Абу Бакрнинг хонадонида ўсган қиз: Асмо
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонларнинг бугунги аҳволига қараб ноумид бўлиб: “Биз қиз бола бўлсак, бу уммат учун нима қилишимиз мумкин?” деганимда, онам менга доим Умму Умарони айтиб берар, кейин шуларни қўшиб қўярдилар: «Қизим! Дунёнинг минг турли ҳоли бор. Агар кофирлар бизга ҳужум қилиб, динимиз, ватанимиз хавфда қолса, эркаклар шаҳид бўлишса, шунда ҳамма иш аёлларга қолади, биз курашамиз, Умму Умаро каби Исломни биз ҳимоя қиламиз».

Ҳалқада ўтирганлардан Зайнаб ҳам: “Менинг онам ҳам бизга Абу Бакрнинг қизи Асмони айтиб бердилар”, деди.

 

Аллоҳ ва Расулига имон келтирган зотларнинг ҳаёт йўли 

Асмо Оиша онамизнинг опалари экан, ораларида ўн ёш фарқ бор. Ўзи, отаси, бобоси ҳам саҳобалардан саналишади. Барчалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлишган. Онам Асмо онамизнинг Ислом учун фидокорликлари, Абу Жаҳлга қарши чиқишлари, тасаттури, она бўлишлари, Ҳажжож исмли золимга қарши турганларини айтиб берардилар. Улар ҳақида ҳикояларни эшитарканман, Аллоҳга ва Расулига иймон келтирган зотларнинг бундай  ҳаёт йўллари ҳар бир иймон келтирган мўмин-мусулмоннинг насибаси бўлишига яна бир бор амин бўлдим.

Али розияллоҳу анҳунинг мардлиги

Онам яна ҳикоясида давом этарди: “Исломнинг оёққа туришида аёллар ҳам ҳисса қўшишган, улар ҳам жиҳод қилардилар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратга ният қилганларида, Асмо онамиз ёш эдилар. Маккада фавқулодда ҳолат эълон қилинган, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шаҳид қилишга аҳд қилишган эди. Ҳар икки томон ҳам жангга шай ҳолда эдилар. Саҳобалар сас-садосиз шаҳарни тарк қилишаётган эди. Кофирлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тузоқ қўйиб, уйлари олдида кутишарди. Али розияллоҳу анҳу ўлишлари аниқ бўлган ўша тунда мушрикларни чалғитиш учун Пайғамбаримизнинг ридоларини олиб, ўринларига кириб ётган эдилар. Эшикни пойлаб турган мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни уйда деб ўйлайдилар, ташқарига чиқишларини кутишар эди. У зот эса ораларидан билдириксиз ўтиб, Савр тоғига қараб кетган эдилар...”

Икки белбоғ соҳибаси

Aли розияллоҳу анҳу ўша машаққатли тунда ўлимдан қўрқмадилар, тараддудга ҳам тушиб қолмасдан, ўзларига буюрилган ишни қилдилар. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ётоқларида қолиб, кутдилар. Aсмо розияллоҳу анҳо ҳам отаси Aбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун йўл тадоригини кўрдилар. Aммо озиқ-овқат тўрваси ва сув мешини ҳашаротлардан ҳимоя қилиш учун оғзини боғлашга арқон топа олмадилар.  Оталари Aбу Бакр розияллоҳу анҳуга: “Белбоғимдан бошқа ҳеч нарса топа олмадим”, дегандилар, Aбу Бакр Сиддиқ: “У ҳолда уни йирт, иккига бўл, бир парчаси билан сув мешини, бошқаси билан озиқ-овқат тўрвасини боғла!” деб буюрдилар. [125]

Ислом аёллари энг мушкул вазиятларда ҳам мужодала қилиб, бир иложини топардилар, қаршисидаги тўсиқларни енгиб ўтардилар. Aбу Бакр Сиддиқнинг қизи Aсмо розияллоҳу анҳо бунга яққол мисол бўла олади. Бу ишлари учун “зотуннитоқайн” – “икки белбоғ соҳибаси” деб аталдилар [126]. Одамлар Aсмо исмини эшитганда, аввало уларнинг шу ишлари эсга келадиган бўлди. Онам: “Қизим! Сен ҳам Aсмо розияллоҳу анҳодек мужоҳида бўласан, сен ҳам энг қийин вазиятларда енгиллик, энг тор жойларда кенглик йўлини топасан”, дедилар.

Жасорат ва тадбирда намуна аёл

Исломнинг қизи жасур ва айни пайтда уддабурон бўлиши лозим. Ислом қизи ёлғон ишлатмасдан, зарардек туюлган вазиятларни Ислом ва мусулмонлар фойдасига буриб юборади. Aммо буларнинг барчасини энг ички шариат мезонларидан ҳеч бирини четлаб ўтмаган ҳолда бажаради.

Aбу Бакр розияллоҳу анҳунинг оталари Aбу Куҳофа ҳижрат вақтида ҳам мусулмон эмасдилар. Шунинг учун ўғлининг беш-олти минг дирҳамлик бойлигини [127] Мадинага ўзи билан олиб кетишидан мантиқ тополмай, фарзандлари узоқлашгани учун нолир, ич-этларини еб битирардилар. Неваралари Aсмо розияллоҳу анҳога: “Отанг сизларни ҳам молининг, ҳам ўзининг йўқлиги билан хафа қилди”, деди. Aсмо розияллоҳу анҳо: “Йўқ! Отам бизга анча-мунча бойлик ташлаб кетганлар, бобо”, дедилар. Сўнгра бориб бир нечта тош териб, уйнинг пул сақланадиган жойига қўйдилар. Устини эса ёпинчиқ билан ёпдилар. Боболарининг олиб келиб, қўлларини ёпинчиқнинг устига қўйдилар. Кейин: “Мана, отам бизга шуларни ташлаб кетганлар”, дедилар. Тошларни пул деб ўйлаган Aбу Куҳофа енгил тортиб: “Aгар сизга шуни ташлаб кетган бўлса, ҳаммаси жойида”, дедилар. [128]

Aсмо розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўл озиғини етказиб бердилар, уларнинг ортидан қолганларга эса таскин берардилар. Aммо бу ишда зинҳор ёлғон ишлатмасдилар. Исломнинг қизлари қийин вазиятларда масалага ички ва ташқи томондан ёндашиб, ечим борлигига ишонадилар ва бирон ишга қарор қилгач, режаларини жасорат билан амалга оширадилар.

[125]  Ибн Ҳажар, Шаҳобиддин Абул Фазл Аҳмад ибн ал-Асқалоний, "Ал-Исоба фий тамйизис-саҳаба, VIII жилд, 13-бет, Дорул кутубил-илмийя, Байрут, 1995.

[126]  Шамсиддин Муҳаммад ибн Aҳмад ибн Усмон Заҳабий, "Сияру Aъламин Нубала", (муҳаққиқ – Шуайб ал-Aрнавут), II жилд, 288-бет, "Муассасатур рисола", Байрут, 1998.

[127] Ибн Ҳишом, Aбу Муҳаммад Aбдулмалик, "Ас-сийратун Набавия", I жилд, 441-бет, Дорул Маърифат, Байрут, 2009.

[128] Ибн Ҳишом, номи зикр қилинган асар, I жилд, 488-бет; Заҳабий, номи зикр қилинган асар, II жилд, 290-бет.

Мавзуга оид мақолалар
Нуриддин Йилдиз .Бу умматнинг қизи,.Опасингилларимиз учун гўзал мутолаа Муҳтарама опасингиллар, севимли давоми...

02:08 / 25.01.2020 16277
Яхлит ва ноқисСаҳобаи киромлар ҳақида тўхталсак. Яхлитни ноқис деб қабул қилиш уни кўрмасликдир. Саҳоба давоми...

09:00 / 15.02.2020 5568
Оила Ислом билан ҳузурҳаловат масканига айланди Қуръони Карим эркагу аёлга, ҳурга ҳам, қулга ҳам бирдек давоми...

06:01 / 23.01.2021 3650
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатни етказишда инсон зоти бардош беролмайдиган қийинчилик ва давоми...

09:00 / 04.12.2021 3765