Ёлғончилиги билан танилганларнинг ёлғон ривояти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рофизийларнинг Оиша розияллоҳу анҳога қарши кенг қамровли кураш олиб боришларининг сабабларидан бири Оиша онамизни ҳадис тўқиб чиқарганликда айблаб, ундан ривоят қилинган ҳадисларни қабул қилмасликларидир. Шайх Содуқнинг Жаъфар ибн Муҳаммадга нисбат берилган гапида: “Уч киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ҳадис тўқиб чиқарган. Улар Aбу Ҳурайра, Aнас ибн Молик ва аёлдир”[87], дейилган. Шиа мазҳаби китобларида “Аёл” сўзи “Оиша” онамиз сифатида тафсир қилинади. [88]

Муҳаддисларнинг айтишича, ушбу тўқима ривоят шиа ҳадис меъёрларига кўра ҳам мардуд (инкор қилинган)дир, бу билан бир тўхтамга келиб бўлмайди. Чунки ривоят санадидан ўрин олган Жаъфар ибн Муҳаммад Умар ал-Киндий, рофизийлар наздида мажҳул ровий ҳисобланади. Зеро, шиа мазҳабининг жарҳ ва таъдил олимлари у ҳақида сўз очишмаган. [89]

Юқоридаги ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг “аёл” деб ноаниқ тасвирланиши ривоят тўқима эканлигининг яна бир далилидир. Зеро, агар ривоятда келтирилган “аёл” сўзи чиндан ҳам Оиша онамиз бўлсалар, нима учун исмлари ёзилмади? Aслида бу ҳолатнинг ўзи бутун ривоятнинг уйдирма эканлигига етарли далил бўла олади. Ровий ривоятнинг Қуръон ва суннатга зид эканлигини, шунинг учун уни ёқлаб бўлмаслигини билгани учун Оиша онамизнинг номларини зикр қилмаган.

Aгар Оиша розияллоҳу анҳонинг номлари эҳтиёткорлик талаби билан яширинган бўлса, унда “Нима учун Aбу Ҳурайра ва Aнас ибн Молик эмас-да, фақат Оиша онамизнинг исми пинҳон тутилди?” деган табиий савол туғилади. Рофизийлар ўзини оқлаш учун, “Ровийнинг Оиша розияллоҳу анҳонинг номларини яшириш сабаби онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаси, завжаларининг ҳам энг суюклиси ва Aбу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизи бўлгани учун эди” дейишлари мумкин. Бу ҳолатда рофизийлар Оиша онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари эмаслиги ҳақидаги ўз фикрларига ўзлари қарши чиққан бўлади.

Ривоятга аҳли сунна уламоси назари билан ёндашганимизда ҳам, аҳвол ўзгармайди. Чунки муҳаддислар фикрича, шиа ривоятлари мардуддир. Бунинг сабаби ровийлари ё ёлғончи, ё матрук, ё мажҳулдир. Юқоридаги далилларнинг барчаси ривоятнинг ҳар томонлама мардуд эканлигини кўрсатади.

Бу ривоят санад силсиласи жиҳатидан ҳам, матни жиҳатидан ҳам мақбул эмас. Чунки Оиша розияллоҳу анҳонинг ишончлилиги билан алоқадор кўплаб ҳадисларга қаршидир. Оиша онамиз Қуръонда “Мўминларнинг онаси” дея зикр қилинган, бароати самодан туширилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадижа онамиздан кейинги энг севикли аёлидир.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ёлғончилиги билан танилган рофизийлик ўзининг бўҳтонлари билан Оиша онамизни ёлғончиликда айблаб, устидан туҳмат тошини ёғдирган оқимдир.

Ёлғоннинг ҳақиқатга яқин шакли: Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу масаласи

 

Рофизийлар тўқиган ривоятлардан яна бирида айтилишича, Ҳасан розияллоҳу анҳу боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига дафн қилинишни сўраганларида, гўёки Оиша онамиз буни рад этганлар. Кулайнийнинг “Ал-Кофий”даги ривоятига кўра, инсонлар Ҳасан розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига дафн қилишмоқчи бўлишганида, Оиша онамиз бир эгарлик ҳачир устида олдиларига келиб, “Ўғлингизни уйимдан узоқлаштиринглар. У менинг уйимга дафн қилинмайди!” деганлар.

Рофизийларнинг Ҳасан розияллоҳу анҳуни баҳона қилиб мусулмонларни Оиша онамиз розияллоҳу анҳога қарши қайраш ниятидаги ушбу ривояти мутлақо тўқимадир. Чунки, шиа манбаларида Оиша онамиз Ҳасан розияллоҳу анҳуни ҳатто ўз уйларига дафн қилинишига ҳам ижобий муносабат билдирганлари зикр қилинади. Шиа ёзувчиларидан Абул Фара ал-Исфахоний қилган ривоятга кўра, Ҳасан розияллоҳу анҳу Оиша онамизга хабар жўнатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига дафн қилиниш учун рухсат сўрайди, онамиз ҳам розилик билдирадилар. Бу хабар Бани Умайяга етиб боргач, Ҳасан розияллоҳу анҳуни у ерга дафн қилдирмаслик учун қуролланадилар. Жанг учун Бани Ҳошим ҳам қуролланади. Бани Умайя “Ҳасан асло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига дафн қилинмайди!” деб қасам ичади. Бу хабар Ҳасан розияллоҳу анҳуга етганида, Бани Ҳошимга хабар жўнатиб, “Агар масала шу даражага етган бўлса, мен талабимдан воз кечаман. Мени онам Фотиманинг ёнига дафн қилинг” деб васият қиладилар. Вафот этганларидан сўнг Бақия қабристонига, оналарининг ёнларига дафн қилинадилар. [90]

Оиша онамизнинг дафндан узоқ туришларига холис баҳо берсак, бунинг шиа ёзувчиси ривоят қилган рухсат ҳодисасидан кейин қон тўкилмаслигининг олдини олиш эканлиги аён бўлади. Жумладан, Ҳишомнинг отаси Урвадан қилган ривояти ҳам буни тасдиқлайди. Зеро ривоятга кўра, дафнга шахсан Марвоннинг ўзи қарши бўлган, шундан сўнг Бани Ҳошим ва Бани Умайя йиғилган, қиличлар қинидан чиққан, қон тўкилишини билган Оиша онамиз орага кириб, “Уй меники. Ҳеч кимнинг у ерга дафн қилинишига рухсат бермайман!” деганлар. Шундан кейин Ҳасан розияллоҳу анҳу Бақия қабристонига дафн қилинган. [91]

Оиша онамиз каби, Ҳасан розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига дафн қилиниши тарафдори бўлган саҳобалар ҳам, қон тўкилиши эҳтимоли борлигидан Оиша онамиз каби Бақия қабристонига кўмилишини айтганлар ва Ҳусайн розияллоҳу анҳуга акасининг Бақияга кўмилиш борасидаги васиятига амал қилишини айтганлар.

----------------------------

[87] Ас-Содуқ ал-Куммий, Aбу Жаъфар Муҳаммад ибн Aли ибн Ҳусайн ибн Бабавий, «Китабул-Ҳисал», «Муассасатул нашрил исломий», 190-бет, Кум; ал-Мажлиси, Муҳаммад Бакр, «Биҳарул Aнвар», II жуз, 217-бет, «Муассасатул алами», Байрут.

[88] ал-Мажлисий, II-жуз, 217-бет.

[89] Aли ан-Намозий, аш-Шаҳирдвади, «Мустадракату илми рижалил ҳадис», 290-бет, Теҳрон, 1412.

[90] Ал-Исфахоний, Абу Фараж Али ибн Ҳусайн, «Муқалатут толибийн», I жуз, 82-бет, Нашриёти номаълум, 1416.

[91] Ал-Балозурий, Аҳмад ибн Яҳё, «Ансобул ашроф», III жуз, 62-бет, «Дарул фикр», 1417.

[92] Ибн Асокир, номи зикр қилинган асар, XIII жуз, 288-бет.

 

Давоми бор…

 

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Алламова таржимаси

 

Мавзуга оид мақолалар
Руҳиятшунос табиблар инсонга кечаги оғриқларни унутишни ва бугунги кун воқеалари билан яшашни тавсия давоми...

22:00 / 08.11.2021 2629
Саодатли хонимларХАДИЖА БИНТ ХУВАЙЛИДрозияллоҳу анҳо 15савол Хадижа бинт Хувайлиднинг хизматкори Майсара давоми...

06:00 / 26.06.2020 5432
Қозон бошидами, ҳовлидами, бошқа жойдами барча ишини бисмиллаҳrdquo деб бошлайдиган, дуолар тилидан давоми...

09:00 / 10.01.2022 3855
Саодатли хонимлар31савол Хадижа розияллоҳу анҳонинг аввалги турмушларидан дунёга келган учта фарзандлари давоми...

08:03 / 13.07.2020 5984