Азиз умр ғанимат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг азалий иродаси ва қудрати билан инсон зотини барча мавжудотлардан ақл, тафаккур билан афзал ва мумтоз этиб яратди. Инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб чегараси, қадр-қиймати билан халқ этди. У Зот Қуръони Каримда хабар бериб бундай дейди: «Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир».

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз вақтларига жуда қизғанчиқ бўлишган. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканлигини яхши билишган ва шунга мувофиқ амал қилишган. Ҳамонки, суҳбатимиз инсон умри ҳақида, шу умрдан унумли фойдаланиш ҳақида экан, авваламбор, шуни айтиш лозимки, умр инсониятга берилган энг бебаҳо неъматдир. Инсоннинг яралиши, ҳаёт кечириши ва охир-оқибат дорулфанодан дорулбақога риҳлат этиши Аллоҳ томонидан жорий қилиб қўйилган ўзгармас қонундир. Хўш, инсонга умр ўзи нима учун берилади, инсон бу умрда нималар қилиши керак?, – деган саволлар туғилиши табиийдир. Ушбу саволларга жавобан Ҳақ таборака ва таоло Қуръони Каримнинг «Мулк» сурасида бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир». Ушбу ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни ҳуда-беҳуда ишлар, кайфу сафо ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани ойдинлашади. Инсон умри чекланган. У маълум йиллар, маълум ойлар, кунлар, соатлар, дақиқалар, борингки, маълум лаҳзалардан иборат. Шундай экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етмасак, вақт ҳамиша бизнинг зараримизга ишлайди. Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий ҳазратлари: «Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир кунинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир», деган эканлар. Вақтнинг бебаҳолиги Вақт мусулмонлар ҳаётидаги энг аҳамиятли нарсалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқаю сония, соат, кун, инсон умрининг хатосиз ўлчовидир. Вақт шундай маблағки, уни эртанги кунга ғамлаб қуйиш мумкин эмас. Агар инсон бирор нарсанинг қиймати ва муҳимлигини билса, ўша нарсага қаттиқ эътибор бериб, уни беҳуда йўқотмасликка ҳаракат қилади. Вақт киши имкониятидаги энг қадрли нарсадир. Негаки, туғилишимиздан то вафот этгунимизга қадар берилган мана шу қисқа муддат ичидагина бизларда охиратимизни обод қилиш учун амал қилиш имконияти бор. Ибн Қаййим айтади: «Инсоннинг вақти бу аслида унинг умридир. Вақт булутдек ўтиб кетади. Кимнинг вақти Аллоҳ учун ва Аллоҳ билан бўлса, бас, вақт у кишининг ҳаёти ва умридир. Бундан бошқалари эса инсоннинг ҳаётидан хисобланмайди. Инсон ўз замони ва вақтининг қадрини билиши, бирор лаҳзасини ҳам беҳуда ўтказмаслиги ва шу вақтда энг афзал сўзу амалларни бажармоғи лозим. Унинг нияти мудом яхшиликда қоим бўлиши ва бажариладиган амалларда сусткашлик қилмаслиги керак». Қуръони Каримда вақтнинг бебаҳо ва қадрига етмаса бўлмайдиган улуғ неъмат эканига ошкора ёки зимдан далолат қилувчи кўплаб ишоралар бор. Аллоҳ таоло вақтнинг бўлаклари ва ажралмас қисми бўлмиш кеча ва кундузга қасам ичади. Тонгга, чошгоҳ вақтига қасамёд қилади. Масалан: «Лайл (тун)» сурасида:«والليل إذايغشى» «Борлиқни ўз зулмати билан ўраб келаётган кечага қасам», Зуҳо сурасида:«والضحى» «Чошгоҳ вақтига қасам», дея марҳамат қилади. Муфассирлар сўзига кўра, Аллоҳ таоло Ўз бандалари ва махлуқотларидан бири билан қасам ичса, бу ўша унинг-ла қасам ичилаётган у ёки бу мавжудотнинг буюклигига ва қадри баландлигига ишора қилиш билан бир қаторда қасамдан сўнг айтиладиган нарсанинг ҳам юксак аҳамиятга молик эканлигини билдиради. Вақт хусусиятлари Вақтнинг бошқа нарсалардан ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари бор. Бизлар уни тўғри маънода тушунишимиз ва унинг нури билан иш олиб боришимиз лозим; 1. Вақт тез ўтади. Хоҳ шод-ҳуррамлик ва қувонч билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтади. Бизга хурсандлик кунларимиз бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек кўринади. Аслида, ундай эмас, лекин инсонга шундай туюлади, холос. Шоир айтади: Бахту саодатга тўла ойларим Гўё давом этди кундан ҳам қисқа, Ва лекин ҳижронга тўла кунларим Йиллардек кўринди менинг кўзимга, Наҳот энди ўтди йиллар, дўстларим, Ҳайрат-ла боқаман бу кун ўзимга. 2. Вақтдан ўтгани ортига қайтмайди ва ўрнига алмашмайди ҳам. Ҳар бир кун ўтади, ҳар бир соат ниҳоясини топади ва ҳар бир лаҳза кезувчидир, уни ортга қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришнинг имкони йўқ. Демак, ҳар лаҳзани ғанимат билиш лозим. Бу ҳолни Ҳасан ал-Басрий етук сўзлари чиройли тавсифлайди: «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: «Мен янги кунман, ишларингга шоҳидман. Агар кетсам, қиёматга қадар қайтмайман. Шундай экан, (бу фурсат ичида) истаганингча амал қилиб қол, уларнинг мукофотини ўз олдингда (яъни келажакда, қиёматда) топасан. Ёки истаган ишингни кечиктир, бу фурсат сенга абадий қайтиб келмайди». Ҳасан ал-Басрий ҳақларида ал-Имом Али Зайнул-Обидин: «Бу зот сўзлари пайғамбарлар сўзларига ўхшаш киши эдилар» – деганлар. Кўп кексаларни кўрамиз, улар ёшлик даврларини яна бир бора қайтишини орзу қиладилар, лекин бу ушалмайдиган орзу, балки армондир. Шоирлардан бири айтади: Ортига қайтсайди бир кунга ёшлик, Унга айтардим нелар қилди кексалик. Бошқа бир шоир умрнинг қай тарзда ўтишини тасвирлаб, унинг кечаю кундузлари ортга қайтмасдан кетади ва бунга умид ҳам йўқ, деб ёзади: Киши кетар умрининг жиловин тутиб, Ойу кунлар ичра фано сафари сари, Кеча ва кундузлар тонг оттириб тунни кутиб, Дунёни тарк этар яқинлашиб қабр сари. Инсон ёруғ дунёдан юз ўгириб, охират сари юзланган вақтида ўзига яна бироз муҳлат берилишини ёки йўқотган нарсасини тўғрилаб, бузганини тузатиб олиш учун озгина вақтнинг ортга қайтарилишини орзу килади. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб, шундай дейди: Маъноси: «Эй мўминлар, на мол-дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!.. Сизларнинг бирингизга ўлим келиб, у; «Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, мен хайр-садақа қилиб, солиҳ баландалардан бўлсам», деб қолишдан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Бирон жоннинг ажали келганда Аллоҳ таоло уни ҳаргиз кечиктирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардор бўлган Зотдир!». (Мунофиқун, 9–10). Шулардан келиб чиқиб, айтиш жоизки, ҳар бир киши ўзига берилган қисқа умрни фойдали ишларга сарфлаши, илм олиши, ҳунар ўрганиши ёки тадбиркорлик, тижорат каби касбкор қилиши ва жамиятга, манфаатга ҳаракат қилиши айни муддаодир. Халқ нақлида «Ёшликда билганинг – тошга ёзганинг, қариликда билганинг – музга ёзганинг» дейилади. Умрнинг олтин чоғида фурсатни беҳуда, таралла бедодлик билан ўтказмай, инсоний ахлоқ-одоб, муомала-муносабат, касбу ҳунар, ширинсуханлик ва одиллик ихлос-эътиқод билан ўрганиб олинса, одам учун бир умрга унутилмас одатга айланади. Бу эса ҳаётда яхши ва мазмунли яшаш учун доим ойдин, равшан йўлларни очиб беради. Охиратда инсонлар ўз умрларини, вақтларини қандай ўтказганлари ҳақида сўраладилар. Албатта, инсонга бу дунёда берилган ҳар бир неъматнинг қиёматда савол-жавоби ва ҳисоб китоби бор. Киши ўзига берилган неъматлар ва имкониятларни қай тариқа тасарруф қилди, уларни қандай ишларга сарфлади, неъматлардан тўғри фойдаландими ёки суиистеъмол қилдими, шулар ҳақида ҳар бир киши, албатта, сўралади. Аллоҳ таоло «Такассур» сурасида марҳамат қилиб айтганидек: «ثم لتسألن يومئذ عن النعيم» яъни: «Сўнгра, албатта, ул кунда (охиратда) неъматлар ҳақида сўралурсиз!» Инсониятга ато этилган неъматлардан бири, балки уларнинг энг улуғларидан бири вақт, умр неъматидир. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси – умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси - ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси – мол-дунёни қай йўсинда (ҳалол йўл биланми, ҳаром йўл биланми) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси – ўрганган илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади». (Баззор ва Табароний ривояти). Инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса ўзига хос шаклда сўралади. Ёшлик-йигитлик – умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажралиб турувчи ўзига хос қийматдор тарафи бор. У – ҳаёти ғайрату шижоатга, ўткинчи мақсадга тўла ёшдир ҳамда (ёшлик) икки заифлик – гўдаклик ва кексалик – орасидаги жисмоний қувватга тўлишган бир даврдир. «Рум» сурасининг 54-оятида бундай дейилади: Мазмуни:«Аллоҳ шундай Зотдирки, У сизларни ночор нарсадан (яъни бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди...». Кишининг гўдаклиги заиф бўлган давридир. Кексалиги ҳам заифлик даври. Демак, ўртада оз муддатга ёшлик-йигитлик деб аталмиш куч-қувватли давр берилар эканки, унинг қадрига етиш, бу оз муддатни яхши ишларга сафарбар қилиш, ҳалол касбкор қилиш, илм олиш, фарзандларини келажакда элу юртига хизмат қиладиган, жамиятга манфаат келтирадиган олим, фозил, ҳунарманд, тадбиркор, солиҳ кишилар бўлиб вояга етишларини таъминлашга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир. Мусулмон кишининг вақт олдидаги вазифалари Модомики вақт шунчалик ахамиятли экан, демак, мусулмоннинг вақт олдида вазифалари бор. Мусулмон киши ана шу вазифаларни тушуниб адо этмоғи шарт. Улар: 1. Вақтдан имкон қадар унумли фойдаланмоқ: Бебаҳо мол-давлатини беҳад асраб-авайлайдиган инсон аслида бебаҳо вақтига бундан-да эътиборлироқ бўлмоғи, уни фақат хайрли ўринларда хайрли мақсадларга ишлатиши лозим эди. Салафи солиҳлар вақтларига жуда эътиборли эдилар. Чунки улар вақт қадрини яхши англардилар. Улуғ имомлар ҳар бир вақтни фойдали илм, яхши амал, нафсга қарши кураш ёки бошқаларга фойда етказиш билан ўтказиб охират ғамини ердилар. Ҳасан Басрий айтади: «Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга харис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ харис эдилар». 2. Вақтни тартибга солиш: Диний ва дунёвий ишларни батартиб адо этмак мусулмон кишининг вақти олдидаги вазифаларидандир. Ана шунда ишлар бир-бирига ҳалал бермайди. Муҳим ва номуҳим амаллар ўз ўрнини топади. Солиҳлардан бири айтади: «Банданинг (ўтган) вақтлари тўрт турли бўлади, бешинчиси йўқдир; 1. Неъматда, 2. Кулфатда, 3. Итоатда, 4. Маъсиятда, Вақтнинг ҳамма ҳолатида ҳам зиммангда Аллоҳнинг ибодатидан улуш бордир. Демак, кимнинг вақти тоатда ўтган бўлса, унинг йўли Аллоҳ тарафидан унга берилган марҳаматга, яъни Аллоҳ уни ҳидоятлаб, ибодатга муваффақ қилиб қўйганига шоҳид бўлишдир. Кимнинг вақти неъматда ўтган бўлса, унинг йўли шукр қилишдир. Кимнинг вақти маъсиятда ўтган бўлса, унинг йўли тавба ва истиғфордир. Кимнинг вақти кулфат (синов)да ўтган бўлса, унинг йўли розилик ва сабрдир». 3.Бўш вақтни ғанимат билиш... Набий (алайҳиссалом) марҳамат қилиб, дедилар: “نعمتان مغبون فيهما كثير من الناس الصحة والفراغ” Яъни:«Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар: сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир». Ушбу муборак ҳадисда саломатлик билан вақт неъматининг аҳамияти жуда гўзал шаклда, ўта балоғатли тарзда баён қилинган. Араб тилида «ғабн» деб аталмиш «алданиб қолиш, чув тушиб қолиш» маъноларини англатувчи сўз аслида тижорат ва олди-сотдига тааллуқли сўз ҳисобланади. Арзон нарсани ўта қимматга сотиб олган ёки аксинча қимматбаҳо нарсани билмасдан арзон баҳога сотиб юборган киши араб тилида «мағбун» дейилади. Тожирлар ўз сармояларини эътиборсизлик билан нобоп нарсаларга ишлатиб қўйсалар, чув тушадилар, алданадилар. Худди шунга ўхшаб вақт билан саломатлик ҳам дунё тижоратхонасига келган инсон сармояси экан. Шу боис ҳам ҳадисда бу икки нарсада кўплар алданиб қолиши, чув тушиши хабар берилмоқда. Мазкур ҳадисдан келиб, чиқиб, Аллома Муновий ҳазратлари ҳар бир инсонни тижоратчига, саломатлик билан бўш вақтни эса сармояга ўхшатган эканлар. Инсон қўлидаги саломатлик ва бўш вақт аталмиш сармоясини чиройли тадбир билан тасарруф қилса, фойда кўради. Акс ҳолда чув тушади. Лекин, афсуски, инсон боласи куч-қувватга тўлиб, соғ-саломатлиги яхши пайтида умрининг қадрига етмайди. Дунёнинг ҳамма ишларига бемалол улгурадигандек юраверади. Алишер Навоий бобомиз ибораси билан айтганда «Умр гулшанининг баҳори» ва «ҳаёт шабистонининг наҳори»ни кечираётган ёшлик йиллари завқ-шавқлари фаввораси жўшқинлигидан киши умр баҳори ва унинг мунаввар тонги жуда тез ўтиб кетганини пайқамай ҳам қолади. Шундай экан, бўш вақтни ғанимат билиб, фойдали ва эзгу ишларга бағишламоқ даркор. Агар бўш вақт яхши ишлар билан тўлдирилмаса, у, албатта, ёмон ва келажакда зиён бўладиган ишлар билан тўлади. Киши ишдан ва бошқа зарурий нарсалардан қутулиб, бўш вақт топса, уни ҳам ғанимат билиши керак. Ҳеч бўлмаганда китоб ўқиш, бирон нарса ўрганиш, бирорта фойдали иш билан машғул бўлиш ёки қариндошларни кўриш, касал зиёрат қилиш ва ҳоказо ишлар билан бўш вақтдан ҳам унумли фойдаланиш лозим. Негаки ғирт бекорчилик киши онгига турли васвасаларни, беҳуда фикрларни олиб келади. Қалбга ғам-андуҳ эшигини очади. Турли-туман шаҳвоний ишларга етаклайди. Ахир бежизга: «Эркак кишининг бекорчилиги ғафлат, аёл кишининг бекорчилиги эса шаҳватдир» дейишмайди. Миср ҳокимининг хотини Зулайҳо ўз хизматчиси бўлмиш Юсуф (алайҳиссалом)га хуштор бўлиб қолиб, уни ўз тузоғига тушириш учун ҳар хил ҳийла-найранглар уюштириши у яшаётган ўта дабдабали муҳитдаги бекорчиликдан келиб чиққан, Валлоҳу аълам... Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб, айтадилар: Яъни: «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат бил!» Айтадиларки, «Бўш вақтини ғанимат билмайдиган, ундан унумли фойдалана олмайдиган инсон иш вақтини ҳам ғанимат билмайди». Ихтиёримизда фақат бугун бордир!.. Уламою ҳукамолардан шундай сўзлар нақл қилинган: «Бу дунё уч кундан иборат: 1. Кечаги кун, у ўтиб кетиб бўлди, унинг китоби ёпилди. Энди сен қайғурсанг ҳам, қайғурмасанг ҳам, уни ортга қайтаролмайсан. Демак, кечанг ҳақида ўйлама. 2. Эртанги кун, сен унга етмаслигинг мумкин. У бир сир. Эртага қандай аҳволда бўлишинг номаълум. 3. Бугунги кун, у сеники, сен унда амал килиб кол. Чунки эртанг ҳам бугунингда қилган амалингга боғлиқ бўлиши мумкин. Агар бугун бирон амал қилмай, тамбаллик қилиб ўтираверсанг, эртанг ўта серкулфат ва қайғули бўлиши мумкин. Демак, имкониятингда фақат БУГУН бордир». Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу айтади:«Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол». Баъзи донишмандлар:«Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир», деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса: الوقت كالسيف إن لم تقطعه قطعك «Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади, яъни умринг беҳуда кечади»,– деган ҳикматли сўзларни айтишган. Абдуллоҳ ибн Масуъд розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳеч бир нарсага Қуёш ботиб, куним ўтиб ва менга берилган муҳлат қисқариб, унда амалим зиёда бўлмаганига ачинганим каби ачинмадим». Вақтни зое қилувчи офатлар Ҳаётда мусулмон кишининг вақтини зое қиладиган кўпгина офатлар мавжуд. Шулардан бири: 1. Ғафлат. Бу аксарият мусулмонлар чалинган хатарли касалликдир. «Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаккакдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир».[15] 2. Пайсалга солиш: Бу вақтни барбод ва умрни беҳуда ўтишига олиб боради. Афсуслар бўлсинким, бугун пайсалга солиб «кейинроқ» қиларман, деган сўз кўпчилик мусулмонларнинг шиори ва мижози бўлиб қолган. Азиз дўстим, хусусан, тавбани кечиктиришдан сақланинг. Зеро, бугун борсиз, эртанинг эса кафолати берилмагандир. Гарчи эртанги куннинг умидида яшасангиз ҳам, сизни ибодатдан тўсиб қўядиган хасталиклар, кулфатлар ва ўткинчи ишларни ёдга олсангиз, ҳар бир куннинг ўз амали ва ҳар бир вақтнинг ўз вазифаси борлигини тушуниб етасиз. Демак, мусулмоннинг ҳаётида бўш ўтадиган вақти йўқ экан. Тоат-ибодатларни кечиктириш инсонни ўша ибодатларни буткул тарк қилишига олиб боради. Ҳаёт – бу, аслида, улуғ неъматдир, Уни емиргувчи, билгин, ғафлатдир. Дема ажал кечдир ёки барвақтдир, Ўлим ҳақиқатдир, ўлим барҳақдир. Динимизнинг таълимотларида ҳам вақтнинг қадр-қиймати юқори бўлгани учун ҳам субҳ вақтида уйғонишга чақирилади. Бу ҳақдаги одоб-ахлоқларимиз талабига кўра, кўп ухлаш хосиятли эмас. Беш соатдан саккиз соатгача бўлган уйқу энг афзалидир. Зеро, донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашдан ҳам қайтаришган. Хабарларда келишича,«Тонгда ухлаш ризқни камайтиради». Сахр ал-Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилдилар Яъни: «Эй Аллоҳ, умматимнинг барвақт, эрта-тонгдан қилган ишларига барака бергин!» Шунингдек, мусулмон киши ғайрат-шижоатли бўлишлиги, лоқайдлик ва бепарволикдан узоқда бўлиш зарур. Чунки ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларидан қуйидагиларни биламиз: яъни: «Аллоҳ таоло Ўз бандалари орасида ғайратлисини яхши кўради». Эзгу ниятли, бағрикенг халқимиз ўтган 2011 йилни мамлакатимиз тараққиётида рўй берган улкан ўзгариш ва янгиланишлар, қўлга киритилган ютуқ ва марралар билан кузатди. Дарҳақиқат, 2011 йил, энг аввало, эл-юртимизни янги, обод ва озод, эркин ва фаровон ҳаёт қуришга бошлаган буюк тарихий ва қутлуғ сана юртимиз мустақиллигининг 20 йиллигини кенг нишонлаш йили бўлгани билан хотирамизда яхши сақланиб қолади. Барчаларимиз кириб келган янги 2012 йилга мамлакатимизда«Мустаҳкам оила йили» деб номланган бу қутлуғ санага қадам қўяр эканмиз, Аллоҳ таолодан бу йилни янада баракали бўлишини, яхши ниятларимизни ижобат этишини сўраб, дуолар қиламиз. Умрни ғанимат билишимиз, олтиндан қиммат бўлган вақтларимизни ўз ўрнига сарфлашимиз лозимлиги ҳақидаги мавъизамизни қуйидаги ибратли, амалий ривоят билан якунласак: Саҳобалардан бири Искандария шаҳри фатҳи ҳақидаги хабарни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга етказиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб Мадинага етиб келади. У қайлула (яъни Бомдод намозидан кейинги пайт) қилиш вақтида келиб қолибди ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам қайлула қилиб, дам олаётган бўлса керак, деб ўйлабти-да, масжид сари борибди. Қараса, Ҳазрати Умар масжидда экан. Ҳазрати Умар унга қарата: «Агар кундузи дам олсам, раъият ҳаққини зое қиламан. Мабодо кечаси ухласам, Аллоҳ таолонинг ҳаққини зое қиламан. Бу икки ҳақ ўртасида қандайин ухлаб дам оламан», дебди». Ушбу амалий ривоятдан ибрат олиб, ҳаётимизни чиройли ва мазмунли ўтказишга ҳаракат қилиб, вақтимизнинг қадрига етиб, турли беҳуда гап-сўзлардан, ҳар хил асоссиз мишмишлардан, иғво ва бўҳтонлардан йироқда бўлиб, ҳар бир дақиқаларимиздан самарали фойдаланиб умр кечирайлик. Абдуллоҳ Ансорий ўзининг «Туҳфатул мулук» асарида ҳар бир масалани тўрт тушунча билан шарҳлайди. Жумладан, тўрт нарсани асло қайтариб бўлмаслик ҳақида бундай дейди: Айтилган сўз, отилган ўқ – ўтган умр ва қазойи қадар. Демак, азиз умр инсонга бу дунёда яна бир бор қайтиб келмас экан. Ундан иложи ва имкони борича тўғри истифода қилиб, азиз умр давомида яхшилик қилиш, инсон ўз қўли билан эҳсону садақотларини керакли ўринларда нисор айлаши айни муддао ва мақсаддур. Маълумки, ёш авлод – азиз фарзандларимиз келажакда бизнинг меросхўримиз ва ҳаётнинг барча соҳаларидаги катта-кичик вазифа ва хизматни эгалловчи ўринбосарларимиздир. Ҳар бир даврнинг ўзига хос ҳолати, табиати ва шарофати бўлганидек, фан ва техника жадал тараққий этиб бораётган асримизда ёшлар тарбияси ва уларнинг бебаҳо вақтларидан унумли фойдаланишлари алоҳида аҳамиятга моликдирки, буни асло эсдан чиқармаслигимиз лозим. Лекин ҳар бир ота-онанинг ҳам фарзандларига меҳр-оқибати ва тарбиявий муносабати яхши эмаслиги, уларни ўз вақтларини нималарга сарф қилаётганига бефарқ қарашлари маълум бўлиб қолмоқда. Айрим ота-оналар фарзанд тарбиясига унчалик аҳамият бермайди. Фарзандлари ким билан дўстлашган ва нима ишлар билан машғуллигидан ҳам бехабардир. Маҳаллада ҳар бир шахс ўзи яшаб турган маҳалла фарзанди учун ҳам масъулдир. Зеро, халқимизда бир ажойиб нақл бор:«Бир болага етти маҳалла ота-она»,– деган. Шу сермаъно мақолнинг замирига назар ташласак, маҳаллаларимизда яшаётган ҳар бир ўғил ёки қиз бўлсин, уларнинг юриш-туриши, таълим-тарбияси, хусусан азиз умри нималар билан ўтаётганига асло бефарқ бўлмаслигимиз зарур экан. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг тўғри йўлига бошлаб, икки дунёда аҳли иймон, аҳли саодат бандалари жумласидан қилиб, юртимиз осмонини тинч ва мусаффо айлаб, неъматларини бундан-да зиёда қилсин. Омин.  
Мавзуга оид мақолалар
ҲАЙИТ ПИШИРИҚЛАРИ ЛОЧИРА Ун 150 г, қўй ёғи 10 г, сут 50 г, пахта ёғи 5 г, хамиртуруш 1 г, туз таъбга кўра. 1 дона давоми...

13:11 / 29.11.2016 7260
Саломатлик дарсларини давом эттирамиз. Бугун биз тўғри овқатланиш ҳақида сўз юритамиз. Соғлом турмуш давоми...

19:06 / 25.12.2016 5608
embedhttpswww.youtube.comwatchvTnEIMYueCXk038featureyoutu.beembed

22:26 / 18.03.2015 26329
                        Билмаган нарсангга эргашма     Барчага аёнки, ҳозирда ҳамма соҳалар шиддат билан давоми...

15:02 / 25.04.2017 3193