқариб ўқийдилар.

«Фотиҳа» сурасини ўқиш

Ҳанафий мазҳабида вожиб ҳисобланади. Бошқа мазҳабларда эса бу фарз дейилади. Аслида уларда вожиб амалнинг ўзи йўқ. Уларда фарз ва суннат амаллар бор. Шофеъий мазҳабида муқтадий ҳам ўқийди.

«Фотиҳа»дан кейин оминни айтиш

Мустаҳаб амал. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон имом «омин» деса, сизлар ҳам «омин» денглар. Чунки кимнинг омини фаришталарнинг оминига мувофиқ келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Ҳанафий мазҳабида ҳар қандай намозда махфий айтилади. Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларида қироати махфий бўлган намозларда омин ҳам махфий айтилади, қироати ошкора намозларда омин ҳам ошкора айтилади, дейилган.

«Фотиҳа»дан сўнг зам сура ўқиш

Ҳанафий мазҳабида вожиб амал. Бошқа мазҳабларда эса суннат.

Рукуъга кетишдаги такбирда ва рукуъдан туришдаги такбирда икки қўлни кўтаришни шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари олган.

Ҳанафий мазҳабида рукуъ ва саждага такбир айтиш, рукуъ ва саждада тасбиҳ айтиш суннатдир. Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва Имом Абу Юсуфлар рукуъ ва саждада хотиржам бўлиш фарздир, деганлар. Имом Абу Юсуф рукуъ ва саждадаги хотиржам туришнинг фарзлиги бир марта «Субҳана роббиял азийм» ёки «Субҳана роббиял аълаа»ни шошилмай айтгунча, деганлар.

Икки сажда орасида ўтириш

«Икки товонга иқъо» дегани оёқни тик қилиб, икки товонга орқани қўйиб ўтиришга айтилади. Жоиз иқъо ўтиришни икки сажда орасида бўлиши Шофеъий мазҳабида суннатдир.

Истироҳат ўтириши – иккинчи саждадан бош кўтаргандан кейин бирдан туриб кетмай, олдин бир ўтириб олиб, кейин турилади. Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари қабул қилган.

Қаъдаи аввал Ҳанафий мазҳабида вожиб амал. «Ташаҳҳуд» – Ҳанафий мазҳабида вожиб амал. Шофеъий мазҳаби «ташаҳҳуд»нинг қуйидаги сийғасини қабул қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ташаҳҳудни худди Қуръонни таълим бергандек ўргатар эдилар. У Зот: «ат-таҳияту ал-мубаракоту ас-саловоту ат-тоййибату лиллаҳи. ас-салому алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу. ас-салому алайнаа ва ала ибадуллохис солиҳийн. Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳу. (Бир ривоятда, «Ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу»ни зиёда қилди). Ва ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», дер эдилар».

Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган.

Ишораи саббоба – Ҳанафий мазҳабида суннат амал ҳисобланади. «Ташаҳҳуд»миқдорида охирги қаъдада ўтириш – фарз. Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларида намоз охирида «ташаҳҳуд» фарз.

Салавот Шофеъий мазҳабида вожиб, бошқаларда суннат.

Дуони Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи, фақат Қуръон ва суннатда келган дуоларни қилиш жоиз, деганлар.

Салом Ҳанафий мазҳабида намоздаги вожиб амаллардан ҳисобланади.

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvCwboTebKS4embed

11:41 / 08.09.2016 3107
Муҳтарама муслималар Сизларга аввал тақдим этганимиз ва баъзи сабабларга кўра узилиб қолган ажойиб давоми...

12:42 / 17.07.2017 13338
Саҳл ибн Ҳанзаладан ривоят қилинади «У бефарзанд эди ва «Агар Исломда турганимда бир болам чала туғилиб, давоми...

10:50 / 05.11.2017 4073
Аввал маълум қилганимиздек, «Ҳилолнашр» матбаанашриёти пойтахтимиздаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва давоми...

17:50 / 14.02.2017 4178