Жуфтлар орасидаги ёш тафовути
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жуфтлар орасидаги ёш тафовути

Аёл эркакни, эркак ҳам аёлни тўлдиради. Улар бир-бирларининг айб ва нуқсонларини беркитадилар.

Ёшларнинг бир-бирига яқин бўлиши муҳаббатга, акси эса, нафратга сабаб бўлади. Шу сабабли, эр аёлнинг отаси ёки бобоси тенгги бўлмаслиги лозим.

“Биз шариатга бўйсунишга масъулмиз. Нега урф-одатга қараб ҳукм чиқаряпсан?” дейдиганларга шундай жавоб беришимиз мумкин. Албатта, шариат урф-одатлардан кўра устун ва муҳимдир. Аммо кекса ёшдаги кишининг ёш қиз билан оила қуриши илоҳий амр эмас, мубоҳдир. Энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оиша онамизнинг никоҳи” бу масалада далил бўлмайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир ишларини танқид қилган қурайшликлардан бу борада бирорта ҳам танқидий ривоят собит эмас. Агар мушриклар бу никоҳда номақбулчиликни кўришганида эди, албатта гапирар, “Бизни Ҳаққа даъват қилаётган Муҳаммаднинг қилиб юрган ишини қара!” дейишарди. Лекин ундай дейишмади, дейишолмади. Бу борада улардан битта бўлса ҳам танқид нақл қилинмаган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамиз билан никоҳлари, Ҳижоз урфига кўра бағоятда оддий ҳол эди.

Бундан ташқари, мазкур никоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг талаблари бўлмаган. Хадийжа онамиз вафот этганларидан сўнг, олти болага ҳам она, ҳам оталик қилганларига гувоҳ бўлган яқинлари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни уйланишга чақирганлар. Ҳавла бинти Ҳаким (Умму Шарик) ҳам Оиша онамиз билан оила қуришларини таклиф қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оила қуриш таклифи билан борганларида, Оиша онамиз турмушга чиқиш ёшида эдилар. Зеро, сийрат китобларида келганидек, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин Жубайр ибн Мутъим билан унаштирилган эдилар.

У вақтнинг урф-одатига биноан, қизнинг турмуш қуриш даври унинг ёшига қараб эмас, жисмоний ҳолатига қараб белгиланарди. Ҳавла онамиз Оиша онамизда бу ўзгаришни кўрганлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Оиша онамизга уйланишларини таклиф қилдилар. Чунки Оиша онамизнинг болалик даври ортда қолган, Макка одатига кўра турмушга чиқадиган қизлар қаторига қўшилган эдилар.

Одатлар асрлар оша ўзгарганидек, турли минтақаларда ҳам турличадир. 50-60 йил аввал қизларнинг никоҳ ёши 15-16 ёшни ташкил қилган бўлса, ҳозир университетда ўқийдиган қизларнинг ўртача никоҳ ёши 25-26 ёшга тўғри келади. Шунингдек, иссиқ иқлимли минтақаларда қиз болаларнинг ривожланиши совуқ минтақаларга қараганда анча эрта содир бўляпти.

Одатга қарши чиқиб 17 ёшдаги қиз 50 ёшли эркак билан никоҳланса, оиладаги туйғулар, ҳис-ҳаяжонлар, нарса ва ҳодисаларга нисбатан муносабатнинг бир хил ёки ўхшаш бўлиши мумкин эмас. Бири боғдан келса, иккинчиси тоғдан келади. Бири телефонда ижтимоий тармоқда ўтирса, иккинчисининг хуфтон намозидан сўнг ётиб ухлагиси келади. Бири ширинликдан безор, бошқаси эса ширинликсиз дастурхонни хуш кўрмайди. Икки томон бир-бирининг тилини тушунсагина, Aллоҳ таолонинг юксак оила учун буюрган “севги ва марҳамат” туйғулари пайдо бўлиши мумкин.

Отаси тенги одам билан турмуш қурган аёл, эҳтимол, ўзининг тенгдоши бўлган ёшлар билан бир уйда яшайди. Балки ўша одамнинг 20 ёшдаги ўғли отасининг ўзига тенгдош хотинини уй кийимида, хотини эса ўша ўғилни тунгги кийимда кўрар… Саҳобалар даврида буларнинг ҳеч бири бўлмаган. Ҳолбуки, Ислом бутун замонлар ва маконларга мос диндир. Ёмонликларни даф қилиш яхшиликларни жалб қилишдан яхшироқдир. Шунинг учун эркакнинг ёш аёлга уйланиши эркак учун бир қанча фойда келтирса ҳам, аёл ва оилага берадиган зарарлари катта бўлгани учун, ҳозирги вақтда бундай оилаларнинг қурилиши тўғри эмас.

Фақиҳлар ҳам валининг ёш бир қизни ёши катта эркак билан ёки кўримсиз куёв билан никоҳламаслигини, ўзига тенг номзодни топганида эса никоҳни кечиктирмаслигини айтганлар.

Давоми бор...

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Рофизийларнинг Оиша онамизнинг Талҳа ва Зубайр розияллоҳу анҳумо билан Жамал воқеасига бирга борганлари давоми...

09:00 / 29.11.2021 3834
Саодатли хонимларCАВДА БИНТ ЗАМЪАрозияллоҳу анҳо21савол Набий алайҳиссалом Савда розияллоҳу анҳони давоми...

02:08 / 06.10.2020 4021
Бу умматнинг қизиrdquoга мактуб Бир лаҳзалик ғафлатдан қандай халос бўлишни билмайман Қадрли устоз,Сиз билан давоми...

15:42 / 28.07.2020 4519
Муслима қизнинг оила қуришдаги мезонлариИнсон суҳбатдошига унинг фикри ёки иймонининг кучлилигига қараб давоми...

02:17 / 28.03.2021 6768