Ахлоқбузар сериаллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ахлоқбузар сериаллар

Яқин йиллар ичида ойнаи жаҳонни, деярли, бутунлай эгаллаб келаётган турли хил сериаллардан роса хуноб бўлгач, ушбу мақолани ёзишга жазм қилдим. Ўйлайманки, сериалларни кетини-кетига улаб кўриб келаётган сериал ишқибозлари бундан тегишли хулоса чиқариб олишади.

Бу мавзуни очар эканман, кимнидир сериал кўраман деб, қозонда овқати тагига олиб кетгани ёки бўлмаса уйини ўғри уриб кетгани ҳақида гапирмоқчи эмасман. Чунки булар ҳақида гапириб ўтириш шарт эмас. Одамлар орасида болалаб юрган миш-мишлар бундай мавзуларни тўлдириб қўя олади. Мақоламнинг асоси ахлоқ тўғрисида. Сериалларнинг ашадий мухлислари бўлишга улгурган ўзбек аёлларига кичик бир эслатма деса ҳам бўлаверади.

Бизнинг ўзбек аёллари азалдан ҳаё ва ибода дунё халқларига ибрат бўлиб келишган. Ўзбек аёлларининг эрларига бўлган вафоси, ширинсўзлиги тўғрисида сўз очадиган бўлсак, момоларимиз дунё аёллари билан рақобатлаша олишган. Бир мусулмон рус йигитининг:«Уйлансам, ўзбек муслима қизига уйланаман, ўзбек қизлари эрларига итоаткор бўлишади. Рус муслималар ҳам кўп, лекин, барибир, уларда бир оз қайсарлик бор»,– деганига ўзим гувоҳ бўлганман. Кейинги пайтларда эса бунинг аксини кўряпман. Хўш, «Бунга сериалларнинг нима даҳли бор?» дейдиган бўлсангиз, саволнинг жавобини ўша сериаллардан топасиз.

Таажжуб фитналикдир бу замона, Тушубдир эрлар аҳволи ёмона.

Сўфи Аллоҳёрнинг бу мисраларида қанчалик ҳозирги замон билан уйғунлик мавжудлигидан ажабланмадим. Чунки замонамиз аёллари ҳозирда ахлоқбузар сериаллардан ўрнак олишмоқда. Бу ҳақиқат, чунки ҳадеб бир хил ҳолат, бир хил мавзуни кўравергач, шу мавзуга мойиллик пайдо бўлиши аниқ. Кўринишидан бу сериалларда аёллар ҳуқуқи ҳимоя қилинаётгандек, аммо бундай сериалларнинг асосий мақсади аёлларни ботқоққа ботиришдан бўлак ҳеч нарса эмас. Эрга итоатсизлик, ота-онага ҳурматсизлик, уларга оқ бўлишлик, эри бўла туриб бегона эркакларга суйкалишлик, бегона йигит билан уйдан қочишлик каби воқеалар бу сериалларда асосий мавзу бўлиб хизмат қилади. Сериал қаҳрамонлари эса бу юзсизликлари учун ўрнак қилиб кўрсатилади.

Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Агар Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишлик мумкин бўлганида эди, аёлларни ўз эрларига сажда қилдирган бўлур эдим»,– деган муборак сўзлари асрлар ўтиб унутилиб кетаётганидан қалбим ларзага келмоқда. Мен аёлларнинг шаънини ерга урмоқчи эмасман. Ҳамма нарса ўз ўрнида бўлгани яхши демоқчиман, холос. Аёл нафосат, одоб ва иффат рамзи саналиб келинган. Эркакшодалик, худбинлик аёлларга хос эмас. Бундай иллатлар оиладаги фаровонлик, тинчликка рахна солади. Аллоҳ аёлни мукаррам қилди. Демак, жамиятда аёлнинг ўз ўрни бор. Оқил эрлар, одобли ва итоатда бўладиган аёлларни ҳурмат қиладилар.

Маоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан айтилганига кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дейдилар:«Қайси бир аёл (мўмин) эрига озор берганда, у кишининг (жаннатдаги) ҳур жуфти (бу аёлга) Аллоҳ сенинг жонингни олсин, у кишига озор берма. Шубҳасиз, у сенинг ёнингда меҳмондир, сендан айрилиб, тезда ёнимга келади», дейди.

Муслима опа-сингилларим! Бу мақолам билан сизларни камситиб, хафа қилмоқчи эмасман. Аммо бир ўйлаб кўринг, шу сериаллардан нимани ўргандингиз? Ўша ахлоқсиз сериалларни кўриш ўрнига Аллоҳни рози қиладиган нима ишлар қилиш мумкин?

Мавзуга оид мақолалар
   Одатга кўра, меҳмондўст халқимиз бошқа ойларда бўлгани каби, бу муборак ойда ҳам меҳмон кутгиси келади. давоми...

10:43 / 08.02.2017 5107
   Маълумки, ҳар бир нарса ўз номига эга ва номланишида ўзига хос тарихи ҳам мавжуд. Шу жумладан, ҳижрий давоми...

21:40 / 17.03.2017 6570
2019 йил ҳаж мавсуми олдидан Маккадаги Масжидул ҳаром ва Мадинадаги Масжиди набавийда умумий тозалаш ва давоми...

15:08 / 13.07.2019 2358