«Сарҳисоб-1443»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2022 йил 4 сентябрь куни «Ҳилол-нашр» матбаа нашриётининг ҳовлисида яна бир файзли маросим – Islom.uz порталининг Muslimaat.uz веб саҳифаси, Bintu Sodiq ҳамда  Muallim media ахборот-маърифий каналларининг «Сарҳисоб-1443» ҳисобот тадбири бўлиб ўтди.

«Мусулмон инсон нафақат якунланган йилни, балки яшаб ўтган ҳар бир ойини, ҳар бир ҳафтасини, ҳар бир ўтган кунини сарҳисоб қилади. Ортига қараб, ўтган умрига, яшаб ўтган ҳаёт йўлига назар солади, қилган ишларини таҳлил қилиб, ютуқлари учун қувонади, уларни насиб этган Роббига шукроналар қилади.

Бугунги сарҳисобдан кўзланган асосий мақсадимиз бу ютуқларни кўз-кўз қилиш эмас, балки устозимиз, шайх ҳазратлари тамал тоши қўйиб кетган анъанани давом эттириш, қилинган ишларимиздан халқимизни хабардор  этиш ҳамда энг асосийси, бу натижаларга эришишда жонбозлик кўрсатган азизларимизни халққа танитиш, уларни муносиб тақдирлашдир».


Бу сўзлар тадбирни олиб борган журналистлар Камола Одилбекова ҳамда Дилдора Қурбоновалар тилида янгради.

Тадбир кеч соат 19:30да бошланди. Анъанага кўра Қуръон тиловати ва гўзал дуолар билан бошланган маросим «Пешқадамлар» жамоасининг бир йил давомида қилган ишларидан хабар берувчи статистик маълумотлар акс этган видеоролик  билан давом этди.

«Муншидаат» гуруҳининг ҳар бир чиқиши меҳмонларнинг қалбига сурур, руҳиятига сокинлик бахш этди. Айтиб ўтиш жоизки, бу гал гуруҳимиз қизлари барча нашидларни жонли ижро этишди.

Хабарингиз бор, ўтган «Сарҳисоб-1442» тадбирида психологияга оид, шариатга мувофиқ тадбирлар мавзусида, шунингдек, шариатга мос либослар  тикиш бўйича кейинги 1443 йил танлови эълон қилинган эди. Ушбу тадбирда эса ана шу танловларнинг  ғолиблари муносиб тақдирландилар. Уларни психолог Мадина Джураева, устозамиз Оминахон Муҳаммад Содиқ ҳамда  моҳир тикувчи Умида Сулаймоновалар тақдирладилар. Шунингдек, кейинги – 1444 йил танлови эълон қилинди. Уларнинг тўлиқ матни каналларимизда яқин кунларда эълон қилинади.

Ўтган йил танловида тикувчилик йўналишида қатнашиб, ғолиб бўлган моҳир тикувчилар тиккан уч хил йўналишдаги либослар кўргазмаси меҳмонларда ўзгача таассурот қолдирди.

Ўтган йили жорий қилинган «Фидокор аёл» мукофотига бу йил устозамиз Раънохон Валиева,  умрини она ватанга хизмат қилишга бағишлаган қаҳрамон оналаримиздан Холида Ғуломова, Барно Ирисова, таниқли блогер Ақида Хонимлар лойиқ деб топилдилар.

Экранда намойиш этилган «Тадбирлар, учрашувлар», «Сафарлар», Muslimaat.uz, Bintu Sodiq ҳамда  Muallim media каналларидаги «Йил янгиликлари»,  «Энг оммабоп лойиҳалар» («Пешқадам» лойиҳаси) видеороликлари  орқали меҳмонлар кўплаб янгиликлардан воқиф бўлдилар.

Сайтимизда ҳормай-толмай меҳнат қилаётган жонкуяр ходимларнинг шарафли ва масъулиятли меҳнатлари эътироф этилиб, тақдирландилар. Уларни устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг завжалари Фотимахон ҳожи она тақдирладилар ва барча меҳмонларнинг, ходимларнинг ҳаққига самимий дуо қилдилар.

Аллоҳнинг розилиги учун, динимизнинг ривожи учун, халқимизнинг равнақи учун ўз меҳнатларини, вақтларини, илмларини, иқтидорларини аямасдан, «Пешқадам» жамоаси билан биргаликда меҳнат қилиб келаётган Исоқжон Бегматов, Ҳасанхон Қодиров, Лола Зуннунова, Гавҳар Тешабоева, Камола Атабекова, Ҳилолахон Саййидазиз, Ҳилола Содиқ қизи каби жонкуяр азизларимиз Одинахон Муҳаммад Содиқ томонидан эсдалик совғалар ва ташаккурномалар билан муносиб  тақдирландилар.

Muallim media каналида намойиш этилаётган  болалар учун «Тўғри ва нотўғри» номли кўрсатув ижодкорлари ҳамда кўрсатувларда эълон қилинадиган мусобақаларнинг ғолиблари ҳам мазкур маросимда ўз совғаларига эга бўлдилар.

Бир йил олдинги «Сарҳисоб» тадбирида устозамиз ҳазратимизнинг анъаналарини давом эттирган ҳолда яна бир тақдирловга – сайтимизнинг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ходимлар учун ўзларининг хос мукофотларини  тақдим этиш анъанасига тамал тоши қўйган эдилар. Устозамиз ўзларининг бу йилги хос мукофотларини «Ҳилол нашр» нашриёти, Muslimaat.uz, Bintu Sodiq ҳамда  Muallim media каналлари муҳаррири Барно Саидраҳмонга топширдилар.

Сўнг тадбир ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиш учун саҳнага «Маҳалла» радиоси бошловчиси, журналист Умида Ғаффорова таклиф қилинди. У киши ўзларининг таассуротларини тўлқинланиб, ҳаяжон билан изҳор қилдилар.
Тадбир сўнгида устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ ўзларининг тадбир ҳақидаги, сайтимизда амалга оширилган бир йиллик меҳнат-фаолият ҳақида тўлқинланиб сўзладилар. Шунингдек, бутун ўзбек халқига, хусусан, муслималар ҳаққига  гўзал дуолар қилиб, тадбирга якун ясаб бердилар.
Экранда намойиш этилган жамоанинг шиори сифатида танлаб олинган оят тиловати ҳамда устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг залворли, салобатли овозларидан қалблар ларзага келди, беихтиёр кўзларда ёш қалқиди:

ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ
«Имконим борича фақат ислоҳ қилишни истайман. Муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унгагина таваккул қилдим. Унгагина кўп тавба қилурман» (Ҳуд сураси, 88-оят).

Бундай тадбирларга муштоқ бўлиб юрган, узоқ-яқиндан ташриф буюрган юзлаб опа-сингилларимиз маънан ва жисмонан дам олиб, олам-олам таассуротлар билан уйларига қайтдилар.

Мавзуга оид мақолалар
Эй аҳли Қуръон, бу кун пайғамбар туғилган кун,Нурлар тўлган дунёга, динимиз бошланган кун.Шод ўлингиз, шод давоми...

05:33 / 28.10.2022 3160
Маълумки, очиқ мулоқот кўплаб тушунмовчиликларга ечим ҳисобланади. Техас штатининг Даллас шаҳрида бир давоми...

21:38 / 06.01.2021 3234
Рамазон орзулар рўёбга чиқадиrdquo Кўнгиллилар Рамазон орзулар рўёбга чиқадиrdquo акциясини уюштирмоқдалар, давоми...

21:34 / 18.05.2020 5061
2018 йил 5 февралда Наманган вилоятининг Чуст туманида жойлашган Мавлоно Лутфуллоҳ жоме масжидида давоми...

09:26 / 05.02.2018 3205