Рамазонда тўғри овқатланиш тартиби
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойида мусулмон кишининг овқатланиш режими ва умуман яшаш тарзи ўзгаради ва унда соғлом ҳаёт тарзини бошлаш учун бебаҳо фурсат пайдо бўлади.
Агар ушбу фурсатдан унумли фойдаланиб, соғлом озиқланиш йўлга қўйилса, ортиқча вазндан халос бўлиб, қондаги қанд нисбатини назорат остига олишга эришилади.
Аслида, нафақат рамазонда балки, йил-ўн икки ой давомида мувофиқлаштирилган овқатланиш тизимига риоя қилиш мақсадга мувофиқ. Аммо, рамазон буни бошлаш учун жуда ҳам қулай фурсатдир. Етарки, организмга бироз ёрдам бериш кифоя.
Таом ер эканмиз шошилмасдан, ҳовлиқмасдан, яхшилаб чайнаб, ейиш жуда муҳим. Бу нарса таомларимиздаги фойдали моддаларнинг танамизга яхшироқ сингишига ёрдам беради.
Ифторни икки босқичга бўлиш тавсия этилади. Биринчи босқичда бир-нечта хурмо ва сув билан оғиз очилгач. Енгил ҳазм бўлувчи салатлардан бироз тотиниш, зайтун доналари шунингдек, албатта, ёғсиз, сабзавотли суюқ овқатдан кичик порция ичиш фойдалидир.
Суюқ овқат ёки шўрва ёхуд бульон қовурилмаган балки қайнатма бўлиши ва сабзавотга бой бўлиши мақсадга мувофиқ. Ичидаги гўшт ҳам ёғсиз жойидан бўлгани афзал.
Орада апельсин суви, лимонли шарбат, компот каби ичимликлардан ичиш ҳам фойдали. Лекин, газли ичимликлар, супермаркетдан олинган сок ва шарбатлардан воз кечиш керак. Чунки, газли ичимликлар ошқозонни тўлдириб қўйиб, таомни яхши ҳазм бўлишига тўсқинлик қилади. Шу билан бирга уларда шакар моддаси ҳам жуда кўп бўлади. Бу эса соғлом овқатланиш тарзига зид ва мақсадга мувофиқ ҳам эмас.
Ифторнинг иккинчи босқичи, таровеҳ намози ўқиб уйга қайтгач бўлгани афзал. Бунда бироз қорин очган бўлади. Асосий таом ҳам шу вақтда бўлгани афзал. Асосий таом деганда иккинчи овқат назарда тутилмоқда.
Рамазонда озуқа рационимиз соғлиқ учун керакли ва фойдали бўлган барча моддаларни ўз ичига олган бўлиши муҳим.
Масалан, бир хил овқат ейиш ўрнига уларни турлантириш керак. Бир кун товуқ гўштидан пиширилган таом, бошқа куни мол ёки қўй гўшти, яна бир сафар балиқдан тайёрланган таом ва ҳоказо. Балиқ дер экан сазан ёки судакни қовуриб, шўртанг қилиб ейиш эмас, балки, қизил балиқлар, лосось оиласига мансуб балиқлардан фойдаланиш афзал. Улар осон пишади. Қовуриб, димлаб ва энг афзали фольгага ўраб, духовкада пишириш мумкин. Шунингдек, мазкур балиқларда соғлиқ учун фойдали бўлган кўплаб моддалар, витаминлар, юрак-қон томири фаолиятини яхшилаш учун керакли бўлган фойдали ёғлар мавжуд. Шу билан бирга оқсилга ҳам бой.
Крахмал моддаси кўп ва калорияси юқори бўлган гуруч, картошка, макарон ва хамир овқатлардан буткул воз кечиш керак. Бу таомлар танамизда ортиқча ёғлар тўпланишига ёрдам беради.
Гуруч ўрнига булгур, гречиха, ловия (фасоль), перловка каби донлардан фойдаланиш мумкин ва бу ғоят фойдали ҳамдир.
Нон ва унинг барча турларидан воз кечинг. Нонсиз ҳам яшаш мумкин. Агар илло ейдиган бўлсангиз диабетиклар учун чиқарилган махсус нончалардан оз-оздан тановул қилишингиз мумкин.
Ширинликлардан ҳам воз кечинг. Таркибида какао моддаси 70 фоиздан юқори бўлган қора шоколадлардан фойдаланишингиз мумкин. Меъёрда албатта.
Супермаркетларда сотиладиган тайёр салатлардан харид қилманг. Уларнинг кўпи майонез ва сирка (уксус) билан тўйинтирилган бўлади. Майонез крахмали кўп, серёғ ва калорияси юқори маҳсулот бўлганлиги учун соғлом овқатланиш тизимига зиддир. Ундан заҳарланиб қолиш эҳтимоли ҳам катта.
Рамазоний таомлар шўр бўлмаслиги, қаттиқ қовурилган бўлмаслиги ёки умуман қовурилмаган бўлиши тавсия этилади. Тузни камроқ солиб, унинг ўрнига зираворлардан фойдаланган маъқул.
Яримтайёр, яримфабрикат ва музлатилган таомлардан воз кечинг. Фастфудни унутинг. Табиий жараён ва табиий шароитда бир дафъада тайёрланадиган таомлардан истеъмол қилинг.
Ифтор билан саҳарлик орасида кўп суюқлик ичинг.
Рамазонда ҳам, бошқа вақт ҳам бир кунда камида 500 килокалория сарфлаш кераклиги бугуннинг шифокорлари ва диетологлари томонидан тавсия этилади.
Шунинг учун рамазонда ҳам ифтордан бир ярим, икки соат ўтгач, "суръатли юриш" билан шуғулланиш фойдадан холи эмас. Суръатли юриш ёхуд жадал юриш деганда 6 км соат тезликда юриш тушунилади. Худди шу тезликда ярим соат юрилса уч километр юрилган бўлади. Юришдан олдин телефон иловасига керакли масофани белгилаб, "бошлаш" командасини берсангиз ҳаммаси осонлашади.
Аввал секинроқ қадамлар билан бошлаб, сўнг аста-секинлик билан одимлар жадаллаштирилади. Тезликни ошириб олгач, пульсимиз минутига 115 билан 130 орасида бўлиши мақсадга мувофиқ. Чунки, ана шунда "суръатли юриш" тўғри амалга оширилаётган бўлади.
Пульс мазкур оралиқда сақланиши муҳим. Зеро, мазкур миқдордаги пульс ёғ эритувчи ва калория ёқиш ҳудуди ҳисобланади. Пульсни текшириб туриш учун пульсоксиметр оволинг ўзингиз билан.
Бундай юриш энг камида ярим соат давом этиши керак. Кўпи билан эса бир соат. Бир соатдан кейин албатта дам олиш керак. Акс ҳолда юракка ортиқча зўриқиш пайдо қилинган бўлади. Умумий бир соатни мўлжаллаб, ярим соатдан сўнг танаффсус қилиш ҳам мумкин.
Бизда асосий таом саҳарликда ейилади. Бугунги кундаги мусулмон шифокорлари наздида бу тўғри эмас. Аслида эса, асосий таом юқорида баён этилгани каби иккинчи ифторда тановул қилиниб, саҳарликда худди эрталабки нонушта каби енгил нарсалар ейиш тўғрироқ бўлади. Мисол учун саҳарликда, қайнатиб пиширилган тухум, пишлоқ, зайтун, гўшт кесимлари, ёнғоқ-майиз, хурмо каби нарсалардан оз-оздан тановул қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Боз устига, кўпчилик рамазонда саҳарликдан сўнг, бомдод ўқиб бўлгач дам олади. Саҳарликда тўйиб, бақувват овқатланилгач, уйқуга ётиш тиббий жиҳатдан ҳам тўғри эмас. Бунда таомлар яхши ҳазм бўлмай ёғ захирасига айланади. Натижада, рамазоннинг сиҳҳий ва тиббий фойдалари камаяди.
Агар юқоридаги тавсияларга амал қилинса, рамазонда бемалол беш-олти килограмм ортиқча вазндан қутулиш мумкин. Шунда ушбу ой нафақат маънавий иллатлар ва гуноҳлардан қутулиш ойи балки, жисмимиздаги зарарли иллатлардан ҳам халос бўлиш фурсатига айланади. Натижада, бир ўқ билан икки қуённи урган бўламиз, иншоаллоҳ.

 
Алишер Султонходжаев

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvMfhqPTT0yNIembed БАШАМЕЛЛИ МАКАРОН Ассалому алайкум Бугунги таомимиз барча севиб истеъмол давоми...

11:35 / 17.12.2016 77914
Менинг Рамазондаги режаларим Мен сизларга ҳар йилги Рамазонда амал қиладиган оддий бир давоми...

13:42 / 10.11.2016 4512
Бошқалар олдида болангизни мақтанг. Уни танқид қилманг. Унга Рухсат берсанг... деб айтинг. Унга давоми...

16:36 / 15.03.2018 3189
Йўлдаги азиятни олиб ташлаш садақадир Ухдуд эгалари қиссаси Қуръони Каримнинг Буруж сурасида келган давоми...

08:35 / 26.01.2017 3478