Шу уйда Аллоҳнинг Ҳабиби яшаганлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ниҳоятда тақволи, обида, ўта ҳаёли, покиза нафс, олиймақом аёл эдилар. У зотнинг ҳужраларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳу дафн қилинганлар.


Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу дафн қилинмасларидан олдин онамиз уйларига кирсалар, устларидаги баъзи либосларини ечар, бошларидан ҳижобларини олардилар ва “Бу қабрда ётганлар эрим ва отам-ку” дердилар. Қачонки Умар розияллоҳу дафн қилингач, уйга кирсалар ҳам қабрда ётган Умар розияллоҳу анҳудан ҳаё қилиб рўмолларини, ҳижобларини ечмайдиган бўлдилар.


Ушбу расмда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужралари кўрсатилган. Ўнг тарафдаги сўрини кўряпсизми? У Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг сўрилари.

Қабрлар ҳақида гапирадиган бўлсак: чап тарафдаги четдаги қабр икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрлари, унинг ёнидаги, бироз пастроқдаги Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қабрлари, унинг ёнидаги, бироз пастроқдаги, қора парда ёнидагиси Умар розияллоҳу анҳунинг қабрлари.


Ўртада қора рангли пардани кўряпсиз.


Ўнг тарафдаги бўйра устидаги жой Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ўринлари. Мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севиклиларининг хоналари, жиҳозлари, жойларини кўряпсизми? Дунё аёлларининг улуғларидан бўлган онамиз розияллоҳу анҳонинг қанчалар содда, камтар, фақирона ҳаёт кечирганларини тасаввур қиляпсизми?


Онамиз шу хонада яшаб, саҳобаларга, саҳобияларга, тобеинларга, бутун умматга Исломнинг оилавий мавзуга тегишли ҳукмларидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйда нималар билан машғул бўлишлари, аёлларига қандай муомала қилишлари ва бошқа кўплаб ҳукмларни баён қилганлар.


Худди шу хонада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бир идишдан ғусл қилишган.


Худди шу хонада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўштни аввал онамизга бериб, кейин онамизнинг тишлари, сўлаклари теккан жойига муборак оғизларини қўйиб, гўштни тановул қилганлар.


Худди шу хонада Оиша онамиз кундошлари юборган таомнинг товоғини уриб синдирганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида меҳмон бўлиб турган саҳобаларга “Қани, гтаомдан олинглар. Онангиз рашк қилди” деганлар.


Худди шу хонада Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али, Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум ва бошқа саҳобалар меҳмон бўлишган.


Имом Муслимдан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида ёнбошлаб ётган эдилар, болдирлари очиқ эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, киришга изн сўради. Унга изн бердилар. У кирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан ўша ҳолда гаплашдилар. Кейин Умар розияллоҳу анҳу келиб, у ҳам киришга изн сўради. Унга изн бердилар ва у билан ҳам ўша ҳолатда гаплашдилар. Сўнг Усмон розияллоҳу анҳу киришга изн сўраган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтириб, кийимларини тўғриладилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Бакр кирганида у билан чиройли кўришмадингиз, унга эътибор ҳам бермадингиз. Кейин Умар кирди. У билан ҳам чиройли кўришмадингиз, эътибор ҳам бермадингиз. Усмон кирганда эса ўтириб, кийимларингизни тўғриладингиз-а?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмайинми?» дедилар.


Худди шу хонада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб ётганлар ва Рафиқул Аълога интиқол қилганлар.


Шу ўринда Хайруллоҳ Ҳамидов аканинг мана бу шеърлари ёдимга келди:


Маслаҳат бобинда дилга ҳамхонам –

Завжидан ҳадислар сўзлар кўзда нам

Онамга ҳам она Ойиша онам

Асри саодатни қаттиқ соғиндим!


Аллоҳ таоло Расули Акрамга кўплаб саловот, салом ва дурудлар юборсин! Содиқ саҳобаи киромларнинг барчаларидан, жумладан, Оиша онамиздан рози бўлсин!


Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлиб бориш бахтини ато этсин!


Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади.


Мавзуга оид мақолалар
Маҳражнинг луғавий маъноси, бир нарсанинг чиқиш жойидир. Истилоҳда эса ҳарфнинг чиқиш ва бошқасидан давоми...

06:39 / 23.11.2016 9749
Зулҳижжа ойининг фазилатлари ва унда амалга ошириш мустаҳаб бўлган амаллар Замон ва маконлар эгаси бўлган давоми...

15:16 / 12.03.2017 5168
 Бурятиянинг УстОрдин тумани Оса қишлоғининг мусулмонлари ўз кучлари ила икки йил давомида масжид қуришди. давоми...

16:11 / 07.02.2017 4776
Кундалик ҳаётимизда қўлланилаётган техника асбоблари ҳаётимиз мазмунига айланган. Уларсиз ташқи давоми...

08:26 / 29.12.2016 4179