Ҳақиқий муваффақият
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримда бир буюк оят борки, бизга дунёда муваффақиятга эришиш ва охиратда нажот топишнинг тўртта асосий сабаби ҳақида сўзлайди. Улар: рукуъ қилиш, сажда қилиш, Аллоҳга ибодат қилиш ва қаерда бўлса ҳам яхшиликлар қилиш. Аллоҳ таоло айтади: "Эй иймон келтирганлар, рукуъ, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки, нажот топсангиз" (Ҳаж сураси, 77-оят).


"Яхшилик қилинглар" буйруғи барча яхшиликларни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда яхшилик қилиш ҳақида айтади: "Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор" (Нисо сураси, 114-оят).  Демак, ҳақиқий муваффақият одамларга манфаат бериш, уларнинг ҳолини яхшилаш каби воқеликда таъсири кўринадиган яхши амаллар экан. Талабанинг муваффақияти илмий юкаслишда, жамиятга фойдаси тегадиган кадр бўлиб етишишдадир. Муаллимнинг муваффақияти эса ўз мутахассислигини чуқур ўзлаштириб, талабаларга чиройли тарзда таълим беришидадир. Шу каби, ҳар қайси касб эгасининг муваффақияти ишини пухта бажариши ва ўзига юкланган вазифани тўла-тўкис амалга оширишидадир.

Бундан ташқари, мутлақо бошқа нажот ва муваффақият ҳам бор!


У илоҳий иноят ва абадий саодат муваффақиятидир. Унда ҳеч қандай хавф ҳам, надомат ҳам бўлмайди, маҳзунлик ҳам, зерикиш ҳам бўлмайди. У охиратда муваффақият топишдир.


Ҳақиқий муваффақият Аллоҳнинг тоатида бўлиш, Унинг буйруғига амал қилиш, қайтариғидан қайтиш ила рўёбга чиқар экан! Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшаларгина ютуққа эришувчилардир” (Нур сураси, 52-оят).


Ҳақиқий муваффақият бу – инсон қиёмат куни (амаллари рўй-рост ёзиб қўйилган) китобини ўнг томонидан оладиган ва турган жойида ютуғини халойиққа эълон қиладиган кундаги муваффақиятдир: “Бас, кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, у: "Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар... Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим", дейди. Бас, у розилик ҳаётидадир. Олий жаннатдадир. Унинг мевалари яқиндир. Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин” (Ҳаққоҳ сураси, 19–24-оятлар).


Мусулмон инсон дини ва охирати хусусида муваффақиятга эришиши керак, дегани, дунёвий муваффақиятларга эришишга ҳаракат қилмасин, дунёга бутунлай қўл силтасин, дегани эмас! Аксинча, мусулмон кишининг дунёда муваффақият қозониш учун саъй-ҳаракат қилиши – ердаги ўринбосарлик маъносини рўёбга чиқаришдаги асосий ишдир! Муҳими, ўткинчи ҳаётда муваффақият қозонишга берилиб кетиб, дунёга бўлган эътиборни охиратга бўлган эътибордан ошириб юбормасликдир.


Мусулмонлар динларида, дунёларида, охиратларида – ҳар учаласида ҳам ютсалар, нақадар яхши!


Доктор Ҳассон Шамси Пошо. "Метин қоялар" китобидан.

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси


Манба
Мавзуга оид мақолалар
Устозимиз Шайх Ҳазратларининг таъзияларида иштирок этаётиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

06:18 / 03.02.2017 10164
Дунё ишларидан безган кўнгил дер Соф эрур ҳижобга ўранган юзлар Дунё, Жулеттага кўнгил қўявер Асли, сиз давоми...

18:41 / 10.11.2016 4812
Инсонлар хато қилгач, Аллоҳ таоло жазоламаслиги учун истиғфор айтишади ва камчиликларини тузатишга давоми...

22:06 / 16.12.2023 2125
Аллоҳ таоло «Албатта, садақалар фақирлар, мискинлар, унда ишловчилар, қалблари улфат қилинадиганлар, қуллар, давоми...

15:04 / 10.10.2016 6463