Илк жума намози
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Савр тоғидаги ғордан чиққанларида рабиъул аввал ойининг душанба куни бўлган. Қубога ўн иккинчи кун деганда, яъни ўн бешинчи рабиъул аввал куни етиб келганлар. У кун жума куни эди. Қубода ўн тўрт кун дам олгач, айни йигирма тўққизинчи рабиъул аввалга тўғри келган жума куни яна отланиб, Ясриб сари йўлга чиққанлар.Орада тўрт чақиримча масофа бор эди. Атрофларида Маккадан кўчиб келган муҳожирлар ва Ясрибда уларни қучоқ очиб кутиб олган ансорлар. Пайғамбаримиз ҳижрат сафарига чиқиш олдидан сотиб олган Қасва исмли туяларига минган эдилар. Орқа ўркачига Ҳазрати Абу Бакрни мингаштириб олдилар.
Салим ибн Авф оиласи маскан тутган «Рауна» деб аталувчи жойга етиб келганларида вақт қоқ туш эди. Туяларини тўхтатиб, пастга тушдилар. Ҳамма пешин намозини ўқишга тайёргарлик кўра бошлади. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динида ҳафтада бир марта адо этиладиган жума намозини ўқимоқчи эдилар. Дастлаб суннат намози ўқилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом оёққа қалқдилар. Диққат билан тикилиб турган саҳобаларига қарата илк жума хутбаларини қилдилар: ― Эй инсонлар, сизларни нажотга элтадиган амалларни бажаришда ҳушёр бўлинг. Шу нарсани яхши билингки, барчаларингиз вақти-соати келиб фоний дунёдан кўз юмасиз, сурувингизни чўпонсиз қолдирасиз. Сўнгра қиёмат куни Раббимиз сизларга пардасиз, таржимонсиз шундай дейди: «Менинг Расулим сенга келиб динимни етказмадими? Мен сенга мол-дунё бериб эҳсон қилмадимми? Ўзинг учун нималар қилдинг?» Шунда бандаси бечора ён-атрофга аланглайди. Қарайдики, ҳеч ким йўқ. Олдига қараса, жаҳаннамдан ўзга ҳеч нарса кўринмайди. Шундай экан, кучингиз етканича, бир хурмонинг ярмини биродарингизга бўлишиб бериш орқали бўлса ҳам, ўзингизни дўзах ўтидан қутқаришга ҳаракат қилинг. Чунки у ерда яхши амаллар эвазига унинг ўн мислидан етти юз мислигача ажр берилади. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ... Сўзларини тугатиб, Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирдилар. Қисқа муддат дам олгач, яна ўринларидан турдилар ва қуйидаги тарзда гапира бошладилар: ― Ҳамду сано Аллоҳгадир. Унга ҳамду санолар айтаман. Ундан ёрдам сўрайман. Нафс балосидан, гуноҳлардан қочиб Аллоҳга сиғинамиз. Аллоҳ бандасини ҳидоятга эриштирса, ҳеч ким уни йўлдан оздира олмайди. Жаҳолат ботқоғига чўктирганини эса ҳеч ким қутқара олмайди. Мен гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ, маъбуд йўқдир. Ёлғиздир, шериги йўқдир. Энг гўзал калом Аллоҳ таолонинг муқаддас китобидир. Аллоҳ кимнинг юрагини ушбу китоби билан зийнатлантирса, куфрдан қутқариб, Ислом динига киргизса ва у Аллоҳнинг китобини бандаларининг сўзларидан устун қўйса, саломатга, саодатга эришибди, демакдир. Чунки у сўзларнинг энг гўзали ва энг таъсирчанидир... Аллоҳ севган нарсани севинг. Аллоҳ таолони чин юракдан, бутун борлиғингиз билан севинг. Аллоҳнинг каломидан, уни зикр этишдан зерикманг. Қалбингиз нафсингизга асир тушмасин. Чунки Қуръон Аллоҳнинг яратган нарсаларидан танлангани ва сараланганини ифода этади. Аллоҳ таоло китобида амалларнинг энг хайрлиси, итоатнинг энг қадрлиси, сўзларнинг энг таъсирчанини баён этади. Инсонларга етган турли-туман ризқларнинг ҳаром ва ҳалоли унда белгилангандир. Шундай экан, Аллоҳга тоат-ибодатларингизни давом эттиринг, унга ҳеч нарсани шерик қилманг, Уни жон-дилингиз билан севинг. Тилларингиз сўзлаган чиройли сўзларингизни амалда тасдиқлаб, Аллоҳга садоқат кўрсатинг. Юрагингизни Аллоҳнинг розилигига уйғун севги туйғуси билан тўлғазинг. Ҳеч шубҳа қилмангки, Аллоҳ таоло амрининг бузилишидан ғазабга келади. Салом бўлсин сизларга, эй дўстларим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имомлик қилдилар, икки ракъат намоз ўқидилар. Кеча намозларигидай, баланд овозда ўқидилар. Шу зайл илк жума намози ўқилди. Ислом дини вужудга келганидан буён ўтган йиллар ичида илк бор улкан бир жамоат, ҳеч бир хавф-хатарсиз, ташвишсиз намоз ўқиди. Намоз ўқиб бўлингач, Улуғ Йўловчи яна туяга миндилар. Ёри ғорларини яна орқага мингаштирдилар. Иккала томонлари мўминлар билан қуршалган ҳолда Ясрибга йўл олдилар.
Аҳмад Лутфийнинг «Саодат асри қиссалари» китобидан олинди.
Мавзуга оид мақолалар
БАА Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад ибн Рашид АлМаҳтум томонидан минтақадаги энг катта кутубхонани давоми...

12:18 / 05.03.2017 3700
Инсонлар хато қилгач, Аллоҳ таоло жазоламаслиги учун истиғфор айтишади ва камчиликларини тузатишга давоми...

22:06 / 16.12.2023 2133
Салбий ҳистуйғулар тиниқ фикрлашга халал беради. Шунинг учун хотиржамлигингизни сақланг.bullНима сизни давоми...

23:08 / 03-yanvar 3878
                             Бўя ва идрок қил

22:09 / 21.09.2017 21728